Аллоҳга дуо қилайлик! Принтер учун
23.05.2013 й.
Бугунги аҳволимиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрган киши дуо қилишга нақадар муҳтож эканимизни англаб етади. Қанчадан-қанча мусулмонларни одамларнинг эшигига бориб бир нарсалар сўраганларини кўрдик ва ҳозир ҳам кўриб турибмиз. Ўша инсонлар Аллоҳ азза ва жалланинг эшигини тақиллатишдан ғафлатда юришибди ёки ўзларини ғофилликка соляптилар.
Натижада ҳақиқий карам соҳиби бўлган Зотдан юз ўгириб, бандалар сари юзланмоқдалар. Биз ширин гапларни гапириб, махлуқлардан бир нарсалар сўраш илмини зўр ўзлаштирдик, аммо барча мулкларнинг ҳақиқий Эгасига илтижо қилиб, Ундан сўраш илмини ўрганмадик. Фолбинлар, азайимхонлар ва бойларнинг эшигини чертдик, аммо Роббимизнинг улкан дарвозасини қоқишга ҳеч уринмадик, ҳатто қизиқиб ҳам кўрмадик. Азиз Зотдан сўрашга малолландик, бироқ ожизу нотавон инсондан сўрашга малолланмадик, уялмадик. Дуо қилсак бериши аниқ бўлган Зотни қўйиб, бериш-бермаслигида гумон бўлган банданинг олдига бордик. Сўраганимиз сари мартабамиз ошадиган Зотнинг ҳузурига бориш ўрнига сўраганимиз сари обрўйимиз тушадиган махлуқнинг олдига бордик. Қўлларимизни Маликул мулук, барча оламларнинг подшоҳлиги қўлида бўлган Зотнинг даргоҳига кўтариш вақти келмадимикан?!! Нега ўзимиз учун ҳам бахиллик қиламиз? Аллоҳ таолонинг ўзига дуо қилишдан қачонгача ожизлик, дангасалик қиламиз? Бир нарсани ёдимиздан чиқармайлик: биз билан еттинчи осмоннинг орасида мазлум кишининг дуоси босиб ўтадиган масофа бор холос! Биз билан неъмат берувчи Зотнинг эшигининг орасида бир чертиш ва мана шу чертишда бардавом бўлишдан бошқа ҳеч нарса йўқ! Азизлар, Роббимизга дуо қилайлик, барча нарсани Ўзидан сўрайлик! У зот барчамизнинг ожизона кўтарган қўлларимизни қуруқ қайтармасин, омин!

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz