Мусулмонларнинг таназзули сабаб дунё нималарни йўқотди? (11) Принтер учун
01.04.2013 й.

Тўртинчи фасл

Инсониятнинг маънавий йўқотишлари

Оврўпо мустамлакачиликлари даврида

 

Ҳозир биз Осиёдаги шарқий халқларнинг сиёсат, иқтисод, савдо­ сотиқ ва саноат борасидаги йўқотишлари, ўз молу мулкини қўлдан бой бериши, ғарбнинг моддий куч­ қудрати ва сиёсий раҳнамолиги остида майда­ майда бўлаклар ва халқларга бўлиниб кетгани ҳақида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Зотан у ҳақида гап кўп бўлганидан ушбу кичкина асарга сиғмайди. Қолайверса шарқу ғарбнинг кўплаб тарихчи ва ижодкорлари бу мавзуда катта­ кичик асарлар ёзиб қўйишгандир.

­Ушбу китобда мусулмонлар таназзулга юз тутишлари ва оврўполикларнинг бошқарувни кетма ­ кет ўз қўлларига олганликлари сабабли нималарни йўқотган эканликлари ҳақида сўз юритар эканмиз­ биз кишилик дунёсининг йўқотганлари, кишилик жамиятининг маънавият, ахлоқ ва руҳият борасидаги мусибатлари, Оврўпонинг халқаро нуфузи даврида жисм ва ерга туташ бўлган нарсалар ва  моддадан иборат буюк мақсадлар, Оврўпо маданиятининг оқизиб кетадиган сели ҳақида сўзлаб беришни мақсад қилганмиз.  Зотан ана ўша сабр қилиб бўлмайдиган мусибатдир.  Тузатиб  бўлмайдиган синиқдир. Буни англаб етганлар озчиликдир. Бу ҳақида сў юритганлар эса улардан ҳам озроқдир.

Албатта, ҳаётнинг исломий низоми жоҳилият низомига рақиб бўлиб келганида жоҳилият ҳукумати ғолиб бўлиб турган даврдаги мусулмонларнинг мусибати энг катта бўлган эди. Ана шу оламшумул мусибатдан энг катта жабр кўрганлар ҳам мусулмонлар эдилар. Чунки Ислом билан жоҳилият тарозунинг икки палласига ўхшайди. Қачон унинг бир палласи тош босса иккинчи палласи енгил келади.

Энди эса ана шу мусибатлар ҳақида биттама ­ битта  сўз юритамиз.

 Диний ақл­ идрокнинг кучсизлашуви:

Ушбу дунё қайси мақсад тарафга қараб кетмоқда ва унинг оқибати нима бўлади? Ана шу ҳаётдан кейин бошқа бир ҳаёт борми? Агар бор бўлса, ундаги аҳвол қандай? Ҳаёти  дунёмизда у дунёдаги ана шу ҳаёт учун бирор кўрсатма ва таълимотлар борми? Ана шу маълумотларни қайси манбадан ўрганиш мумкин? Инсон қайси йўл ва қонунлар асосида юрса охиратдаги ҳаёти яхши бўлади? Ана шу йўлларнинг манбаси нима? Ўлгандан кейин тугамайдиган роҳат, ниҳоясиз шодликка эришмоқ учун энг яхши йўл қайси?

Ана шулар Шарқда яшайдиган одамнинг ота ­ боболаридан мерос бўлиб қолган, хаёлини банд қилиб келган, бир неча асрлардан буён тинчини бузиб келаётган, ўйин ­ кулгу ва тўқчилик ҳолатида ҳам эсидан чиқаришга қурби етмаган саволлардир. Ана шу саволлар унинг кўнгил хоҳиши, қалб нидоси бўлган. Уни эшитмаганга олишга, ундан юз ўгириб кетишга қурби етмаган. Аксинча  рағбат, самимият ва ихлос билан унга қулоқ тутган. Ана шу саволлар унинг ҳаётида биринчи даражада турган. Минглаб йиллар давомида у ана шу мавзуни муҳокама қилиб келади. Биз метафизика, илоҳий фалсафа, ёруғлик философияси, руҳни чиниқтириш, илм ва ҳикмат деб атаётган нарсаларнинг ортида ана шу қоронғу ва узоқ йўл борасидаги таваккалчилик ва уринишлардан, ноаниқ доиралар атрофидаги кетма ­ кет изланишлардан бошқа нарса йўқ. Бу шарқликларнинг ана шу мавзуга бўлган эътибори ва кучли рағбатидан дарак беради.

Ғарбликлар пайдо бўлишларидан аввал шарқликларнинг ва мўътадил иқлимларда яшаган кўпгина башарларнинг табиати ана шундай бўлган. Агар бунинг учун файласуфларнинг тил ва ибораларидан фойдаланадиган бўлсак айтамизки: Одамларда ­уларнинг бешта зоҳирий сезги аъзоларидан ташқари­ олтинчи ҳис ­ туйғулари ҳам борки биз уни диний ҳис деб аташимиз мумкин бўлади. Зоҳирий сезги аъзолари фақатгина  ўзларига хос бўлган нарсаларда ўз ишини қилади. Масалан кўз кўринадиган нарсаларда, қулоқ эшитиладиган нарсаларда ва ҳоказолар.... Худди шунга ўхшаб диний туйғунинг ҳам ўзига хос бўлган самара ва таъсирлари бордир. Бундай таъсирлар фақатгина ана шу ҳис­ туйғунинг иши бўлиб, ана шу ҳис ­ туйғу шарқликлар учун ўта зарур бўлиб келган. Зоҳирий сезги аъзоларидан бирортасини йўқотган кишининг ўша аъзоси билан боғлиқ нарслар ишламайди ва ўша нарсани фақат мўжиза содир бўлсагина ҳис қила олади, ҳеч бир сезги аъзоси қанчалар кучли ва қанчалар соғлом бўлмасин, бошқа бир сезги аъзосининг ишини қилиб бера олмайди. Шунингдек, қандайдир таъсирли фалокат сабабли диний ҳис­ туйғуни йўқотган ёки туғма нуқсони сабаб маҳрум қолган бўлса унинг ўша   ҳис­ туйғуси ўз самарасини бера олмайди. Ранглар ва кўринадиган жисмларни кўрмайдиган кўр одамга ўхшаб уни тасаввур қилиш ёки тасдиқлашга қодир бўлмайди. Унинг борлигини инкор қилиб туриб олиши ҳам мумкин. Шовқин­ суронга тўлиб кетган дунё унинг наздида на чақиргувчи ва на лаббай дегувчиси йўқ бўлган ўликлар шаҳридан бошқа нарса бўлмаган кар одамга ҳам ўхшайди.  Диний ҳис­ туйғусини йўқотган одам ҳам шундай. Ғайбни инкор қилади, табиат ортидаги нарсаларни тан олмайди ва диний фазилатларга қарши чиқади. Кўнгилларни ларзага келтирадиган, қалбларни юмшатадиган ва кўзларни йиғлатадиган панду насиҳатлар унга таъсир қилмайди.

«Ўлган одамнинг ярасида оғриқ бўлмайди»

Анбиёлар ва диний даъватчиларнинг қаршиларидан чиққан, нутқлари, мавъизалари ва даъватлари йўлига тўсиқ бўлган энг оғир тўғаноқ бўлган ўша одамлар албатта диний ҳиссиётларидан маҳрум бўлган ёки йўқотган, қалблари тош қотган, дин масаласида диллари ўлиб бўлган, дин ишида, охират ишлари ҳақида тафаккур қилмасликка қасам ичган, бу мавзуга умуман қулоқ солмайдиган кишилардир. Улар Набий алайҳиссаломнинг қалбларни тўлқинлантирадиган ва тошларни эритиб юборадиган сўзларини эшитганларида кибр ва қаттиқлик билан: «Шу дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, тириламиз ва биз қайта тирилгувчи эмасмиз», дейдилар. Набий алайҳиссалом ўзларининг болалар ҳам тушуна оладиган, уларнинг адабий тилларида айтилган ёқимли сўзларини тугатганларида: «Айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик ва биз сени ичимизда заифҳол кўряпмиз», «Қалбларимиз сен даъват қилаётган нарсадан ғилофлардадир, қулоқларимизда оғирлик бор, сен билан бизнинг орамизда эса, парда бор. Бас, сен амалингни қилавер, биз ҳам, албатта, ўз амалимизни қилгувчилармиз», дедилар.

Оврўпо янгидан уйғонадиган илк паллаларда ана шу саволлар олимлар ва мутафаккирларнинг изланиш мавзулари бўлганига, улар шу мавзулар борасида изланишлар олиб борганларига, асарлар битиб ўзаро баҳс­ мунозаралар қилганларига шубҳа йўқ. Аммо  Оврўпо шаҳарлари қачон бир қадам олдинга илдамласалар ана шу баҳс ва саволлар бир қадам ортга қолиб кетаверган. Ана шу ботин маданиятнинг хусусиятлари зуҳурга келиб, ўзининг моддий кўринишида намоён бўлгач ­унинг қичқириқлари остида ­ тирик инсон қалбининг қаъридан, виждонининг таг­ тагидан отилиб келадиган ана шу овоз йўқ бўлиб кетган. Ана шу саволлар илм даргоҳлари, дорулфунунларда ўргатиладиган метафизика илмлари ва фалсафа факультетларида ўрганилаётганлигини инкор қилиб бўлмайди. Мутахассис олимлар бу борада баҳслашиб юрганлари, бу мавзуга бағишлаб ора ­ орада асарлар битиб турганлари аниқ. Аммо шу нарса шубҳасиз ки, у асарлар одамларнинг онглари ва қалбларига ўз сўзини ўтказа олмаган. Ҳар қандай ақлли инсонга кўринадиган аниқ ва равшан сўроқ белгиси ўчиб кетган у, поезд светофорнинг олдида туриб қолгани каби унинг олдида туриб қолган эди. Ҳеч бир инсон ўз ота ­ боболарининг изидан бориб ана шу саволлар устида бош қотиришни хаёлига ҳам келтирмас эди. Бунинг сабаби уларнинг қалбларида иймон борлиги, кўнгиллари кенглиги, қалблари хотиржамликлари, тўғри ечим топиб қаноатланганликлари ва муқаррар натижага эришганлари эмас эди. Йўқ! Бунинг бирдан бир сабаби шу эдики ана шу саволлар ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган, ўзининг ўрнини ўн тўққиз­ йигирманчи асрлардаги одамларнинг нигоҳида энг муҳим бўлган моддий саволларга  бўшатиб берган эди.  Бу давр кишилари диний мавзуларга нисбатан бутунлай бетарафликни ўзларига лозим тутган, нигоҳини бошқа тарафга қаратиб бўлган эди. Ана шу ҳаётдан кейин бошқа бир ҳаётнинг, жаннат ва дўзахнинг, савоб ва иқобнинг, нажот ва ҳалокатнинг бор   бўлиши ёки бўлмаслигининг  унга аҳамияти йўқ. Шу нарсалардан ҳеч бири на борлиги ва на йўқлиги уни қизиқтирмаган. Чунки ушбулардан ҳеч бирининг бугунги ёки ойнинг охирида бўладиган масалаларга дахли йўқдир. Унга тааллуқли ҳам эмас. Насияни деб нақдни тарк қилмайди у. Кўзлари билан кўрмаган нарсани деб ўзини қийнаб ётмайди. Ана шу (қуруқ) мавзуларни университетнинг фалсафа ўқитувчилари ўргансин. Ушбу мавзуда асарлар битсин. Аммо у жиддий одам. Ишлик одам. Унинг билгани фақат ана шу­ завотлар, идоралар, автомобиллар дунёси. Кун охирига келиб ўз нафсига ором бериш ва тасалли топишдан бошқасига қизиқмайди. Оқшомдаги тинч уйқу, ҳафта охиридаги иш ҳақи ёки ойнинг сўнгидаги ойлик маоши, йилнинг охирига бориб фойдаларни ҳисоб ­ китоб қилиш, умри охирлаб қолганида яна қайтиб ёш ва саломат бўлишни билади, холос. Аммо  бу ҳаётдан кейингиси унинг учун ноаниқ ва хомҳаёллардан биридир: «Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, улар ундан шак-шубҳададирлар. Йўқ, улар ундан кўрдирлар».

Бу хилдаги одамларнинг сони ҳар бир халқ ва шаҳарда кундан кунга зиёда бўлиб, аҳамияти ортиб бормоқда. Бунга  сабаб ғарб маданияти. Ана ўша хилдаги одамлар ҳаёти дунё билан машғул эканликлари ва унга муккасидан кетганликлари учун диний чорловларга жавоб беришга уларнинг вақтлари йўқ. Уларни динга ва охират ҳаётига чақирадиганлар ­минг бир кеча ҳикояси бизга ривоят қилиб бергани каби­ денгизчи Синдбод анқонинг уруғи атрофида айланиб қолганидек уларнинг атрофларида айланиб қоладилар. Синдбод ўша анқонинг уруғини мармардан қурилган бино бўлса керак деб ўйлаб, унинг атрофидан унга кириш учун эшик ахтариб, бир неча бор айланади ва топмайди. Динга даъват қилгувчи ҳам ўшанга ўхшаб уларнинг атрофларида айланади ю, уларнинг онгларига ўзининг диний даъватини олиб кирадиган эшикни топа олмайди. Зотан моддийлик ҳаёти ва унинг муаммолари унинг барча эшикларини қулфлаб қўйган ва онгларига олиб кирадиган барча туйнукларни ёпиб қўйган.

Шунингдек маънавий завқи бўлмаган бир киши ҳам чиройли мусиқалар ва ёқимли ашулаларни эшитади. Лекин уларни санъат деб эмас оддий товушлар сифатида билади. Диний ҳис­ туйғудан маҳрум бўлган кишига ҳам худди шунга ўхшаб набийларнинг дини ҳам, воизларнинг насиҳатлари ҳам, уламоларнинг ҳикматли сўзлари, самовий китобларнинг зарбулмасаллари ҳам таъсир қилмайди. Балоғат эгаларининг балоғатлари ва мухлис бандаларнинг ихлоси уларга зое кетади. Буларнинг барчаси қайсидир водийдаги овоз ва култепадаги ҳувиллашга ўхшайди:

Тирикларга  нидо қилсанг албатта

Улар сенга қулоқ тутган бўларди.

Ва лекин сен нидо қилгувчи инсон

Ўлган бўлса, сен нима ҳам қилардинг.

Ана шу хилдаги инсонларни учратган киши Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги сирни англаб етади: «Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор»,  «Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар» . У кишига Аллоҳнинг: «Куфр келтирганлар мисоли худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётганга ўхшайди. Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл ишлатмаслар», деган сўзининг моҳияти намоён бўлади. У аввалги муфассир олимларга ўхшаб ана шу оятнинг моҳиятини шарҳлашда ва далил­ исботида қийналмаса ҳам бўлаверади.

Ушбу асрнинг даволаб бўлмайдиган ва муолажа қилиш таъсир кўрсатмайдиган бедаво дарди ­ бу кишиларнинг ўзларини диндан бутунлай беҳожат ҳис қилишларидир.    Динга даъват қилгувчилар фисқу фужурнинг доиралари торайган, маъсият ва ғафлатнинг энг зулматли давларида ҳам ушбу ақидавий масалалар борасида умуман эътиборсиз бўлишни ўзларига аҳд қилган, шу масалаларнинг бўлиш ­ бўлмаслигига аҳамият ҳам бермаган ана ўша одамларни даъват қилишда йўлиққанларичалик меҳнат ва машаққатга йўлиқмаган эдилар. « Албатта, сен ўликларга эшиттира олмассан, ортга қараб қочаётган карларга ҳам чақириқни эшиттира олмайссан».

Қадимги руҳият билан янги руҳият ўртасидаги ана шу асосий фарқни Оврўподаги катта университетлардан биридаги фалсафа ва психология фанининг катта ўқитувчиларидан бири пайқаб қолиб унга қисқагина ибора ёрдамида тушунча бериб ўтибди: С. М. Жоуд шундай дейди:

 «Қадимда дин ҳақида шубҳалар, эътирозлар, саволлар ва суриштирувлар кўп бўлган.  Ана ўша саволлар ва  шубҳаларнинг айрим эгалари ўзларини қаноатлантирадиган жавоблардан хотиржамлик тортишмаган. Аммо ҳозирги авлоднинг улардан фарқи шуки бу саволлар уларни умуман безовта қилмайди. Ҳозир уларнинг дилларида бундай саволлар умуман йўқ».

Диний ҳис­ туйғуларнинг йўқолиши:

Сўнги вақтларга келиб Ислом оламида моддийликнинг денгизи тўлиб тошганида дин арбоблари моддийликнинг уммони ўртасида жойлашган, моддиюнча ҳаёт кечириш ва ғофилликдан безиганлар ва Аллоҳга томон қочгувчилар учун бошпана бўладиган кичкина бир оролчага айланиб қолдилар. У оролда зулматлар денгизи ичидаги нурли чироқларга ўхшайдиган одамлар бор эдиларки одамларга диний ва ахлоқий тарбия беришар, уларнинг нафсларини поклаб, қалбларини сайқаллар эдилар.

Ислом оламида ана шу оролга қараб ҳаракат қилинаётганини кўрасиз. Шунинг учун ҳам маънавият излаб чиққанларнинг ва диний тарбия талабидагиларнинг карвонлари  узоқ шарқдан узоқ ғарбга, Ислом оламининг узоқ шимолидан энг олис жанубига қараб қатнаб юрганларини кўрардингиз. Бунда улар сиёсий­ жўғрофий чегаралардан ошиб ўтар эдилар. Ана шунда ҳалиги ороллар диний нуқтаи назардан обод бўлганига гувоҳ бўлар эдингиз. Унда миллат ва ирқлар орасидаги фарқлар ўчирилган бўларди. Шарқликлар ғарбликлар билан, бухороликлар  марокашликлар билан, анталияликлар индонезияликлар билан жамъулжам бўлган инсоний музейни кўрар эдингиз. Улар ўз динларини фитна ­ синовлардан сақлаш учун олиб қочган ва ўзларини Роббиларининг остонасига ташлаган, эртаю кеч Унинг Юзининг талабида дуолар қилган, диний тарбияни олиб бўлгандан  кейин даъватчи, ислоҳотчи, устоз ва муршидлар сифатида дунё бўйлаб тарқалиб кетган инсонлардирлар. Улар     Шайтоннинг насибаси ичидан Аллоҳнинг насибасини ажратиб олар, ўлик ерга ўхшаб қолган қалбларга дин уруғини экишлик билан ҳаётга қайтарар эдилар.

Шунингдек, энг кучли ва энг катта давлатлар билан ёнма ­ ён равишда ўзининг маънавий салтанати билан моддийлик салтанатидан устунлик қиладиган маънавий давлатлар бўлиб келди. У давлатларда шундай эрлар яшар эдики дунё уларнинг олдига ёлбориб келар эди. Амирлар ва шоҳлар бош эгиб келар эди. Уларнинг ҳам бошқа давлатларнинг низомига ўхшаб  ўзларига хос низомлари бор эди. Бошлиқ тайинлашар, қарорлар чиқаришар, сафарлар уюштиришар ва ўринбосарлар қолдирар эдилар. Ҳар  қандай моддий давлатда уларнинг элчи ва консуллари бўлар эди. Ислом дунёсининг харитаси уларнинг олдида турган каби эди гўё. Шунинг учун ҳам Исломнинг чегарасидан қаери одамсиз бўлса, ўша ерга диний муробитларни тайинлашар ва улар давлатни ғафлат ва итоатсизлик туфайли келадиган мусибатлардан, нодонлик ва туғённинг қора булутларидан қўриқлаб ҳимоя қилар эдилар. (Қабрлари  Лоҳурда бўлган солиҳ шайх саййид Али Жувайрийнинг айтишича у кишига шайхлари Лоҳурга бориб яшашни буюрибди. У киши эса у ерда ўзининг маслакдоши шайх Ҳусайн Занжоний бор, шунинг учун у ёққа боришнинг кераги йўқ деб узр айтадилар. Шайхлари: «Сен ўша ерга бориб яшамоғинг даркор» дебдилар. Бу киши шайхларининг амрига итоат этган ҳолда  сафарга чиқибдилар ва Лоҳурга оқшом етиб келибдилар. Шаҳарнинг дарвозалари беркитилган бўлгани учун деворнинг ташқарисида тунаб қолибдилар. Эрталаб тонг отиб эшиклар очилгач қарасалар одамлар шайх Ҳусайннинг жанозасини олиб кетишаётган экан. Ана шунда у киши шайхнинг буйруғидаги сирни англаб етибди. Шайх Ҳусайннинг ўрнига қолиб ажамларни Аллоҳга даъват қилишда давом этибдилар. (Кашфул маҳжуб китобидан). )

Ана шу маънавий давлатлар ўзининг мустақил ички низоми ва бошқарувига эга эди. Унга шоҳлар ҳам амирлар ҳам дахл қила олмас эдилар. Сиёсий ўзгаришлар ва маҳаллий воқеаларнинг унга таъсири бўлмасди. Келинг, бунга ҳиндистонлик Шайх Низомуддин Будований (725 ҳижр) Ҳиндистоннинг нақд пойтахтида вужудга келтирган Гьятфур деб танилган маънавий колонияни мисол тарзида келтирсак. Ана шу Шайх Ғиёсуддин Балбан (664­686) дан бошлаб Ғиёсиддин Туғлақ(720­720)қа қадар саккиз нафар золим подшоҳ билан замондош бўлган ва подшоҳларнинг қўли етмаган ҳолда ўзининг том маънодаги мустақиллигини сақлаб қолган эди. Унда Эроннинг Cанжаридан тортиб Ҳиндистоннинг шарқидаги Авдадан келган инсонларни кўрар эдингиз.

Ана шу марказлар ва уларнинг фақир эгаларида шундай маҳобат, тартиб ва юксак эҳтиром бор эдики дунёдаги энг улуғ шоҳларнинг ҳам ҳасадини келтирар эди. Ана шу нарса уларнинг ўрталарига совуқчилик солиб қўяр эди. Бунинг бирдан бир сабаби одамларнинг дин арбобларига юзланишлари, атрофларида парвона бўлишлари, маънавий султонга итоаткорлик қилишлари эди. Зеро, Бақийъ қабристонида дафн этилган саййид Одам Банурий Ҳиндий (1053 ҳ.)нинг дастурхонидан ҳар куни минг киши таомланар эди. Минглаб одамлар ва юзлаб олимлар у билан ҳамроҳ бўлиб бирга юрар эдилар. Саййид 1053 йилда Лоҳурга ташриф буюрганида ўн минглаб улуғлар, машоихлар ва бошқалар у киши билан қўшилиб келган эдилар. Ҳатто Ҳиндистон шоҳи Шоҳжаҳон ҳам бундан хавфсирашга тушди ва бир қанча молу давлатни у кишига бировдан бериб юборди. Сўнг  у кишига: «Аллоҳ Сизга хаж қилишни фарз қилган. Шундай экан Сиз Ҳижозга боринг. Подшоҳнинг фикрини уққанлари учун ҳам Ҳарамайнга сафар қилдилар ва ўша ерда вафот этдилар».

Буюк шайх Аҳмад Сарҳандийнинг ўҳли Шайх Муҳаммад Маъсум (1079 м)нинг қўлларида тўққиз юз минг киши тавба қилиб байъат берганди. У киши одамларни Аллоҳга чорлаш, уларни тўғри йўлга бошлаш ва диний тарбия бериш учун ўзларидан кейин етти минг кишини тайёрлаб кетдилар.

У кишининг ўғиллари Сайфиддин Сарҳандий (1096 м) нинг уйларида бир минг тўрт юз киши таомланар эди. Улар ўзларига ёққан овқатни танлаб ер эдилар.

Шайх Муҳаммад Зубайр Сарҳандий (1151 м) ўз уйидан чиққанида оёқлари ерга тегмасин учун бойлар уларнинг оёқлари остига гиламлар ташлар эдилар. Агар бирор беморни кўриш ёки ўзларининг айрим ишлари учун чиқадиган бўлсалар бойлар ва амирлар у кишига қўшилар, худди шоҳларнинг карвонига ўхшаган карвон бўлиб кетар эди.

Ана шу озгина мисолларни келтирар эканмиз бизнинг ягона мақсадимиз одамларнинг наздида диннинг тутган ўрни ва шарафини исботлаб бериш, дин арбоблари ва вакилларини илиқ қарши олишлари, инсонларнинг ҳукумат султонидан кўра руҳият султонига кўпроқ итоат қилишлари, диний кўрсатмаларга амал қилишга бўлган талпинишларига хужжат қилиш эди. Биз ана шу мисолларни Ҳиндистоннинг Ислом дини билан боғлиқ тарихи ва ўтмишидан олиб нақл қилдик. Агар Исломнинг умумий тарихи, дин арбобларининг таржимаи ҳоллари, Шом ўлкаси, Миср, Марокаш ва Ироқда ўтган ҳаёт йўлларидан олинган далил ва мисолларни яхшироқ ўрганадиган бўлсак катта ­ катта мужалладлар бўлиб кетган бўлар эди. Шу жойга келганда биз шайх Холид Курдий (вафоти 1242 ҳ) ҳақида гапириб ўтиш билан кифояланамиз. Бағдодда у кишининг қўлларида тавба қилиш ва у зотдан истифода олиш мақсадида одамлар тўда­ тўда бўлиб у зотнинг ҳузурларига келар эдилар. Шайх Холид ўз шайхларига ёзган мактубларида юзлаб забардаст уламоларни етиштирганликларини, беш юз нафар катта ­ катта олимлар у зотга байъат қилганликларини, авомуннос ва хос одамларнинг сони беҳисоб эканлигини ёзганлар.

Динни ўрганиш, фойдали илм ва солиҳ амалнинг талабида тарки ватан қилишлар шу қабилда давом этаверди. Нафсни поклаш, ахлоқни тузатиш, рушднинг юксакликларига етишиш, охират куни учун тайёргарлик кўриш йўлидаги машаққатли сафарлар оврўполикларнинг истилосига қадар  давом этиб турган эди. Ҳар бир мусулмон ўлкасида диний марказлар ва маънавий бошпаналар мавжуд бўлганки бошқа томонлардан ташриф буюрган талабгорлар учун истиқомат манзили бўлиб келар эди. Дунё, ҳукуматидаги юқори мансаблар уларга ўзларини таклиф қилганида улар қочиб ана шу маънавий тинч уммондан бошпана топаверганлар, ана шу жойда ўзларининг ботинларини тузатиш ва ундаги шайтоннинг насибасини суғуриб олиш учун жон ­ жаҳдлари билан курашганлар.

Ҳижрий ўн учинчи аср ўрталарида инглизлар Ҳиндистонни босиб олган даврдаги маданиятга ҳам бир қараб кўрамиз. Ўшанда уларнинг цивилизациялари ва ҳаёт фалсафалари мамлакатдаги жамиятга ўз таъсирини ўтказмаган эди. Шунинг учун ҳам илк диний ҳаётнинг қолдиқларини учратиш мумкин бўлган бу ерда. Бир тарихчи шайх Ғулом Али Деҳлавийнинг кичик масжидлари ҳақида гапириб, шундай дейди:

«Ана шу масжидда Рим, Шом, Бағдод, Миср ва Ҳабашистонлик кишиларнинг шайхга байъат қилганликларини ўз кўзларим билан кўрдим. Улар шайхнинг ҳузурида бўлишни даҳрнинг яхшилиги ва умрнинг саодати деб билар эдилар. Ҳиндистон ва Афғонистон сингари яқин мамлакатлардан келганлар чигирткалар каби кўп эдилар. Ана шу кичик масжидда истиқомат қилиб масжиднинг ҳисобидан тирикчилик қиладиганларнинг адади беш юзтадан кам эмас эди».

Шайх Рауф Аҳмад Мужаддидий 1231 ҳижрий йилнинг йигирма саккизинчи Жумодил аввалида ана шу масжиддаги одамлар орасида Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Ҳисор, Қандаҳор, Қобил, Пешовар, Кашмир, Мўлтон, Лоҳур ва шу каби шаҳарлардан келган кишиларни кўрганлар. Ана шу ишларнинг ҳаммаси замонавий транспорт йўллари ҳали вужудга келмаган бир замонларда бўлганлигини, шунинг учун ҳамма карвонларга қўшилиб пиёда йўл босиб келганликларини билиб қўймоқ керак.

Ана шу ўтмиш даврининг сўнги манзаралари Ҳиндистонлик буюк ислоҳотчи, машҳур мужоҳид Имом Аҳмад ибн Урфон Шаҳийд(1246ҳ.) нинг тарихида намоён бўлади. Зотан сиз у кишининг тарихини, одамларни тавҳидга, Суннатга эргашишга ва жиҳодга даъват қилиш учун Ҳиндистон бўйлаб қилган сафарларини ўқисангиз минглаб одамларнинг гуноҳ ва маъсиятлардан, ширк ва бидъатлардан тавба қилганликларини, ҳатто бозордаги савдо расталари одамсиз қолиб, масжидларнинг одамлар билан тўлиб тошганини, у кишини ва юзлаб ҳамроҳларини ўз уйларига чақириб меҳмон қилиш учун кимўзарга иш қилганликларини, бу йўлда молу дунёни аямаганликлари, ҳар қандай нафис ва бебаҳо бўлган нарсани арзон билганликларини, ҳатто биринчи бўлиб ким меҳмон қилиши борасида қуръа ташлашганликларини кўрасиз.

Мусулмонларда диннинг йўлида жонбозлик, олий ҳимматлик, олийжаноблик ва саховат каби сифатлардан авваллари мисли кўрилмаган даражадагисини кўрар эдингиз. Масалан саййид Аҳмад 1236 ҳижрий санада етти юздан ошиқ ҳамроҳлари билан ҳаж қилиш учун сафарга чиқади. Мусулмонлар  саййид Аҳмаднинг туғилган юртлари Рей Барейлидан чиқиб Калкуттага бориб кемага минганларигача ана шу карвон қаердан ўтган бўлса, ўша ерда меҳмон қилиб юбораверганлар.   Биллаҳ Ободга тушганларида шайх Ғулом Али у кишини меҳмон қилган. Ана шу карвон у кишининг ҳузурларида ўн беш кун қолган эди. Қишлоқлару ён ­ атрофлардан келган ҳамма одамлар жамъ бўлиб шайхнинг дастурхонидан лаззатли таомлар истеъмол қилганлар. Бу ҳали у кишининг карвон аҳлига қилган совға ­ саломи, берган кийим ­ кечаги ва зоди роҳиласидан ташқариси. Қайтиш чоғида карвон Калкуттадан Рей Барейлига қараб юришда Муршидобод шаҳрининг яқинига қўнганида Ғуломнинг котиби Муртазо уларни меҳмон қилган, бозорларда ана шу карвондан бирор нарса сотиб олган ёки уларнинг ҳунармандларининг хизматидан фойдаланган ҳар бир кишига пулини бунинг ўзи (Муртазо. тарж)беришини айттириб эълон қилган. Саййид Аҳмад унга бу иши учун гапирганида: «Ҳожиларнинг хизматини қилишим менинг учун етарли фахр ва миннатдорчиликдир», деб жавоб берган.

Одамларнинг қалблари юмшоқ, ҳақиқатга бўйинсунувчи, шариат амрларига итоаткор эди. Ана шу сафар давомида юз минглаб инсонлар байъат ва тавба қилиш бахтига муяссар бўлганлар. Одамлар ҳамма тарафлардан селдек оқиб келар ва гуруҳ ­ гуруҳ бўлиб яхшиликка кирар эдилар. Ҳатто Ванарас шаҳридаги шифохонада ётган беморлар ҳам саййид Аҳмадга одам юбориб: «Бизлар тўшакка михланиб қолган, уйда ўтириб қолганлармиз. Шунинг учун ўзимиз Сизнинг ҳузурингизга бора олмаймиз. Агар бир марта келиб бизни шод этсангиз­у, биз сизнинг қўлингизда тавба қилсак» деганларида саййид Аҳмаднинг ўзлари бориб уларга байъат берган.

У киши Калкуттада икки ой турдилар. Ҳар кунлик у кишига байъат қилганларнинг адади минг нафардан кам бўлмаган деб тахмин қилинади. Байъат ярим оқшомга қадар давом этган. Тиқилинчнинг оғирлиги сабаб улар билан битта ­ битта байъат қилишнинг имкони йўқ бўлган.  Шунинг учун ҳам етти ё саккиз дона саллани узатган ва одамлар уни тутиб тавба қилганлар ва Аллоҳ билан аҳдлашганлар. Саййид  Аҳмад ўн етти ёки ўн саккиз куннинг барчасини ана шу зайилда ўткарганлар.

Саййид Аҳмад Калкуттада  ўн беш ёки йигирма кун одамлар ичида маъруза қилдилар. Ана шу маърузаларга оддий ва саводсиз одамлардан ташқари шаҳарнинг икки минга яқин улуғлари, уламолари ва шайхлари иштирок этганлар. Шунингдек у кишининг рафиқлари шайх Абдул Ҳай Бурҳоний ҳар жума ва сешанба кунлари пешиндан асрга қадар зикр қилиб турганлар. Одамлар эса у кишининг атрофида парвонадек ёпирилган. Ҳар куни ўн ­ ўн беш нафар ғайри динлар Исломни қабул қилишган.

Ана шу мавъизаларнинг таъсири, одамларнинг динга киришлари ва уларнинг шариатга тобе бўлишлари натижасида Ҳиндистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири ва инглизларнинг маркази бўлган Калкутта шаҳрида хамрнинг бозори касодга учраган.  Савдо дўконлари бўшаб қолган. Хамр савдоси билан шуғулланадиганлар давлатга солиқ тўлай олмасдан қолганлар. Бунга улар бозорнинг касодга учрагани ва хамрнинг савдоси барбод бўлганини сабаб қилиб кўрсатишган.

Саййид Имом одамларни жиҳодга чорлаганида барча табақадаги одамлар бу даъватга ғайрат ­ шижоат билан лаббай деганлар. Деҳқонлар далаларни ташлаб, савдогарлар дўконларини қулфлаб, одамлар ўз ватанларини тарк қилганлар ва Аллоҳнинг динини деб ғарибга айланганлар. Улар ортларига боқмаганлар. 1246 ҳижрий йили Кот Бала водийсида Аллоҳнинг йўлида ўлдирилар эканлар ҳеч нарсага боқмаганлар. Уларнинг озгиналари тоғу тошларга чиқиб жон сақлашган ва ўз умрларини жиҳодга бағишлаганлар.

Ана шулар билан бирга Ҳиндистонда Ислом маданияти гуллаб яшнаётган бир пайтда исломий ҳукумат қулаб бораётган эди. Аммо одамлар ичида Ислом билан фахрланиш, диний ҳамият, Аллоҳга инобат қилиш, Унга томон қочиш, Аллоҳга даъват қилгувчиларга тезда лаббай деб жавоб қайтариш, ҳаёти дунёни менсимаслик, Аллоҳнинг йўлида молу жонларни фидо қилиш каби хислатлар сақланиб келар эди.

Инглизлар яхши жойлашиб олганларидан сўнг уларнинг ­энг қудратли лашкарлари бўлмиш ­ таълим соҳасидаги низомлари бир муддат ўз самарасини бериб турди. Уларнинг мафкура ва майллари одамларга сингиб борди. Натижада Ҳиндистонликларнинг ўзлари сезмаган ҳолда ундаги ҳаётнинг низоми билан тафаккурнинг низоми остин ­ устин бўлиб кетди. Шундай қилиб уларнинг дин борасидаги ҳимматлари заийфлашди. Қалбларнинг оташи сўнди. Диний ҳаётнинг шуъласи ўчди. Истаклар, ҳойи ҳаваслар, тараққиёт ва янгиликнинг энг катта омили бўлган­ табиий рақобат дин ва маънавиятдан яхши яшаш ва моддийлик сарига қараб бурилди. Дин, илм ­ фан, руҳ билан қалбга алоқаси бўлган нарсалар борасида жидду жаҳд қилишга тарғибот қиладиган омиллар камайиб кетди. Улардан совутадиган ва бездирадиган, уларга қарши иш тутишга ундайдиган омиллар кўпайиб кетди. ­Авваллари динга йўналтирилган­ диний ва маънавий илм­ фаннинг қисмларида ишлатиладиган маҳорат ва қобилиятлар ҳаёт қулайликлари ва яхши яшаш соҳасида янгиликлар яратиш ва ишлаб чиқаришга қаратилган эди.

Умри тугаб бораётган ана шу давр ҳали ҳам жон талвасасида ётар эди. Одамлар орасида динга даъват қиладиган, нафсларни поклайдиган ва ислоҳ этадиган, ахлоқ ­ одобни тартибга олиш ва сайқаллашга чақиргувчи кишилар ҳали ҳам бор эди. Улар дунёга меҳр қўймаганликлари, охиратга боққанликлари, ихлослари ва суннатга амал қилишлари билан ўзларидан аввалги ўтганларни ёдга солар эдилар. Улар ҳар доим одамларни даъват қилиб келдилар. Мусулмонлар ана ўша инсонлар билан бўлиш, уларнинг йўлларидан юришни диннинг фарзларидан бири, ҳаётнинг вожибларидан бир вожиби деб ҳисоблар эдилар. Айрим бадавлат кишилар, амирлар ва дунё эгалари оқибатларининг чиройли ва охиратдаги ишлари яхши бўлишига, қалбни ислоҳ ботинни обод қилишга қаттиқ аҳамият қаратган эдилар. Аммо ана шуларнинг ҳаммаси чироқнинг ўчиш олдидаги ёнишига ўхшаб кетар эди. Дин дарахтининг томири қуриб бўлган, ҳаёт моддаси тўхтаб қолган ва дарахтнинг ўзини чақмоқ уриб кетган эди.

Атроф ­ муҳитнинг таъсири сабаб, оврўпоча таълимот туфайли диндор одамлар ва маҳаллий хонадонларга дин ва илмга нисбатан ишончсизлик ва шубҳалар оралаб қолган, Аллоҳга, Унинг сифатлари ва ваъдаларига бўлган ишончлари кучсизлашиб қолган эди. Зотан ота ­ боболар ўз фарзандларини диндан қизғанар, вақтлари ва кучларини дин ва диний фанлар учун сарф қилмас эдилар. Фарзандларига коммунал фанлар ва оврўпоча тилларни ўргатишга тушиб кетган эдилар. Уларда фойдали илмларни ўрганишга рағбат йўқ, Исломни ҳимоя қилишга хоҳишлари йўқ эди. Улар келажакдаги хатарларнинг олдини олиб, ўз жигар пораларини асраб ­ авайлар, уларни ўзгариб турадиган замоннинг ихтиёрига бериб қўйишдан қўрқар эдилар. Улар камбағал бўлиб қолишдан худди ўлимдан қўрққанларидек қўрқар эдилар.

Бу авлод ана шу тарзда инқирозга учради. Бу гилам ана шу тарзда йиғиб қўйилди. Ана шу маънавий давр ўзининг энг сўнги нафасини ҳам чиқариб бўлиб, унинг ортидан моддиюнчилик даври келди. Дунё савдо ­ сотиқдан бошқа иш бўлмайдиган бозорга айланиб қолди.

Моддийлик ва меъданинг туғёнга кетиши:

Ривоят қилишларича жоҳилият даврининг шоира аёлларидан бири ­ Кабша бинти Маъдийкараба ўз акаси Амр ибн Маъдийкарабани ўлган акасининг хун ҳақини қабул қилишга рози бўлгани сабабли итоб қилиб шундай деган экан:

Келишиб яшашга рози бўлган бўлсанг ўлганинг яхши эди,

Амрнинг қорни бир қарич таом халтадан бошқамиди?!

Жоҳилият даврининг содда аёли инсоннинг қорнини бир қаричдан ошмаса керак, деб тасаввур қилар экан. Йигирма биринчи асрнинг одами бўлмиш ҳозирги инсонларнинг кенгаядиган, каттарадиган ҳатто ер шари ҳам сиғиб кетадиган, тупроқдан бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайдиган ошқозонини кўрганида нима деган бўлар эди?!

Одамлардаги  очкўз ошқозонлар катталашиб анча ­ мунча молу давлатга қаноат қилмайдиган бўлиб қолгани рост.  Одамлар орасида чанқоғи босилмайдиган ташналари туғилди. Ҳар бир инсон ўз ичида бир жаҳаннамни олиб юрибдики, у ютганига тўймасдан яна беришни сўрайверади: «Яна борми?» «Яна борми?». Одамларни ­шахслар ва халқларни­ очкўзлик шайтони эгаллаб олганидан худди жин теккан кишига ўхшайдилар. Одамзод дунёни бир ямлаб ютадиган даражада очофат бўлиб қолди. Ҳалол ­ ҳаромлигига қарамасдан ўз улушини сўриб оладиган, сўнгра нафси қониққани ва мақсадига эришганига қараб ўтирмайдиган бўлиб қолди. Фақат ҳаёти дунёсини ўйлаган, ана шу дунёдан бошқа яна бир олам ва иккинчи ҳаёт бор деб ишонмайдиган кишининг оладиган насибаси ана шу ҳаёт бўлса, ва шу ҳаёт унинг сармояси, энг катта ғами, кўзлаган мақсади ва илми орқали етадиган даражаси бўладиган бўлса, ана шу ҳаётдан оладиган насибасини, яхшиликларни, лаззатларни орқага сурмайдиган бўлса, ҳеч бир фурсатни қўлдан бой бермаса демак ўта муносиб иш бўлибди. Ана шу дунёдан бошқа бир дунёнинг ва бу ҳаётдан ташқари яна бир ҳаётнинг борлигини рад этадиган киши қайси олам учун молу дунё жамғариб бориши мумкин ­а?!

Ана шу жоҳилона руҳиятни жоҳилият даврининг ўспирин шоири Тарфа ибн Абд аниқ ва равшан тарзда ифодалаб, шундай деган эди:

Агар мени ўлимдан асраб қола олмассан,

Тек қўй мени ўлайгин қўлдан келгунча тезроқ.

Олийҳиммат ўз нафсин тўйдиргай ҳаётида

Эрта ўлсак билурсан қай биримиз очкўзроқ.

Бугун ­ Аллоҳ иймон ато этиш билан ҳимоясига олганлардан ташқари­ ҳар бир инсон ана шу фикрни қилади ва ҳаётда худди шу йўлни тутади. Аммо у ана шуни ошкора қилиши ҳам, ичидагини ташқарисига чиқарадиган тилига эгалик қила олмаслиги ҳам мумкин. Иккинчи сабаб бу ­ ўзининг кенгқамровли маъноси билан ­ замонавий адабиёт бўлиб, у фақат модда ва моддиюнчилар ҳақида сўз юритади. Давлатмандлар, монополистлар, ишлаб чиқариш эгаларига юксак шарафли адабиётга тўғри келмайдиган даражада таъзим қилади. Шунинг учун уларнинг ҳаётидаги икир­ чикирларини батафсил ёзади. Уларнинг лақаблари ва исмларини катта катта ҳарфлар билан босиб нашр қилади. Уларни мақтаб чиқарган ҳар бир нафаси ва тақризи, қиладиган ҳикояларининг ҳар бир бўлимининг охири моддийлик билан ёки моддийликнинг қаҳрамонларидан бири билан якун топади. Ўқувчига  эпикуризмни ишора билан гоҳида очиқ ойдинлик билан чиройли қилиб кўрсатади. Ёшларни ўзининг насри, назми, фалсафаси, ҳикоялари, таҳлиллари ва тасвирлашлари билан ҳаётдан тўйиб, ўйин­ кулгуда яшашга тарғиб қилади. Охир оқибатларида моддиюнчи ва моддиюнчиларни муқаддас биладиганларга айланадилар.

Фақатгина ақлли бойни ундаги ҳар қандай разолати, тагипастлиги ва ахлоқсизлигига кўзни юмган ҳолда қадрлайдиган, қанчалар иқтидорли, насл­ насабли, юксак маънавиятли бўлмасин ўзининг ўлчовида тош босмаган инсонларга зулм қиладиган  жамият ҳам худди шундай. Қашшоқ одам яшашга мустаҳиқ эмас деб баъзида ишоралар қилса баъзида очиқ­ ойдин гапиради. Унга ҳайвонлар, эшаклар ва итларга қиладиган муомалани қилади. Шунинг учун у инсонни ­ агар жамиятга қарши чиққан бўлмаса­ ўз жамиятининг шариатига бўйинсунишга, жамият учун ўзини ақлли ва чиройли қилиб кўрсатишга, фақат бошқалар учун кийинишга, фақат бошқалар учун назокатли бўлишга мажбур қилади.

Бундай жамиятнинг шараф ва оқилликни белгилайдиган ўлчови ўзгариб, инсониятга берадиган меъёри алмашиб бораверади. Истакларининг тури ўзгариб, кўпаяверади. Оқибатда инсонга у торлик қилиб қолганидан бойликка эришиш учун нопок йўллардан юришга, ҳаётда меҳнат­ машаққат тортишга мажбур бўлади. Бу ёғда унинг ниҳоясиз ва узлуксиз ғамлари, охири кўринмайдиган ва тўхтовсиз азоблари ҳам бор.

Завод­ фабрикалар, ишлаб чиқариш цехлари ва саноатлар ўртасидаги рақобат сувни яна ҳам лойқалатиб юборди.  Зеро ҳар куни шаҳарга янгидан ­янги замонавий маҳсулотлар, энг кўркам машиналар, сигареталар, кийимлар, шляпалар, оёқ кийимлари, пардоз буюмлари, зебу зийнатлар ва асбоблар селдек оқиб келади. Ана ўшаларнинг ҳеч қайсиси ўз вазифасини бажармайди ва камчиликни тўлдирмайди. Аксинча уларнинг барчаси  саноатдан унумли фойдаланиш, савдо ­ сотиқни монополиялаш йўлида қилинади. Ҳаёт учун ортиқча бўлган ана шу нарсалар бир оз ўтмасдан тирикчиликнинг асосига, шаҳарнинг заруриятига айланади ва улардан фойдаланмаган кишилар ўликлар қаторига тушиб қолади.

Ана шу ва бошқа сабаблар туфайли одамлар нигоҳида бойликнинг баҳоси мисли кўрилмаган даражада юқорилаб кетди. ­Бизнинг билганларимизга кўра ­ тарихнинг ҳеч бир даврида эриша олмаган аҳамият ва мақомга етишди. Бойлик кишилик жамиятининг жисмидаги жонига, ҳар хил вазифа ва ижтимоий фаолиятларига қараб одамларнинг энг катта истакларига айланиб қолди. Кашфиётчини кашфиёт яратишга, саноатчини саноатга, сиёсатчини сўзлашга, номзодни сайланишга, олимни асар ёзишга ҳатто қўмондонни уруш қилишга ундайдиган нарса ҳам ана шу бойлик. Замонавий  ҳаётнинг чархпалагини айлантириб турадиган қутби ҳам ана шу бойлик бўлиб қолди. Лондон университетининг фалсафа ва психология ўқитувчиси профессор Жоуд шундай дейди: «Ҳозирги даврдаги ҳукмрон назария бу иқтисодиёт назариясидир. Қорин ёки чўнтак ҳар қандай масаланинг мезонига айланиб қолди. Унинг чўнтакка бўлган алоқаси ва таъсирига қараб одамларга эътибор қаратилади ва қаршиланади».

Ўзингиз ҳаётдан узоқда бўла туриб яшаётган даврингиз, унинг табиати ва завқлари устидан  кутубхоналардан чиқилмасдан ёзилган мақола ва асарларга асосланиб ҳукм чиқарадиган бўлсангиз демак сиз ўзингизни алдабсиз. Сиз ана шу фалсафага доир китобларда ёки илмий­ таҳлилий мақолаларда ўзингизни маданийлашган ва тараққий топган, ахлоқ ­ одоб меъйорлари ҳукмрон бўлган, баркамоллик устун келган, фазилат ва олийжаноблик булутлари орасида қолиб кетган, диёнат ва илм ­ фаннинг шабадаси айланиб юрган бир асрда яшаётгандек ҳис қиласиз.   Аммо воқеликда унақа эмас. Чунки бу китоблар муаллифлари яшайдиган хаёл оламида ёзилган. Уларнинг ҳойи ҳаваслари ва табиатлари уларнинг ўз китобларида тасвирлаб ва тавсифлаб берадиган ана шу хаёлий оламини яратган. Ҳатто ўқувчи ўзини унинг ҳаммасидан хабардордек хаёл қилади. Ҳавои нафсларнинг ажоибу ғароиб ишлари бордир.

Бироқ сиз китоблар орқали эмас одамлар орқали ҳаёт билан боғланадиган, уларга аралашиб аҳволларини ўрганадиган бўлсангиз, уларнинг уйдаги, поезддаги, боғдаги, дастурхон устидаги ва тунги ўтиришлардаги суҳбатларига қулоқ соладиган бўлсангиз йиғинлардаги суҳбат ҳам, тилларни банд қилиб турган нарса ҳам, кўнгилларнинг истаги ҳам, ҳар қандай мавзунинг бошию охири ҳам, ҳаётнинг чархпалаги айланиб турган ўқи ҳам олтин! ҳақида эканини кўрасиз.

Араб шоирларидан бири кўзини овқат ва кийимдан узолмайдиган қашшоқни лаънатлаб шундай деган:

Ҳаётдаги орзуси таом­у, кийим бўлган

Фақир бандани Аллоҳ терисин олсин шилиб!

Агар ана шу шоир ўзининг файласуфлари, сиёсатчилари, машҳурлари, уламолари, котиблари, улуғлари, бойлари ва камбағаллари билан қўшилиб ҳар хил тур ва ҳар хил номдаги кийим­ кечак ва емак­ ичмак ғоясининг ортидан кетиб бораётган, ҳаётнинг ҳаммаси кийим­ кечак ва емак­ ичмак йўлидаги жиҳоддан иборат бўлиб қолган бу шаҳарни кўрганида нима деган бўлар эди?!  

Ахлоқ ва жамиятдаги тушкунлик:

Мусулмон шарқини бегоналар эгаллаб олдилар. Исломнинг шарқидаги жамиятнинг ахлоқи ва социологияси инқирозга юз тутди. Исломий давлатларнинг қулаши ва шарқликларнинг мағлуб бўлишига энг асосий сабаб бўлган ахлоқий ва ижтимоий иллатларга бундан ҳам аввалроқ мубтало бўлинганди.

Лекин шулар билан бир пайтда мусулмон шарқидаги жамият­ўзининг камчиликларига қарамасдан­ бошқа халқларда ўхшаши топилмайдиган айрим юксак ахлоқий принсиплар ва ижтимоий эзгу хусусиятларни ўзида сақлаб қолган эди. Шарқликларда ахлоқий фанлар пишиб етилган, аниқлик, тафсилот, мулойимлик ва хушмуомалалик борасида замоннинг ақли етмайдиган, ғарбликлар фақатгина шеърият ва адабиётларда тасаввур қиладиган чўққиларга етиб борди.

Инсон жамиятнинг ҳамма аъзолари ва оиладаги шахслар ўртасидаги алоқа ва ришталарни мустаҳкамлаш, ўша алоқаларни дилларда яхшилаб ўрнашиб қолиши ва авлоддан авлодга ўтиб юриши, унинг ҳар қандай манфаат ва моддий баҳрадан холи бўлиши ҳақидаги ҳикоялар ичидан ҳозирги аср фарзандларининг тасаввурига сиғмайдиган нарсаларни ўқийди ёки эшитади. Шунга ўхшаб оталарнинг ўз фарзандларига нисбатан мушфиқликлари, болаларнинг оталарга нисбатан меҳрибонликлари, кичикларнинг ёши катталарни ҳурмат қилиши ва ёши катталарнинг кичикларга нисбатан марҳаматли бўлишлари ҳақида, аёлларнинг иффати, хотинларнинг ўз эрларига бўлган садоқатлари, ходимларнинг хўжайинларига бўлган омонатдорликлари ва вафодорликлари, ёшларнинг тўғри йўлда юришлари ва ахлоқ­ одобда мустаҳкам туришлари, улуғларнинг бир­ бирларига қиладиган муомалалари, кийиниш ва юриш­ туриш масаласида эски урф­ одатларга риоя қилишлари, дўстларни ўзидан устун қўйиш ва уларга нисбатан самимий бўлиш ҳақида ишонгиси келмайдиган ғароиб ҳикояларни эшитади.

Ўғилларнинг ўз оталарига яхшилик қилишлари, улар учун жонларини фидо қиладиган даражада итоаткорликлари, оталарининг борлиқларига кириб кетишлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сен ҳам, сенинг молинг ҳам отангникидир», деб айтган ҳадисларидан тушуниб олинган.

Ўғилларнинг ўз оталарини яхши кўришлари, уларга меҳрибонлик қилишлари, уларнинг ҳақ­ ҳуқуқларини адо этишга ҳарисликлари фақатгина уларнинг ҳаётлик чоғлари билан чекланиб қолган эмас. Бу нарса уларнинг вафотларидан кейин ҳам уларнинг дўстлари, улфатларига яхшилик қилиш, уларга совға­ саломлар бериб туриш, уларнинг болалари ва яқинлари билан дўстлашиб кетиш орқали давом этади. Бу нарсада у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, яхшиликларнинг ичида энг яхшиси киши ўзининг вафот этиб кетган отасининг дўстларига қиладиган яхшилигидир» деган сўзларига амал қилинган.

Ота­ оналар ўзларининг фарзандларига бўлган муҳаббатлари орқали самимийлик ва холисликни кўрсатиб берган бўладилар. Улар ҳамма ҳойи­ ҳавасларини, истакларини ва роҳатларини фидо қиладилар. Фарзандларга таълим­ тарбия бериш йўлида оталик ва оналикнинг лаззатини қурбон қиладилар. Бунинг учун ­ ўзлари саводсиз ота ва илмсиз она бўлсалар ҳам ­ баъзи пайтларда устозларнинг ёш болаларининг жисмига озор беришлари ва уришларига сабр қиладилар. Болаларининг яхши инсон бўлиб етишишлари йўлида ғам­ ғуссалар ютиб, бардош берадилар. Катта­ кичик ҳамма хонадонлар ҳатто паст табақа вакиллари ҳам шунга амал қиладилар ва бунга хилоф ишни қилганларни пасткаш одам деб ҳисоблайдилар. Ҳорун ар Рашиднинг ўз ўғиллари ­ Амийн ва Маъмунларга берган танбеҳи, уларни Кисоийнинг хизматида бўлишга буюргани ҳақидаги ривоятлар тарихдан маълум. Бу хусусда айтилган ривоятларнинг ичидан энг ажоиби, шарқона табиатни ўзида ифодалагани шуки Афғонистоннинг султон Шаҳобиддин Ғўрийдан кейин бўлган амири (Тожуддин Алдаз) ўзининг ўғлини бир устозга топширади. Устоз эса болани уриб ўлдириб қўяди. Буни билган Тожуддин Алдаз устозга юртдан ташқарига қочиб кетишнинг ишорасини қилиб: «Боланинг онаси сенга тинчлик бермайди деб қўрқаман. У сенга бирор ёмонлик қилиб қўйиши мумкин» дейди.

Исломий  жамиятдаги катта билан кичикларнинг ўртасидаги алоқа шариат таълимотларига асосланган эди: «Кимки бизларнинг кичикларимизга меҳрибон бўлмаса, катталаримизни икром қилмаса, бас, у биздан эмасдир».

 Шарқ цивилизациясининг хусусиятларидан бири унинг умрибоқийлиги, бир хиллигини сақлаб қолиши ва бир хил кўринишда намоён бўлишидир. Зеро бир одам бирор ишга қўл урмоқчи бўлса,  уни ўз ғоясига етказиб қўядиган кўринишда намоён бўлса, кийинишда бирор бир аломат ёки одатга амал қиладиган бўлса ёки бирор кимсага муомала қиладиган бўлса энг сўнги нафасига қадар шу ишида бардавом бўлади. Воқеа­ ҳодисалар унга таъсир қилмайди, фасллар, саломатлигининг ёмонлашганлиги, дангасалиги ва манфаатлар уни ўзгартирмайди.

Оила ва қабилалар ҳаётидаги пойдевор ҳам, бировларни улуғлаш ва икром қилиш мезони ҳам молу давлатнинг кўплиги билан бўлмаган. Зеро бир оиланинг молиявий даражаси бошқасиникидан улкан фарқ қилади. Бир қабила ёки қавм ичидаги одамларнинг молу давлат ва мартаба билан боғлиқ тафовутлари ҳам жуда катта. Масалан буниси ўзига тўқ бадавлат бўлса, униси ҳеч вақоси йўқ қашшоқ бўлади. Ҳеч кимса оилавий йиғинлар ва хонадонларда, мотамхоналарда (ўзининг луғавий маъноси билан) одамларнинг ўртасини ажрата олмайди ва улардаги иқтисодий тафовутни деб бир­бирларидан устун қўя олмайди. Зеро қайси одам ўзига нисбатан айирмачилик қилинаётганини ёки паст назар билан қаралаётганини сезиб қолса худди шерлардек ғазабга келади. Ёки бирор бир мезбон тарафидан ана шу айирмачиликнинг бирор аломати зоҳир бўлиб қолса, бутун бир оила ана шу меҳмондорчиликдан чиқиб кетади ва мезбонлар билан алоқани узади, ўзларининг шу ишни ҳазм қила олмаган биродарлари билан қўлма­ қўл бўлиб оладилар.

Бирор қабилада яшаётган камбағал қашшоқ ўша қабилада яшайдиган давлатмандлар ва амирларни журъат билан қарши олади. Ана шу ҳолатда у ўзидан фахрланиб кетади, унинг шарафига таянади, фақир бўлгани учун ўзида бирор бир камчиликни ҳис қилмайди. Бадавлат одам ёки амир ҳам уни иззат икром қилар, ўзининг шарафи ва насабига, шахсий фазилатига муносиб келадиган ўринга қўяди. Бунда у ўзининг олийжаноблиги, наслу  насаби покизалиги, дини мустаҳкамлиги ва илми сероблиги учун фақирнинг кўримсизлиги ва кир­ чирлигига, тасодифан учрайдиган молиявий муаммоларга қарамайди ҳам.

Бунда фақир одам ўзининг қийналаётганини, тирикчилиги танглигини беркитишга сабр­ матонат билан қаттиқ ҳаракат қилади. Бирор киши унинг йўқсиллигини, аҳволи оғирлигини сезиб қоладиган бўлса бундан хафа бўлиб кетади.

Ҳур одамнинг виждони ўзининг дини ва ор­ номуси сингари азиз ва муҳтарам бўлади. Унинг баҳоси йўқ, ҳеч бир пулга баҳолаб бўлмайди. Кишилар ё ўз жонларини сақлаб қолиш учун ёлғон гапириш ёки хиёнат қилишдан кўра нақд ўлиб кетишни афзал билганлар.

Ҳиндистон тарихида бу хусусда кўплаб нодир воқеалар бизгача етиб келган. Ана ўша мисоллар барча мусулмон мамлакатлари тарихида ҳам кўплаб топилиши керак. Шулардан бири: шайх Будований розияллоҳу анҳуга 1857 йилда инглизларга қарши қўзғолонларда иштирок этганлик айбини қўйдилар. Ўзининг ўқувчиларидан бўлган инглиз қозисининг ҳузурида муҳокама қилинар экан қози айрим дўстларининг тили билан айбловни рад этса қўйиб юборишининг ишорасини қилади. Бироқ шайх бундай қилишга рози бўлмайди ва: «Менинг инглизларга қарши чиққаним тўғри. Шундай экан қандай қилиб мен уни рад этаман?», дейди. Қози ўлимга ҳукм қилишга мажбур бўлади ва осиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Шайхни осиш учун олиб келар эканлар қози йиғлайди ва: «Ҳатто ҳозир ҳам бир мартагина: «Бу гаплар менга уйдирмадир ва менинг айбим йўқ» денг мен сизни қутқариб қолишга ҳаракат қиламан», деганида устознинг ғазаби келиб: «Сен ўзимга нисбатан ёлғонни ишлатиш билан амалларим ҳабата бўлиб кетишини истайсанми? Агар шундай қиладиган бўлсам зиёнга учраб амалларим зое бўлади ку! Йўқ, мен инқилобда иштирок этганман. Шундай экан мени нима қилсангиз қилаверинглар», дейди ва осиб юборилади!!.

Уларнинг ростгўйликлари, қилган ишлари ва эътиқодларини эътироф этишлари ўзларига алоқадор бўлган ишлар билан чекланиб қолган эмас. Улар халқ ва миллатга тааллуқли бўлган ишларда ҳам ростгўй бўлганлар ҳатто. Чунки улар бугун миллатчилик ва фуқароликнинг мажбуриятларидан бирига айланган миллатчилик, ирқчилик ва тарафкашлик нималигини билмаганлар.  Улар халқ ва ватан учун ёлғон сўзлашни ва ёлғон гувоҳлик беришни разолат ва катта гуноҳ деб билганлар. Улар шариат аҳкомлари шахсни, халқни, шахсий ва ижтимоий ишларни қамраб олади деб эътиқод қилганлар. Уларнинг далил­ хужжатлари Аллоҳ таолонинг: «Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг», «Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг», «Ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир», «Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг», деган сўзларидир.

Устозларимиз бизга айтиб берган ривоятлари ичидан яна бири шуки, Музаффарнагар провинциясининг Кондеҳла қишлоғида ҳиндлар билан мусулмонлар орасида ер учун низо келиб чиқади. Ҳиндлар уни ўзларининг ибодатхоналарининг ери деб даъво қилган бўлсалар мусулмонлар ўзларининг масжидлари эканлигини даъво қиладилар ва инглиз провинциясининг ҳокимига мурожаат қилади. Ҳоким масалани ва тарафларнинг далил­ хужжатларини эшитгач натижадан кўнгли хотиржам бўлмайди. Шунда ҳиндлардан: «Қишлоқда сизлар ишонадиган ростгўй ва ишончли, ўз фикрида мустаҳкам  турадиган мусулмон борми?» дейди. Улар: «Ҳа, фалончи бор», деб мусулмонларнинг уламолари ва солиҳларидан бўлган бир шайхнинг исмини айтадилар. Шунда ҳоким у кишига одам юбориб, маҳкамага келишини талаб қилади. Элчи у кишининг олдига келганида шайх: «Мен ҳеч бир ғарбликнинг юзини кўрмасликка қасам ичиб қўйганман», дейди. Элчи қайтиб келгач ҳоким: «Майли. Аммо келиб, бу масаладаги фикрини билдирсин», дейди. Шундай қилиб шайх келиб, ҳокимга орқасини қилиб ўтиради ва: «Бу масалада ҳиндлар ҳақ ва ер уларга тегишлидир», дейди. Ҳоким шу гап асосида ҳукм чиқаради ва мусулмонлар бу масалада мағлуб бўладилар.  Бироқ улар ҳиндларнинг кўнгилларини забт этадилар ва уларнинг бир гуруҳи мусулмон бўладилар.

Одамлар илмни ана шундай услубда муқаддас орият ва Аллоҳ томонидан берилган омонат деб ҳисоблар эдилар. Уни бозордаги мато сингари сотиб юбормас эдилар. Уни гуноҳкорларнинг гуноҳига, золимларнинг зулмига ёрдам бериш учун ишлатмас эдилар. Улар золим тузум ёки ноисломий ҳукумат ундан фойдаланишларига рози бўлмас эдилар.

Ишончли одамлардан бири бизга ҳикоя қилиб берган ва тарихда ўзимиз ўқиган бир воқеа шуки шайх Абдурраҳим Ромбурий (1234 ҳижрийда вафот этган) Ромбур шаҳрида озгина маош эвазига ишлар эдилар. У киши ўзларининг ўн рупиядан ошмайдиган  маошларини ҳар ой исломий амирликдан олар эдилар. Шунда инглизларга қарашли вилоятнинг ҳокими мистер Ҳакнус у кишига Брейли куллиясида маоши 250 рупия бўлган юқори мансабни таклиф қилди. Ўша пул ҳозирги эллик фунтга баробар келар эди. Бунинг устига аста­ секин маошни кўпайтириб боришни ҳам ваъда қилади. Шайх эса унинг таклифини қабул қилишдан бош тортади ва: «Мен ҳар ой ўн рупия маош оламан. Агар сен айтган вазифага ўтсам ойлигим тўхтаб қолади», дейди. Инглиз эса бу кишининг гапидан таажжубга тушади ва: «Мен ҳали бугунги ишга ўхшаган ишни кўрган эмасман:  мен сизга ҳозирги маошингиздан бир неча марта ортиқ келадиган маош бераман. Сиз бўлсангиз  кўпдан ­ кўп маошдан воз кечиб оздан­ оз маошга рози бўлаяпсиз!», дейди. Шунда шайх ўз уйларида сидр дарахти борлигини, ва унинг мевасини яхши кўришларини, агар Брейлида яшайдиган бўлсалар ундан ажралиб қолишларини айтиб узр келтиради. Инглиз ҳоким ҳали ҳам шайхнинг мақсадини тушунмаган эди. «Мен, дейди у, ана ўша мевани Ромбурдан Брейлигача сизнинг қўлингизга етиб боришига кафолат бераман». Шунда шайх учинчи марта ҳам ўзларининг шогирдлари борлигини, уларга таълим бериши кераклигини, агар у айтган ишга ўтадиган бўлса уларнинг сабоқлари тўхтаб қолишини айтиб важҳ келтиради.    Тортишиб ётган инглиз ҳали ҳам у кишини кўндиришдан умидини узган эмасди. «Мен улар учун Брейлида чек ажратиб бераман. Ўша  ерда ўқишларини давом этдирадилар», дейди у. Ана шу ерга етганда шайх энг сўнги сўзларини айтдилар: «Эртага парвардигорим мендан: «Илм ўргатганинг учун қандай қилиб ҳақ олдинг?!» деса мен нима деб жавоб бераман?». Шундан сўнгина инглиз ҳокимининг умиди пучга чиқиб, тарвузи қўлтиғидан тушади ва мусулмон олимининг кимлигини билиб олди. Шайх ўз ҳаётларини ҳар ой оладиган бир жунайҳдан кам маош билан кифояланиб ўткарадилар.

Сиз илмнинг матодек савдо қилинишига, ақида ва мукаррамликнинг молу давлат ёки бирор манфаатга алмаштирилишига рози бўлмайдиган ана шу юксак руҳ ва улкан шахсият билан ҳозирги замондаги аҳли илмлар, оқиллар ва саноат ишлаб чиқариш эгалари эришган исрофгарчилик ва масъулиятсизликнинг ўртасини солиштириб кўринг­а. Уларнинг кўплаб билимлари ва ақллари, ўзлари маъқул санайдиган нарсалари бозорлардаги маҳсулот сингари сотилиб кетди. Уларни ким бўлса ҳам кўпроқ пулга сотиб олсин учун ким ошди савдосига қўйиб сотадилар. Зотан уларнинг ақида билан, мақсад ва натижа билан, мутаносиблик ва завқ билан ишлари йўқ. Уларни қизиқтирган нарса харидорнинг уларга тўлайдиган маблағи холос.

 Биз ҳар куни бу мавзуда кишини ҳам кулдириб ҳам йиғлатадиган воқеаларнинг гувоҳи бўламиз. Куни кеча Ислом институтида исломий фанлар ва Ислом тарихидан дарс бериб юрган бир устозга фалон номдаги католиклар куллияси ўзининг ҳозирги маошидан беш фунт ортиқ маош эвазига ўқитувчилик қилишни таклиф қиладиган бўлса, дарҳол ўша ишга ўтиб кетади.

Олдинлари маориф вазирлигида ишлаб юрган, зиёли ўспирин бўлган, таҳқиқ ва ўрганишга иштиёқманд, илғор мажаллаларда илмий мақолалари чиқиб турадиган бир жанобни бир вақт қарасангиз тўсатдан авиация ёки телевидения соҳасига ўтиб кетган бўлади. Агар унга: «Сиз нима учун ўз йўлингизни ўзгартирдирдингиз? Нимага ҳаёт тарзингизни алмаштирдингиз?» десангиз у: «Янги иш жойимда ўн  фунт ортиқ маош оламан учун», деб жавоб беради. Исломий тасаввуф ҳақида мақола ёзиб аҳли илмларнинг олқишига сазовор бўлган фалон тадқиқотчи олим ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтиб кетган ёки қайсидир Оврўпо давлатининг таржимонига айланган бўлади. Унинг ҳам мақсади бир неча фунт ортиқ маош олиш, холос. Ана шу ишларнинг барчасига сабаб молиявий даромад энг олий мақсадга­ ҳамма нарсага айланиб қолгани эмасми ахир?! Ялтироқ тилло ҳаёт тарзининг ягона тасарруф қилгувчиси, кишиларнинг руҳларию ақллари устидан ягона ҳукмронига айлангани учун эмасми?!

Биз Ислом тарихида ўқиганмизки аббосийлар халифалигидан бўлган Мансур бир мажлис вақтида ниманидир ёзиш учун  Ибн Товусдан қаламни узатиб юборишини сўраганида у киши олиб беришдан бош тортади. Шунда халифа унинг нега бош тортгани, мусулмонлар амирининг амрига нима учун итоат этмаётгани ҳақида сўраганида: «Мен у қалам билан бирор бир гуноҳ ишни ёзишингиздан ва мен бу маъсиятда сизга шерик, гуноҳ ва ҳаддан ошишда сиз билан ҳамкорга айланиб қолишдан қўрқаман», деб жавоб беради. Улар Аллоҳ таолонинг: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг»,  деган сўзини ана шу даражада маҳкам тутганлар. Уларнинг ўзлари рози бўлмайдиган, иш юритиш тарзи маъқул келмайдиган тузумда қозилик мансабини қабул қилмасликлари ҳақидаги ривоятлар мутавотирлик даражасигача етиб борган, илк исломий ҳаётда доим такрорланиб турган.

Сиз уларнинг ана шу гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилишдан сақланишлари, ана шу нотўғри тузум билан шерикчилик қилишдан ўзларини тийишлари, Ислом умматининг манфаатларига тўғри келмайдиган ёки унга зарар келтирадиган, халққа хиёнат ва алдамчилик бор бўлган мақсадга озгина бўлсада ёрдам бермасликларини­ ана шуларнинг барча­ барчасини Оврўпо раҳбарлари мусулмонлар тарафидан қўлга киритаётган ёрдам ва қўллаб ­ қувватлашлар билан бир солиштириб кўринг а. Уларнинг ўша  заковат, талант, кучли қалам ва ўткир тилларидан   бегоналар ўзларининг манфаатлари ва бошқарувларида фойдаланмоқдалар.

Хорижий давлатлар ўз тарғиботларини мусулмонларнинг юртларига тарқатиш, уларнинг ақлиятларига ва шахсиятларига таъсир ўткариш, мусулмонларнинг ўзларидан бўлган ёлланма кишиларнинг куч­ қудрати ёрдамида асл мақсадларини беркитиш учун чоп қиладиган газета ва журналларнинг муҳаррирлигини эгаллаб турган мусулмон ёшлар ва моҳир котиблар ҳам бор.

Ўзлари асл араб уруғларидан келиб чиққан, улуғлиги, ихлоси ва Исломи билан донг таратган хонадонларга мансуб бўлган, ота­ боболари ҳақиқат учун ва ноҳақликни йўқотиш учун кураш олиб борган «яхшилар» жамоаси ҳам бор. Улар бугун хорижий давлатларда ишлайдилар, Қуръони карим нозил бўлган, мусулмонларнинг элчилари Форс ва Рум подшоҳларининг мажлисларида сўзлаб Исломнинг вазифасини адо этган ва уларнинг қалбларига маҳобат солган, мусулмон қўмондонлар ўзларининг жиҳодга даъватларини олиб борган ўша музор адабий тилини ишлатадилар. Ана ўша одамлар фақатгина исломий қаҳрамонликка муносиб бўлган ана шу муборак тилда,  фақатгина ҳақиқат ва жиҳод ўринларида ишлатилса чиройли бўладиган ўша ажоиб  фасоҳатли сўзлар ёрдамида  мусулмонларни ўйинчи коптокни ўйнатгани ёки ёш боланинг қоғозни олиб ўйнагани каби ўйнайдиган хорижий давлатларнинг тарғиботларини тарқатаяптилар. Уларнинг сиёсатлари, мустақилликлари, иймонлари, ақллари ва иқтисодларига шикаст етгандир. Уларнинг булардан бошқа қилиб юрган ишлари ҳам бор.

Уларнинг бизга айтишларича ўша давлатлар арабларнинг ва Исломнинг яхшилиги учун, уларнинг шонларини юксалтиришлик учун кўплаб ҳаракатлар қилаётган эканлар. Улар «қоп­ қора зулмат босиб олган олам ичидаги озодликнинг ёп­ ёруғ нури» эканлар. Уларнинг араб ўлкаларининг уйғониши, фикрлари ва маданиятларини бирлаштириш ҳамда улар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун Британия матбуоти тақдим қилаётган улкан ёрдамлар ва буюк хизматларни, арабларнинг исломий маданиятини тарқатиши, мусулмонларни ўзларининг буюк тарихлари ва гуллаб­ яшнаётган маданиятлари билан таништиришлари, араб дунёсини ишларнинг моҳиятидан, воқеа­ ҳодисаларнинг жараёнидан тиниқлик, софлик ва ростгўйлик билан хабардор қилаётганликларини мақтаб гапирганликларини эшитганмиз. Ана шу давлатларнинг соғлом демократияга ишонишини, оммавий хавфсизлик, дунёнинг тинчлиги, кучсиз халқлар ва заийф мамлакатларнинг эркинлигини таминлаш учун кураш олиб бораётганини, адолат ва тенгликнинг байроғини баланд кўтараётгани, золимдан мазлумнинг ҳақини ундириб бераётгани ва ҳақиқатни тиклаётгани ва бошқаларни мақтаб гапирганларини кўп эшитганмиз ёки гувоҳи бўлганмиз.

Агар ўша сўзлагувчиларнинг виждонлари ўзларининг сўзларига рози бўлмаётган бўлса, ана шу сўзларнинг ноўринлиги, бу ишларнинг барчаси ўзларининг молиявий манфаатларини деб бўлаётган эканлигини билиб турган бўлсалар бас, буюк нафснинг таназзулга юз тутгани, бебаҳо буюмнинг баҳоси арзон бўлгани, маъноларга бой ибораларнинг зое бўлаётгани нақадар ачинарлидир! Араб тилининг шу тилда гапирадиганлар сабабли бахтсиз бўлаётгани жуда аламлидир! Агар шу гапларни эътиқод ва ишонч билан, маъноларини англаб етган ҳолда гапираётган бўлсалар, бас, ҳақиқатни билмас эканликлари, кўриниб турган нарсани инкор қилганликлари, қалбларининг масх(асл ҳолатидан бошқа ҳолатга ўзгартирилгани) бўлгани қандай ҳам бахтсизлик!

Бу зиддиятлар асридир. Зотан бир адиб ёки журналист бугун Исломдаги қаҳрамон мужоҳидлардан бирининг ёхуд Исломдаги мужаддидлардан бирининг ҳаёт тарзини мақтаб бирор мақола ёзади. Кейин ўша  мақоланинг сиёҳи қуриб битмасидан олдин айнан ўшани ёзган қалами билан қандайдир сиёсий манфаат, иқтисодий фойдани деб бегоналарнинг бирор бир ишларини ёки халқ хоинларидан бирини мақтаб мақола ёзади. Ана шу ишида ҳеч бир зиддият йўқ деган ўйга боради у.

Араб подшоларидан бири араб шоирларидан бирининг отини сўраган эди   ҳар қанча баҳо эвазига бўлса ҳам отини беришдан бош тортди ва:

Саломат бўлинг шоҳим,

Ахир менинг бу отим

Бебаҳодир: берилмас

минишга, ё сотилмас, деб жавоб берди.

Бироқ, хорижий ҳукуматларда ишлайдиган ёки хорижий станциялардан туриб виждонларига тўғри келмайдиган, илмлари тасдиқламайдиган гапларни эшитдирадиган, иш ҳақи ёки ойлик маош эвазига китоблар ёзадиган ёки газеталар чиқарадиган ана ўша одамларнинг виждонлари жоҳилият қишисининг ўша отидан ҳам арзонроқ ва қадрсизроққа ўхшайди. Шунинг учун бўлса керак буларнинг виждонлари фойдаланиб туришга ҳам берилади, савдога ҳам қўйилади. Унинг оти эса миниб туришга ҳам сотиб олишга ҳам берилмас эди.

Шарқликларнинг ўрталаридаги алоқа ва ришталар ­кўпроқ­ моддий бўлмаган асосга: ё ақлий ва ёки маънавий­ руҳий асосга барпо этилган бўлар эди. Унда худбинлик ва ўзим бўлайликнинг улуши деярли сезилмас эди. Бунинг натижаси эса ҳеч қандай моддани сабаб қилишнинг ва эгаларига манфаат келтиришнинг имкони йўқ бўлган алоқалар ва ришталарнинг вужудга келиши бўлди. Ана шу алоқалар кишиларнинг қалбларига ўрнашиб қолган эди. Аввалги даврларда шогирднинг ўз устози билан бўладиган алоқаси, унга садоқати ва муҳаббати ҳозирги даврда боланинг ўз отаси билан бўладиган алоқасига ва унга бўладиган муҳаббатига ўхшаб кетишлиги ана шунинг мисолидир.

Машҳур устоз, Ҳиндистон ва Хуросонда татбиқ этилган низомийча таълим услубининг соҳиби аллома Низомиддин Лакнавий (вафоти­1161 ҳижрийда)нинг вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Бу хабар у кишининг шогирди саййид Камолиддин Азимободийга етиб келганида қаттиқ хафа бўлганидан ўлиб қолади. У кишининг бошқа бир шогирди «Зариф Азимободий» эса кўп йиғлаганидан кўзлари кўр бўлиб қолади. Ана шундан сўнг ҳалиги хабарнинг асоссиз миш­ миш экани аниқ бўлади. Эҳтимол ҳозиргиларнинг ақли бу каби ривоятларни сиғдира олмас. Аммо шарқликларнинг табиатидаги одат, ундаги шогирдларнинг ўз устозларига бўлган боғлиқликлари ва унга қилган муҳаббатларининг кучи ана шу ривоятни амримаҳол санамайди ва ёлғонга ҳам чиқармайди.

Этика тарихи ва фалсафасидан хабардор кишилар милоддан тўрт аср олдин Оврўпода мактаб пайдо бўлганини, ўша мактабнинг милодий ўн тўққизинчи асрга қадар улуғ файласуфлар ва ахлоқшунослардан иборат тарафдорлари бўлганлигини, уларнинг жисмоний лаззатга имон келтирганликлари ва ана ўша лаззат ахлоқнинг мезони, амалларнинг меъйори деган эътиқодда бўлганликларини, ўз тарафдорларига ҳаёти дунёдан баҳраманд бўлиб қолишга, фурсатни қўлдан бой бермасликка даъват қилганликларини яхши билади.

Ана ўша мактаб эгалари икки гуруҳга бўлиниб кетдилар: улардан бири: «эгоистлар» бўлиб улар: инсон билан унинг шаҳватлари ўртасида тўсиқ бўлмаслиги зарур. Токи нафсининг ҳамма эҳтиёжларини қаноатлантириб яшасин. Ва бу билан кўпроқ лаззатга ва хурсандчиликка эришсин, дердилар. Улар, бахт ­ бу шаҳватни қондиришдир, нафс истакларини бажаришдир, шодлик ва лаззатнинг меваларини қўш қўллаб териб олишликдир, дер эдилар.

Уларнинг иккинчи гуруҳлари «манфаатпарастлар» эди. Ана шу оқим эгаларининг фикрларича бирламчи вазифа бу кишиларнинг кўпчилик қисмини кўпроқ лаззатга ва шоду ҳуррамликка эриштирадиган манфаатни яратиб беришдир. Уларнинг назарларида ахлоқий ишларнинг вазни йўқдир.  Магарам ўша ишлар кўпчилик инсонларга шодлик олиб келадиган бўлса бошқа гап. Ана ўша одамлар бахт ва саодатни одамлар ўз амаллари эвазига кўпроқ лаззат олишларида ва улардан ғам­ қайғуларнинг узоқ бўлишида деб биладилар.

Китобхон ана шу оқимнинг қарашлари ва ҳаракатларида лаззат ва хурсандчиликка ошиқ бўлган моддий руҳиятнинг энг тубан ва ахлоқсизидан тортиб энг юксак ва баландпарвозигачасини  кўради ҳамда пайқаб олади. Бу нарса шарқликларнинг табиатларидан, самовий қонунлардан кескин фарқ қилади. Ана шу моддийлик ҳаракати ғарбликларнинг фалсафаларига, ахлоқларига, адабиётлари ва цивилазицияларига чуқур таъсир кўрсатди. Ҳатто бугунги кунимизга қадар ҳам ғарбликларнинг ҳаёти ва одоб­ ахлоқлари устидан назорат қилиб келмоқда.

Ундан кейин улар манфаатни аниқлаб моддийлик билан солиштиришни истадилар. Чунки улар бу борада ўз ақллари ва онгларидан ҳукм излайдилар. Шундай қилиб у аниқ моддийликка айланиб қолгади. Чунки манфаат  ҳис, масофа, адад ёки оғирлик ўлчови остига кирмайдиган ҳақиқатдир. Ҳатто бу оқимнинг асосчиси бўлган (милоддан олдинги 271 йилда вафот этган Эпикур) амаллар устидан ҳукм чиқаришликнинг асосий иллати бу ­ манфаатдир, агар лаззат ва ҳузур­ ҳаловат келтирмайдиган бўлса, манфаатнинг ҳам қиймати йўқдир, дея очиқ ойдин гапирган эди. Шундай бўлгач, ғарбликларнинг ақллари ва табиатлари авлодлар ва замонлар оша моддиюнчилик майли асосида улғайган бўлса нима ҳам қилиш мумкин?!

 Бунинг оқибати шу бўлдики ғарбнинг ақли ва ҳозирги замон мантиқи лаззат ва ҳузур­ ҳаловат келтирмайдиган ўзи ҳис қилинмайдиган манфаатни излаб топишдан ожизга айланиб қолди. Оврўполиклар ақли моддийликни ҳимоя қилар, ахлоқлар устидан фақат улар олиб келадиган моддий манфаатнинг миқдорига қараб, жамият унинг воситасида эришадиган лаззат ва яхшиликнинг, шахслар эришадиган хурсандчилик ва фаровонликнинг ҳисобига қараб яхши ва тўғри деб ҳукм чиқарадиган бўлиб қолди. Натижада эса молиявий фойда ахлоқларнинг мезонига, яхшилик билан ёмонликнинг ўртасини ажратиб бергувчига айланиб қолди. Модданинг мезонида ахлоқларнинг вазни қолмади. Ҳар куни қалблар ва ақллар устидан ҳукмронлигини йўқотиб борар экан ахлоқларнинг эски терминлардаги диний ёки ахлоқий қийматидан ўзга ҳеч бир қиймати қолмаган эди. Ота ­ оналарнинг ўз фарзандларига бўлган меҳр­ муҳаббатлари, хотинларнинг ўз эрларига нисбатан вафодорликларию уларнинг йўқликларида ўзларини сақлашлари сингари ахлоқлар кундан кунга ўз тарафдорларини йўқотиб бораётган, эски даврнинг шиорларидан бирига ва ўтмишнинг хотираларига айланиб қолаётган эди. Бу ахлоқларнинг ўрнини саноат кучи, ихтиролар, ишлаб чиқариш, миллатчилик ва ватанпарварлик эгаллаб борар, уларнинг қиймати кундан­ кунга ортиб вазни оғирлашиб борар эди.

Янги жамият сиёсий, иқтисодий ва саноат билан боғлиқ режалар асосида тузилган халқаро ижтимоий ташкилотлар билан бўлиб оилавий ришталар, қавм­ қариндошлик ва ахлоқий қонунлардан воз кечиб бораётган эди. Агар жамият ўз фуқароларига чизиб берган маданий доирадан ташқарига чиқмас эканлар боланинг ўз отасига ёки хотиннинг ўз эрига қандай муомала қилиши кераклиги бу жамият учун аҳамиятсиз эди. Модомики  уларнинг ана шу амаллари жамиятда нотинчликни ва тузумга қарши қўзғолон кўтаришни келтириб чиқармас экан ҳамда маданиятнинг юришини секинлатмас экан фарзанднинг оқ бўлиши, эрнинг жафокор бўлиши ёки хотиннинг ахлоқсизлиги, эркакнинг фосиқлиги ёки хотиннинг хиёнат қилиши ҳеч нарса эмасдир.

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri