ВАЛИЙЛАР ВА КАРОМАТЛАР Принтер учун
19.03.2007 й.

«Валий» сўзи арабча бўлиб «яқин» дўст маъносини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий - дўст тутадир», деган (196-оят).
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар», деган (62-оят).
Аллоҳнинг валий-дўстларига ҳам бу дунёда, ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий-дўст бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф- хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу-мулкига, обрў–эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб–уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг валий-дўстлари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийси-дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?
«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир».
Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса: «Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир» («Юнус» сураси, 64 оят).
Аллоҳнинг валийлари-дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир.
«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир».
Қуръони карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.
Аҳли тасаввуф эса валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса ўша таърифлар валийнинг тақво ва ибодатнинг, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатларнинг соҳиби ўлароқ Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.
Аммо валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилганлигини олдинга суришган.
Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақида алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.
Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар.
Масалан, Муҳйиддин ибн Арабий ва баъзи унга ўхшаганлар, хотамул авлиё анбиёлардан афзал бўлади, дейишгача етганлар.
Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида:
«Ибн Атоуллоҳ ал-Искандарийнинг, шайхимиз Абул Аббос розияллоҳу анҳунинг, агар валийнинг ҳақиқати кашф қилинса, унга ибодат қилинарди. Чунки унинг сифатлари ва белгилари У зотнинг сифатларидандир», деган гапларини нутқ қилиш менинг тилимга қанчалар оғирлигини билсангиз эди», дейди.
Аммо ўзини билган суфийлар валийни Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар.
Бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ:
«Валий Аллоҳ таолони билувчи, унинг тоатида бардавом бўлувчи ва У зотга ихлос ила ибодат қилувчидир», дейди.
Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.
Қуйида «Шарҳи талхийси ақоиди Таҳовия» китобидан ушбу масалага бағишланган жойини борича тақдим қиламиз:

ВАЛИЙ ҲЕЧ ҚАЧОН НАБИЙ МАРТАБАСИГА ЕТА ОЛМАЙДИ

«Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз».
Шарҳ: Яъни, авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан қатъий назар, Анбиё алайҳиссаломларнинг бирортасидан афзал бўла олмайди, деб эътиқод қиламиз. Агар ҳамма авлиёлар битта набий билан солиштирилса, набий улардан устун чиқади ва мартабаси юқори бўлади, деймиз.
Муаллиф «Иттиҳод» мазҳабидагиларга (Банда кўп ибодати ила Аллоҳга бирлашиб кетади, деб эътиқод қилувчиларга) раддияга ишора қилмоқда. Шунингдек суфийларнинг жоҳилларига ҳам. Чунки улар баъзи авлиёлар анбиёлардан афзал, дейдилар.
Аммо ҳақиқий, истиқоматдаги суфийлар, ваҳий ва шариатга амал қилишга буюрадилар.
Аллоҳ таоло халойиқнинг ҳаммасини, жумладан, авлиёларни ҳам пайғамбарларга эргашишга амр қилган. Аллоҳ таоло: «Биз қайси бир Расулни юборсак, албатта, Аллоҳнинг изни ила унга итоат қилиниши учун юборганмиз», («Нисо» сураси, 64) дейди.
Бошқа бир оятда эса: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади, гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир зотдир», деб айтгин», («Оли Имрон» сураси, 31) деган.
Бас, ким куфрни ботин тутиб, Исломни зоҳир қилса (яъни, ичида валийни набийдан афзал кўриб, тилида набий валийдан афзал деса) ёки ўзининг куфр ақидасини Ислом ҳижоби ила беркитса, у зиндийқдир, тавбаси қабул бўлмас. Агар ўз ихтиёри ила, қўлга тушмасдан олдин тавба қилсагина, тавбаси қабул.

АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ

«Уларнинг кароматларига ва ишончли кишилардан тўғри қилинган ривоятларига ишонамиз».
Шарҳ: Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларини тасдиқ қилмаймиз. Шунингдек, улардан адолатли, ишончли йўллар билан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Ҳар бир жоҳил ва ёлғончи қилган ривоятни ёки уларга нисбат берилган Расул ва Набий шаънига нолойиқ нарсаларни эмас.
Пайғамбардан одатдан ташқари иш содир бўлса ва одамлар шунга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, мўъжиза бўлади.
Пайғамбардан бошқа, аҳли тақво ва солиҳ одамдан одатдан ташқари иш содир бўлса, каромат бўлади. Нотўғри йўлда юрган одамдан шундай иш содир бўлса, сеҳр ёки синов бўлади.

АЛЛОҲ ТАОЛОГА ХОС СИФАТЛАР ҲЕЧ КИМГА
МЎЪЖИЗА ҲАМ, КАРОМАТ ҲАМ БЎЛМАЙДИ

Шубҳа йўқки, каромат сифатлари учтадир.

1. Илм.
2. Қудрат.
3. Беҳожатлик.

Бу уч нарса фақатгина ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
У зот ҳар бир нарсани Ўз илми билан иҳота қилгандир.
У зот ҳар бир нарсага қодирдир.
У зот оламлардан беҳожатдир.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу уч нарсадан воз кечишга амр қилгандир: «Сен: «Мен сизларга, Аллоҳнинг хазиналари менинг ҳузуримда демайман, ғойбни ҳам билмайман ва сизларга, мен фариштаман ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман холос», деб айтгин» («Анъом» сураси,50).
Мушриклар гоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғойб илмини талаб қилишар эдилар.
«Улар сендан, (қиёмат) соатидан, унинг қачон бўлишидан, сўрайдилар» («Аъроф» сураси, 187).
Гоҳида эса таъсир ўтказишни талаб қилар эдилар.
«Улар биз, то ердан бизга булоқ отилтириб чиқмагунингча иймон келтирмаймиз, дедилар» («Ал-Исро» сураси, 90)
Гоҳида эса у кишида ҳам башарий ҳожатлар борлигини айблашар эдилар.
«Улар: «Бу пайғамбарга нима бўлдики, таом еб, бозорда юрса», дедилар» (Фурқон сураси, 7).
Бас, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари бу нарсаларга молик эмасликларининг, бу уч нарсадан Аллоҳ берган миқдоргагина эга бўлишлари мумкинлигининг хабарини беришини амр қилди. Аллоҳ билдирганича биладилар. Аллоҳ беҳожат қилганича беҳожат бўладилар. Аллоҳ қодир қилган нарсага қодир бўладилар.
Бас, барча мўъжиза ва кароматлар ушбу доирадан четга чиқа олмайди.

КАРОМАТ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ

«Каромат» «карума» - «якруму» феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади.

Каромат шу маънода икки хил бўлади:

1. Аслий.
2. Касбий.

Биринчи – аслий кароматнинг мисоли қуйидаги оятда: «Батаҳқиқ, биз Бани Одамни мукаррам қилдик. Уларни қуруқлик ва денгизда кўтардик. Уларни пок ризқлар ила ризқлантирдик» (Исро, 70-оят).
Ушбу каромат мўмин бўлсин, кофир бўлсин, башариятнинг ҳамма аъзолари учун умумийдир.
Иккинчи каромат – касбий каромат мисоли: «Албатта, сизнинг Аллоҳ ҳузурида мукаррамроғингиз, тақводорроғингиздир» (Ҳужурот, 13-оят).
Бу каромат тақводор мўминда ҳосил бўлади.
Одатдан ташқари ишларга каромат, дейишлик мажозийдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади.
Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат:
Каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир.

Кароматларнинг ростлигига далил:

1. Аллоҳ таолони Биби Марям қиссасидаги ушбу ояти: «Ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганда, ҳузурида ризқни кўрди» (Оли Имрон, 37-оят).
2. Қуръони каримдаги Каҳф – (ғор) соҳибларининг узун қиссаси.
3. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг икки «Саҳиҳ» китобларидаги, устларига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси.
4. «Талоқ» сурасининг 2-ояти. «Ким Аллоҳга тақво қилса, унга кушойиш беради ва ҳисоб қилмаган томондан ризқлантиради».
5. «Анфол» сурасининг 29-ояти. «Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон-фарқловчи қилиб беради».
Ушбу икки оятда валийликнинг шарти бўлмиш тақво зикр қилинди. Сўнгра тақводор валийнинг каромати зикр қилинди. Бу - унга ҳамма мусибатлардан кушойиш берилиши, ўйламаган, билмаган томонидан ризқининг берилиши ва ҳақ билан ботил орасини фарқловчи нурнинг берилишидир».
Ушбу иқтибосга қўшимча тариқасида айтишимиз лозимки, тасаввуфга кириш, унда шайх бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас. Балки руҳий тарбия ила шуғулланиш ва кишиларни тарбия қилишдир. Кароматнинг маъноси икром қилишдир. Аллоҳ таоло тақво ва зоҳидилик қилган ҳамда кўп ибодат ила қурбат ҳосил қилиб валийлик даражасига етган бандаларига икром кўрсатиб, баъзи бир оддий одамлар қила олмайдиган нарсаларни қилдириб, дуоларини қабул қилиб, олий даражадаги илму ирфон ҳамда фаросат бериб юзага келишини жорий қилади. Кўпчилик аҳли тасаввуфнинг валий ўзининг кароматини ўзи билмаслиги шарт деган гаплари бор.
Шу билан бирга валийларга ва уларнинг кароматларига аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича эътиқод қилмоғимиз лозим.

 
« Олдинги

madrasa.uz