Ибратли муҳаббат Принтер учун
21.01.2013 й.
Ҳаж ибодатига борган бир мусофир киши кўчадан йигирма беш минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни топиб олибди. Пул эгасини топиш мақсадида, ОАВга эълон берибди, танишлардан сўраб-суриштирибди, лекин ҳарчанд уринмасин уйига қайтгунича ҳам пулнинг эгаси топилмабди.
    Юртига қайтгач ҳам сўраб-суриштиришда давом этибди. Интернет тармоғи орқали эълонлар берибди, аммо бу ҳам фойда бермабди. Орадан бир йил ўтгач топилган пулни ўзи учун сарфлашни ҳаром деб билган бу киши, рафиқаси билан маслахатлашиб, пулнинг ҳаммасини бева-бечора ва камбағалларга тарқатиб юборибди.

    Орадан кўп ўтмай уйига икки йигит келиб, топиб олинган йигирма беш минг АҚШ долларнинг эгаси эканликларини айтишибди ва пулни қайтаришини сўрашибди. Буни эшитган ҳалиги киши нима қилишини билмай, тўғрисини айтса улар ишонмасликларидан қўрқиб, Аллоҳга таваккал қилиб, эртага келишларини илтимос қилибди.

    Ўша куни туни билан ибодат қилиб, Аллоҳдан уни бу ҳижолатли ҳолатдан қутқаришини сўраб, йиғлаб дуолар қилибди. Тонга яқин чарчаб, кўзи уйқуга кетиб қолибди. Туш кўрибди. Тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб:
- “Хафа бўлма эй умматим, сен қўшни шаҳардаги Абдуллоҳ исмли кишини топ ва ундан ёрдам сўра. У саҳоватли бойлардан, сенга албатта ёрдам беради ва яна унга шуни айтгин-ки, у менинг чин умматимдир, у менга ҳар куни тонгда юз маротаба саловат айтишни ўзига одат қилиб олган”, дебдилар.

    Тонгда туриб, қўшни шаҳарга бориб, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган манзилдан Абдуллоҳнинг хонадонини топиб, уни чақирибди ва ичкарига киришга изн сўрабди. Ичкарига киргач, у билан саломлашиб:

- “Мени сизнинг олдингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жўнатдилар”, - деб, бўлган воқеанинг ҳаммасини айтиб берибди.

 - “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтдилар, сиз у зотнинг чин уммати экансиз ва ҳар тонгда у зотга юз маротаба саловат айтар экансиз” дебди.

    Буни эшитган Абдуллоҳ хўнг-хўнг йиғлаб:
- “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган одам сиз экансиз-да, кеча менинг ҳам тушимга кириб, сизнинг келишингизни айтган эдилар, сизни кутиб турган эдим”, дебди.

    Иккалалари бир-бирларини қучоқлаб, бўлиб ўтган воқеадан таъсирланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари қалбларида жўш уриб, хўнг-хўнг йиғлабдилар. Сўнг Абдуллоҳ уйидан эллик минг АҚШ доллари олиб чиқиб:

- “Мана шу пулни ҳаммасини олинг. Пулнинг ярмини топиб олган пулингизни қайтариш учун, ярми эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатингиз учун сизга ҳадя”, дебди.

    Ҳалиги киши пулни олиб уйига қайтибди. Келишилганидек пулнинг эгалари келишибди. У киши пулни қайтара туриб, йиғлаб-йиғлаб уларга бўлган воқеани айтиб берибди. Улар ҳам бўлган воқеадан таъсирланиб, пулни олишдан воз кечишибди. Улар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатингиз учун деб, пулни у кишига ҳадя қилиб юборишибди.
 
Сайт мухлиси Деҳқонбобо
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz