Гуноҳ қилишдан олдин ўйла! Принтер учун
14.02.2013 й.
Эй, Аллоҳ таолодан қўрқувчи банда, гуноҳ ишга қўл уришдан аввал:
Аллоҳ азза ва жалла сени кўриб, яширин ва ошкора қилаётган барча ишларингни билиб турганини ҳамда “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур” оятини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: фаришталар сенинг ҳамма сўз ва амалларингни ҳисоб-китоб қилиб, саҳифангга ёзишаётганини ҳамда “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” оятини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: ўлим лаҳзасини, руҳинг танангдан чиқишини, Аллоҳга тавба қилишни, намоз ўқишни, Қуръон тиловат қилишни орзу қилиб қолишингни ҳамда “(Жон бериш қийинлигидан) оёқ – оёққа чалишиб қолган бир вақтда ёлғиз Раббингиз (ҳузури)га ҳайдалиш бордир” оятини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: қабр ва унинг зулматини, ундаги азобларни, унинг ё жаннат боғларидан бир боғ, ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ эканини, у ерда қутқарувчи ота ҳам, меҳрибон она ҳам бўлмаслигини эсла!
Гуноҳ қилишдан олдин: одамларнинг қиёмат кунида ялангоёқ ва ялонғоч ҳолда Аллоҳнинг ҳузурида тўпланишларини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: ўша куни номаи аъмоллар баъзиларга ўнг тарафларидан, баъзиларга эса чап тарафларидан берилишини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: ўша куни қуёш инсонларнинг бошлари тепасига жуда яқин келтирилиб, бунинг натижасида ҳамма инсонлар амалига яраша терга ботишини, баъзилар тўпиғигача, баъзилар тиззасигача, баъзилар белигача, баъзилар эса ўз терларига бутунлай чўкиб кетишини ўйла! Аллоҳ асрасин!
Гуноҳ қилишдан олдин: оғзинг қулфланиб, қилган яхши ва ёмон ишларингга бутун тана аъзоларинг гувоҳлик беришини ҳамда “Бас, қачонки, улар (дўзахга) келишгач, уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарса (иш)лари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик берур” оятини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: гуноҳкорлар ўша кунда номаи аъмолларини қўлларига олиб “Ҳолимизга вой! Бу қандай китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди?”, деб қолишларини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: жаҳаннам устига қурилган Сирот кўпригидан ўтишингни, ўтганда ҳам қилган амалингга муносиб тарзда ўтишингни, ё ундан эсон-омон ўтиб олишингни, ёки ўтаётиб дўзахга қулашингни ҳамда “Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир” оятини ўйла!
Оятга кўра,  мўминлар ҳам,  кофирлар ҳам  жаҳаннамга тушишлари шарт. Лекин Иброҳим алайҳиссаломга олов салқин ва саломатлик бўлганидек, мўминларни имон нури олов таъсиридан ҳимоя қилади.
Гуноҳ қилишдан олдин: Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришингни, сен билан У зотнинг ўртасида ҳеч қандай парда ёки таржимон бўлмаслигини ҳамда сенга қилган барча гуноҳларингни эслатишини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: осий банданинг “Аллоҳ ҳақида (Унга ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга афсус!” дейишини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: жаҳаннам оловини, тубининг чуқурлигини, иссиғининг қаттиқлигини, у ерга тушганларга бериладиган азобнинг шиддатини, унинг аҳли юзлари билан олов ичида сузиб юришларини ўйла!
Гуноҳ қилишдан олдин: қилинган гуноҳлар банданинг ҳидоятдан оғиб кетишига, илмдан, ризқдан маҳрум бўлишига, юрагининг сиқилишига, умрининг қисқаришига, ўлимининг тўсатдан келиб қолишига, ҳаё ва рашкининг йўқолишига, энг асосийси, у билан Аллоҳнинг ўртаси узилиб қолишига сабаб бўлишини, бу узилиб қолиш эса, бандадан яхшилик қилиш қобилиятини йўқотиб, уни ёмонликка мойил қилиб қўйишини ўйла!
Азизлар, келинглар, гуноҳлардан тийилайлик, қалбимизни қора доғ эгаллаб олишига йўл қўймайлик, бу дунё имтиҳон диёри, охират экинзори эканини билиб, қиёматда сифатли ҳосил йиғиб олишга интилиб, бу дунёда сифатли уруғ экайлик, ўзимизни ҳисоб-китоб қилайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан тийилиб, доимо савобли ишлар қилиб боришимизни насиб этсин. Омин!

Нозимжон Ҳошимжон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri