Инсонни йўлдан уришда шайтон қўллайдиган услублар Принтер учун
06.02.2013 й.
Маълумки, шайтон биз мусулмонларнинг ашаддий душманимиздир. Унинг бирдан-бир мақсади бизларни йўлдан уриш, адаштириш ва абадий азобга гирифтор этиш. Лекин шайтон инсонни тўғридан-тўғри адаштирмайди. Балки, бу борада унинг ўзига хос услублари бор. Қуйида ўша услублардан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур” (Нур, 21).
Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтадилар: “Шайтоннинг юрадиган йўлларига, буюрадиган нарсаларига эргашманглар. Чунки, ҳар бир маъсият шайтон йўлларидан бир йўлдир”.
1. Зийнатлаб кўрсатиш.
Биз юқорида шайтон инсонни адаштириш учун тўғридан-тўғри келмайди дедик. Лекин у мусулмон кишига ёмон амални чиройли қилиб кўрсатиш услубини ишга солади. Масалан, совуқ ва қоронғу тонгда бомдодга азон  айтилаётганда шайтон келадида: “Ҳали вақт бор, ташқари совуқ, иссиқ ўрнингдан турма, яна бироз мизғиб олсанг бўлади, ахир чарчагансан-ку!” дейди. Натижада инсон бу гапларнинг асирига айланиши мумкин.
2. Ботилни ҳақ суратида кўрсатиш.
Бунда шайтон инсоннинг ақлини чалғитишга уринади. Киши ҳаром деб юрган нарсасини шайтон келиб: “Бу аслида ҳалол” дейди. Одамни уй солиш учун рибо олишга ундашда эса: “Бу пул ҳаром эмас, сен ушбу ортиқча фоизни олиб одамларни алдаётганинг, улардан нотўғри фойдаланаётганинг йўқ. Сен ахир оиланг ва фарзандларинг учун бу пулга уй қурмоқчисан. Бунинг нимаси ҳаром?!!” дейди. Бу гаплар шайтонники эканлигини билмаган инсон ушбу алдовга учиб қолиши ҳеч гап эмас.
3. Орқага суриш, кейинга қолдириш.
Шайтон инсонни кўп орзуларга берилтириб, тавбадан буриб қўяди. У айтади: “Сен ҳали ёшсан, тавба қилишга улгурасан. Аввал ўқишингни битириб ол. Кейин уйлан. Уйланиш ҳам диннинг ярми ҳисобланади. Никоҳ сени тавба қилишингга ёрдам беради” каби сўзлар билан инсонни тавба қилишдан бутунлай буриб юбориши ҳам мумкин. Аллоҳ асрасин!
4. Гуноҳни енгил кўрсатиш.
Шайтон инсоннинг олдига келадида, унга: “Нега тавба қиляпсан? Тавба қилишга арзийдиган нима иш қилдинг ахир? Сен бошқаларга нисбатан анча яхши даражадасан. Бошқалар бемалол гуноҳларни қилиб юришибди. Сен шу арзимас хато учун ҳам дарров тавбага шошиляпсанми? Аслида, тавбани кабира гуноҳ қилганлар қилишлари керак. Сен ундай иш қилганинг йўқ-ку!” дейди. Натижада инсон гуноҳларни енгил санайдиган бўлиб қолади.
5. Тавбадан кейинги ишларни оғир қилиб кўрсатиш.
Шайтон инсоннинг олдига келиб: “Агар тавба қилсанг, кейин ўша тавбангда бардавом бўлишинг керак. Гуноҳ қилишга ҳам йўл бекилади. Солиҳ амалларда бардавом бўлиш эса жуда машаққатли ишдир. Нега солиҳ амалларга уриниб ўзингни қийнайсан? Нега шунча йиллик қадрдон оғайниларингни ташладинг? Агар оғайниларингга “Мен тавба қилдим. Бошқа ичмайман” десанг, улар сенга ишонишмайди. Аксинча, сени масхара қилишади” деган гаплар билан аврайди. Натижада инсон тавба қилишдан қўрқиб қолади.
6. Умидсизликка тушириш.
Шайтон инсоннинг олдига келиб: “Аллоҳ сенга ўхшаган гуноҳи кўп одамнинг тавбасини барибир қабул қилмайди. Сен ҳам фолон-фалон ишларни қилгансан. Тавба қилиб, оввора бўлиб юрма” деб, инсоннинг қилган барча гуноҳларини эслатади. Натижада инсон ўзининг ҳамма гуноҳларини эслаб, ноумид бўлиб, тавба ва бошқа солиҳ амалларга сусткашлик қилади.
7. Ғазаб.
Ғазаб инсон ақлини ўраб оладиган шайтоний хислат бўлиб, уни мўътадилликдан чиқаради. Ривоят қилинишича, баъзи Пайғамбар алайҳимуссаломлар шайтондан: “Одам боласидан қайси пайтда ғолиб бўласан?” деб сўрашганида, у: “У ғазабланган ва ҳавои нафсига берилган пайтда” деб жавоб берган экан. Қурайш қабиласидан бир киши Умар ибн Абдулазизга қўполроқ гапирди. Шунда у киши бир муддат ерга қараб, жим турдилар ва: “Султоннинг куч-қуввати билан шайтонни қўрқитмоқчи бўлдим” дедилар.
8. Беҳуда орзулар ва хохаёлларга дучор этиш, ғурурга берилтириш.  
Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай дейди: “Уларга (шайтон) ваъда беради, уларни ҳою ҳавасга солади. Шайтон уларга ғурур (васвасаси)дан ўзга нарсани ваъда қилмайди” (Нисо, 120).
Шайтон инсоннинг табиатига, ўзи мойил бўлган нарсаларига мувофиқ тарзда васваса қилади. Масалан, садақа қилмоқчи бўлган кишини фақир бўлиб қолишдан қўрқитади ва ҳоказо.
Аллоҳ таоло барчамизни шайтоннинг турли васвасаларидан асраб, Ўзига ҳақиқий бандалик қилишимизни насиб этсин!

Нозимжон Ҳошимжон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri