Ислом шариъатида кулгига муносабат Принтер учун
06.07.2013 й.
Ҳаммамизга маълумки, инсон агар хурсанд бўладиган бўлса, одатда унинг чеҳрасида хурсандчилик аломати сифатида кулги пайдо бўлади. Бизнинг орамизда кулги деб ишлатиладиган бу атамани фиқҳ уламолари уч қисмга бўлишган:
1. Қаҳқаҳа – инсон овоз чиқариб кулганда, ўзи ва ёнидаги бошқалар ҳам эшитадиган кулгидир.
2. Зиҳк – инсон кулганда овозини ўзи эшитиб, бошқа ёнидагилар эшитмайдиган кулгидир.
3. Табассум – ўзи ҳам ва бошқалар ҳам эшитмайдиган кулгидир.
Аммо, умумий холатда зиҳк овозли кулгига, табассум эса овозсиз кулгига нисбатан ишлатилади.
Кулги икки холатда бўлиши мумкин.
1.    Инсон бирор нарсадан хурсанд бўлиб, кайфияти кўтарилган холатдаги кулги. Бу кулги меъёрий холда бўлса, шариъатда рухсат этилгандир.
2.    Бирор инсоннинг камситиш учун ёки обрўсини тўкишлик мақсадидаги кинояли кулиш. Мусулмонлар ўртасидаги бундай кулги шариъатда қайтарилган ишдир.
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَيَقُولُونَ يَا وَيْلَتَنَا مَالِ هَذَا الْكِتَابِ لَا يُغَادِرُ صَغِيرَةً وَلَا كَبِيرَةً إِلَّا أَحْصَاهَا
“Улар: “Вой, шўримиз қурисин. Бу қандай китоб, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай ҳисоб қилибди-я”, дерлар”. (Каҳф, 49-оят).
Имом Бағавийнинг тафсирларида, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги,  صَغِيرَةً- лафзи табассум,  كَبِيرَةً- лафзи эса, зиҳк маъносида бўлиб, бу кофирларнинг дунёда мўъминлар  устидан масхара қилиб кулганларидир, деб тафсир қилганлар.
Ёки бошқа оятда шундай дейилган:
إِنَّ الَّذِينَ أَجْرَمُوا كَانُوا مِنَ الَّذِينَ آَمَنُوا يَضْحَكُونَ
“Албатта, жиноят қилганлар иймон келтирганлар устидан кулар эдилар”. (Мутоффифун, 29- оят)
Юқоридаги оятларда кофирларнинг мусулмонларни ҳақорат қилиш ва уларни камситиш холатидаги кулгилари баён қилинмоқда. Бундай бировга азият бериш ёки ҳақорат маъносидаги кулги, агарчи, мусулмонларнинг орасида бўлса ҳам мутлақо дуруст эмас.  
عَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ : مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مُسْتَجْمِعًا ضَاحِكًا حَتَّى أَرَى مِنْهُ لَهَوَاتِهِ إِنَّمَا كَانَ يَتَبَسَّمُ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларини катта очиб, оғизларининг ичи кўринадиган даражада кулганларини кўрмаганман. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо табассум қилар эдилар”. Бухорий ривоят қилган
.عَنْ سِمَاكِ بْنِ حَرْبٍ قَالَ قُلْتُ لِجَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ : أَكُنْتَ تُجَالِسُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : نَعَمْ كَثِيرًا كَانَ لاَ يَقُومُ مِنْ مُصَلاَّهُ الَّذِى يُصَلِّى فِيهِ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ فَإِذَا طَلَعَتْ قَامَ وَكَانُوا يَتَحَدَّثُونَ فَيَأْخُذُونَ فِى أَمْرِ الْجَاهِلِيَّةِ فَيَضْحَكُونَ وَيَتَبَسَّمُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Симак ибн Ҳарбдан ривоят қилинади: У киши айтдилар:
“Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳуга шундай дедим: “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганмисиз?” У: “Ҳа, У зот кўпинча (бомдод) намозини ўқиган жойларидан, то қуёш чиқмагунча турмас эдилар. Агар қуёш чиқса, ўринларидан турар эдилар. Саҳобалар эса, (ўринларидан турмасдан) ўзаро жоҳилият пайтидаги ишлар ҳақида гаплашишиб кулишар эдилар, У зот табассум қилар эдилар”. Муслим ривоят қилган.
عَنْ قَتادَةَ قالَ : سُئِلَ ابْنُ عُمَرَ : هَلْ كانَ أصْحابُ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَضْحَكونَ ؟ قالَ : نَعَمْ ، وَالْاِيْمانُ فِي قُلُوبِهِمْ أَعْظَمُ مِنَ الجْبِالِ.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:
Ибн Умарга савол берилди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кулишар эдими?” У: “Ҳа, иймон уларнинг қалбларида тоғдан ҳам каттароқ бўлган холларида кулар эдилар” дедилар.
Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куладиган бўлсалар табассум қилганлар, агар бирор киши билан учрашсалар ҳам очиқ юз билан муомала қилганлар. У зотнинг саҳобалари ҳам ўзаро ҳазил-ҳузул қилишиб, кулишганлар. Лекин, меъёрни сақлаган холатда кулишган. Бу кулгилари фақат зоҳирий холатда бўлган, ботинлари эса иймон билан тўлиб тошган. Демак, ушбу ҳадислардан далилланган холда табассум қилиш ва меъёрни сақлаган холда кулиш ислом шариъатида мубоҳ ишдир. Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган ушбу ҳадисда кўп кулишдан қайтарилган.
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : وَلا تُكْثِروا  الضَّحِكَ ، فَإِنَّ كَثْرَةَ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кулгини кўпайтирманглар. Чунки, кўп кулги қалбни ўлдиради”, дедилар. Бухорий ривоят қилган
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўп кулишни ва уни одатга айлантириб олишдан қайтаряптилар.
Ҳужжатул ислом, Имом Ғаззолий шундай деганлар: “Кўп кулиш ва молу-дунё билан хурсанд бўлиш, инсоннинг томирларига сизиб кирувчи ўлдирувчи заҳар кабидир. У қалбдан хавф, ҳузн ва ўлим ва қиёматни эслашлик каби яхши хусусиятларни чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бировни камситиш маъносида бўлмаган, меъёрдаги кулги ислом шариъатида ман қилинган эмас. Аммо, меъёрдан ошиб кетадиган бўлса, инсон қалбининг ўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай кулгидан сақланиш лозимдир.

Мадаминов Шокиржон, “Кўкалдош”
ислом билим юрти мударриси  

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz