Сўфийлар суҳбати боби Муҳаммад ибн Аҳмад Бағдодий айтади: “Ким сўфийларга суҳбатдош бўлса, уларга нафс хоҳишисиз, қалбсиз ва ихтиёрсизлик орқали эргашсин! Бас, кимда нафсининг насибаси ва талабларига бўйсуниш бўлса, булар мақсадга етишида монелик қилади”. Иброҳим Адҳам: “Банда ориф фақирлар суҳбати билан орифлар мақомига етишади”, деди. Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ширвонийдан ҳикоя қилинади: “Дарҳақиқат Абу Бакр ибн Дониёл Армуний уни тушида кўриб ундан сўради: “Қайси амалларни энг фойдали деб билдингиз?” У: “Тавҳид илмини билгандан кейин фақирлар суҳбатини энг фойдали деб билдим”, деди. У яна сўради: “Қайси амаллар зарарлидир?” У: “Сўфийлар ҳақида беҳуда сўзлашдир. Агар чиндан ҳам улар мени тўғри йўлга бошламаганларида, албатта адашганлардан бўлур эдим. Улар ҳақидаги сўзим амалимни чиппакка чиқариши мумкин эди. Уларнинг ҳолларини билишим фазилати билан нажот топдим”, деди. Иброҳим ибн Шайбондан ҳикоя қилинади: “Биз кафшим ва сувдоним дейдиган одам билан асло бирга суҳбат қурмасдик”. Жунайд Бағдодийнинг устози Абу Аҳмад Қалонисий бундай дейди: “Басра шаҳрида фақирлар жамоасига кирдим. Улар мени кўп ҳурмат ва иззат қилишди. Бир куни мен: “Кўйлагим қаерда?”, дея сўрадим. Шунда улар назаридан қолдим”. Иброҳим ибн Мавлид айтади: “Мен Тартус шаҳрига борган эдим. Одамлар фалон ҳовлида бир жамоа йиғилган, деб хабар беришди. Улар ҳузурига бордим ва у ерда барчалари бир қалбга бирлашган ўн етти фақирни кўрдим”. Абу Саид Харроз: “Эллик йил сўфийлар билан бирга ҳамсуҳбат бўлдим. Мен билан улар ўртасида бирон хилофли иш содир бўлмади”, деди. Ундан: “Нима учун шундай бўлди?”, деб сўрашди. У: “Мен ўзим билан машғул эдим”, дея жавоб берди. Яъни, у ўз айблари билан овора эди. Ким ўз айблари билан машғул бўлса, бошқа одамларнинг камчиликларини ахтармайди. Зуннун Мисрий: “Аллоҳ билан тавфиқ орқали бирга бўл! Халқ билан насиҳат асосида бирга бўл! Нафс билан унга хилоф иш юритиш асосида бирга яша! Шайтон билан доимо курашда бўл!”, деди.
|