Ал-Фиқҳул акбар (тўлиқ китоб) Принтер учун
08.01.2007 й.

Фикхул акбар

Бизларни соф ақийдага йўллаган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин! Бизларга энг мукаммал ақийдани баён қилиб берган Пайғамбаримизга саловоту дурудлар бўлсин! Имом Аъзам Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳ ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни «ал-Фиқҳул Акбар» деб номлаганлар. Бу китоб чоп қилинган ва уни ҳанафийлар ва бошқалар томонидан ўрганилади. Бу илмнинг мазкур ном билан аталишининг сабаби ақоид фиқҳ ва унинг турларининг асосидир.*
*(Аслида фиқҳ сўзи бир нарсани нозик-нозик жойларигача аниқ ва тўлиқ фаҳмлашни англатади.
Намоз, рўза, олди-сотди, бошқа муаммолар каби амалий шаръий ҳукмларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга фиқҳ деб аталади.
Шаръий ақийдавий аҳкомларн аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга эса «ал-Фиқҳул Акбар» - катта фиқҳ, деб айтилади. Чунки шу илм билинмаса, уни тушиниб етилмаса қилган амаллар ҳам муроддагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам амалий фиқҳ - кичик фиқҳ, ақидавий фиқҳ – катта фиқҳ ҳисобланади.
Илмий доираларда, жумладан Ибн Надимнинг машҳур «ал-Феҳрист»ида ақийдага оид тўртта китобни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳга мансуб китоб дейилади.

1. «ал-Фиқҳул Акбар».
2. «ал-Олим вал Мутааллим».
3. «Рисолатун ила Усмон ибн Муслим ал-Буттий».
4. «Китобур радди алал Қадария».

Ушбу тўрт китоб ичида қадимдан кўпчиликнинг эътиборига сабаб бўлгани ва бизгача етиб келгани «ал-Фиқҳул Акбар»дир.
Бу китоб кичик рисоладан иборат бўлиб бир неча варақни эгаллайди, холос.

«АЛ-ФИҚҲУЛ АКБАР»НИНГ МАТНИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Тавҳиднинг асли ва эътиқод тўғри бўлиши учун қуйидагиларни айтмоқ вожибдир: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, яхши – ёмон қадар Аллоҳ таолодан эканига, ҳисобга, мезонга, жаннат ва дўзах ҳаммаси ҳақлигига иймон келтирдим».
Аллоҳ таоло адад жиҳатидан эмас, лекин Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан бирдир. Айт: «У Аллоҳ ягонадир». Аллоҳ сомаддир. (Ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчидир.) У туғмаган ва туғилмаган. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».
У Ўз яратган нарсалардан бирон нарсага ўхшамас. Унга Ўзи яратган нарсалардан биронтаси ўхшамас. У Ўзининг исмлари, зотий ва феълий сифатлари ила азалийдир ва абадийдир.
Зотийлари – ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш ва ирода.
Феълийлари – яратиш, ризқ бериш, иншоъ – пайдо қилиш, ибдоъ – ихтиро қилиш, сунъ – юзага чиқариш ва бошқа феъл сифатлари.
У исмлари ва сифатлари ила азалийдир, абадийдир. Унга янги исм ва сифат пайдо бўлмаган. У азалдан илми ила олимдир ва илм азалдан сифатдир. У азалдан қудрати ила қодирдир ва қудрат азалдан сифатдир. У азалдан каломи ила гапирувчидир ва калом азалдан сифатдир. У азалдан яратиши ила яратувчидир ва яратиш азалдан сифатдир. У азалдан феъли ила фоилдир ва феъл азалдан сифатдир. Фоъил Аллоҳ таолодир. Феъл азалдан сифатдир. Мафъул махлуқ – яратилгандир. Аллоҳ таолонинг феъли махлуқ эмасдир. Унинг сифатлари азалийдир. Кейин пайдо бўлган ҳам, яратилган ҳам эмас. Бас, ким уларни мхлуқ деса, кейин пайдо бўлган деса ёки тўхтаб қолса ёхуд шак қилса Аллоҳ таолога кофирдир.
Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи мусҳафларда ёзилган, қалбларда ёд олинган, тилларда қироат қилинган, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга нозил қилинган ва Қуръонни талаффуз қилишимиз махлуқдир, уни ёзишимиз махлуқдир, уни қироат қилишимиз махлуқдир ва Қуръон махлуқ эмасдир.
Аллоҳ таоло Қуръонда Мусо ва бошқа набий алайҳис салоту ва саломлардан ва Фиръавн ва иблисдан ҳикоя қилароқ зикр қилган нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улардан хабар берган каломидир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмас. Мусо ва ундан бошқа махлуқларнинг каломи махлуқдир. Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи қадимдир. Уларнинг каломи қадим эмас.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг каломини эшитган. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Ва Аллоҳ Мусога ўзига хос калом айтди», деган. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга гапирмаганида ҳам гапирувчи бўлган. Аллоҳ таоло махлуқотларни халқ қилмасидан олдин ҳам азалдан холиқ эди. Унга ўхшаш ҳеч бир нарса йўқ. У ўта эшитувчи, ўта кўрувчидир.
Аллоҳ таоло Мусога гапирганда Ўзига азалдан сифат бўлган каломи ила гапирган. У зотнинг барча сифатлари махлуқларнинг сифатларига мухолифдир. У бизнинг илмимизга ўхшамаган илм ила билади, бизнинг қудратимизга ўхшамаган қудрат ила қодир бўлади, бизнинг кўришимизга ўхшамаган кўриш ила кўради, бизнинг эшитишимизга ўхшамаган эшитишимиз ила эшитади, бизнинг каломимизга ўхшамаган калом ила гапиради. Биз асбоб-аъзолар ва ҳарфлар ила гапирамиз. Аллоҳ таоло асбоб-аъзоларсиз ва ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқдир. Аллоҳ таолонинг каломи махлуқ эмасдир. У зот бошқа нарсаларга ўхшамаган нарсадир. Нарсанинг маъноси унинг жисмсиз, жавҳарсиз ва сифатсиз исбот бўлишидир. У зотнинг чегараси йўқдир, зидди, тенги, ўхшаши йўқдир. У зотнинг қўли, юзи, нафси Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилганидек бордир. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган юз, қўл нафс кабилар Унинг кайфиятси сифатларидир. Унинг қўли қудратидир ёки неъматидир, дейилмайди. Чунки бунда сифатни ботил қилиш бордир. Бу қавл аҳли қадар ва эътизолнинг қавлидир. Лекин Унинг қўли кайфиятсиз сифатидир. Ғазаби, ризоси ҳам У зот таолонинг кайфиятсиз сифатларидир.
Аллоҳ таоло нарсаларни нарсасиз яратди. Аллоҳ таоло азалдан нарсаларни бўлишидан олдин ҳам билувчи эди. У зотнинг Ўзи нарсаларни ўлчовини ва қазосини белгилагандир. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бирор нарса У зотнинг хоҳишисиз, илмисиз, қазо ва қадарисиз ҳамда Лавҳул Маҳфузга ёзишисиз бирор нарса бўлмайди. Лекин У зотнинг ёзиши васф-сифатлашдир, ҳукм қилиш эмас. Қазои қадар ва машиъат У зотнинг азалий кайфиятсиз сифатларидир.
Аллоҳ таоло йўқ нарсани йўқлик ҳолида йўқ деб билади. Шунингдек, уни вужудга келтирганида қандай бўлиши ҳам билади.
Аллоҳ таоло мавжуд нарсани мавжуд ҳолида мавжудлигини билади. Шунингдек, унинг қай ҳолда фанога юз тутишини ҳам билади.
Аллоҳ таоло тик турувчини тик турган ҳолида тик турганлигини билади. Қачон у ўтирса уни ўтирган ҳолида ўтирувчилигини билади. Бунда У зотнинг илми ўзгармайди ёки Унга янги илм пайдо бўлмайди. Лекин ўзгариш ва ихтилофли бўлиш махлуқларга хосдир.
Аллоҳ таоло халоиқни куфр ва иймондан саломат қилиб яратган. Сўнгра уларга хитоб қилди, амр ва наҳий қилди. Куфр келтирган ўз амали, инкори, ҳақни тан олмаслиги ва Аллоҳ таоло уни тарк қилиши ила куфр келтирди. Иймон келтирган ўз амали, иқрори, тасдиқи ҳамда Аллоҳ таолонинг унга тавфиқ ва нусрат бериши ила иймон келтирди.
У зот Одамнинг зурриятини унинг сулби - пуштикамаридан қумрсқа сувратида чиқарди. Сўнгра уларга хитоб қилиб иймонга амр қилди ва куфрдан қайтарди. Бас, улар У зотни Робблигига иқрор бўлдилар. Бу эса улардан иймон асоси бўлди. Улар ана ўша фитрат – табиат ила туғиладилар. Ундан кейин ким куфр келтирса, батаҳқиқ, (мазкур фитратни) алмаштирган ва ўзгартирган бўлади. Ким иймон келтирса, батаҳқиқ, (мазкур фитратда) собит қолган ва бардавом бўлган бўлади. У зот Ўз яратганлардан бирортаси куфр ёки иймонга мажбур қилмаган ва уларни мўмин қилиб ҳам, кофир қилиб ҳам яратмаган. Лекин уларнинг шахслар қилиб яратган.
Иймон ва куфр бандаларнинг амалидир. Аллоҳ таоло куфр келтирган кимсани куфри ҳолида кофир деб билади ва шундан кейин иймон келтирса уни иймонга келиш ҳолида мўмин деб билади ва муҳаббат қилади. Буларнинг ҳаммаси У зотнинг илми ва сифати ўзгармаган ҳолда бўлади.
Бандаларнинг ҳаракат, сокинлик ва бошқа барча амаллари ҳақиқатда уларнинг касбидир. Аллоҳ таоло (ўша амалларни) яратувчисидир. Уларнинг барчаси Унинг машиъати, илми, қазоси ва қадари иладир. Тоатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг амри, муҳаббати, розилиги, илми, машиъати, қазоси ва тақдири ила вожиб бўлган. Маъсиятларнинг барчаси У зотнинг илми, қазоси, тақдири, машиъати ила, муҳаббатисиз, розилигисиз ва амрисиздир.
Анбиё алайҳиссалоту вассаломларнинг барчаси кичик, катта гуноҳлардан, куфр ва қабоҳатлардан покдирлар. Улардан гоҳида баъзи тойилиш ёки ноқасд хатолар бўлиши мумкин. Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом У зотнинг ҳабибидир, бандасидир, расулидир, набийсидир, сафиййи-танлаб олгани ва нақиййи-поклаганидир. У киши санамга ибодат қилмаганлар, Аллоҳга кўз очиб юмгунча бўлса ҳам ширк келтирмаганлар ва ҳеч ҳам кичик ҳамда катта гуноҳни қилмаганлар.
Набийлар алайҳиссалоту вассаломлардан кейин одамларнинг афзали Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб Форуқ, сўнгра Усмон ибн Аффон Зуннурайн, сўнгра Али ибн Абу Толиб Муртазо розияллоҳу анҳумлардир. Ҳаммалари обидлар, ҳақда собитлар ва ҳақ билан биргалар. Барчаларини дўст тутамиз.
Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг саҳобаларини ҳар бирини фақат яхшилик ила зикр қиламиз. Гуноҳлардан бир гуноҳ туфайли, гарчи у гуноҳи кабира бўлса ҳам, модомики уларни ҳалол санамаса, мусулмонни кофир демаймиз. Ундан иймон исмини кетказмаймиз ва уни ҳақиқатан мўмин деб номлаймиз. Фосиқ мўмин бўлиши, кофир бўлмаслиги жоиз.
Икки махсига масҳ тортиш суннатдир. Рамазон ойи кечаларида Таровеҳ суннатдир.
Мўминлардан ҳар бир яхши ва фожирнинг ортидан намоз ўқиш жоиздир. Мўминга гуноҳлар зарар қилмайди, демаймиз. У дўзахга кирмайди, демаймиз. У дўзахда абадий қолади, демаймиз. Агар фосиқ бўлса ҳам, фақат бу дунёдан мўмин ҳолида чиқса бас. Муржиъаларга ўхшаб, яхшиликларимиз мақбулдир, ёмонликларимиз мағфурдир, демаймиз. Лекин ким ҳамма шартлари ила бузувчи айблардан ва ботил қилувчи маънолардан холи яхши амал қилса ҳамда уни куфр ва ридда ила бузмасдан бу дунёдан мўмин ҳолида чиққан бўлса, Аллоҳ таоло уларни зое қилмайди, балки, ундан қабул қилади ва савоб беради, деймиз.
Ширк ва куфрдан бошқа ёмонликларнинг соҳиби уларга тавба қилмасдан мўмин ҳолида ўлган бўлса, у Аллоҳ таолонинг хоҳишига ҳавола қилинади. Хоҳласа, уни дўзах ила азоблайди. Хоҳласа, уни афв қилади ва асло дўзах ила азобламайди. Амалаллрдан бирида риёкорлик воқеъ бўлса, унинг ажрини ботил қилади. Шунингдек, манманлик ҳам.
Анбиёларнинг мўъжизалари собитдир. Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Аммо иблис, фиръавн ва дажжол каби У зотнинг душманларига бўладиган ва хабарларда уларга бўлди ва бўлади деб ривоят қилинган нарсаларни мўъжиза ҳам, каромат ҳам деб номламаймиз. Балки уларнинг ҳожатларини раво қилувчи нарсалар деб номлаймиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўз душманларининг ҳожатларини уларни даражама-даража олиш ва уқубатга гирифтор қилиш учун ҳожатларини раво қилиб қўяди. Улар бундан ғуруга кетиб туғёнлари ва куфрлари зиёда бўлади. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкиндир.
Аллоҳ таоло халқ қилишдин олдин Холиқ, ризқ беришидан олдин Розиқ эди.
Аллоҳ таоло охиратда кўринади. Уни мўминлар жаннатда турганларида бошларидаги кўзлари билан ташбиҳсиз ва кайфиятсиз кўрадилар. У зот билан халқининг ўртасида масофа бўлмайди.
Иймон иқрор ва тасдиқдир. Осмон ва ер аҳлининг иймони унга мўмин бўлувчи тарафидан зиёда ва ноқис бўлмайди. Яқийн ва тасдиқ жиҳатидан зиёда ёки ноқис бўлади. Мўминлар иймон ва тавҳидда тенг ҳамда амалларда бир-бирларидан афзалдир.
Ислом Аллоҳ таолонинг амрларига таслим бўлиб бўйсинмоқдир. Бас, луғат тарафидан иймон билан исломнинг орасида фарқ бор. Лекин исломсиз иймон ва иймонсиз ислом бўлмас. Иккиси худди ич ва таш кабидир.
Дин иймон, ислом ва шариатларнинг тўплами исмидир.
Аллоҳ таоло Ўзини китобида сифатлаган барча сифатлари ила У зот ҳақида ҳақиқий маърифат ҳосил қиламиз. Ҳеч ким Аллоҳ таолога У зот сазовор бўлган даражада ҳақини адо этиб ибодат қила олмайди. Лекин У зотнинг амри ила худди Китобида ва расулининг суннатида амр қилганидек ибодат қилади.
Мўминларнинг барчалари маърифат, яқийн, таваккул, муҳаббат, ризо, хавф, ражо ва иймонда тенгдирлар. Ўша нарсаларнинг иймондан бошқасида бир-бирларидан афзал бўлишлари мумкин.
Аллоҳ таоло бандаларига фазл кўрсатувчи ва одилдир. Гоҳида У Ўз фазлидан бандага берилиши керак бўлган савобни бер неча баробар кўпайтириб беради. Гоҳида гуноҳ учун Ўз адолати ила уқубат беради, гоҳида Ўз фази ила афв қилади.
Анбиё алайҳиссалоту вассаломларнинг шафоатлари ҳақдир. Набийимиз алайҳиссалоту вассаломнинг шафоатлари гуноҳкор мўминларга ва улардан катта гуноҳларнинг қилганларига, уқубатга сазовор бўлганларига ҳақ ва собитдир. Қиёмат куни амалларни торозуда тортилиши ҳақдир. Набий алайҳиссалоту вассаломнинг ҳавзлари ҳақдир.
Қиёмат куни хусуматчилар орасида яхшиликлардан олиб бериш ила қасос олмоқ ҳақдир. Агар уларнинг яхшиликлари бўлмаса, зиммаларига хусуматчининг ёмонлиги осилиши ҳақ ва жоиздир.
Бугунда жаннат ва дўзах яратилгандир ва улар абадий фоний бўлмаслар. Ҳури ийнлар ўлмаслар, абадийлар. Аллоҳ таолонинг уқубати ва савоби фоний бўлмас, доимийдир. Аллоҳ таоло Ўз фали ила хоҳлаган кимсани ҳидоятга солади ва Ўз адли ила хоҳлаган кимсани залолатга солади. У зотнинг залолатга солиши қаровсиз ташлаб қўйишидир. Қаровсиз ташлаб қўйишнинг тафсири бандани Ўзи рози бўладиган нарсага тўғриламасилигидир. Бу У зотнинг адолатидандир. Шунингдек, қаровсиз ташлаб қўйилганни маъсияти учун уқубатга дучор қилиш ҳам адолатидандир.
Шайтон мўмин банданинг иймонини ундан қаҳр ва жабр ила суғириб олади, демоғимиз жоиз эмас. Лекин банда иймонни такр қилади, ана ўшанда шайтони уни олади, деймиз.
Мункар Накирнинг сўроқ – саволи ҳақдир. Бу қабрда бўладир. Банданинг жасадига руҳи қабрида қайтарилиши ҳақдир. Қабрнинг эзиши ва азоби ҳақдир. Бу нарса кофирларнинг барчасига, осий мўминларнинг баъзисига бўладир. Уламолар форсча зикр қилган Аллоҳ таолонинг сифатларидан форсча қўл дейишдан бошқаси жоиздир. Барўи Худои азза ва жалла деб ташбиҳсиз ва кайфиятсиз демоқ жоиздир.
Аллоҳнинг яқинлиги ёки узоқлиги масофанинг узун қисқаси маъносида эмас. Лекин икром қилиш ёки пастга уриш маъносидадир. Итоаткор У зотга кайфиятсиз яқиндир. Осий У зотдан кайфиятсиз узоқдир. Яқинлик, узоқлик ва қаршилаш муножат қилувчига воқеъ бўлади.
Шунингдек, жаннатда ёнида туриш ва олдида туриш ҳам кайфиятсиздир. Қуръон Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга нозил қилингандир. У ҳафларла ёзилгандир. Қуръоннинг оятлари барчаси калом маъносида фазл ва улуғликда баробардир. Аммо баъзиларининг фазли зикр қилингандир. Баъзиларида зикр қилинган нарса фаззллидир. Мисоли Оятул Курсий. Бу оятда Аллоҳ таолонинг жалоли, азамади ва сифатлари зикр қилинган. Бу оятда икки фазл жам бўлган. Зикр фазилати ва мазкур фазилати. Баъзи оятларда фақат зикр фазилати бўлади, холос. Бунга кофирларнинг қиссалари мисол бўлади. Бундай оятда мазкур – зикр қилинганнинг фазли йўқ. Чунки у кофирлардир. Шунингдек, исмлар ва сифатларнинг ҳаммаси ҳам улуғлик ва фазлда баробардирлар. Ораларида тафовут йўқ.
Қосим, Тоҳир ва Иброҳимлар Р-м.нинг ўғиллари бўлган. Фотима, Руқайяя, Зайнаб ва Умму Кулсимларнинг ҳаммаси Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг қизлари бўлган ва У зот улардан рози бўлганлар.
Қачон инсонга илмут тавҳиднинг нозик масалаларидан бири мушкул бўлиб қолса, у дарҳол, олим шахсни топиб сўрагунча, Аллоҳ таолонинг наздида тўғри бўлган эътиқодни қилиши лозим. Сўровни ортга суришга ўрин йўқ. Тўхтаб туриши ила узрли бўлмайди. Агар туриб қолса кофир бўлади.
Меърожнинг хабари ҳақдир. Ким уни рад қилса, у залолатга кетган бидъатчидир. Дажжолнинг чиқиши, Яъжуж ва Маъжуж, қуёшнинг мағрибидан чиқиши, Ийсо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ва саҳиҳ хабарларда келган қиёматнинг бошқа аломатлари бўлиши ҳақдир. Аллоҳ таоло хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қиладир».

«АЛ-ФИҚҲУЛ АКБАР»НИНГ РИВОЯТЛАРИ.

«ал-Фиқҳул Акбар»ни имом Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳдан бир неча киши, жумладан, Имом Аъзамнинг ўз ўғиллари Ҳаммод ибн Абу Ҳанийфа ҳам ривоят қилган. Мазкур ривоятни Мулло али Қори шарҳ қилган.
Шунингдек, «ал-Фиқҳул Акбар»ни Абу Мутийъ Балхий ҳам ривоят қилган. Мазкур ривоятни ал-Фиқҳул Абсат деб номланган ва Абуллайс Самарқандий ва Ато ибн Али Жузжонийлар шарҳ қилганлар.
Мазкур ривоят ва шарҳлардан бошқалари ҳам бўлиб уларнинг ичида Абу Мансур Мотуридийга мансуб шарҳ ҳам бор.

 
« Олдинги

madrasa.uz