Маъсият туфайли кофирга чиқариш Принтер учун
08.01.2007 й.

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифалар мусулмонларга ким осий – гуноҳкор бўлса, кофирдир, деган қарорга келганлар. Уларнинг тушунчаси бўйича, осийлик ва кофирлик сўзларининг маъноси бирдир.
«Жамоату Такфийр вал ҳижра» ташкилотининг асосчиси ва раҳбари Мустафо Шукрийнинг одамлари ўзларининг рисолаларидан бирида: «Шариатда куфр лафзи фақатгина иймоннинг аксини ва унинг йўқ бўлишини англатиш учун келган», дедилар.
Мазкур ташкилотнинг бош мафкурачиси Моҳир Бакрий ўзининг «Китобул ҳижра» номли асарида: «Осий сўзи Кофирнинг исмларидан бир исмдир. Бу сўз тамомила кофир сўзига баробардир», дейди.
Уларнинг куфрга чиқариш бўйича эътиқодлари қуйидагилардан иборат: Барча исён ва гуноҳлар Аллоҳга куфр келтиришдир.
Осийдан кофирлик исмини фақатгина тавба билан кўтариб ташлаш мумкин.
Тавба Исломни янгилаш деганидир. Ким бир маъсиятни қилиши билан дарров тавба қилмаса, у унда давом этаётган кофирдир.

Уларнинг далиллари: Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «Ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?!» деган (43-оят).
2. Аллоҳ таоло «Йасин» сурасида: «Эй одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир», деган (60-оят).
3. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (14-оят).
4. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар», деган (81-оят).
5. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар. Агар уларга итоат қилсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар», деган (121-оят).
6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: Абу Ҳурарйа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Уларга раддиялар: Уларнинг маъсият сўзи куфрни англатади деганлари араб тилини сал – пал биладиган одамнинг гапи эмас. Ҳеч қачон улардан бошқа бирор кимса бу гапни айтмаган.
Уларнинг ўз фикрини тасдиқлаш учун далил қилиб келтираётган оят ва ҳадислар ваъда, холос. Осий бўлганларни дўзах азоби билан қўрқитиш билан бирга унинг муқобилида тоат қилганларга жаннат ваъда қилиш ҳам бор. Яъни бу борада тарғиб қилиш билан бирга қўрқитиш баробар олиб борилган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритадир. Бу эса, улкан ютуқдир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (13-14-оятлар).
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!» деган (69-оят).
Агар такфирчи – куфрга чиқарувчиларнинг гапига кириладиган бўлса, ушбу икки хил маънони англатувчи оятлар, яъни, маъсиятга дўзахни ва тоатга жаннатни ваъда қилаётган оятлар бир-бирига зид бўлиб қолади.
Ислом тарихида биринчи бўлиб гуноҳ қилган мўминни кофир дейишга журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар, «мўъмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади», «Ёмон амал қилган мусулмон, Исломдан чиқади», дедилар.
Бора-бора «Хавориж»ларнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғин барот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақийда бобида кераксиз ихтилофлар авж олди.
Кейинчалик «Хавориж»ларга мутлақо қарама-қарши «Муржиа» мазҳаби пайдо бўлди. Мусулмонлар орасидаги фирқалар ичида таассубнинг кучайиши оқибатида «Муржиа»лар «Хавориж»ларга зид ўлароқ, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтса бўлди, бошқа нарсанинг қилмаса ҳам бўлаверади», дейишди.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дейди.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Энг асосийси, агар такфирчи – куфрга чиқарувчиларнинг гапига кириладиган бўлса, Исломдаги энг катта қоидалардан бирини бузилган бўлади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечирур», деган (116-оят).
Ушбу оятда гуноҳлар икки қисмга, ширк ва шарк бўлмаганга тақсимланмоқда. Бу ҳақда «Талхийси шарҳи ақийдатут Тоҳавия» китобида қуйидагилар айтилган:
«Аллоҳ таоло ширк билан гуноҳи кабираларнинг орасини ажратгандир. Чунки, ширк, гуноҳи кабираларнинг кабирасидир.
Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, ширк гуноҳи кечирилмас. Ундан бошқа гуноҳларнинг кечирилиши эса Аллоҳнинг хоҳишига боғлангандир.
Бўлиши мумкин нарса хоҳишига боғланади. Бу ширкдан бошқа гуноҳни тавбасиз кечиришдир.
Бўлиши мумкин бўлмаган нарса эса, хоҳишга боғланмайди. Бу ширкни тавбасиз кечиришдир.
Агар ҳаммаси баробар бўлганида орасини фарқламаган бўлар эди. Балки, иккиси орасида фарқ қолмас эди».

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri