Нақадар меҳрибонсиз, эй Расулуллоҳ! Принтер учун
25.02.2013 й.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади:

“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба, 128).

Бу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Жумладан:

“Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган”, яъни, бошқа ёқдан келмаган, осмондан тушмаган, балки ўзингиздан бўлган бир киши Пайғамбар бўлиб келди. Бу ўйлаб кўрсангиз ўзингиз учун шараф, обрў. Ўз ичингиздан шундай олий мақомга сазовор инсон чиққанида ҳурсанд-шод бўлишингиз ва унга эргашишингиз керак.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бир ҳадиси шарифда шундай деб марҳамат қиладилар: “Менинг зоту насабимга жоҳилият одатлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммаси айнан исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқ равишда мени дунёга келишимга сабабчи бўлганлар”. Бағавийнинг “Маолимут-танзил”  тафсири.

“сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган”, яъни, у Пайғамбар сизнинг машаққат чекишингизни, қийинчиликда қолишингизни мутлақо истамайди. Доимо сизга енгиллик, осонлик бўлишини хоҳлайди.

“сизнинг (саодатга етишингизга) ташна”, яъни, бу Пайғамбар сизнинг икки дунё саодатига эришишингизга ташна. Шунинг учун ҳаракат қилади.

мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди.

Дунё тарихида У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.

Оятга диққат билан эътибор қилсак, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб васф қилаётганига гувоҳ бўламиз. Ҳамманинг саодатли бўлишига қизиқишлари, умматга меҳрибонликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос сифатларидан биридир.  

У зотнинг умматларининг саодат топишига ташна бўлишларининг асосий сабаби мўминларга меҳрибон ва шафқатли бўлганликлари учундир.

Қуйида Пайғамбаримизнинг мўминларга қанчалик меҳрибонликлари, уларнинг охиратдаги бахтларига қанчалик қизиқишларини бир неча мисоллар билан кўриб чиқамиз.

1. Умматларига қиёмат куни енгиллик бўлишини хоҳлашлари.

Пайғамбар алайҳиссалом: “Қиёмат куни бўлганда ҳамма одамлар жунбушга келиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетади” деб, кейин ўша одамларнинг бирма-бир ҳамма Пайғамбарларнинг олдига ёрдам сўраб боришларини, уларнинг ҳеч бирлари ёрдам бера олмасликларини зикр қилдилар ва: “Охири менинг олдимга келишади. Мен эса шафоатга ҳақли эканимни айтаман. Роббимдан шафоатга изн сўрайман. Менга изн берилади. Кейин менга ҳамдларни илҳом қилинади. Ўша ҳамдлар билан Роббимга ҳамд айтаман ва У зотга сажда қилиб йиқиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, истаганингни гапир, сени эшитилади, хоҳлаганингни сўра, сенга берилади, шафоатни сўра, шафоатга изн берилади” дейилади. Мен эса: “Умматим, умматим” дейман”, дедилар.  Бухорий ва Муслим ривояти.

Ўша куни бошқа Пайғамбарлар: “Эй Аллоҳим, шафоатни унга бер, шафоатни унга бер” деб дуо қилишар экан.

Абу Абдураҳмон Сулламий юқоридаги оят ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Қуръони каримга яхшилаб назар солинг-чи, Аллоҳ таоло бандаларидан бирортасини меҳрибон, ғамхўр деб сифатлаганмикан? Фақат Ўзининг суюкли Пайғамбаринигина шу сифатлар билан мақтаган. Ахир қиёмат куни ҳамма Пайғамбарлар ва одамлар ўзлари билан оввора бўлиб қолишганда у зот ўзларини қўйиб, умматларини эсга оладилар-ку. Уларнинг нажотга эришишлари учун жон куйдирадилар-ку. Мана шуларнинг ҳаммаси у зотнинг нақадар меҳрибонликларини кўрсатмайдими?!”

2. Умматларининг ҳидоятга эришишини хоҳлашлари.

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги “Эй, Раббим! У (санам)лар кўп одамларни йўлдан оздирди. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (менинг динимдадир). Ким менга итоатсизлик қилса, яна Ўзинг кечиримли ва меҳрибонсан” (Иброҳим, 36) оятини ҳамда Исо алайҳиссалом ҳақидаги “Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларингдир. Борди-ю, уларни кечирсанг, албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дирсан” (Моида, 118) оятини тиловат қилдилар. Кейин қўлларини юқорига кўтариб: “Эй Аллоҳим, умматим, умматим” дедилар-да, йиғладилар. Шунда Аллоҳ таоло айтди: “Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бор, Роббинг билади-ю, ундан нега йиғлаётганини сўра”. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, у зотдан нега йиғлаётганларини сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом йиғиларининг сабабини айтиб бердилар. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳузурига келиб, Аллоҳ билади-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғиларининг сабабини айтдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй Жаброил, Муҳаммаднинг олдига бориб, унга: “Биз сени умматинг масаласида рози қиламиз, унутмаймиз” дегин” деб буюрди. Муслим ривояти.

3. Ҳамма одамларнинг ҳидоятга эришишини хоҳлашлари.

Бир яҳудий бола Набий алайҳиссаломга хизмат қилиб юрарди. Бир куни ўша бола касал бўлиб қолди. Уни кўргани Пайғамбаримизнинг ўзлари бордилар. Бош тарафига ўтириб, унга: “Исломни қабул қил” дедилар. Шунда ҳалиги бола ёнида турган отасига қаради. Отаси эса унга: “Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қил” деди. Пайғамбар алайҳиссалом боланинг олдидан чиқаётганларида: “Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин” дедилар. Бухорий ривояти.

Пайғамбар алайҳисалом у болани ўзларининг хизматкорлари бўлгани учунгина зиёрат қилмадилар, балки, бутун инсониятнинг ҳидоят топишини истаганлари учун ҳам зиёрат қилдилар.

4. Умматларига ибодат пайтида машаққат бўлишини истамасликлари.

Илк бора намоз 50 вақт фарз қилинганда, у зот алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом билан маслаҳат қилдилар. Шунда Мусо алайҳиссалом у кишига: “Роббингизга қайтиб бориб, енгиллатишини сўранг. Умматингиз бунга тоқат қила олмайди. Чунки, Бани Исроил ҳам бунга тоқат қила олмаган” дедилар. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларининг олдига қатнай-қантай, намознинг 5 вақтга қисқаришига эришдилар.

Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом таҳажжуд намозига атайин кеч чиқдилар. Ҳатто туннинг ҳаммаси ўтиб кетиб, масжиддагилар ухлаб қолишди. Кейин масжидга чиқиб, намоз ўқидилар ва: “Агар умматимга машаққат бўлиб қолишидан қўрқмаганимда, таҳажжудни ўз вақтида ўқир эдим” дедилар. Муслим ривояти.

Пайғамбар алайҳиссалом Рамазон ойи бошланиши билан кечаси нафл намоз ўқий бошладилар. Одамлар ҳам у зотга эргашиб намоз ўқишди. Учинчи ёки тўртинчи кечада намоз ўқимадилар. Эртаси куни бомдодни ўқиб бўлгач, одамларга юзландилар ва: “Мен ушбу нафл ибодат сизларга фарз бўлиб қолиб, кейин сизлар уни адо этишга ожизлик қилиб қолишингиздан қўрқдим” дедилар. Муттафақун алайҳ.

         Пайғамбар алайҳиссалом бир куни “Эй инсонлар, Аллоҳ сизларга ҳажни фарз қилди. Шундай экан, ҳаж қилинглар!” дедилар. Шунда бир киши: “Ҳар йилими, эй Расулуллоҳ?” деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом сукут қилдилар. Ҳалиги одам саволини уч марта такрорлади. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар “Ҳа” десам, фарз бўлиб қоларди. Сизларнинг эса, унга кучингиз етмасди. Мен сизларни тинч қўйган нарсада сизлар ҳам мени тинч қўйинглар. Чунки, сизлардан аввалгилар ўзларининг кўп савол беришлари ва пайғамбарларига хилоф қилишлари сабабли ҳалокатга учрашган. Агар сизларга бирор нарсани буюрсам, кучингиз етганича уни қилинглар. Сизларни бирор нарсадан қайтарсам, сизлар ҳам ўша нарсани тарк қилинглар”. Муслим ривояти.

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Агар умматимга ёки инсонларга машаққат қилиб қўйишдан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрардим”. Бухорий ва Муслим ривояти.

5. Аёлларга меҳрибонликлари.

Бир ҳадиси шарифда у зот шундай деганлар: “Мен намозга турар эканман, уни чўзиб ўқимоқчи бўламан. Аммо гўдакларнинг йиғисини эшитиб, уларнинг онасига машаққат қилиб қўйишни ёқтирмай намозни енгилроқ ўқийман”. Бухорий ривояти.

Ҳа, ўша пайтда Пайғамбаримизга иқтидо қилиб саҳобаи киромларнинг ортларида саҳобия аёллар ҳам намоз ўқишар эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом гўдаклар йиғлаганда, уларнинг сафдаги оналарига машаққат бўлиб қолмасин, деб намозни енгилроқ қилиб ўқир эканлар. Зеро, намоз чўзилса, боласи йиғлаётган аёлга малоллик, машаққат етади. Қаранг, Пайғамбар алайҳиссалом нақадар меҳрибон зотлар!  

6. Саҳобаларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатларини ҳисобга олишлари.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Агар мўминларга машаққат қилиб қўяман деб ўйламаганимда Аллоҳ йўлидаги бир урушни тугатиб, унинг кетидан дам олмай бошқасига кетардим. Лекин мен ўзимда душманларга ҳужум қилиш учун хоҳиш топмадим, йўқса сизлар ҳам менга эргашишга мажбур бўлиб, имконият, куч-қувват топа олмай қийналар, мен урушга кетиб, сизлар бормай уйларингизда ўтиришга кўнгилларнгиз йўл бермас эди”. Бухорий ва Муслим ривояти.

7. Ёшларга меҳрибонликлари.

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу қуйидаги воқеани гапириб берадилар: “Биз Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдик. Ҳаммамиз ёшимиз тенгдош йигитлар эдик. У зотнинг ҳузурларида йигирма кун турдик. Пайғамбар алайҳиссалом меҳрибон ва хушмуомала эдилар. У зот биз ҳақимизда “Аҳлини соғиниб қолишди” деб ўйладилар. Биздан қолдириб келган аҳлимиз ҳақида сўрадилар. Биз у зотга қолдириб келган аҳлимиз ҳақида сўзлаб бердик. Шунда у зот алайҳиссалом: “Аҳлингизга қайтинглар. Уларнинг орасида туринглар. Уларга мендан ўрганганларингизни ўргатинглар. Мен сизларга буюрган нарсаларни уларга ҳам буюринглар” дедилар. Муттафақун алайҳ.

Ҳа, Пайғамбар алайҳиссалом нафақат умматларига, балки, бутун инсониятга шафқатли, меҳрибон ва ғамхўр эдилар. Хулосамизни қисқа қилайликда, бу борада Аллоҳ таоло айтган гапни келтириб қўя қолайлик:

“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё, 107).

Ҳа, Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни Пайғамбар этиб юборишидан мақсади–фақат у зотнинг оламларга раҳмат бўлишларидир. Ҳақиқатан ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир. Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат улардан балқиб турганини ҳар қандай одам дарҳол пайқаб олади. Юқорида келтирганларимиз денгиздан бир томчи, холос.

Эй Аллоҳим, севикли Пайғамбаримизга ҳамда у кишининг оила аъзолари ва барча саҳобаларига чексиз саловот ва саломларингни юбор. Омин!

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort