Бугун шундай улуғ кунки... Принтер учун
16.05.2013 й.

Эй сен мўмин, эй мўмина, эй подшоҳ, эй ғулом!

Бугун шундай улуғ кунки, еру осмон титрамиш,

Яратгувчи Парвардигор, ҳамду сано Ўзингга,

Ибодатга бошин эгиб, мўминларинг жамланмиш.

 

Бугун шундай улуғ кунки, қуёш ранги ўзгача,

Кўз югуртир дунё узра, қулоқ тутгин самога,

Ҳайвоноту наботот, сергак турар тонггача,

Нега жимсан, осий банда, илтижо қил Худога.

 

Бугун шундай улуғ кунки, дуолар ерда қолмас,

Ахир бугун яратилмиш ҳазрати Одам Ато,

Қандай ғафлат босди энди, Холиқу Ҳақ биз учун,

«Кел мўминим, бандам», дея, жаннатни қилса ато.

 

Бугун шундай улуғ кунки, Одам Ато бўлди афв,

Маъсиятдан холи бўлиб, халифаи Ҳақ бўлди,

Ё Раббано! Ё Илоҳо! Мағфиратинг чеки йўқ,

Жаннатингга ул Одамни қайтармоғинг ҳақ бўлди.

 

Бугун шундай улуғ кунки, Аллоҳ азза ва жалла

Раҳматини тўкиб чексиз, кечар қулларин шу тоб,

Ҳар соатда қурбонлик бор, кимга қўчқор, ким туя,

Бир амалчун дафтарингга ёзилармиш ўн савоб.

 

Бугун шундай улуғ кунки, Аллоҳ зикрига шошинг,

Салавоту салом айтинг Муҳаммад Мустафога,

Фаришталар шоду хуррам, лафзингиздан чиққан он,

Саломингиз етказармиш тўғри ўшал Мавлога.

 

Бугун шундай улуғ кунки, унда «пуфлаш», «қичқириқ»,

Қасам Ҳаққа, айнан шу кун, бутун борлиқ «қабз» ўлар,

Чиммат тутган келинчакдек, тайёр туринг ўлимга,

Қиёматга «сур» ҳам чунки жума куни чалинар.

 

Бугун шундай улуғ кунки, таърифига сўз ожиз,

Мискинларнинг ҳажи бугун, кўринг лутфи Худони,

Раҳмлилар Раҳмони Ҳақ, раҳматига ғарқ жаҳон,

Унутмайдир ҳеч бир шоҳу ҳеч бир мискин, гадони.

 

Бугун шундай улуғ кунки, унда сирли бир он бор,

Ул соатда истагингга овоз берар осмонер,

Ижобати шубҳасиздир, ишон менга биродар,

Фаришталар, кавну макон бу дуога «Омин!» дер.

 

Бугун шундай улуғ кунки, Аллоҳ учун жамланинг,

Ўтар оний лаҳза учун, нега керак тафриқа?!

Ибодат  деб яшанг доим,  яшанг ибодат учун,

Аллоҳумма аъинна ъала зикрика ва шукрика.

 

Тоҳира Тўлаганова

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz