Амаллар қабул бўлишида муҳим омиллар Принтер учун
16.06.2013 й.
Банданинг амаллари Аллоҳ даргоҳида ҳусни мақбул бўлиши учун амалда қуйидаги беш нарса бўлиши шарт. Улар:
Биринчиси – имон ва ислом.
Кишининг қилаётган амали қабул бўлиши учун, аввало, банда мусулмон бўлиши, Аллоҳ таоло, фаришталар, илоҳий китоблар, пайғамбарлар, хуллас имон келтириш лозим бўлган барча нарсаларга бирон шак-шубҳасиз, йақийн имон билан ишониши керак. Аллоҳ таоло айтади:
“Бас, ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллар қилса, унинг саъй-ҳаракати зоеъ бўлмас – Биз уни ёзиб қўйгувчимиз” (Анбиё, 94).
Яхши амал қиладиган имони йўқ кишилар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
“(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўрувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганликлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли – яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдилар!” Улар Парвардигорларининг оятларини ва (қиёмат куни) У Зотга рўбарў бўлишни инкор қилиб, бугун амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллари) учун ҳеч қандай қадр-қиймат бермаймиз” (Каҳф, 103-105).
Иккинчиси – ният.
Банда ҳар бир амални қилишидан аввал ният қилиши, ўша амални нима мақсадда қилаётганини қалбидан ўтказиб, Аллоҳга илтижо ва дуода бўлиши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”, деганлар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилган).
Учинчиси – ихлос.
Банда имонли бўлиши ва ният қилиши билан бир қаторда Аллоҳга ихлос билан, худди У Зотни кўриб тургандек ибодат қилиши шарт. Абу Умома розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг розилигини истаб, ихлос билан қилинадиган амаллардан бошқасини қабул қилмайди” (Абу Довуд ва Насоий  ривояти. Санади яхши).
Тўртинчиси – риёдан сақланиш.
Банда ният ва ихлос қилиш баробарида риё иллатидан ҳам сақланиши керак. Акс ҳолда риё ёки сумъа аралашган ҳар қандай амал қабул қилинмай рад этилади. Бу ҳақда бизлар учун қаттиқ огоҳлантириш келган. Қосим ибн Мухаймиро розийаллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ ханталнинг уруғи миқдорича (яъни, оз бўлса ҳам) риё бўлган бирон-бир амални зинҳор қабул қилмайди” (Ибн Жарир Табарий ривояти).
Бешинчиси – тақво.
Қуръони каримда Одам алайҳис салом ўғли Ҳобил тилидан шундай дейилган: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилади” (Моида, 27).
Яъни, Аллоҳ Ўзига тақво қилган, ихлос билан амал қилиб, ширк ва маъсият ишлардан узоқ бўлган бандалар амалларини қабул қилади.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу шундай деган: “Аллоҳ таоло бир маҳал ўқиган намозимни қабул қилди, деб аниқ ишонишим, мен учун дунё ва ундаги нарсалардан севимлироқдир. Зеро, Аллоҳ айтадики: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина қабул қилади”.
Олтинчиси – гуноҳлардан четланиш.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уч тоифанинг намозини қабул қилмайди ва улар учун осмонга биронта ҳам яхшилик (савоб амал)ни кўтармайди. Булар: қочиб кетган қул, токи хожасининг олдига қайтиб, ўзини уларга топширгунича; эри ундан ғазабланган аёл, токи ундан рози бўлгунича; маст киши, токи ҳушига келгунча”, деганлар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Анкабут сурасининг 45-ояти, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтариши ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Кимнинг намоз уни бузуқ ва ёмон ишлардан қайтармаса, унинг учун намоз йўқдир”, дедилар (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Хуллас, банданинг амаллари Аллоҳ тарафидан қабул қилишини учун юқорида санаб ўтилган омиллар муҳимдир. Агар улардан биронтаси йўқ бўлса, у ҳолда амал нуқсонли бўлади ёки умуман ҳисобга олинмайди. Шунинг учун, аввало Аллоҳга ҳақиқий имон келтириб, сўнгра ниятни яхшилаб, ихлос билан, риёдан сақланган ҳолда амалларимиз адо этсак, қиёмат куни унинг самарасини кўрамиз, Аллоҳ розилигига эришамиз!

Одилхон қори Юнусхон ўғли
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz