РОЗИЛИК БОБИ Улуғ Аллоҳ хабар бериб айтди: “Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар Ундан рози бўлишди”. (Моида, 119) Баъзи машойихлардан “розилик” ҳақида сўралганида улар: “Келган қазога рози бўлишингдир”, деб жавоб қилишган. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эй фақирлар жамоаси, қалбларингиз тубидан рози бўлинглар!”, деганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал (розийаллоҳу анҳу) бундай деган: “Розилик уч нарсадан иборат: ихтиёрни тарк этиш, қалбнинг қазога рози бўлиши ва Аллоҳ нафсга хоҳ яхши ва хоҳ ёмон ҳукм қилгунига қадар нафснинг ўзидан тадбирни соқит қилишидир”. Пайғамбар (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтдилар: “Банда уч нарса билан дунё ва охират орзусига эришади: бало келганда сабр қилиш, қазога рози бўлиш, фаровонлик вақтида дуо қилиш билан”. Ҳасан Басрий бундай деган: “Мўмин киши хоҳ яхши, хоҳ ёмон кўрсин, бошига келган қазога рози бўлса, унга кўп яхшилик етади”. Саҳл ибн Абдуллоҳ айтди: “Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, тадбирларини Ўзи билан улар ўртасида парда қилди. Бас, сен Мавлойинг ва Ҳомийингга тадбирингни бер! У сени риоя этиб, омонда сақлайди! Абул Ҳусайн Нурийдан розилик ҳақида сўрашди. У жавоб бериб бундай деди: “Агар дўзахнинг асфаласофилинида бўлсам ҳам, Фирдавси аълода бўлган кишидай рози бўлардим”. Шиблийдан розилик тўғрисида сўрашди: У бундай деди: “Агар жаҳаннам ўнг кўзим олдида бўлса, уни чап томонимга ўтказишни асло сўрамайман”. Имом Жаъфар Содиқ айтади: “Бандалик уч хилдир: Аллоҳ ваъдаси билан иш тутиш, Аллоҳ амри билан машғул бўлиш ва Аллоҳ ҳукмига сабр қилиш”. Абу Усмон Найсабурий айтди: “Мен қирқ йилдан бери Аллоҳ берган кунини ёмон кўрмадим”. У яна айтди: “Розилик қалбнинг қазойи қадардан хурсанд бўлишидир. Энг яхши розилик ризога ишониб қолмасликдир. Яхши ҳаёт – розиликда”. Шиблийдан сўрашди: “Розилик пайтида жаннатни сўрайсизми ёки дўзахдан паноҳ тилайсизми?” У жавоб айтди: “Рози бўлган одам жаннатни сўрамайди ва дўзах оташидан паноҳ тиламайди”.
|