Фақат Аллоҳдан сўрайлик! Принтер учун
16.03.2013 й.
Машҳур саҳобалардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу исломга янги кирган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, урушдан тушган ўлжалардан сўрайдилар. Пайғамбар алайҳиссалом у кишига ўлжадан берадилар. Кейин яна сўраб борадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сафар ҳам ўлжалардан берадилар. Учинчи марта сўраб борганларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Эй Ҳаким, бу мол гўё бир ширин таомга ўхшайди. Агар уни иффат билан сўралса, Аллоҳ таоло унга барака беради. Агар бу молни сўраш тамаъ ва дуёга ҳирс сабабли бўладиган бўлса, ундан барака олиб қўйилади. Билгинки, берадиган қўл оладиган қўлдан яхшироқдир” дедилар. Шунда Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, энди шу кундан бошлаб сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман” дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У кишининг даврларидаги урушдан тушган ўлжалар жангда қатнашганларга бўлиб берилаётганда, Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу ҳам ўз улушларини олишлари учун чақирилдилар. Лекин у киши буни олишдан бош тортдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Бу кишининг даврида ҳам урушдан тушган ўлжалар яна ўз эгаларига тақсим қилинди. Ҳамма ўз улушини олди. Аммо бу сафар ҳам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу ўзларининг ҳалол бўлган, ҳақли бўлган улушларини олмадилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу “Эй мусулмонлар, Ҳаким ибн Ҳизом Аллоҳга ва Русулига берган аҳдида турганига мен гувоҳман” дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар” (Аҳзоб, 23).
Ҳа, азизлар, улар ваъдасига вафо қиладиган, аҳдида содиқ қоладиган кишилар эди.
Машойихлардан бирлари тирикчиликдан қийналиб қолди. Яқинларидан бири “Амирга бориб шикоят қилсангиз бўлмайдими, озгина ёрдам берарди” деди. Шунда ҳалиги зот қаттиқ ғазабланган ҳолда “Мен шу ҳолимга рози бўлганим учун Аллоҳдан сўрагани уяляпману, одам боласидан сўрашга мени даъват қиласизми?!” дедилар.
Ҳа, улар Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаймиз деб аҳд берган кишилар эди.
Пайғамбар алайҳиссалом “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир” деганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби бой саҳобалар ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаймиз деб у зотга сўз беришган. Сўраш деганда фақат мол-дунё, моддий маблағни тушунмаслигимиз керак.
Саҳобалар отда ёки туяда кетишаётганда қўлларидан қамчилари тушиб кетса, ерда турган одамга “Шуни узатиб юборинг” дейишмаган. Чунки, улар хатто ўша қамчини бировга айтиб олдиришни ўзлари учун хорлик деб билишган. Шунинг учун ҳам қамчиларини ўзлари отдан тушиб олишган.
 Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат этади “(Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, (тижорат учун) сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз. (Улар) одамлардан қаттиқ туриб олиб тиланмайдилар. Қилган хайр-эҳсонингизни Аллоҳ билиб турувчидир” (Бақара, 273).
Камчилиги, етишмовчилиги бўла туриб, ташқаридан уни ҳамма бой деб ўйлаяптими, демак, ўша одамда иффат бор.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу 10-11 яшар пайтларида содир бўлган қуйидаги воқеани айтиб берадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига мингашиб олган эдим. Шунда у зот: “Эй бола, мен сенга бир нечта калималарни ўргатаман: Аллоҳни доим ёдингда тут, Аллоҳ ҳам сени ёдида тутади. Аллоҳни доим эслаб юр, Уни доим рўпарангда топасан. Агар сўрасанг, фақат Аллоҳнинг Ўзидан сўра. Агар суянсанг, ёрдам керак бўлса, фақат Аллоҳнинг Ўзигагина суян, Ўзидангина ёрдам сўра. Билгинки, агар бутун бир уммат, халқларнинг ҳаммаси сенга фойда келтирамиз деб тўпланиб турган бўлса, улар сен учун Аллоҳ ёзганидан бошқа фойда келтира олмайди. Агар ўша уммат, ўша халқларнинг ҳаммаси сенга зарар келтирамиз деб тўпланиб турган бўлса, улар сен учун Аллоҳ ёзганидан бошқа зарар келтира олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган” дедилар”.  
10 яшар болага ўргатилаётган таълимни, эътиқодни кўринг. Мана шу 10 яшар бола каби зотларнинг қўллари билан ислом бутун дунёга тарқалди. Чунки, буларнинг онггига ёшлигидан сўрасанг, Аллоҳдан сўра, суянсанг, Аллоҳга суян, барча ишларингни Аллоҳнинг Ўзи билан битир, бир ютуққа жуда ҳурсанд ҳам бўлма, бир мусибатга жуда хафа ҳам бўлма. Барибир Аллоҳнинг айтганидан бошқаси бўлмайди, деган тушунча сингдириб юборилган.
Фарзандингиз “Дада менга велосипед олиб беринг” деса, дарров “Хўп” деб юборманг. Аввало, иншааллоҳ, денг. Қолаверса, “Болам, Аллоҳдан сўрагин. Менга қолса ўнта велосипед олиб бераман. Аммо Аллоҳ ёзмаган бўлса, битта ҳам бўлмайди” деб ўргатинг. Чўнтагингизда пулингиз бор, аммо бозорга кетаётганингизда йўлда тушириб қўйишингиз мумкин ёки бошқа муҳимроқ эҳтиёжга кетиб қолиши ёхуд касал бўлиб қолиб, бозорга боролмай қолишингиз мумкин. Шунинг учун болангизга “Шу ишингни битишини Аллоҳга тиркаб қўйгин, Ўзига таваккул қилгин. Мендан сўрашдан олдин Аллоҳдан сўрагин. Агар мен олиб бермайман деган тақдирда ҳам Аллоҳ ёзган бўлса, ўша сўраганингни тоғанг ёки амакинг олиб беради” деб тушунтиринг.
Фарзандларимизга ёшлигидан Аллоҳнинг Ўзига суянишни ўргатайлик. Саҳобалар уйларида туз тугаб қолса, пиёлани бериб “Ма, қўшнидан туз олиб чиқ” дейишмаган. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган зотлардир. Шунинг учун бундай пайтда улар икки ракат намоз ўқиб, саждага бошларини қўйиб “Эй Роббим, тузим тугаб қолди, туз бер” дейишар экан.
Бир шоир шундай деган экан: “Ҳожатингни одам боласидан сўрамагин, раҳмат эшиклари ҳеч ёпилмайдиган Роббингдан сўра. Агар Аллоҳдан сўрамай қўйсанг ғазаб қилса, бандасидан сўраганингда ғазаб қилади”.
Чунки, сўраш хорлик, муҳтожлик аломатидир. Банда Аллоҳга ўзининг муҳтожлигини қанча кўп изҳор қилса, Аллоҳ уни шунча кўп яхши кўради. Агар одамлардан сўраса, Аллоҳ ҳам у бандасига ғазаб қилади, бандалар ҳам.
 Дарҳақиқат, сўрайдиганларни кўпчилик ёқтирмайди. Ундайлардан, иложи бўлса, сўраб қолмасин деган хавотирда узоқроқ юрилади.
Жаброил алайҳиссалом келиб: “Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, бир кун вафот этасиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, бир кун ундан ажраласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг, бир кун унга мукофот ёки жазо оласиз. Билингки, мўминнинг шарафи кечалари қоим бўлишида, азизлиги эса, одамлардан беҳожат бўлганидадир” дедилар.
Қадимда Умму Жаъфар исмли бой ва саховатли аёл бўлган экан. Ким ундан бирор нарса сўраб келса, ҳеч кимни қуруқ қайтармас экан. Келадиганлар ичида доим иккита мискин ҳам келар экан. Улардан бири аёлга “Аллоҳдан ва Умму Жаъфарнинг фазлидан сўрайман” дер экан. Иккинчиси эса “Аллоҳнинг фазлидан сўрайман” дер экан. Биттаси Аллоҳнинг фазлидан умид қиляпти. Иккинчиси эса Умму Жаъфарнинг сахийлигидан умид қиляпти. Яъни, Аллоҳдан ҳам сўрайман, Умму Жаъфарнинг фазлидан ҳам сўрайман деяпти.  Умму Жаъфарга иккинчи гап ёқи тушади-да, иккаласига ҳам сўйилган товуқ, қўлларига икки динордан пул ҳам беради. “Умму Жаъфарнинг фазлидан сўрайман” деган одамнинг товуғининг ичига қўшимча ўн динор ҳам қўшиб қўяди. Ташқарига чиқишгандан кейин ҳалиги “ёқимли” сўз айтган мискин “Товуғни бошимга ураманми. Менга пул керак” деган фикрда ўз товуғини шеригига икки динорга сотиб, унинг икки динорини ҳам олиб кетаверар экан. Бу билан у тўрт динорга эга бўляпти, Аллоҳнинг фазлидан сўраган шериги эса, ҳам иккита товуққа, ҳам ўн динорга эга бўляпти. Бу ҳол доим шу тарзда такрорланар экан. Шунинг учун Умму Жаъфарнинг фазлидан эмас, балки Аллоҳнинг фазлидан сўралади.
Аллоҳ таоло барчамизни фақат Ўзидан сўрайдиган бандаларидан қилсин. Омин!   

Нозимжон Ҳошимжон
 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz