“Ассаламу алайка, йа Расулаллоҳ!” Принтер учун
23.01.2013 й.
“Ассаламу алайкум, эй Аллоҳнинг элчиси ва солиҳ бандаси, Сизга Аллоҳнинг саломлари ва салоти бўлсин! Мана, Сиз таваллуд топган рабиъул-аввал ойига кирдик. Бу ой муборак мавлуд ойи, Сизнинг ойингиз! Ислом уммати, бутун инсонлар Сизни ёдга оладиган, ҳаётини Сизникига мослашга, ҳар бир ишда Сизга эргашишга, ҳоли-ҳаётда Сизга ўхшашга аҳду паймон қиладиган табаррук ойдир! Сизнинг Аллоҳ ваҳийларини инсониятга етказиш, жаҳолат ва разолат чирмаган бу чиркин дунёга Ислом динини ёйиш йўлидаги буюк хизматларингизни яна бир эслашга интиладиган ажойиб палладир!

Бу ой биз, умматларга шу билан қадрлики, унда инсонларнинг энг яхшиси, Аллоҳ таоло бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборган зот, расул ва набийларнинг саййиди ва охиргиси, тақводорлар имоми, улуғ хулқ эгаси, оламлар сарвари, коинот фахри, Аллоҳ таоло инсонлар орасидан танлаб олган ва рисолатини етказишни ишониб топширган омонатдор зот бўлмиш Сиз туғилгансиз. Таваллуд кунингизнинг ўзиёқ инсоният тарихида музаффарона, шонли ва порлоқ из қолдирди ва бу кун қиёматга қадар Ер юзида энг ардоқланадиган, энг кўп эсланадиган ва кенг нишонланадиган муборак кунга айланди. Сизнинг таваллудингиз хабари ширк ва жаҳолат юклари остида инграб ётган инсонларга иймон ва ҳидоят нажоти яқинлашаётганидан мужда бўлиб янгради. Сизнинг таваллудингиз оташпараст Кисро саройидаги ширк оловларини сўндирди, кофир- мушрик қавмларнинг муҳташам саройларини ер билан яксон қилди, разолат ва ифлосликларга тўла замин узра раҳмат ва ирфон ёмғирларини ёғдирди.
Бу улуғ кунда шунга гувоҳлик берамизки, Сиз инсонларга Аллоҳ таоло рисолатини етказдингиз, илоҳий омонатни адо этдингиз, умматни жаҳолат ботқоғидан, куфр ва ширк чангалзорларидан иймон ва Исломнинг тоза, ёрқин йўлларига олиб чиқдингиз,  ҳикмат ва ваъз-иршодингиз билан умматингизни Парвардигорингиз йўлига йўллаб қўйдингиз, сўнгги нафасингизгача “во уммато, во уммато!” дея уммат ҳақида қайғуриб ўтдингиз. Сиз куфр ва ширк тоғлари узра ҳидоят ва маърифат туғини тикдингиз, инсониятни эътиқодсизлик кулфатларидан икки дунё саодатига йўлладингиз.
Сизнинг ҳар қандай буюк шахс ҳавас қилгудай шонли ҳаёт йўлингиз, Қуръоннинг айни ўзи бўлган комил ахлоқингиз, Аллоҳ динини ёйиш йўлидаги ғайрат-шижоатингиз қиёматгача бутун инсонларга ибрат ўлароқ яшаб қолгусидир! Ота-онадан эрта етим қолганингизга қарамай, инсонларнинг энг комили бўлиб улғайдингиз. Куфр ва ширкка, назолат ва қабоҳатга ғарқ бўлган Макка мушрикларидан фарқли равишда Аллоҳнинг ҳаниф динида, чиройли фазилатлар билан катта бўлдингиз. Ҳаётингизни чин эътиқод, ҳалоллик, аминлик, раҳм-шафқатлилик, инсонпарварлик, камтарлик асосига қурдингиз. Чунки буюк Парвардигор Сизни улуғ бир вазифага, улуғ бир мақсадга тайёрлаётган эди. Ниҳоят Ҳиро тоғи узра илоҳий ваҳий инди, инсоният залолат бесаранжомлигидан ҳидоят хотиржамлигига юз бурди. Аллоҳнинг янги динини тарқатиш, жоҳил ва нодон кимсаларни ҳақ йўлга чорлаш Сизга осон бўлмади: мушрик ва кофирлар Сизни ва Сизга эргашганларни ҳар қадамда, ҳар сонияда хўрлади, азоблади, камситди. Кўрнамаклар Сизни сеҳргарга, телбага, шоирга ва яна ҳоказоларга тенгламоқчи бўлишди. Ибодат чоғида устингизга янги сўйилган ҳайвоннинг ичак-чавоқларини ташлаб мазах қилишга уринишди. Дин душманлари бир неча бор азиз жонингизга қасд этишди, ҳатто киндик қони тўкилган она шаҳрингиздан бадарға қилишгача боришди. Тоиф кўчаларидан сизни тошбўрон қилиб қувишди, тишингизни уриб синдиришди. Ғазотларда бир неча бор ўлим чанг солди, оғир яраландингиз, аммо Аллоҳ Сизни ҳар гал паноҳида асраб қолди. Мадинаи мунавварада ҳам янги динни инсонларга етказиш осон кечмади...
Сиз бу йўлда барча машаққат, қийинчилик, алам ва хўрликларга сабот билан бардош бердингиз, ҳақ йўлдан чекинмадингиз, кулфат-балоларга сабр қилдингиз. Ниҳоят Сиз бошлаган улуғ ишнинг илк мевалари етилди: олдинига Араб жазираси, кейинроқ бутун Ер юзи Ислом билан шарафланди. Бугунги кунда Ислом дини етиб бормаган, азон янграмаган бирор юрт, бирор шаҳар, бирор  овлоқ бурчак қолмади. Бугун инсониятнинг тўртдан бир қисми Сиз олиб келган рисолатга эргашиб яшамоқда ва улар сони кун сайин ортиб боряпти.
Сизнинг хизматларингизни, фазилатларингизни ёзиб, васф этиб тугатиш қийин. Бугунгача дунёдаги бирор машҳур шахснинг ҳасби ҳоли Сизникичалик кўп ва кенг ўрганилмаган, айни пайтда дин душманлари жаҳонда ҳеч кимга Сизчалик кўп таъна-маломат, туҳмат ва бўҳтон тошларини отмаган. Буларнинг бари Сиз келтирган илоҳий рисолат ҳақлигига, Сиз келтирган дин Аллоҳ наздида мақбул, бутун инсониятга таклиф этилган охирги таълимот эканига ёрқин дадилдир. Буни ҳатто Ғарбнинг холис, инсофли мутафаккирлари ҳам тан олишди. Биргина олмон шоири Иоганн Гётенинг мана бу сўзлари фикримизни яққол исботлаб турибди: “Мен дунё тарихини ўқиб бир хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жамики салтанату сарват-бойликлар, қасрлару муҳташам саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан”.
Биз Сизни шунинг учун ҳаддан ортиқ севамиз. Ва бу севгимизни ҳамиша Сиз келтирган таълимотларга содиқ қолиш, ҳар жабҳада Сизга эргашиш, ҳаётимизни кўрсатма ва иршодларингиз асосида қуришга интилиш билан изҳор этамиз ва исботлаймиз. “Ассаламу алайка, йа Расулаллоҳ!”
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort