Электр ўчишига сабаб нима? Принтер учун
30.04.2013 й.

Бир куни бемор устозимизни кўргани бориб ўтирган эдик, ишлатилган электр энергиясининг пулини сўраб бир электросет ходими келиб қолди. Пулни санаб олиш асносида у кишининг мударрис эканини билиб: «Домла, баъзи одамларнинг уйига кирсам, пул таклиф қилиб, электр ҳисоблагичини ортга қайтариб беришимни илтимос қилишади. “Йўқ”, десам, “Нима қилибди, давлатнинг мулки бўлса, отангнинг моли эмас-ку, сендан нима кетарди?”, дейишади. “Сиз нима дейсиз?», деб сўраб қолди. Устоз уларнинг бу гаплари нотўғри ва бу иш бир кишининг молини ўғирлашдан ҳам катта гуноҳ эканини айтган эдилар, ҳалиги киши: “Эй, раҳмат. Тушунган одамлар ҳам бор экан-ку. Сиздек инсонлар кўпайсин”, деб хайрлашиб чиқиб кетди.

Афсуски, орамизда баъзи кишилар электр энергиясидек катта бир неъматдан фойдаланиб, шукронасига унинг ҳақини тезда тўлаш ўрнига куфрони неъмат қилиб, тўламаслик дардида турли ишларга қўл ураётганлар ҳам топиларкан. Баъзи жойларда электрнинг вақти-вақти билан ўчиб туришига шундай одамлар сабаб эмасмикинлар?! Бу ҳолатга соха мутахассисларининг куйиниб ва хафа бўлиб кўрсатаётган сабаблари фақат битта – қарздорликнинг кўплиги. Масалан, маълум бир туман ёки маҳалла фуқаролар йиғинининг марказига ўрнатилган ҳисоблагич бўйича декабр ойида ишлатилган электр нархи юз миллион сўмга тўғри келади. Афсуски, ўша ҳудуд аҳолисидан декабр ойи электр энергиясининг пули (аҳолининг уйдаги ҳисоблагичлари бўйича) юз фоиз ундирилганда ҳам анчагина оз чиқади. Ўзинингиз ўйланг, қолгани қаерга кетди, энди уни ким тўлайди? Қолаверса, “Ўрмонга ўт кетса, хўлу-қуруқ тенг ёнади” дейилганидек, умрида электр ҳақига хиёнат қилмаган кишиларнинг электр ўчганида кечалари қоронғуда қолиши, кундузлари бир қанча фойдали ишларидан қолишига ким айбдор?!... Ахир йигирма биринчи аср компютер-техника асри бўлса. Яна бир томонлама ёндашиб фақат бир томонни айбдор қилиш ҳам нотўғри. Чунки “Қарс икки қўлдан чиқади” дейилганидек, баъзида касбини суистеъмол қилиб, электр ҳақини олгани келган ходимлар орасида ҳам баъзи бир “халқпарвар”ларнинг ўзи ҳисоблагични ортга қайтариб бериб, чўнтагига ишлаш ҳоллари ҳам борлиги қулоққа чалиниб қолади.

Мен бирор кишига насиҳат қилмоқчи эмасман. Халифа ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган бир ибратли воқеани айтиб бермоқчиман холос. Хулосани эса, ҳар кимнинг ўзига қолдираман:

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Мадинаи мунаввара кўчаларини бир-бир айланиб чиқар эди. Кунларнинг бирида қулоғига бир товуш эшитилди. Товуш келаётган томонга бориб яқинлашди. Ичкаридан бир хотиннинг товуши келар эди: “Қизим! Озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўриняпти”. Қиз ҳайратланиб: “Вой, ойижон! Нималар деяпсиз? Амирул мўминин сутга сув қўшманг, деб буюрган эдику”, деди. Онаси унга жавоб бериб: “Қизим, биласанку тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, ҳеч даромадимиз йўқ. Сутга бироз сув қўшсак кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз”, деди. Аллоҳдан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз: “Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни халифа эшитса нима бўлади?”, деди. “Қизим, кечаси бу вақтда халифа ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради?”, деди. Қиз онасини гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилиб: “Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди. Сиз айтган ҳийлани халифа кўрмаса ҳам, билмаса ҳам ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ кўриб билади. Сутга сув қўшиш гуноҳ!”, деб онасини гуноҳдан қайтарди.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб у ерга келиб Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Ҳазрат Умар ўғлини камбағал қизга уйлантирди. Ҳазрат Умарнинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар, фарзандлар дунёга келдики, улардан бири ҳазрат Умар каби адолатли бўлиб, тарихда иккинчи Умар исмини олди. Бу зот халифа Умар ибн Абдул Азиздир. Умар ибн Абдул Азиз бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқиб яшаган муҳтарам зот бўлган.[1]

Эътибор бериб ўқиган бўлсангиз, сизга бир саволим бор. Подшоҳ бир бева хотиннинг қизига харидор бўлиб, ҳатто ўзи совчиликка келиб, ўғлига келин қилишига сабаб нима?!

Мақолани ёзганимга уч-тўрт кун ўтганидан кейин бир киши ўттиз йиллар илгари бўлиб ўтган, айнан мақола билан бир хил ибратли бир воқеани айтиб қолди. Кутилмаган бундай ажойиб ҳолатдан ҳайрон қолиб ёқамни ушладим. Сизларга у кишининг ўз тилидан ёзаман:

“Ўқишни битириб, энди ишга жойлашиб, уйга бир-икки марта ойлик олиб келиб, ўзимча, энди мен ҳам оила боқувчиси бўлиб қолдим, деб ўйлаб юрган пайтларим эди. Электрнинг ойлик ҳақини олишга келган ходимдан электр ҳисоблагични ортга қайтариб беришини илтимос қилиб, бироз пул ваъда қилгандим, кўнмади. Отам эшитиб қолган эканлар. Кечки овқат устида менга: “Мен тирик эканман бу уйга ҳаром қадам қўймайди. Мендан кейин билган ишингни қилаверасан. Электр ҳақини ўзим тўлайман. У етимнинг ҳақидан ҳам баттар-ку, аҳмоқ!”, деб қаттиқ гапирдилар. Ўша-ўша, қайтиб бу ишга қўл урмадим”.

Азиз ўқувчи, юқорида айтганимдек хулоса ўзингиздан. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида тўғри ва ҳалол одамларнинг борига барака, ишига ривож бериши ҳақида: “...Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар..”, дея хушхабар берган (Талоқ сураси, 2-оят).

Аксинча, ҳаддидан ошиб, нобакорлик қилганларни шу дунёнинг ўзидаёқ жазолаганини айтган ва уларни охиратда ҳам азоблаши ҳақида қуйидагича огоҳлантирган:

Қанчадан-қанча (ўтмишда) шаҳарлар аҳолиси ўзларининг Парвардигори ва пайғамбарлари амридан бош тортдилар, бас, Биз уларни қаттиқ ҳисоб-китоб қилдик ва хунук азоб (турлари) билан азобладик” (Талоқ сураси, 8-оят).

Аллоҳ уларга (яна охиратда ҳам) қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир. Бас, эй иймон келтирган ақл эгалари! Аллоҳдан қўрқингиз! Дарвоқе, У зот сизларга Зикр (Қуръон)ни нозил қилди” (Талоқ сураси, 10-оят).         

Аллоҳ таоло барчамизга ўзи рози бўладиган ишларни қилишга куч-қувват берсин. У зот норози бўладиган ишлардан йироқ бўлишимизга тавфиқ ато айласин. Дунёю охиратда яхшилар қаторида бўлишимизни насиб айласин. Омийн.

Баҳодир Баҳромжон ўғли



[1] Саломатлик китобидан олинди.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz