КИФОЯ ТАВАККУЛ САВОБИ БОБИ Таваккул қилувчилар уч табақа бўлади: мўминлар таваккули, хос аҳлининг тавакккули ва хослар хосининг таваккули. Бу Шиблийнинг таваккул ҳақидаги саволга берган жавобига ўхшайди. У бундай деган эди: “Сен Аллоҳ учун гўё йўқдай бўл ва сенга эса Аллоҳ азалийдир”. Мўминлар таваккули шарти Абу Туроб Нахшабийдан таваккул ҳақида сўралганида унинг берган жавоби кабидир. У айтади: “Баданни бандаликка ташлаш қалб Парвардигор улуғлигига боғланиб, бутунлай Аллоҳга берилишдир. Агар У берса шукр қилиш, агар қайтарса розилик билан сабр қилиш ва қадарга кўнишдир”. Зуннун Мисрийдан таваккул борасида сўрашди. У бундай жавоб берди: “Нафс истагини тарк этиш ва куч-қувватга суянмаслик таваккулдир”. Хосларнинг таваккули Абул Аббос ибн Ато айтганидек қуйидагичадир: “Ким Аллоҳга Аллоҳсиз таваккул қилса, Аллоҳга таваккул этмапти. Аллоҳга Аллоҳ билан ва Аллоҳ учунгина ҳеч бир сабабсиз таваккул қилса, шунда у Аллоҳга чин таваккул қилган бўлади”. Абу Яъқуб Наҳаржурий айтганидек: “Таваккул нафс ўлимига, дунё ва охират сабабларидан нафс насибасининг маҳрум бўлишига ўхшашдир”. Аммо хослар хосининг таваккули бошқачароқ, у бундай таваккул ҳақида Жунайддан сўралган вақтда берган жавобига ўхшайди: “Барча ҳолатларда қалбнинг фақат Аллоҳга эътимод қилиши таваккулдир”. Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Таваккул аҳлига уч нарса берилади: ҳақиқий ишонч, ғайб кашфи ва Парвардигор қурбати (яқинлиги)”. Абу Бакр Қаттоний бундай деди: “Ким таваккулга азм қилса, нафсига қабр кавласин ва унга нафсини дафн қилсин! Нафсини дафн этишда Аллоҳга таваккал қилади. Агар уни қабрдан чиқарса, таваккулда Аллоҳга таваккул қилади”. Ҳотам Асамдан: “Аллоҳга таваккулда нимага эришдинг?” деб сўрашди. У бундай жавоб берди: “Тўрт хислатга эга бўлдим: билдимки, ризқимни мендан бошқа ҳеч ким емайди, шунда нафсим бундан хотиржам бўлди. Билдимки, амалимни мендан бошқа ҳеч бир киши қилмайди, шунда у билан машғул бўлдим. Билдимки, ўлим тўсатдан келади, шунда ундан олдин ўлимга тайёрландим. Билдимки, қаерда бўлсам ҳам Аллоҳ назаридан четда бўлмайман, шунда Ундан ҳаё қилдим”. Абу Бакр Жарийнийдан таваккул ҳақида сўрашганида, у олдин жавоб бермади. Бу борада яна айтишганида у бундай жавоб қилди: “ Уйимда тўрт дона кичик тилла (дирҳамнинг олтидан бири) бор эди, уйга бориб уларни садақа қилишгача таваккул ҳақида сўзлашдан Аллоҳдан ҳаё қилдим. Уйимда тўрт кичик тилла турсаю мен қандай қилиб таваккул ҳақида сўзлайин”. У деди: “Таваккул қилувчи ўз қисматини билгани учун оний кунига аҳамият қилмайди”. Суфёни Саврий айтади: “Агар осмондан қатра ёмғир ёғмаса, ердан бирон нарса униб чиқмаса, шундан сўнг ризқимга аҳамият берсам, албатта ўзимни кофир деб гумон қиламан”. Омир ибн Абдул Қайс айтди: “Аллоҳ таолонинг: “Ер юзидаги ҳар бир махлуқ ризқи Аллоҳ томонидан кафолатланган” (Ҳуд, 6) деган ояти каримасини ўқиганимдан бери ризқ-рўзим ҳақида бирор марта ўйламадим”. Нукта: Аллоҳга имонда бўл! Аллоҳдан ноумид яшама! Ҳаёт тадбирингни сени яратганга ташласанг, роҳатда бўласан! “Роҳат нима?” деб сўралди. Шунда: “Қисматда бўлмаган нарса талабини тарк этиш роҳатдир. Мутаваккил сўрамайди, қайтармайди ва сақлаб турмайди”, дейилди. Баъзилар айтади: “Мутаваккил назарида ҳатто осмон тош бўлиб, ер темир бўлиб, осмондан бирор томчи ёғмай, ердан бирон наботот униб чиқмай турганида ҳам унинг таваккули тўғри бўлмайди. У яхши биладики, Аллоҳ таоло унга кафил бўлган ризқни беришни тўхтатмайди. Ким ўз тақдирини Аллоҳга ташласа, У икки дунё ташвишида унга кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Биз нима учун Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз, у бизларни тўғри йўлимизга ҳидоят қилди” (Иброҳим, 12). Бу оят маъноси ҳақида Ҳотам Асам деди: “Нима учун бизлар Аллоҳга тақво қилмас эканмиз, У бизга Ислом ва ҳидоятни ато қилди-ку!” Иброҳим Ҳаввос айтади: “Аллоҳга чин таваккул қилган мутаваккил орқасидан шер келсаю унга ўгирилиб қараса, у таваккулидан чиққан бўлади”. Усмон ибн Таздордан ҳикоя қилинади: “Мен Абу Саъийд Харроздан эшитган эдим. У бундай деди: “Мен бир неча бор ҳеч бир тадбирсиз саҳрони кесиб ўтдим. Орқамдан эргашганлар билан бирга бўлардим. Бир бор Аллоҳ таолога қатъий аҳд қилиб саҳро сафарига ҳеч нарса олмай чиқдим. Аллоҳдан тавфиқ тиладим. Ўзимча, ҳеч кимса билан ҳамроҳ бўлмайман, унга ҳам, гапига ҳам эътибор қилмайман, деган ният қилдим. Шу ниятда Ироқ саҳроларидан бирида сафарда бўлдим. Бир куни икки намоз ўртасида Ваҳший деб номланган ерда борардим. Шунда орқамда бир шарпани ҳис қилдим ва унга қарамоқчи бўлдим, аммо ўзим билан Аллоҳ ўртасидаги аҳдимни эслаб, қарамай кетавердим. Қўрқув кетиб, ўзимни тутиб олдим. Шарпа менга яқинлашди. Мен шернинг юришини ва бўкириш овозини эшитдим. Юришда давом этдим. Бир шер тумшуғини ўнг елкамга теккизганини ва бошқа бир шер эса чап елкамга тумшуғини теккизганини сездим. Аллоҳ таоло мени собит қилди. Улардан бири пойабзалимни ялади-да, йўлида давом этди. Мен ҳам ўз йўлимда кетавердим. Аллоҳга берган аҳдим ва ниятим тўғри бўлганига ишонч ҳосил қилдим”. Машойихлардан баъзиси айтади: “Розилик белгиси ихтиёр ва орзуни Аллоҳ ҳукми ва қазоси билан кесиш ҳамда Аллоҳ муҳаббатини нафс муҳаббатидан устун қўйишдир”. Бишр Хофий айтади: “Аллоҳдан рози бўлган кишига агар бир бало етса, у офият бўлишини севмайди, агар Аллоҳ унга офият берса то Аллоҳнинг Ўзи офиятни ўзгартиргунига қадар уни ўзгартирмайди. Агар Аллоҳ уни бой қилиб қўйса, фақир қилишини хуш кўрмайди ва агар уни камбағал этса, уни бой қилишини истамайди. Аллоҳни рози қиладиган нарсага рози бўлиб, Аллоҳ истаган нарсани хоҳлайди”. Фузайл ибн Иёз айтади: “Истихора қилинглар, ихтиёр қилманглар. Қанчадан-қанча бандалар ўзларига бир ишни ихтиёр қилиб, шундан ҳалокат топишган”. Абу Сулаймон Дороний айтади: “Агар қалб шаҳватлардан омонда бўлса, у розидир”.
|