Фарзандларни намозга ўргатишнинг 40 та усули Принтер учун
28.03.2013 й.
Расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ (с.а.в.) фарзандларни намозга ўргатиш борасида бундай деб марҳамат қилганлар:
مُرُوا أَوْلاَدَكُمْ بِالصَّلاَةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرِ سِنِينَ وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِى الْمَضَاجِعِ
"Болаларингизни улар етти ёш бўлсалар, намозга буюринглар. Улар ўн ёш бўлсалар, намоз ўқимаса, уринглар. Тўшакда уларнинг орасини ажратинглар!" (Абу Довуд, 1/495; Байҳақий, 2/3358-3360, 5295; Дорақутний, 1/899; Ҳоким, 1/708; Аҳмад, 2/6689, 6756; Ибн Абу Шайба, 1/3500-3501).
"Муснад ал-Ҳорис"да келтирилган ривоятда болалар ўн уч ёшларида намоз ўқимаса уриш мумкинлиги ҳақида буюрилган ("Муснад ал-Ҳорис", 1/106).

Ёш болалар ҳали балоғатга етмаганлиги учун уларга намоз ўқиш мажбурий эмас. Уларга шаръан буйруқ келмаган, намоз фарз этилмаган. Бироқ, мазкур ҳадиси шариф ҳукмига кўра сабр-тоқат, меҳр-шафқат, таҳдид-таъқиб, ихтиёрий-мажбурий йўллар ила ота-оналар фарзандларини улар балоғат ёшига етиб келгунча намоз ўқишга ўргатишлари лозим экани маълум бўлади.
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.): "Болаларга бир сажда қилсалар ҳам намоз ўқитинглар!" деган бўлсалар, саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) ва тобеъинлардан Ибн Сирин (р.ҳ.): "Бола ўнг қўли билан чап қўлини ажрата олганида, намозга ўргатилади" деган эканлар. Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) эса: "Болаларингизнинг намоз ўқишларини назорат қилинг!" деганлар. Тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий (р.ҳ.) эса: "Боланинг тиши чиққанидан бошлаб намозга ўргатилаверади" деганлар (Ибн Абу Шайба, 1/3502-3504, 3506-3507; 3514-3516). Тобеъинлардан яна бирлари Урва (р.ҳ.): "Бола ақлини таниганидан сўнг намозга ўргатилади, қуввати етганида рўза туттирилади" деган бўлсалар, Абдурраҳмон ал-Яҳсубий (р.ҳ.): "Бола йигирмагача санаб билганида намозга ўргатила бошланади" деганлар (Ибн Абу Шайба, 1/3507-3509).
Ҳазрати Умар (р.а.) боласини намоз ўқиши учун уйғотаётган аёлни кўриб қолди. Бола уйқусидан тура олмаётган эди. Шунда, Ҳазрати Умар (р.а.): "Уни қўй, болага ақлини таниганидан кейин намоз лозим бўлади" деганлар (Ибн Абу Шайба, 1/3503). Али ибн ал-Ҳусайн (р.ҳ.) болаларга пешин билан асрни, шом билан хуфтанни бирга қўшиб ўқишларига ижозат берар эдилар (Ибн Абу Шайба, 1/3513). Унга болалар намозларни вақтида ўқимаяптилар-ку, дейилса, улар ухлаб қолганларидан ёки эриниб ўқимай қўйганларидан кўра шундай қилиб бўлса ҳам намоз ўқиганлари яхшироқ эканини айтар эдилар.
Демак, фарзандларни малоллантирмасдан, қийнаб қўймасдан, қатъий тартиб билан бўлмаса-да, самимият билан осон тарзда уларни намозга муҳаббатли қилиб, намоз ўқишга одатлантириш керак экан. Фарзандларни намозга ўргатиш ва уларни ибодат қилишга бардавом бўлишлари учун қуйидагиларга амал қилинса яхши бўлишини айтиш ва қуйидагиларни таклиф қилиш мумкин:  
1)    Фарзандларга намоз ўргатиш бир ибодат бўлиб, ўргатилгани учун ота-она ҳам бунга савоб олади. Шунинг учун Аллоҳдан савоб умидида фарзандларни намозга далолат қилиш керак.
2)    Ота ҳам, она ҳам фарзандларини намозхон қилишга масъул. Шунинг учун бир-бирларига суяниб, бепарво қолишлари керак эмас.
3)    Фарзандларингизга намоз ўргатишга ихлос қилишингиз, буни холис Аллоҳ учун қилмоғингиз керак.
4)    Фарзандингизнинг ихлоссизлиги, танбаллигидан умидсизликка тушманг. Ноумидлик шайтондандир. Секин-аста фарзандларингиз ҳам ихлосли намозхонлар бўлиб кетишини умид қилинг.
5)    Оила даврасида ҳафтада бир-икки марта намоз масалаларидан оз-оз сўзлашиш ва суҳбатлашиш керак.
6)    Бирор жойга кетсангиз, сафарга кетадиган бўлсангиз, келганингиздан сўнг фарзандларингизнинг намозларни қолдирмаганлиги, ўз вақтида адо қилганларини сўраб-суриштиринг. Агар ўқимай қолдирган бўлсалар, қазосини ўқишларини ўргитиб қўйиш керак.
7)    Намозлик китоблари ва рисолаларини, айниқса, уларнинг расмли бўлганларини фарзандларга олиб келиб бериш керак. Уларда ёзилган зикр ва дуоларни ёдлашларига ҳаракат қилдириш керак.
8)    Намозга уйғотганда, фарзандларга мулойим гапириш, уларни ширин сўзлар ила уйғотиш керак. Вақтида намоз ўқиётган фарзандларни муносиб тақдирлаб, бошларини силаб, меҳр-шафқат кўрсатиб туриш керак.
9)    Аллоҳга ва унинг расулига бўлган муҳаббатни фарзандлар қалбида ўйғотмоқ керак. Бунинг учун улар билан тавҳид, парвардигорнинг илоҳийлиги, буюклиги, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг улуғ пайғамбар эканлиги, сифатлари, сийратлари борасида суҳбатлашиб туриш керак.
10)    Аллоҳ инсонни ҳар доим кўриб ва кузатиб туришини фарзандингизга уқтиринг. Токи, сиздан қўрқиб эмас, Аллоҳдан қўрқиб намоз ўқийдиган бўлсин.
11)    Отанинг ҳайбати ва салобати ҳам фарзандларнинг ўз вақтида ибодатларини қилишда таъсири бор. Уларни уриб, сўкиб намозга муҳаббатли қилиб бўлмайди.
12)    Кичик болаларга намоз вақти кирганлигини эслатиб туриш керак бўлади.
13)    Энди намоз ўқишни бошлаган болаларга мукофот бериш, масалан, ҳалво, қанд-қурс кабилардан бошлаш керак. Ҳар бир намозга, сўнг бир кунлик намозга, сўнг ҳафталик, ойлик намозларга мукофотлар бериш мумкин.
14)    Хавфу хатарда, касалликларда ҳам фарз намозларни қолдириб бўлмаслигини фарзандларга уқтириб бориш керак.
15)    Намозга ўрганаётган фарзандларни қариндошлар орасида мақтаб ҳам қўйиш керак.
16)    Фарзандларга намоз ўқимайдиганларнинг ҳолини, ёмонлигини айтиб бериш ҳам керак. Намоз ўқимайдиганларга бериладиган охиратдаги жазолар ҳақида ҳам тушунтириш мумкин.
17)    Уйда жамоат бўлиб ҳам фарзандлар билан намоз ўқиш мумкин.
18)    Ўн ёшдан ошган фарзандларни намоз ўқимаганлари учун азоб бермасдан уриш, маломат қилиш керак бўлади. Бу саҳиҳ ҳадиси шарифда алоҳида таъкидланган.
19)    Ўсмир ёшдаги болаларнинг дўстларини текшириш, намозхон, солиҳ, яхши, одобли ўртоқлар билан бирга бўлишини таъминлаш керак ва буни алоҳида назоратга олиш керак.
20)    Намозларни ўз вақтида ўқиш борасида ота-она фарзандларга ибрат ва ўрнак бўлмоғи керак.
21)    Фарзандлар бир-бирларига намоз ўқишни ўргатишлари, бирга намоз ўқишларини таъминлаш керак. Улар ўзлари бир-бирларига қизиқиб, бир-бирларини намозга ундаб туришлари керак.
22)    Намозхонлар борасидаги ва намозни ўқимайдиганлар ҳақидаги ояти карималар ва ҳадислар мазмуни билан фарзандларни таништириб бориш керак.
23)    Қуруқ намоз ўқитишга мажбурлаш ила иш битмайди. Фарзандларни намозга муҳаббатли қилиб тарбия қилиш керак. Уларга намознинг аҳамияти, мусулмонларнинг энг асосий ва энг зарур ибодатларидан бири эканини англатиш керак бўлади.
24)    Фарзандларга: "Мен сени кўпроқ яхши кўраман. Сени дўзахда қолишингга рози эмасман. Сен жигаримнинг бир парчаси, кўзимнинг нурисан. Сен билан жаннатда ҳам бирга бўлишни истайман. Бунинг учун намоз ўқиш лозим" каби сўзларни айтиб туриш керак.
25)    Фарзандларга намознинг инсон ҳаётига қут-барака олиб киришини, намоз ўқимаслик алалоқибат ёмонлик ила тугашини билдириб бориш керак. Намозда ватаннинг тинчлигини, унинг обод бўлишини, юртдошларнинг эса фаровонликда ҳаёт кечиришларини сўраб дуо қилишини фарзандларга уқтириш керак. Токи фарзандлар ватанга муҳаббатли, юртдошларига меҳрбон бўлиб камолга етсинлар.
26)    Фарзандларга ғайри динлар ва бошқалар билан мусулмонларнинг орасидаги асосий кўринадиган фарқ намоз эканини тушунтириш керак.
27)    Таҳоратсиз намоз бўлмаслиги, таҳорат эса поклик экани, инсон покиза яшаши учун доим таҳоратли бўлиши кераклигини ўргатиш керак.
28)    Мукаммал таҳорат қилиб, намоз ўқиб юрувчиларнинг юзлари чиройли ва гўзал кўринишли бўлишини фарзандларга билдириш керак.
29)    Жаннат ва дўзах ҳақида суҳбатлашиш керак. Жаннатнинг ажойиблиги, гўзаллиги борасида, дўзахнинг азоблари ҳақида гапириб бериш керак.
30)    Фарзандларингизга жон олувчи фаришта ҳар он ва хоҳлаган дақиқада жон олиш учун келиб қолиши мумкинлиги, ҳаёт эса бир масъулият ва омонат эканлик туйғусини шакллантиришингиз керак.
31)    Фарзандларга кичик ва қисқа сураларни ўргатиш, уларга оятлардаги маъноларини гапириб бериш керак.
32)    Фарзандларга чиройли жойнамозлар, гўзал тасбеҳлар, қизларга рўмоллар харид қилиб, олиб бериш керак.
33)    Фарзандлар намозларни ўз вақтида адо қилишларига ёрдамлашиш керак. Намоз вақтида таом ҳозирлаш керак эмас, уларга бундай вақтларда иш буюриш керак эмас. Совуқ кунларда таҳорат олишлари учун уларга илиқ сувлар тайёрлаб бериш керак. Намоз пайтида телевизорга михланиб қолиш керак эмас.
34)    Мавъизаларда эшитган, китобларда ўқиган яхши гапларни фарзандларга гапириб бериб туриш керак. Ажойиб қисса ва ҳикоятлар билан уларни ошно қилиб боринг.
35)    Яхши тамошолар, шунингдек тўй, йиғин ва зиёфатлар вақтида намоз вақти ўтиб кетмаслиги учун фарзандларга эслатиб туриш керак.
36)    Оталар йўқ вақтида оналар фарзандларни намозга ўргатиш ишига масъулдирлар. Шунингдек, кичик ёшдаги ука-сингилларга катта ёшдаги ака-опалар намозга рағбат уйғотишга ҳаракат қилишлари керак бўлади.
37)    Фарзандларингизни гоҳ-гоҳ ўзингиз билан масжидга олиб боринг. Улар намоз ўқиётган одамларга ва бошқа болаларга ҳавас қилиб, ибодатга кўзлари ўрганиб, намозга кўнгил қўйсалар ажаб эмас.
38)    Фарзандлар ўз вақтида ўзлари билиб намоз ўқиётган бўлсалар, ота-оналар Аллоҳга шукроналар келтиришлари лозим.
39)    Фарзандлар ҳаққига дуои хайрлар қилиб туриш керак. Уларни асло дуоибад қилиш керак эмас.
40)    Фарзандларни намоз ўқишга ўргатиш бир масъулият бўлиб ўзига яраша қийинчиликлари бор. Ота-оналар сабр-бардош, сабр-тоқат ва меҳр-шафқат билан, Аллоҳга таваккал билан ёндашиб, ҳаракат қилмоқлари керак бўлади.
Булар тажрибадан ўтган услублар бўлиб, фарзанд тарбиясида ҳар кимнинг ўзига хос усуллари бўлади. Уларнинг энг яхшиларини амалда қўллаш самарали бўлади. Болалар намоз фарзандлик мажбурияти эмас, балки мусулмоннинг мажбурияти эканини билсалар бўлди. Энг асосийси, "Дуо билан эл кўкарар, ёмғир билан ер кўкарар" деганларидек, ота-оналар фарзандлар ҳаққига дуои хайрлар қилишдан чарчамаслиги, уларни қарғаш асло мумкин эмаслигини билишлари керак. Улуғ зотлар, тақводор кимсалар, ёши улуғ отахон ва онахонлардан фарзандлар ҳаққига дуо олиб туришлари ҳар бир ота-онага зарур ва лозимдир.   

Ҳамидуллоҳ Беруний

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz