ФИТРАТ СУННАТЛАРИ ҲАҚИДА Принтер учун
13.03.2007 й.

«Фитрат» сўзи Аллоҳ таоло одамларни яратгандаги соф табиат, Аллоҳ таолонинг соф дини маъноларини билдиради. «Фитрат суннатлари» деганда эса, Аллоҳ таоло юборган ҳақиқий, соф динларда барча Расул, Набийлар ва уларнинг умматларига амр қилинган ишлар маъноси билинади.

Оиша розяллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн нарса фитратдандир; мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчсини унитдим, менимча оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деди». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда.
Ислом бундоқ ишларни, «Фитрат суннатлари» - Аллоҳ таоло инсонни яратгандаги соф табиат ва Аллоҳ таоло инсонларга юборган соф динлар суннати, деб номлаган.
Қаранг, номлашда ҳам қанча фарқ бор. Исломий номлаш инсоннинг Роббисининг кўрсатмаси ила бўлган. Ғарбий номлаш бўлса, маданиятни кечикиб англаган инсоннинг ўз фикридан чиққан номлашдир. Шунинг учун ҳам икки ном ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар «Поклик китоби»да ҳам ўтган, ўшанда бу масалаларнинг баъзи нуқталарини батафсил таҳлил қилганмиз. Ҳозир эса танишаётган бобимиздан келиб чиққан ҳолда ўрганишга ўтамиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдин «фитрат суннатлари» ўнта эканини эълон қилиб қўйиб кейин уларни бирма бир номлаб чиқмоқдалар.
1. «мўйлабни қайчилаш»
Яъни, мўйлабнинг лабнинг устига ўсиб тушган қисмини қирқиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўй-лабнинг туклари тушмаслиги керак. Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, таритбсиз бўлиб кетадиган туклари ҳам қирқилиб турилади.
2. «соқолни ўстириш»
Яъни, соқолни мўйлабга ўхшатиб қирқиб турилмайди, уни узун бўлишига қўйиб берилади. Аммо узун бўлиши қанча миқ-доргача бўлиши мумкинлиги ҳақида бир оз ихтилоф бўлган. Ўша ихтилофнинг ашаддийлашган кўриниши ҳозир ҳам баъзи-баъзида зоҳир бўлиб туради.
Ҳанбалий мазҳаби асосида ўз фикрлари ила ижтиҳод қиладиган гуруҳлар умуман соқолга тиғ теккизиш мумкин эмас, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига ушбу лафзни ва яна шу маънога яқин ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар. Бу масаланинг тафсилотига ўша ҳадиси шарифларни ўтганиш пайтида ўтамиз.
3. «мисвок»
Яъни, тишни ва оғизни тозалаб юриш. Бу масала «таҳорат» бобида жуда ҳам батафсил ўрганилган.
4. «бурунга сув олиб тозалаш»
Бу масала ҳам «таҳорат» бобида батафсил ўрганилган.
5. «тирноқларни қисқартиш»
Бу ҳам инсоннинг соф табиати талаб қиладиган нарса. Тирноқни вақти-вақти ила қисқартиб турмаса бўлмайди. Тирноқ ўсганда тагига кир тўпланади. Бу нарса турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек тирноқни ўстириб юришнинг бошқа зарарлари ҳам бор. Фақатгина табиати бузуқ маданият, тирноқни ўстириб юриш маданиятдандир, демаса бошқа биров бу номаъқулчиликни айтмайди.
Олинган тирноқ ва сочларни кўмиб юбориш тавсия қилинади. Бирор овлоқроқ жойга ташланса ҳам бўлади. Лекин таҳоратхона ёки ғусл қилинадиган жойга ташлаб бўлмайди.
6. «баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш»
Бунда инсон баданининг кир тўпланиб қоладиган; бўғинлар, киндик, қўлтиқ каби жойлар кўзда тутилган. Албатта, бундоқ жойларни яхшилаб ювилмаса, кир тўпланиб одамдан нохуш ҳид чиқиши, тўпланган ифлосликлар касаллик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
7. «қўлтиқни юлиш»
Қўлтиқ остида юнг ўсиши ҳар бир одам боласида бор нарса. Шу билан бирга қўлтиқ энг кўп терлайдиган ва энг кўп кирлайдиган жой. Шунинг учун шахсий озодалик масаласида бу жойга алоҳида эътибор берилади. Мусулмон одам қўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу шариатнинг амри. Бир эмас, барча анбиё ва расулларнинг суннати. Аллоҳ таоло яратган асли хилқатнинг суннати. Аллоҳ таоло юборган самовий динларнинг суннати. Қўлтиқни тозалаш фақат унинг юнгини юлиш билан бўлмайди. Балки ўша юнгни қириш ёки бирор юнг туширадиган модда ила тушириш ҳам жоиз.
8. «қовуқни қириш»
Бунда инсоннинг олд ва орқа жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилган. Бунда ҳам ўша ҳаром юнгларни қириш шарт эмас, балки, ҳар қандай қулай услуб билан кетказилса бўлаверади. Мазкур жойларни озода тутиш ҳар бир эркагу аёлнинг соғлиги, ҳаёти учун нақадар муҳим эканлигидан динимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган.
9. «сув ила истинжо қилиш»
Бу масалани таҳорат бобида батафсил ўрганганмиз.
10. «Мисъаб: «Ўнинчсини унитдим, менимча оғизни сув билан тозалаш бўлса керак», деди».
Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийларидан бирлари Мисъаб розияллоҳу анҳу «фитират суннатлари»нинг ўнинчисини унутиб қўйган эканлар. Амонатга хиёнат қилмай очиғини айтганлар ва кейин ўз тахминларини, менимча оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деб баён қилганлар. Бу иш мисвокка қўшилиб кетишини эътиборга олсак. Ўнинчи нарса бошқа бир амал эканлиги эҳтимоли кучаяди.
Уламоларимиз ўша ўнинчи нарса хатна қилишдир, дейдилар. Чунки бошқа ҳадиси шарифларда айнан хатна Фитрат суннатларидан эканлиги таъкид ила айтилган.
Хатна қилдириш суннатдир. Суннат бўлганда ҳам Исломнинг шиорларидан, хусусиятларидан бири саналган суннатдир. Агар бир юртнинг одамлари хатнани тарк қилишга келишган бўлсалар, Ислом давлати бошлиғи уларга қарши уруш эълон қилади. Ўғил болаларни кичиклик чоғида хатна қилдириш мусулмон халқларнинг тарк қилмайдиган одатига айланганлиги яхши иш.
Хатнада закарнинг уч қисмини қоплаб турган юмшоқ тери кесилади. Ўша терини арабчада «қалафа» дейилади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича боланинг ҳолига қараб хатнани кўтарадиган бўлганда қилинади. Етти кунлик болани хатна қилиш шарт эмас.
Шунингдек, заифлиги учун хатнага чидай олмайдиганларни ҳам хатна қилинмайди.
Хатна қилинмаган одам вафот этса, уни хатна қилинмайди.
Хатна ҳолида туғилган шахсни хатна қилинмайди. Агар хатна қилиниши лозим бўлган жойида баъзи бир тери бўлса уни олиб ташлаб лозим бўлади.
Хатначининг айби ила хатна қилинган шахсга талофат етса, тавон тўланади.
Хатна муносабати ила маросим қилиш машруъдир. Ўғил болаларнинг хатнасини изҳор қилиш суннат.
Аммо баъзи юртларда бу ишга эътиборсизлик билан қараладиган бўлиб қолгани ёмон. Русиянинг Овропо ва Сибир қисмида ўрисларнинг тасирида қолган мусулмонларда шу ҳол мулоҳаза қилинади.
Ёшлигида хатна қилдирилмаганларни ҳам шариат ҳукмларини бузмаган ҳолда кейинроқ бўлса ҳам, хатна қилдириш уламоларимиз томонидан тавсия қилинади.
Бу ишнинг қачалик фойдали эканини мусулмонмаслар ҳам энди-энди англаб етмоқдалар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушрикларга хилоф қилинглар; соқолларни тўлиқ қўйинглар, мўйлабларни қиринглар», дедилар».
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра қилса соқолини тутамлаб туриб, ортиғини олар эди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Мушрик ва мажусийлар соқолларини қириб, мўйлабларини ўстирар эканлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга бу ҳолнинг аксини қилишни, мўйлабни қириб, соқолни ўстиришни амр қилмоқдалар.
Ушбу ривоятдаги «мўйлабларни қиринглар» бирикмаси уламолар орасида, мўйлабни қириш афзалми ёки қайчилаб қисқартиш афзалми, деган масалада икки хил ижтиҳод келиб чиқишига сабаб бўлган.
Моликийлар айни ушбу ривоятни маҳкам тутиб, мўйлабни қириш мустаҳабдир, дейдилар.
Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалийлар эса, мўйлабни қисқартиш яхши, уни лабнинг қизғиш қисми очилиб турадиган қилиб қисқартиш керак, дейдилар.
«Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра қилса соқолини тутамлаб туриб, ортиғини олар эди».
Шу ерга келганда соқолни қандоқ қўйиш кераклиги ҳақида аввал бошланган тортишувни давомини ўрганишимиз маъқул бўлади.
Ушбу бобнинг бошида келган «Ўн нарса фитратдандир» деб бошланувчи ҳадиснинг «соқолни кўпайтириш» жумласига қилинган шарҳда, соқолнинг қанчалик бўлиши ҳақида бир оз ихтилоф бўлган. Ўша ихтилофнинг ашаддийлашган кўриниши ҳозир ҳам баъзи-баъзида зоҳир бўлиб туради.
Ҳанбалий мазҳаби асосида ўз фикрлари ила ижтиҳод қиладиган гуруҳлар умуман соқолга тиғ теккизиш мумкин эмас, дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига ушбу лафзни ва яна шу маънога яқин ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар. Бу масаланинг тафсилотига ўша ҳадиси шарифларни ўтганиш пайтида ўтамиз, деган эдик.
Ўша айтилган ҳадис ушбу ўрганаётган ҳадисимиздир. Олдин ўтган ҳадиси шарифда «соқолларни тўлиқ қўйинглар» дейилган эди. Соқолга ҳеч тиғ текказиб бўлмайди, дейдиганлар ушбу жумланинг зоҳирий маъносини оладилар. Улар соқолларни тўлиқ қўйиш уларга тиғ теккизмаслик ила бўлади, дейдилар.
Жумҳури уламолар, жумладан, Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳаби уламолари эса, ушбу Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг амаллари ҳақидаги ривоятни далил қилиб, соқолни ҳар одамнинг ўз тутамида бир тутам бўлиши суннатдир. Ундан ортиғи қисқартирилади, дейдилар.
Уламоларимиз соқолни ҳаддан ташқари узайтириб юбориш суннатга хилофдир деганлар. («Ихтиёр литаълийли ал-Мухтор» китоби, 4-жуз, 430 бет.)
Қарши тараф, Ибн Умарнинг қилган иши ҳужжат бўла олмайди, дейдилар.
Бунинг жавобига жумҳур, бундоқ ишни Ибн Умардек зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф тарзда қилиши мумкин эмас, дейдилар.
Шу билан бирга Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соқолларининг ён томонидан ва узунидан олар эдилар».
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ, соқолни қисқартиб, зиёда бўлиб кетган толаларни текислаб, атрофларини қириб тўғрилаб юриш тавсия қилинади.
Масала яна ҳам тушинарлироқ бўлиши учун жонли бир мисол ҳам келтирайлик. 1419 ҳижрий сананинг Ражаб ойида Маккаи Мукаррамада Робитатул оламил исломийнинг таъсис мажлисининг навбатдаги йиллик йиғинида унинг аъзоси бўлганим учун иштирок этаётган эдим. Илмий мажаллалардан бирида мажлисимизнинг раиси, Саудия подшоҳлигининг бош муфтийлари шайх Ибн Бознинг бир мақолалари эътиборимни тортди. Унда худди сиз билан биз ҳозир ўрганаётган масала ҳақида сўз кетар эди.
Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, шайх Муҳаммад Али Собуний соқол ҳақида жумҳури уламоларнинг гаплари ва ҳужжатларини келтириб «Мадийна» номли рўзномада мақола чиқарган эканлар. Шайх Ибн Боз уни нотўғри санаб, соқолга тегмай ўстириш кераклигини таъкидлаб, юқорида биз ўрганиб ўтган далилларни келтирган, Ибн Умарнинг ишлари ҳужжат бўлмайди деб, шайх Собунийни тавба қилишга чақирган эди.
Ўшанда қиблагоҳимиз ҳам бирга эдилар. Шайх Муҳаммад Али Собунийни севишларини билганимдан аҳбоблардан бирига айтиб у кишини ўтиришга таклиф қилишни сўрадим. Бирга ўтирдик. Ширин суҳбат бўлди. Фурсатини топиб:
«Фазийлатли шайх, оғайнингиз, шайх Ибн Боз жаноблари билан яна тортишибсиз? Мажаллада ўқидим. Сизни тавба қилишга чорланган экан, нима қилдингиз? дедим.
«Ҳа, соқол тўғрисидаги тортишувни айтасизми? Мақолани ёзгандан кейин сафарга кетган эдим. Келсам, шунақа гап. Рўзнома расмий равишда узр ҳам сўрабди», дедилар шайх Собуний.
«Жанобингиз нима қилдингиз?» дедим.
«Мен қўлимга қалам олиб шайх Ибн Бозга хат ёздим. Хатимда, шунча гапингиз бор экан нима учун фалон китобга ёзган таълиқларингизда индамай кетгансиз? Гап сиз ҳозир айтаётгандек жиддий бўлса ўшанда айтишингиз, ёзишингиз илмий омонат эди. Ундан сўнг сиз ҳужжат қилиб келтираётган «соқолларни тўлиқ қўйинглар» ва «соқолни кўпайтириш» каби иборалар ила келган ҳадисларда соқолга тиғ текказиш ҳаром деган маъно йўқ. Уларда мўйлабни таги билан қириш ёки қисқартиришга хилоф ўлароқ соқолни ўстириш маъноси бор. Соқолни мутлақо текислаш ҳам мумкин эмас деган маъно йўқ.
Ибн Умарнинг амалига келсак, у кишидек улуғ ва илмли саҳобий бу ишни ўзича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф равишда қилмайди. Хусусан, сиз айтаётгандек ҳаром ҳукми бўладиган нарса бўлса», дедим.
Шу ерга келганда гапга аралашиб:
«Бунинг устига Ибн Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида ўз тақвоси, илми ва каттаю кичик ҳар бир нарсада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганларини такрорловчи бўлганлар. Саҳобалардан фақат шу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилган бўлсалар, айни ўзини такрорлар эдилар», дедим.
«Ҳа! Боракаллоҳ! Бу гап ажойиб бўлди. Бир куни Ибн Умар улов миниб кетаётиб бир жойга етганда очиқ, ҳеч нарса йўқ жойдан улов устида энгашиб ўтибдилар. Одамлар бу ишнинг сабабини сўрашган экан, манашу ердан дарахт бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг остидан ўтганларида ҳозир мен энгашгандек энгашган эдилар. Мен ўша ишни дарахт кесилиб кетган бўлса ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, такрорладим, деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бу даражада эргашадиган одам У зотга соқол масаласида ўзича хилоф қилиши мутлақо мумкин эмас» дедилар шайх Муҳаммад Али Собуний.
«Шайхим, мактубингизга жавоб бўлдими?» дедим.
«Ҳа, жавоб бўлди. Хушмуомулалик ила бўлди. Хатингиз менга етиб келди. Аллоҳ сизни муродингизга етказсин, деб бошланган. Кейин, сиз келтирган далиллар ҳам ўринли, лекин бизнинг фикримизча, бу масала бўйича келган ҳадисларнинг умумий маъноси соқолга тиғ теккизмасликни тақозо қилади, дейилган» деб айтдилар шайх Собуний.
Бу соқол қўйиш керак, деганларнинг, соқолни қанчалик миқдорда қўйиш керак? деган саволга жавоб беришдаги тортишувлари. Соқолни мутлақо қўймаслик ҳақида тортишув йўқ. Чунки ҳамма, соқол қўйиш керак, дейди.
Уламоларимиз соқолни қиришнинг ҳукми ҳақида икки хил ижтиҳод қилганлар.
Жумҳур, соқолни қирдириб юриш макруҳ, дейди.
Ҳанафийлар эса, соқолни қирдириб юриш ҳаром. Чунки бунда мушрик, мажусий, кофир ва аёлларга ўхшашлик бор», дейдилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари мўйлабни ҳар жума куни қисқартириб туриш суннатлигини таъкидлаганлар.
Мўйлабнинг икки осилиб турадиган тарафининг ҳукми ҳам ўзиникига ўхшаш.
Мўйлабни қирқ қундан ортиқ қисқартмай юриш макруҳдир.
Ҳанафий уламолар соқолнинг бир қабзадан узунини қисқартиб туриш суннатлигини таъкидлаганлар.
Ибн Обидийннинг Ҳаскафийдан нақл қилишича мазкур иш вожибдир.
Соқолни яхшилаб парваришлаб юриш суннатдир. Уни қаровсиз қолдириш макруҳдир.
Соқолни тараб, унга хушбўй нарса суртиб юриш суннат.
Соқолда оқ пайдо бўлганда уни қорадан бошқа рангга бўяш суннатдир. Уни қорага бўяш макруҳ.
Ўзини улуғ ёшда қилиб кўрсатиш учун соқолни оққа бўяш макруҳ. Соқолнинг оқини юлиш ҳам макруҳ.
Таҳорат ва ғуслда сийрак соқолли одам терига сув етказади. серсоқол одам соқолини тахлил қилиб ювади.
Таяммумда соқолининг бирор толасини ҳам қўймай масҳ қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мўйлабидан олмаса биздан эмас», дедилар». Термизий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, кофирларга тақлид қилиб мўйлабни олмай, қисқартмай юрса, мусулмонлардан бўлмайди.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз учун мўйлабни қайчилаш, тирноқларни қисқартиш, қўлтиқни юлиш ва қовуқни қиришни қирқ кечадан кўпга қолдирмаслигимизга вақт белгиланган эди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Албатта, бу ривоятда зикр қилинган вақт ўтиб кетиши мумкин бўлмаган вақтдир. Ундан олдин мазкур ишлар бажарилса яхши бўлаверади. Айниқса тирноқ олиш ва мўйлабни текислаш ҳар ҳафта қилиниши одат бўлиб қолган нарсалар. Ўтиб кетса бўлмайди ҳам.

Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир аёл Мадийнада хатна қилар эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Унча таг олма. Ана шундоқ бўлиши, аёл учун лаззатбахш ва эркак учун маҳбубдир», дедилар». Абу Довуд, Тобароний ва Ал-Ҳоким ривоят қилган.
Унинг лафзи: «Мадийнада Умму Атийя деган аёл бор эди. У қизларни хатна қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй, Умму Атийя, таг олма. Ана шундоқ бўлиши юзга жамол, эрга лаззат бахш этур», дедилар».
Шарҳ: Бу ривоятда қизларни хатна қилиш ҳақида сўз юритилмоқда. Бу иш Исломдан олдин ҳам иссиқ ўлкаларда кенг тарқалган одат эди. Биз ўрганаётган ҳадиси шарифдан қизларни хатна қилиш одатини динимиз ҳам иқрор қилганини кўриниб турибди. Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам бор.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Хатна эркакларга суннат, аёлларга икромдир», деганлар.
Қизларни хатна қилганда уларнинг жинсий аъзоларининг ичидаги ўсимтанинг учидан бир оз кесилади. Бу хатнанинг нима учун қилиниши ҳадиси шарифнинг матнида айтиб ўтилди. Уламоларимиз қизларни хатна қилиш иссиқ ўлкаларга хос эканини ҳам таъкидлаб ўтганлар.
Ҳозирда қизларни хатна қилишга қарши ғарбдаги баъзи кучлар, хусусан, аёллар ташкилотлари катта сафарбарлик ўтказмоқдалар. Чунки ғарбликларнинг одатда мижозлари суст бўлиши ҳаммага маълум. Улар бу нарса Ислом дини томонидан аёлларни хорлаш, уларнинг соғлигига зарар етказиш, деб васф қилинмоқда. Бунга ғарбпараст шарқликлар ҳам қўшилишмоқда.
Энг қизиғи, баъзи биладиган кишиларнинг таъкидлашларича, ғарбнинг ўзида аёллар ўртасида жинсий алоқа пайтида ҳузурни зиёда қилиш мақсадида, баданнинг ҳассос жойларига, жумладан, жинсий аъзоларига тамға бостириш ёки шунга ўхшаш ишларни қилдириш кўпайиб бормоқда экан.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz