Махфий бандалик Принтер учун
22.03.2013 й.
Баъзи инсонлар ибодат деганда фақат намоз, рўза, закот, ҳаж, рукуъ, сажда ва ҳоказоларни тушунишади. Аслида эса, ибодат буларни ҳам, булардан бошқа кўпгина нарсаларни ҳам ўз ичига оладиган кенг қамровли тушунчадир. Ибодат Аллоҳ яхши кўриб, рози бўладиган барча сўз ва зоҳирий-ботиний амалларни ўз ичига олади. Масалан, намоз, закот, рўза, ҳаж, ростгўйлик, омонатдорлик, ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, аҳдга вафо, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, кофир ва мунофиқларни ёмон кўриш, қўшнига, етимга, мискинга, йўловчи мусофирга, ҳайвонларга яхшилик қилиш, дуо, зикр, Қуръон қироати ва бошқалар ибодат ҳисобланади. Шунингдек, Аллоҳни ва Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўриш, Аллоҳдан қўрқиш, Аллоҳга тавба қилиш, динни Аллоҳ учун холис қилиш, У зотнинг ҳукмларига сабр қилиш, неъматларига шукр қилиш, қазо-ю қадарига рози бўлиш, Унга таваккул қилиш, раҳматидан умид қилиш, азобидан қўрқиш ва бошқалар ҳам ибодатлар сирасига киради.

Аллоҳ таоло инсонни фақат Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратган. Роббимиз шундай марҳамат қилади: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зарият, 56).
Барча Пайғамбарлар ҳам умматларига шу нарсани етказиш учун юборилишган. Ибодат биз юқорида санаб ўтган нарсаларни хушуъ-хузуъ билан адо этишда яққол кўринади. Лекин шундай махфий қулчилик борки, кўп инсонлар бунга бепарволик қилишади, ўша махфий қулчилик ботқоғига ботишади. Булар: ҳавойи нафсга қулчилик, шаҳватларга қулчилик, бандаларга қулчилик. Энди шуларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Ҳавойи нафсга қулчилик
Ҳавойи нафсга қулчиликни Аллоҳ таоло Қуръони каримда келтирган:
Кўрдингизми, ким (нафсу) ҳавосини илоҳ қилиб олган бўлса, Сиз унга вакил (ундан қайтариб туришга масъул) бўлармидингиз?!” (Фурқон, 43).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:  “Ушбу оятдаги ҳавойи нафсини илоҳ қилиб олган кимса мунофиқдир. У нафси нимани буюрса қайтмасдан ўшани қилаверади” дейдилар.
Қатода раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу оятдаги кимса ҳар бир ҳавойи ишга шўнғийдиган, нафси нимани истаса шуни қиладиган, бу ишлардан қайтарадиган тақвоси ва вараъи бўлмаган кимсадир” дейдилар.
Ҳавойи нафсига қулчилик қиладиган одамнинг иши Аллоҳнинг шариатига, Расулининг суннатига эргашиш эмас, балки ўз нафси хоҳлаган нарсага эргашиш бўлади. Яъни, нафси ароқ ичишни хоҳласа, нафсига ароқнинг ҳаромлигини тушунтириш, бу нарса Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсалигини айтиш ўрнига, ўша нарсани олиб бемалол ичаверади. Зино қилишга нафси ундаса, ҳеч нарсага парво қилмай зинога кетаверади ва ҳоказо.

Шаҳватларга қулчилик

Пайғамбар алайҳиссалом “Динор ва дирҳам бандаси ночор аҳволга тушиб, хор бўлди. Агар унга бирор нарса берилса, рози бўлади, агар берилмаса, рози бўлмайди” деганлар. Бошқа ривоятда эса “Динор ва дирҳам бандаси ночор аҳволга тушиб, хор бўлди. Агар унга бирор нарса берилса, рози бўлади. Агар ҳеч нарса берилмаса, ғазабланади. У жуда ҳам ёмон аҳволга тушиб, иши орқага кетди. Агар унга бир тикон кирса, уни чиқара олмайди” дейилган. Бухорий ривояти.
Аслида ушбу ҳадисдаги сўзлар мол-дунёнинг қўлига айланган кишиларни дуойибад қилишдир. Ҳақиқатан ҳам дунёга банда бўлганларга бирор нарса берсангизгина ёқасиз, борди-ю, ҳеч нарса бермасангиз улар сизга ғазаб қилишади, сизни ёмон кўришади. Уларнинг ҳурсандчилиги пул, тилла, кумуш борлигидан, хафалиги эса, ўша нарсаларнинг йўқлиги сабабидан бўлади. Ундай одамлар ҳеч қачон кенгчиликка, бахтга эриша олмайди. Ундайлар нуқул йўқчиликдан, камбағалликдан, ночорликдан, очликдан нолигани нолиган. Оёғига бир дона зирапча кирса, ўшани чиқариб ташлашга ҳам қудрати етмайдиган даражада ночорликка мубтало бўлади.
 Ҳадисда қуллик динор, дирҳам каби нарсаларга бўлиши айтилсада, аслида, бундан инсонларни қизиқтирадиган, уларни қул қиладиган дунёнинг барча зебу зийнатлари назарда тутилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир” (Оли Имрон, 14).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида инсонга дунёни яхши кўрсатувчи Аллоҳ эмас, балки шайтондир, деганлар.
Фақат қорин ғамида яшаш ҳам ўша қоринга бандалик ҳисобланади.
Мансабларни яхши кўриш ҳам ўша мансабга бандаликни англатади.
Масалан, сигарет чекувчи ёки ароқ ичувчини олиб кўрайлик. Хумори тутган пайтда бир дона сигарет учун қўлидаги бор пулини беришга ҳам ёки бир хўплам ароқ ичиш учун бор будини беришга ҳам тайёр туради. Нафақат молини, керак бўлса, ўрни келиб қолса, мажбур бўлиб қолса, обрўсини ҳам бир пул қилишдан қайтмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ким доимий ароқ ичувчи ҳолида ўлса, Аллоҳга бут-санамларга ибодат қилувчи каби йўлиқади” деганлар. Ибн Ҳиббон ривояти.
Муҳаббат борасида ҳам айримлар хатога қўл қўйишади. Бир аёлни жуда қаттиқ севиш, қалбда ундан бошқанинг севгисига жой қолдирмаслик айни ширкдир. Чунки, бунда ҳалиги аёл ошиқнинг қалбини бутунлай эгаллаб олган бўлади. Ўша ошиқ Аллоҳга бандалик қилиш ўрнига ўша машуқасига қуллик қилишни устун қўяди. Машуқаси нима деса, сўзсиз унга итоат этади.

Бандаларга қулчилик
Бу турдаги қулчиликка ёрқин далил Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳунинг қиссаларидир. У киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига кирсалар, у зот “(Улар) Аллоҳни қўйиб, ўзларининг донишмандлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни рабб (илоҳ) қилиб олдилар. Ваҳоланки, Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ! (Уларнинг) келтирган ширкларидан У покдир” (Тавба, 31) оятини ўқиётган эдилар. Адий розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, улар роҳибларга ибодат қилишмайди” дедилар. Шунда Набий алайҳисалом: “Тўғри, лекин ўша роҳибу арбоблари Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол дейишади. Уларга эргашганлар ҳам ҳалол дейишади. Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром дейишади. Эргашувчилар ҳам ўша нарсаларни ҳаром дейишади. Мана шу уларга қуллик қилишларидир” дедилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: “Улар арбобларига тўғридан-тўғри ибодат қилишмайди. Лекин гуноҳ ишларда уларга итоат қилишади”.
Демак, инсонга гуноҳ ишларда итоат қилиш унга қуллик қилиш саналар экан. Динимизда “Холиққа осий бўлинадиган ишда махлуққа итоат қилиш йўқ” деган қоида бор. Буни барчамиз яхши англаб олишимиз лозим.
Эй, мусулмон биродарим! Эй, муслима синглим! Нафсларимизни тафтиш қилайлик, юқорида зикр қилинган махфий қулчиликдан қалбимизда бирор нарса бўлса, унинг асари ҳам қолмаслиги учун бор имкониятимизни ишга солайлик.
Ҳеч биримиз Аллоҳдан бошқага қуллик қилмайлик. Зеро, У зотнинг Ўзи мақтов ва ҳамдга, ибодату мағфиратга ҳақли зотдир. Ундан ўзга ҳеч ким ибодат қилинишга ҳақли эмас.
Шунинг учун ҳам Мусо алайҳисалом Фиръавннинг “Иккингизнинг Раббингиз ким, эй, Мусо?” (Тоҳа, 49) деб берган саволига жавобан “Раббимиз ҳар бир нарсага ўз яратувчилигини ато этиб (кўрсатиб), сўнгра (уни) тўғри йўлга йўллаган зотдир” (Тоҳа, 50) деганлар.
Яъни бу билан Мусо алайҳиссалом “Эй Фиръавн, агар сен ҳам шу ишларни қилган бўлсанг, у ҳолда ибодатга ҳақли бўласан. Эй Фиръавн, сен ичингда бундай нарсаларни қилмаганлигингга иқрор бўлиб турибсан. Шундай экан, худолик даъвосидан воз кеч. Аллоҳга бандалик қил” демоқдалар.
Салафи солиҳлар ва кейинги уламолар ҳам ўз шогирдларини дунё матоҳларига меҳр қўймасликка, ҳар қандай шаҳватга ҳамда Аллоҳдан бошқа барча нарсаларга қул бўлмасликка чақириб келганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзигагина бандалик қилишимизни насиб этсин. Омин!  

Нозимжон Ҳошимжон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz