Аллоҳ бизни кўриб турибди! Принтер учун
16.05.2013 й.
Юртимиз тарққиётга юз тутгандан бери ҳамма соҳада ўзгаришлар кўлами кенгайди. Шаҳарларимиз янада гўзаллашди. Халқимиз фан техника янгиликларидан баҳраманд бўлди. Йигирманчи аср кашфиёти - интернет бутун юртимиз бўйлаб ўз қулочини ёйди. Ёшаримиз илм олишда қулайликларга эришди. Тафаккури юксалди.
    Лекин бу қулайликлар оқибатида минг йиллардан бери ўзининг бой манавиятига эга халқимиз ёшлари, ғарбнинг чиркин, қолоқ ва ахлоқсиз маданиятини ўзларига касб қилмоқдалар. Ўша "маданият" етовида юрмоқдалар.

    Исбот тариқасида айтадиган бўлсак, ҳозир юртимизда кенг оммалашган, ҳаммани ўзига ёппасига мафтун қилган сайт - одноклассники.ру сайтидир. Бу сайтнинг ташкил топганига анча бўлганига қарамасдан, яқин тўрт беш йиллар орасида бу сайтга "компот" бўлганлар сони жуда кўпайди. Қаёққа қарасангиз, кимга қарасангиз ҳамманинг кўзи однога қараган. Ҳамма қачонлардир қайсидир мактабда бирга ўқиган, кейинчалик кимлиги ҳам эсидан чиқиб кетган қайсидир синфдоши билан хотирлашади. Ҳа буни нимаси ёмон, гаплашса синфдоши билан гаплашибди, бир бирига юз кўрмас бўлиб кетгандан кўра бу яхши эмасми дейишингиз мумкин. Тўғри биз бу нарсани инкор қилмоқчи эмасмиз. Лекин...
    Лекин масаланинг бошқа тарафлари ҳам борки, ундан кўз юмиб ўтолмаймиз. Очиғи ҳозирда оммавий ахборот воситалари, интернет ва халқ оғзида бу ва шунга ўхаш танишув сайтлари ҳақида турли туман яхши ёмон гаплар тарқаган. Улардан келиб чиқаётга ёмон оқибатлар ҳақидаги хабарлар оғиздан оғизга кўчган. Булардаги "беғараз" танишувлар оқибатида қилинган "биринчи муҳаббат" зинолари неча неча оилаларни бузганлиги ҳаммани ташвишга солган.
    Бу воқеани бизга устозимиз айтиб берганди. Бир иймон инсофли йигит оиласини ҳалол меҳнат орқали таъминлаш мақсади ёқилғи қуйиш шаҳобчасида тунги сменда ишлар экан. Аёлини эса уй бекаси экан. Бир куни уйига келса стол устида аёлининг ён телефони турган экан. Қани бир текшириб кўрай деб телефонни очиб текшира бошлабди. Қараса, телефондан бир бегона рақамга бир неча қўнғироқ қилинган, хатлар бўлимида ҳам шу рақамга кўпгина шаҳвоний мазмунда хатлар юборилган, хатто ммс тариқасида ўша рақамга аёли тарафидан уят жойларининг расми жўнатилган. Аёлини чақируб бу нима деса, тан олмабди. Қаттиқроқ талаб қилгач бу рақам эгаси билан однода танишганини айтибди. Ўша рақамга қўнғироқ қилса бир йигит экан. У ҳам фақат нетда танишганини, бирон марта ҳали кўришмаганини, фақатгина шунақа "дўстона" суҳбатлашиб туришлигини тан олиб, бундан бошқа "айби" йўқлигини айтибди ... .
    Бунга нима дейиш мумкин. Қайси ўзбекона одат ёки маданиятда бундай эркин муҳаббат ҳақида боблар бор. Нимага бизнинг келажагимиз дейилган ёшлар ўз келажакларини бундай номақулчиликлар билан бой бермоқдалар. Нима сабабдан жувонга айланган қизлар сони йилдан йилга кўпайиб, фоҳишалар даврасига қўшилмоқда. Нима учун йигитлар ўзлигини йўқотиб, шаҳвоний ҳирс оқибатида ҳатто сингилисини зўрлашгача бораяпти. Нега ота оналар кўчага алламбало ит талаган юбка ва "экономичний" кўйлак кийиб чиқиб кетаётган қизига бир нарса дея олмаяпти.  Мактабга ё коллежга шу аҳволда қадам ранжийда қилган ўқувчиларга нима учун ўқитувчилар "ҳайфсан" бера олишмаяпти.  Ўшанинг ёнида ўтирган одноклассниги ёки однокурсниги нимага уни инсофга чақира олмаяпти. Шу ҳолатида кўчада юрганида маҳалла фаоллари нима сабабдан бунинг оқибати ёмонлиги ҳақида "тушунтириш ишларини" олиб боришмаяпти. Бунинг учун бизга нима етишмаяпти. Аждодларга муносиб авлод бўлишга интилаётган ёшлар нимага уларга ўхшашни хохлашмаяпти. Келажагини ёшлар қўлига топширмоқчи бўлган катталар фақатгина қорин ғамида юриб, нега келажаги ҳақида қайғурмай қўйди.
    Бунга сабаб фақатгина маънавиятнинг етишмаслиги, диний тарбиянинг ноқислигидир. Чунки инсон қалбида Аллоҳдан қўрқиш деган нарса бўлмас экан, у қандай инсон бўлмасин тарбияси мукаммал бўлмайди. Интернетда фақат порно кўрадиган талабада иймон бўлмаса, ундан виждонни топиш қийин. Кўчага кийимсизликни кийиб чиқиб кетаётган замонавий ўзбек қизида ҳаё, иффат бор деб ўйламанг. Чунки унга ҳеч нарса дея олмаётган ота она унга тарбия бериш учун ўзи ота онасидан тарбия олмаган. Маҳалла оқсоқоли индаёлмагнига ҳайрон бўлманг, унинг невараси ҳам ундан кам эмас. Ўқув юртларида ҳар байрамда дискотека ташкил қилиб бераётган ўқитувчиларга ҳам осон тутманг, унинг ўзи ҳали тарбия нималигини билмайди.
    Бу мавзуга тааллуқли бўлгани учун шу мақолани ёзилишига сабаб бўлган бир воқеани келтирмоқчиман. Буни мен "Ислом нури"газетасининг шу йилнинг 15 мартида нашр қилинган сонида ўқидим. Бу ҳикоя "Қўнғироқ" сарлавҳаси остида чиқан бўлиб, мен уни қисқача баён этаман. Бир қиз китоб ўқиб ўтирган пайтда, телафонига нотаниш рақамдан қўнғироқ қилинади. Гўшакни олганида, у тарафдан бир йигит ҳар хил саволлар бера бошлайди. Ўзиниг яхши оиладан эканлигини ва танишмоқчи эканлигини айтади. Қиз менинг телафонимни эшитиб туради дейди. Йигит кулиб, "Ростданми, ким эшитади мактаб маъмуриятими ёки телаграф эшитадими. Ёки бирор махсус пойлоқчи бордир, дейди. Шунда қиз Буюк ва Қудратли Аллоҳ эшитиб туради, дейди. Йигит шу заҳоти кулгудан тўхтаб, гўшакни қўяди.
    Жавобни бир тафаккур қилиб кўринга. Агар ҳамма бир бири билан "беғараз" танишишни ҳоҳлаганлар шу жавобни ҳеч бўлмаса бир марта ўзига бериб кўрса қандоқ ҳам яхши бўлар эди. Чунки кимники қалбида Аллоҳдан қўрқиш ҳисси бўлса унга бирон бир қўриқчини кераги йўқ. Ўша ижтимоий интернет сайтида синфдошига севги изҳор қилиб, уни учрасувга чақираётга йигитда заррача иймон бўлса, унга бировнинг насиҳати керак эмас. Ўша йигитнинг таклифига биноан модний кийимда учрашувга шошилаётган қизда озгина ҳаёдан насибаси бўлса, унга кимдир мини юбка ҳақида куйлага ашуласнинг ҳожати йўқ.
    Сўзимиз охирда улуғ тобеинлардан Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг ибратли қиссаларини келтиришлик билан хулоса қиламиз.
    Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: "Уч ёшлигимда тунда ибодат қилар эдим. Тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намозларига назар солардим. Бир куни тоғам менга "Сени яратган Аллоҳни зикр қиласанми", деди. Мен "Қандай зикр қиламан” дедим. Тоғам "ҳар кеч жойингга ётганингда қалбинга уч маротама ичингда "Аллоҳ мен билан. Аллоҳ менга назар солиб турибди. Аллоҳ менинг гувоҳим дегин”, дедилар. Мен уни ҳар тунда айтдим сўнгра тоғамга билдирдим. Шунда у "энди ҳар кеча етти мартадан айтгин”, дедилар. Мен уни ҳам бажардим сўнг яна тоғамга хабар бердим. Тоғам "энди буни ҳар кеча ўн бир маротаба айт”, дедилар. Мен айтдим... . Саҳл ибн Абдуллоҳ айтадилар: "Уч кундан кейин қалбимда зикрнинг ҳаловати пайдо бўлди. Унинг ҳаловати қалбимда пайдо бўлганига бир йил бўлганида, тоғам яна менга "Мен сенга ўргатган нарсани муҳофаза қил. Қабрга киргунингча унда бардавом бўл. Чунки у сенга дунё ва охиратда манфаат беради”, дедилар. Мен уни йиллар давомида тарк қилмадим ва ичимда унинг ҳаловатини топдим. Тоғам бир куни менга "Эй, Саҳл Аллоҳ у билан бўлган киши, Аллоҳ унга назар солиб турган киши, Аллоҳ унинг гувоҳи бўлган киши гуноҳ қиладими?! Сенга гуноҳ қилмаслигинг лозимдир", дедилар.
    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ишда ёки ўқишда, уйда ёки кўчада бўламизми бизни Аллоҳ кузтиб турганлигини ҳис қилиб туришимиз лозим. Шунда интернетда ёки телафонда қизлар билан танишмоқчи бўлган йигитларга танбеҳ ҳам керак бўлмайди. Қизларимизга ҳам ҳар куни ҳар хил тана тошларини отиб, "палон жойда шунча қиз бокира эмас экан" деб маломат гаплари ёғилмайди. Натижада бизнинг бу мақоламизнинг ёзилишига ҳам ҳожат қолмасди.

Тошкент Ислом институти талабаси
Валиев Саидакбархон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri