Фотир сураси, 3-7 Принтер учун
08.03.2013 й.
islom.uz
3. Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг! Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми? Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаён кетмоқдасиз?!

Аллоҳ таоло осмонлару ерда одамлар учун беадад неъматларни ато қилиб қўйибди. Инсон ҳамма тарафидан Аллоҳнинг неъматлари билан ўралгандир. Унинг ўзи, жисми, ақли, ҳис қилиш аъзолари ва ҳатто тукларигача Аллоҳнинг неъмати. Инсоннинг ҳис этиш-сезиш аъзоларига таъсир қиладиган ва таъсирсиз қоладиган ҳамма-ҳамма нарса инсонга Аллоҳ берган неъматдир. Уларнинг барини инсонга беминнат бериб қўйган Аллоҳ Ўзи яратган шу бандасидан биргина нарсани талаб қилмоқда:
«Эй одамлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг!»
Бир эсланг! Сиздан эслаш талаб қилинаётибди, холос. Бошқа нарса эмас. Аллоҳ сизга ҳавони ризқ қилиб бериб қўйибди. Ундан нафас олиб яшаб юрибсиз. Аллоҳ сизга ризқ қилиб сувни бериб қўйганини эсланг. Сиз ундан ичмоқдасиз ва бошқа фойдалар олмоқдасиз. Аллоҳ сизга турли озуқаларни ризқ қилиб бериб қўйибди. Сиз улардан баҳраманд бўлиб яшаб юрибсиз. Бундан бошқа хоҳлаган нарсаларни ҳам бир эслаб кўришингиз мумкин.
Сўнгра қуйидаги саволга жавоб изланг.
«Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми?!»
Бўлса, айтинг! Фалончи менга ризқ берган, денг. Фалончи менга нафас олишим учун ҳаво беради, фистончи менга сув беради, денг. Шунингдек, бошқа ризқларни берадиган холиқлар бўлса, уларни ҳам айтинг. Йўқ, айта олмайсиз. Чунки дунёда Аллоҳдан ўзга ризқ бергувчи зот йўқ. Шундай экан:
«Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ».
Инсон ўзига ризқ берувчи, бу дунёда унинг борлигини таъминловчи зотга қуллик қилиши лозим эканми? Бу дунёда Аллоҳ таолодан ўзга ризқ берувчи йўқ эканми, демак, бу дунёда инсонларнинг ибодатига сазовор ягона зот ҳам фақат У зотнинг  Ўзидир.
«Бас, қаён кетмоқдасиз?!»
Эй одамлар! Ҳақиқий ризқ бергувчи холиқингиз бўлмиш Аллоҳ таолога ибодат этмай, Ўша зотнинг айтганларини қилмай, қаёққа кетмоқдасиз?! У зотнинг сизга юборган Пайғамбарига иймон келтирмай, Ўша зотнинг сизга нозил қилган Қуръонига амал этмай, қаёққа кетмоқдасиз?! У зотнинг охирги ва баркомол дини Исломга амал қилмай, қаёққа кетмоқдасиз?!
Кейинги оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, мушрикларнинг муносабатларидан хафа бўлмасликка чақирилиб, тасалли берилади:

4. Агар сени ёлғончига чиқарсалар, бас, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур.
Кофирларнинг Пайғамбарларни ёлғончига чиқаришлари янгилик эмас. Улардан доимо шу иш содир бўлиб келган. Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, азизу ғолиб, ҳакийму мудаббир, холиқу раззоқ бўлган Аллоҳ таоло уларга тўғри йўлни кўрсатсин деб ҳузуридан Пайғамбар юборса, улар Аллоҳнинг элчиларини ёлғончига чиқарганлар. Шунинг учун:
«Агар сени ёлғончига чиқарсалар, бас, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар», демоқда Аллоҳ таоло.
Бунақа муносабатга ажабланиш ёки хафа бўлишнинг ҳожати йўқ. Модомики Аллоҳни танимас эканлар, Унинг берган неъматларини тан олмас эканлар, Пайғамбарларни ёлғончи қилишлари турган гап. Лекин бундан кофирлар шунча ишларни қилсалар ҳам, ҳеч бало бўлмас экан-да, деган фикрга бориш керак эмас.
«Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур».
Жумладан, кофирларнинг қилмишлари ҳам, уларнинг Пайғамбарларни ва, хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганлари ҳам Аллоҳга қайтарилади. Ана ўшанда Аллоҳ таоло уларни Ўзи билиб жазолайди. Буни ҳеч ким ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги керак.

5. Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин.
Эй одамлар, турли хаёлларга бориб, ғофил қолманг.
«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».
У зот, қиёмат бўлади, деб ваъда берганми, демак, қиёмат бўлиши ҳақ. У зот, ўлганлар қайта тирилади, деб ваъда берганми, демак, қайта тирилиши ҳақ. У зот, бу дунёдаги ишлар охиратда ҳисоб-китоб қилинади, деб ваъда берганми, демак, охиратдаги ҳисоб-китоб ҳақ. Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар, осийлар ва гуноҳкорлар дўзахда азобланади, деб ваъда берганми, демак, уларнинг азобланиши ҳақ.
«Бас, ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин...»
Бу дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига берилиб, алданиб қолманг. Бу дунё ҳаётига охиратни алмашманг.
«Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин».
Бу жумладаги «ўта ғурурга кетказувчи»дан мурод шайтондир. Шайтон одамларни энг кўп ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечиргувчи, деб одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг авф этиши ва мағфират қилишини суистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик зарур бўлади.

6. Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур.
Шайтоннинг инсон боласига душманлигида ҳеч шубҳа йўқ. Бу азалий душманликдир. Буни шайтоннинг ўзи очиқ-ойдин айтган. Аллоҳ таоло ҳам қайта-қайта уқдирган. Ҳозирги оятда ҳам Аллоҳ таоло:
«Албатта, шайтон сизга душмандир», деб таъкидламоқда. Бунга шак-шубҳа қолмади. Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.
Эй одамлар, наҳотки бу оддий ҳақиқатни тушуниб етмайсиз! Шайтон сизга душман бўлганидан кейин, унга ўзига яраша муносабатда бўлинг:
«Бас, уни душман тутинг».
Унга очиқ-ойдин душман деб қаранг. Унинг айтганини қилманг, иғвосига учманг, йўлига юрманг. Чунки:
«У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур».
Унинг чақириғига юрадиган бўлсангиз, дўзахи бўлишингиз турган гап.

7. Куфр келтирганларга шиддатли азоб бордир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улкан ажр бордир.
Шайтон гуруҳидан бўлиб, Аллоҳга ва Унинг буйруқларига куфр келтириб ўтганларга ўта шиддатли азоб бордир.
Аллоҳга иймон келтириб, иймони тақозоси ила яхши амаллар қилганларга эса, бу дунёдаги гуноҳларини мағфират қилиш ва охиратда улкан ажр–жаннати наъим бордир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz