Таровеҳ намозининг ҳукми Принтер учун
15.07.2013 й.

Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлса-да, аслида, аҳли суннат ва-л-жамоатнинг тўрт мазҳаби бўйича суннати муаккададир. Уни эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўқишларига бутун аҳли суннат ва-л-жамоатнинг уламолари иттифоқдирлар.

Унинг суннат эканлигига далил учтадир: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат бўлиб ўқиганларни олқишлаганлар, яъни тақрир қилганлар; ўзлари таровеҳни жамоат бўлиб ўқиганлар; таровеҳнинг фазилатини баён қилганлар.

Тақрирларини Имом Байҳақий Саълаба ибн Абу Молик ал-Қуразийдан “Бу мурсал ҳасан ҳадисдир!” деб ривоят қилган:

خرج رسول الله صلى الله عليه وسلم ذات ليلة فى رمضان فرأى ناسا فى ناحية المسجد يصلون فقال: ما يصنع هؤلاء؟ قال قائل: يا رسول الله هؤلاء ناس ليس معهم قرآن و أبى بن كعب يقرأ وهم معه يصلون بصلاته. فقال: قد أحسنوا او قد أصابوا. ولم يكره ذلك منهم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдилар, қарасалар, одамлар масжиднинг бир бурчагида намоз ўқияптилар экан. “Булар нима қилаяптилар?” дедилар. Биров: “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Бу одамларнинг ичида Қуръонни тўла ёд олгани йўқ, Убай ибн Каъб тўла қироат қила олади. Одамлар у билан намоз ўқимоқдалар”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши қилибдилар!” ёки “Тўғри қилибдилар!” дедилар. Уларнинг қилаётган ишларини кариҳ кўрмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таровеҳ ўқиганликлари бир қанча саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида рамазон кечасида одамлар ҳар жой-ҳар жойда намоз ўқир эдилар. Қуръондан бирор нарса биладиган кимсанинг намозига қўшилиб, беш, олти ёки ундан озроқ ёхуд кўпроқ нафар бўлишиб намоз ўқирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шундай кечаларнинг бирида менга ҳужрамнинг эшига олдига чодир тикиб беришимни буюрдилар. Мен шундай қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги хуфтан намози ўқилгандан сўнг у ерга чиқдилар. Масжидда бор кимсалар жам бўлиб келдилар, уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси узоқ намоз ўқиб бердилар. Сўнг чодирни шу ҳолида ташлаб ичкарига кириб кетдилар. Эрталаб одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақида гапиришар эди. Ўша кечаси олдинги кечадан кўп бўлганидан ҳам одамлар кўп бўлиб кетди, одамлар масжидда кечқурун кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи кечада чиқиб, одамларга намоз ўқиб бердилар. Эрталаб одамлар мана шуни зикр қилар эдилар. Масжид аҳли учинчи кеча масжидга тўлиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом масжидда одамлар билан қўшилиб, намоз ўқидилар. Тўртинчи кечада эса масжидга одамлар сиғмай кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги хуфтан намозини одамлар билан ўқидилар-да, уйларига кириб кетдилар. Одамлар (кутиб) қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Ойша, одамларга нима бўлди?” дедилар. Ул зотга дедим: “Эй, Расулуллоҳ! Одамлар масжидда бўлган кишилардан Сизнинг кечаги намозингизни эшитишган. Шунинг учун Сиз билан намоз ўқиш ниятида тўпланганлар”. “Эй Ойша, чодирингни йиғиштириб ола қолгин!” дедилар. Мен шундай қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғафлатда қолмасдан кечани ўтказдилар. Одамлар эса жойларида қолдилар. Улардан баъзи кишилар “Намоз!” деб қичқириб қўярдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг (намози)га чиқдилар. Бомдодни ўқиб бўлганларидан сўнг одамларга қараб ўтирдилар ва калимаи шаҳодатни айтиб:

امّا بعد، ايّها الناس، أما والله، ما بتّ والحمد لله، ليليتى هذه غافلا. و ما خفى على مكانكم و لكنى تخوفت ان يفترض عليكم. و فى رواية: و لكن خشيت ان يفترض عليكم صلاة الليل فتعجزوا عنها، فأكفلوا من الأعمال ما تطيقون. فانّ الله لا يملّ حتى تملوا

“Аммо баъд. Эй, одамлар! Огоҳ бўлинг, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бу кечамни ҳам ғофил ўтказганим йўқ. Сизлар жойларингизда қолганингиз ҳам менга яширин эмасди. Бироқ, сизларга фарз бўлиб қолишдан хавфсирадим”. Бир ривоятда: “Бироқ, сизларга кечки намоз фарз бўлиб қолишдан қўрқдим, ундай бўлса, сизлар ожиз қолардинглар. Шунинг учун амаллардан тоқатингиз етадиганига киришинглар. Бас, албатта Аллоҳ сизлар малолланмагунингизгача малолланмас”.

Нўъмон ибн Башир разийаллоҳу анҳу ривоятида мазкур воқеа рамазоннинг йигирма учинчи кечаси бошланиб, таровеҳ туннинг учдан бири қолгунча давом этгани, йигирма бешинчи кечада эса тун ярмигача давом қилгани, йигирма еттинчи кечада бўлса, қарийб тонг отиб қолгунча давом қилгани айтилади.

Асҳоби сунан Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларига қараганда, ўша вақтда таровеҳ намози қироат чўзилганлиги ҳисобига одамлар саҳарлик қилолмай қолишдан қўрқиб ҳам қолишган эканлар.

Анас разийаллоҳу анҳу воқеани мана бундай тасвирлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда намоз ўқиётган эканлар. Мен ёнларига бориб турдим. Сўнг бошқа биров ҳам келди. Сўнг яна биров келди, ҳатто ўнга яқин одам бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен орқаларида турганлигимни ҳис қилиб, намозни енгил ўқидилар. Кейин ўз манзилларига кириб кетдилар. Ўз жойларига кириб кетганларидан сўнг бизнинг олдимизда ўқимаган намозларини ўқидилар. Тонг отганида, биз дедик: “Эй, Расулуллоҳ! Кеча бизларни тушундингизми?”. Ул зоти шариф:

نعم، و ذاك الذى حملنى على ما صنعت

“Ҳа, мен қилган бу нарса менга юклатилган эди”, дедилар.

Мазкур ривоятдан маълум бўлмоқдаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алауҳи васаллам одамлар билан таровеҳ ўқигандан сўнг ичкарига кириб кетиб, яна ўзлари таровеҳни давом қилдирганлар. Шунинг учун “Туҳфат ал-муҳтож”да таровеҳнинг саккиз ракъатдан қолганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқишларидан олдин ёки кейин ўқиганларининг эҳтимоли борлиги айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга шафқат қилиб таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиб берганларидан сўнг уйларига кириб йигирма ракъатга тўлдирганлар. Саҳобаи киромлар ҳам шундай қилар эдилар. Бунга далил шуки, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичкаридан асаларилар вишиллаши каби қироат қилишларида чиққан сасларини эшитар эдилар.

Ана шундай сабабларга кўра, яъни уммати Исломга таровеҳ намози фарз бўлиб қолишдан хавфсираган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ўқимай қўйдилар. Лекин, Аллоҳ таоло шариати исломияни мукаммал қилгандан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мазкур қўрқув йўқолди. Бинобарин, қўрқув сабабидан тарк қилинган жамоатнинг асл ҳукми қайтди. Шу сабабдан ҳам Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу таровеҳни асл ҳукмида жамоат бўлиб ўқишни ташкил этдилар, бунга бутун асҳоби киром ижмоъ қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларига соҳиб бўлган Ҳузайфа ибн Ямон разийаллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазон кечасида намоз ўқиганликларини кўриб қолган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кечасида хурмо япроғидан қилинган ҳужраларида қоим бўлдилар. Сўнг челакда сув унга қуйилди. Сўнг “Аллоҳу акбар” деб уч марта айтиб: “За-л-малакути ва-л-жабарути ва-л-кибриёи ва-л-ъазамати” деб, Бақара сурасини ўқидилар. Сўнг рукуъ қилдилар, рукуълари қиёмлари мислича эди. Рукуъларида: “Субҳана Раббийа-л-ъазим” деб қиёмлари мислича айтдилар. Сўнгра рукуъдан бош кўтардилар-да, рукуълари миқдорича турдилар ва “Ли-Роббийа-л-ҳамду” дедилар. Сўнгра сажда қилдилар. Саждалари қиёмлари миқдорича бўлди. Саждаларида “Субҳана Раббийа-л-аъло” дердилар. Сўнгра саждадан бошларини кўтардилар. Сўнгра икки сажда орасида ўтириб: “Робби-ғфир лий” дедилар. Саждалари миқдорича ўтирдилар. Сўнг сажда қилдилар-да, қиёмлари миқдорича “Субҳана Раббийа-л-аъло” дедилар. Шундай қилиб тўрт ракъат намоз ўқидилар. Уларда Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида ва Анъом сураларини қироат қилдилар. Ҳатто Билол келиб, намозга азон айтганди.

Юқоридаги ривоятларга суяниб, “Туҳфат ал-муҳтож” соҳиби фарзлардан кейинги жамоат бўлиб ўқиладиган намозларнинг энг афзали таровеҳ намозидир, деган фикрни олға суради.

Таровеҳнинг фазилати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга таровеҳ фарз бўлиб қолишдан хавфсираб жамоат бўлиб таровеҳни давом қилдирмаган бўлсалар-да, бироқ, доим уни ўқишга одамларни тарғиб қилар эдилар.

Абу Зар разийаллоҳу анҳу айтади: рўза тутдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан (таровеҳ) намоз ўқимасдилар. Ойдан еттита (кун) қолганида, бизларга кечанинг учдан бири кетгунча намоз барпо қилдилар. Олтинчида бизга намоз ўқимадилар. Бешинчида яна кечанинг ярми кетгунча намоз ўқиб бердилар. Биз дедик: “Эй, Расулуллоҳ! Бу кечанинг қолганида ҳам бизга нафл (таровеҳ) ўқиб берсалар”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

انه من قام مع الامام حتى ينصرف كتب له قيام ليلة

“Ҳақиқат шуки, кимки имом билан бирга у кетгунча намозда турса, унга кечаси (намозда) тургандек савоб ёзилади”.

Кейин бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бермадилар, ойнинг уч куни қолганда эса намоз ўқиб бердилар. Аҳли ва аёлларини чорладилар, бизга намоз ўқиб бердилар. Ҳатто биз фалоҳдан хавфсирадик. “Фалоҳ нима?” деганимда, “Саҳарлик” деди.

Имом Аҳмад бундай деган: “Бирор кимса имом билан бирга таровеҳ ва у билан бирга витрни ҳам ўқишидан мен хурсанд бўламан, зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

انّ الرجل اذا قام مع الامام حتى ينصرف كتب الله له بقية ليلته

“Албатта инсон қачонки, имоми билан бирга у қайтгунча намозда қоим бўлса, Аллоҳ таоло унга кечасининг қолганини (қоим ўтказган деб) савоб ёзади”. Шунинг учун Имом Аҳмад одамларга таровеҳ ва витрни ўзлари ўқиб берар эканлар.

Абдураҳмон ибн Авф ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

انّ الله تبارك وتعالى فرض صيام رمضان عليكم، و سننت لكم قيامه. فمن صامه و قامه ايمانا واحتسابا خرج من ذنوبه كيوم ولدته أمّه

“Албатта Аллоҳ таоло сизларга рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Бас, кимки иймон ва ихлос билан унда рўза тутса ва қоим бўлса, гуноҳларидан онаси уни туғган кундагидек чиқади”.

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон қиёмига унга азимат (қасд) қилмасдан одамларни тарғиб қилар эдилар. Ул зоти шариф айтар эдилар:

من قام رمضان ايمانا و احتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه

“Кимки рамазонда имон ва излос ила (таровеҳга) қоим бўлса, ўтган гуноҳлари унга мағфират этилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига Қузоъа қабиласидан бир киши келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Мен Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Сиз Аллоҳнинг элчиси эканлигингизга гувоҳлик бердим, беш вақт намоз ўқийман, рамаоз ойи рўзасини тутаман, рамазон кечаларида (таровеҳда) тураман, закот бераман. Шунга нима дейсиз?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Кимки мана шундай ҳолатда вафот этса, сиддиқ ва шаҳидлардан бўлур!”.

Таровеҳ рамазон ойининг кечаларида суннат бўлган амалдир. Кечки намозларга Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам алайҳи-с-солату ва-с-салом тарафларидан доимо тарғиб бўлиб келган. Жумладан, Абу Умома ал-Боҳилий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

عليكم بقيام الليل فانه دأب الصالحين قبلكم وهو قربة لكم الى ربكم ومكفرة للسيئات ومنهاة عن الاثم

“Ўзингизга кечалари қойим бўлишни лозим тутинг. Зеро, у сиздан олдинги солиҳ зотларнинг одатидир. У Парвардигорингизга сизни яқинлаштирадиган, ёмонликлар учун каффорат бўладиган, гуноҳлардан қайтарадиган амалдир”.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса:

افضل الصلوة بعد المفروضة صلوة فى جوف الليل

“Фарзлардан кейинги энг афзал намоз кеча ичидаги намоздир”, дейилади.

Имом Байҳақий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қори Қуръонларни ва кечалари қоим бўладиганларни умматнинг энг шариф зотлари деб мадҳ қиладилар:

اشراف أمّتى حملة القرآن واصحاب الليل

“Умматимнинг энг шарофатлилари Қуръонни кўтарганлар ва кечаларнинг соҳибларидирлар”.

Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деб, Имом Ҳоким саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أيها الناس أفشوا السلام وأطعموا الطعام وصلوا الأرحام وصلوا بالليل والناس نيام تدخلوا الجنة بسلام

Эй одамлар! Саломни ошкора қилинглар, (бир-бирларингизга, очларга) таом беринглар, қариндошларга силаи раҳим қилинглар ва одамлар ухлаётганда кечаси намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат кирасизлар!”.

Фақатгина Пайғамбаримиз кечки намозларни мадҳ қилган эмас, кечки намозларга тарғиб қилган эмас, балки Аллоҳ таолонинг ўзи Раҳмоннинг суюкли бандаларини бундай тавсиф қилган:

وَالَّذِينَ يَبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّداً وَقِيَاماً {64}

“Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 64-оят).

Бошқа ўринда эса Аллоҳ таоло имонли бандалари ҳақида мана бундай дейди ва уларга қувончли мукофотлар ваъда қилади: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас” (Сажда сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло “Зориёт” сурасида тақводор бандаларни сифатлар экан, уларнинг кечалари ухламасликларини (балки ибодат қилишларини) алоҳида зикр қилади:

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ {15} آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ {16} كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ {17} وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ {18} وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ {19}

“Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва булоқлар узра бўлурлар. Парвардигорлари уларга ато этган нарсаларни (мукофотларни) олган ҳолларида (бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (дунёда) эзгу ишларни қилувчи эдилар. (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар. Уларнинг мол-мулкларида тиланчи ва маҳрум (муҳтож) кишилар учун (ажратилган) ҳақ (улуш) бўлар эди” (Зориёт сураси, 15-19 оятлар).

Аллоҳ таоло мана бу ояти каримасида эса кечалари ибодат қиладиганлар бошқалардан ортиқ эканлигига, улар кечалари ибодат қилмайдиганлар билан тенг эмаслигига ишора қилиб эслатиб қўяди:

أَمَّنْ هُوَ قَانِتٌ آنَاء اللَّيْلِ سَاجِداً وَقَائِماً يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ

لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ {9}

“Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).

Шунинг учун Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб бундай деган эди:

يا محمد، عش ما شئت فانك ميت، و أعمل ما شئت فانك مجزى به، و أحبب من أحببت فانك مفارقه، يا محمد، أعلم، شرف المؤمن قيام الليل و عزه استغناؤه عن الناس

“Эй, Муҳаммад! Хоҳлаганча яшанг, шунда ҳам сиз (оқибатда) ўласиз. Хоҳлаганча иш қилинг, барибир унга ҳисоб-китоб берасиз, хоҳлаган кимсангизни яхши кўринг, алалоқибат ундан айриласиз. Эй, Муҳаммад! Билингки, мўъминнинг шарафи кечаси (ибодатда) туришдир ва унинг азизлиги эса одамлардан эҳтиёжсиз бўлмоқдир!”.

Ҳазрати Умарнинг таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни

қайта ташкил қилганлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврида жамоат бўлиб ўқилмай қолган таровеҳ намози Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифалик даврида ҳам жамоат бўлиб ўқилмади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалигининг аввалги йилларида ҳам ҳеч ким буни ўзгартиришга журъат қилолмади. Ҳазрати Умар масжиднинг ҳар ер-ҳар ерида беш-олтита одам ўзларича жамоат бўлиб таровеҳ ўқиётганларини кўрар, уларнинг имомларининг қироатини ёқтирмас ва “Уларнинг Қуръонни қўшиқ қилиб юбораётганлигини кўрмоқдаман, Аллоҳга қасамки, агар қодир бўлолсам, уларни ўзгартираман!” деб юрар эдилар.

Кейинги воқеалар Абдурраҳмон ибн Абдулқори ҳикоя қилганидек бўлди:

Бир куни буюк саҳобий, Пайғамбар алайҳиссалом халифаси Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу, халифаликларининг иккинчи йилида, яъни ҳижратнинг 14 чи йилида масжидга чиқсалар, одамлар ҳар ер, ҳар жойда алоҳида-алоҳида намоз ўқияпти экан. Ҳазрати Умар: “Буларни бир қорининг орқасига жамъласам, яхши бўлар экан”, деб, машҳур қорилардан Убай ибн Каъбнинг орқасида ҳамма жамоат бўлиб ўқишни буюрдилар. Кейинги куни чиқиб, одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиганларини кўриб:

نعمت البدعة هذه! والتى ينامون عنها أفضل من التى يقومون

“Бу қандай ҳам ажойиб бидъат бўлди! Таровеҳдан ухлаганлари турганларидан афзалроқ!”, деб одамларнинг таровеҳни кечанинг аввалида ўқиганидан кўра охирида ўқиганини афзаллигин баён қилдилар.

Лекин, уламоларимиз кечанинг охирида ўқийман деб ухлаб қолишнинг хавфи бўлгани учун таровеҳни одамлар билан кечанинг аввалида жамоат бўлиб ўқиб олишнинг яхшироқлигини айтадилар. Ибн Қудоманинг айтишига қараганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан: “Таровеҳни кечанинг охиригача кечиктирасизми?” дейилганда, ул зот: “Йўқ! Чунки, менга мусулмонларнинг суннати яхшироқдир!” деган экан.

Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг тадбирлари билан одамлар Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий каби улуғ қорилар орқасида таровеҳни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички орзулари натижаси ўлароқ жамоат бўлиб ўқий бошладилар. Шундан бери ҳозиргача одамлар жамоат бўлиб таровеҳни қодирмасдан ўқиб келмоқдалар.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу йўқ эканлар. Бир куни масжидга келсалар, масжидда қандиллар осилган, ҳаммаёқ чароғон, одамлар жамоат бўлиб таровеҳ ўқишмоқда. Буни кўриб Ҳазрати Али: “Масжидларимизни нурга тўлдирганидек, Аллоҳ Умарнинг жойини нурга тўлдирсин!” дея дуои хайр қилган эканлар.

Аёлларнинг таровеҳ ўқишлари

Юқорида айтганимиздек, таровеҳни аёллар ҳам ўқишлари суннати муаккададир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ ўқиганларида аҳли аёллари, оила аъзоларини ҳам тўплаганликлари саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари, хусусан, Ойша ва Умму Салама оналаримиз разийаллоҳу анҳумолар таровеҳни қолдирмай ўқишар эдилар. Ойша онамиз Заквон разийаллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқисалар, Умму Салама онамиз ўзи аёллар билан жамоат бўлиб ўқиб берар эдилар.

Абу Яъло саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбнинг таровеҳларда кўринмай қолганини сезиб, ундан сабабини сўрабдилар. Убай: “Рамазон кечалари битта ишим бор”, дебди. “Нима иш экан у?” дебдилар. Убай: “Ҳовлимдаги хотинлар: “Биз Қуръонни (тўла) ўқишни билмаймиз. Сен билан намоз ўқисак”, дедилар. Улар билан саккиз ракъат (таровеҳ) ўқийман ва витр ҳам ўқийман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга розилик билдириб, ҳеч нарса демадилар. Ал-Ҳайсамий “Мажмаъ аззавоид”да “исноди ҳасан” деган.

Мазкур ривоятдан Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаёқ аёлларга таровеҳ ўқиб берганлиги англашилади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни қайтадан ташкил қилганларида Убай ибн Каъбни эркакларга Сулаймон ибн Абу Хайсума (Ҳасма)ни аёлларга таровеҳ ўқиб беришга амр қилган эди. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу даврида эса Сулаймон аёлларга ҳам, эркакларга ҳам таровеҳ ўқиб берган. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврида эса Арфажа ас-Сақафий аёлларга таровеҳ ўқиб берадиган бўлди.

Демак, таровеҳни ўқиш аёлларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан бери суннат бўлиб келмоқда.

Ҳозирда аёллар уйларида ўқиганлари яхшироқ. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

بيوتهنّ خير لهن

“Аёлларнинг уйлари улар учун яхшироқдир”, деганлар.

Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳо ривоят қилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

خير مساجد النساء قعر بيوتهن او قال خير صلوة النساء قعر بيوتهن

“Аёлларнинг энг яхши масжидлари уйларининг тўридир” ёки “Аёлларнинг намозларининг энг яхшиси уйларининг тўридир”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

المرأة عورة، فاذا خرجت استشرفها الشيطان

“Хотин киши авратдир. Бас, қачон кўчага чиқса, шайтон у билан шарафланади”.

Аёллар уйларида ўзлари жамоат бўлиб ҳам намоз ўқий олмайдилар. Имом Моликнинг “ал-Мудаввана”сида Ҳазрати Алининг “Аёл имом бўлмайди” деганлари нақл қилинган. Тўғри, Ойша ва Умму Салама оналаримиздан имом бўлиб аёлларга намоз ўқиб берганлари ривоят этилган. Умму Салама онамиз айнан рамазонда аёлларга намоз ўқиб берганлар. Али ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳу ўз жориясига рамазонда оила аъзоларига таровеҳ ўқиб беришни буюрар эди. Бироқ, улар имом бўлганда олдинга чиқмасдан биринчи сафда аёллар ўртасида туришган. Имом аз-Зайлаъий мазкур ривоятлар Ҳазрати Умар аёлларни масжидга келишидан манъ қилгунча бўлган даврларда содир бўлганини, аёлларнинг жамоати мансух (бекор) қилинганини ёзади. Шунинг учун бўлса керакки, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: “Аёллар жамоатида хайр йўқ!” деганлар.

Аёллар кичик ёшдаги болаларни ҳам таровеҳга ўргатишлари мустаҳабдир. Зотан, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан рамазон ойида болалар ҳам таровеҳ ўқишлари учун ва шунга ўрганишлари учун уларга беланчак ва арғимчоқлар қилиб беришлари нақл қилинган.

Таровеҳ дейилишининг сабаби

Таровеҳ сўзи арабча “тарвеҳа” сўзидан олинган. Унинг маъноси “истироҳат, ором олиш” дегани бўлиб, бу намоз ҳар тўрт ракъатдан сўнг озроқ дам олиб, истироҳат олиб, бироз танаффуслар қилиб ўқилгани учун шу ном билан аталган. Шунинг учун тўрт ракъатни бир тарвиҳа дейилади. Ойша онамизнинг Пайғамбаримизнинг намози ҳақидаги бир гапи бор:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصلى أربع ركعات فى الليل ثمّ يتروّح فأطال حتى رحمته

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечаси тўрт ракъат ўқидилар, сўнг ўтириб дам олдилар. Кейин узоқ вақт намоз ўқидалар, ҳатто менинг раҳмим келди”.

Демак, кечки намозларда ўртада бир оз муддат дам олиб ўқиш Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломда ҳам бўлган экан. Шунинг учун Имом Байҳақий таровеҳ намозида имомнинг истироҳат қилишининг асли мана шудир, деган. Таровеҳ намозидаги дам олиш одати саҳобалар давридан қолган: Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳар икки саломли таровеҳ орасида одамларга масжиддан то бозорга етиш вақти ўтгунча танаффус (дамолиш) берганлар. Тобиъийнларнинг улуғларидан Лайс ибн Саъддан ривоят қилинишича, унинг даврида таровеҳлар орасида одамлар алоҳида ўзларича бир неча ракъат намоз ўқиб олгунча истироҳат берилар экан. Лекин, Уббода, Абуд Дардо, Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳум каби саҳобалар таровеҳ орасида дамолиш пайтида ўзича намоз ўқишни макруҳ санашган эканлар.

Демак, таровеҳда ҳар тўрт ракъатдан сўнг ором олиб ўтириш салафи солиҳинлардан қолган одатдир. Имом Ҳасан ибн Зиёд Ҳазрати Абу Ҳанифадан қилган ривоятлари бўйича икки ракъатдан ўқиб, икки салом берилгандан сўнг ором олиб ўтириш керак. У ҳар жойнинг урфига мувофиқ амалга оширилади. Баъзилар бунда саловотлар айтиб ўтиришади. Ҳарамдагилар эса Каъбани тавоф қилиб ҳам олишади. Баъзилар жим ўтирадилар. Баъзилар имомнинг маърузасини тинглайдилар. Мазҳабимиз уламоларидан Иброҳим ибн Юсуф ҳар тўрт ракъатдан сўнг ҳар ким ўзи алоҳида намоз ўқиган яхшироқ ва гўзалроқ, деганлар. Мадина аҳли шундай қилиб, йигирма ракъат жамоат билан, ҳар ким ўзи ўн олти ракъат намоз ўқиб, таровеҳни ўттиз олти ракъат ўқишган эканлар.

Бизда эса махсус ҳар тўрт ракъат ва таровеҳ билан витр орасида таровеҳ тасбиҳлари бор бўлиб, ўша тасбиҳ уч мартадан такрорланади. Ибн Абуд Дунё Имом аз-Зуҳрийдан нақл қилишича, у бундай деган:

تسبيحة فى رمضان أفضل من ألف تسبيحة فى غيره

“Рамазондаги бир тасбиҳ бошқа ойлардаги минг тасбиҳдан яхшироқдир!”.

Таровеҳнинг нияти

Ҳар бир нарса ниятга боғлиқ эканлиги:

انما الأعمال بالنيات لكلّ امرئ ما نوى

“Иннама-л-аъмолу би-н-нийёт. Ли-кулли имриин ма нава...” ҳадиси билан маълум. Шунинг учун таровеҳ намози ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди, албатта. Маълумки, ният қалбда адо этиладиган амалдир. Бироқ, уламоларимиз тил қалбнинг таржимони эканлигини инобатга олиб, дилга тил билан ният қилишни қўшиб адо этиш афзаллигини айтадилар.

Таровеҳ намозини таровеҳ ёки суннати вақт ёхуд қиёми лайл деб ният қилинади. Мутлақ намоз ёки нафл деб таровеҳга ният қилишни олдинги уламолар жоиз эмас, дейишган бўлса-да, лекин кейинги уламолар буни дуруст деганлар.

Таровеҳда имомга иқтидо қилаётган одам имомга иқтидо қилаётганини ҳам ният қилиши лозим. Бусиз таровеҳга қўшилмай қолиши мумкин. “Агар имом хуфтан ўқиётган бўлса, иқтидо қилдим, агар таровеҳ ўқиётган бўлса иқтидо қилмадим” деганга ўхшаш иккиланишлар билан намозга қўшилиб бўлмайди.

“Хониййа” ва “Сирожиййа” номли фатво китобларида таровеҳ бошланишида ният қилиб олса бўлгани, кейинги икки ракъатларда ният қилмаса ҳам бўлади, дейилган. Чунки таровеҳнинг ҳамма ракъатлари бир намоз ҳисобланади. Бироқ, “Хулоса”да таровеҳ бир намоз бўлгани билан ҳар бир икки ракъат алоҳида ҳисоб-китоб қилинади, шунинг учун ҳар икки ракъатга алоҳида ният қилиш керак, дейилган. Мана шу эҳтиёт юзасидан ҳам жуда тўғри, чунки, ракъатлар орасида у ёқ, бу ёққа қараш, ёнидаги билан сўзлашиш мумкин. Шу боисдан ниятни ҳар сафар янгилаб олган маъқул.

Таровеҳ саккиз ракъат бўлган

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда саккиз ракъат ва яна уч ракъат витр ўқиганлар. Кейин умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, узр айтиб, умуман жамоатда ўқимай қўйганлар. Бунинг энг катта далили таниқли муҳаддислар тарафидан энг саҳиҳ иснодлар билан ривоят этилган. Абу Салама ибн Абдурраҳмон Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазонда ўқийдиган намози қандай эканлигини сўраганида, ул зоти шарифа бундай деб жавоб берганлар:

ما كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يزيد فى رمضان و لا فى غيره على احدى عشرة ركعة. يصلى أربعا فلا تسأل عن حسنهنّ و طولهنّ ثمّ يصلى أربعا فلا تسأل عن حسنهنّ و طولهنّ ثمّ يصلى ثلاثا

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатга зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракъат (витр) ўқир эдилар”.

Мазкур ҳадиси шарифга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳни саккиз ракъат ўқиганлар, деб ҳукм қилинади.

Ибн Абу Шайба ва Муслимлар ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечки намозлари ўн уч ракъат бўлганлиги ҳам зикр этилади. Бунда бомдоднинг икки ракъат суннати қўшилган бўлади. Молик ва Бухорий ҳамда Термизийларнинг яна бир ривоятларида келишича, икки ракъат енгил қилиб ўқиган бомдод суннатидан бошқа ўн уч ракъат намоз ўқиганлар. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Товус номли тобиъийндан мурсал ҳадис ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари ўн етти ракъат намоз ўқир эдилар.

Юқорида ўтган ривоятлардан таровеҳ ракъатларининг адади кўпайиши мумкинлигини ҳам билиб оламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиганликлари ҳақидаги ҳадисни қувватлайдиган бошқа ривоят ҳам бор. Уни Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳу айтган:

صلى بنا رسول الله عليه وسلم فى شهر رمضان ثمان ركعات و أوتر فلما كانت القابلة اجتمعنا فى المسجد و رجونا أن يخرج فلم نزل فيه حتى أصبحنا ثمّ دخلنا فقلنا يا رسول الله اجتمعنا البارحة فى المسجد و رجونا أن تصلى بنا فقال انى خشيت أن يكتب عليكم

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида бизга саккиз ракъат намоз ўқиб бердилар ва витр ўқидилар. Эртаси куни биз масжидга йиғилдик, ул зоти шариф чиқади, деб ўйладик. Бас, тонг отгунча бизнинг олдимизга келмадилар. Сўнг келганларида, биз айтдикки, “Эй, Расулуллоҳ! Кеча масжидда тўпланган эдик, бизга намоз ўқиб берасиз, деб умид қилган эдик”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларга фарз бўлиб ёзилишидан қўрқдим” дедилар”.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳам Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий разийаллоҳу анҳумларга одамларга ўн бир ракъат (шундан учтаси витр) ўқиб беришларига буюрган эканлар. Қори бир кунда икки юз оятлар чамасида қироат қилган. Қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолишган. Одамлар тонг ёришаётганда уйларига қайтишган. Буни Имом Молик ривоят қилган.

Имом ас-Суютий “ал-Масобиҳ фий солат ат-Таровеҳ” асарида Ибн ал-Жавзийдан ривоят қилиб, Имом Моликнинг гапини келтирган: “Менга Умар ибн Хаттоб одамларни жам қилган ўн бир ракъат севимлироқ. Зотан, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганлар”. Унга дейилди: “Витр билан қўшиб ўн бир ракъатми?”. У деди: “Ҳа, ўн уч ракъат ҳам қарийб тўғри. Ракъатларни кўпайтириб олганларини қаердан олишганини билмайман”. “Туҳфат ал-аҳвазий”да бу Имом Моликнинг ўз-ўзига ихтиёр қилган қавли, дейилган. Зотан, унинг фатвоси ва мазҳабининг ихтиёр қилган қавлига кўра таровеҳ ўттиз олти ракъатдир.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий “Туҳфат ал-муҳтож” асарида таровеҳни бошидан саккиз ракъатга қисқартириб ўқийман, деб ният қилиб ўқиса савоб олиши, таровеҳ ўртасида саккиз ракъат қилиб ташлаб кетиши эса яхши эмаслигини қистириб ўтади.

Таровеҳ йигирма ракъат бўлган

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиганликларига сароҳатан саҳиҳ ҳадис топилмайди. Шунинг учун “Тафсири Жалолайн” соҳибларидан бири Жалолиддин ас-Суютий ўзининг “ал-Масобиҳ фий салот ат-Таровеҳ” номли рисоласида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма ракъат таровеҳ ўқиганлари собит бўлмаган, дейди.

Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда йигирма ракъат ўқиганлар ва витрни ҳам ўқиганлар. Имом Байҳақий мазкур ҳадисни ривоят қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма ракъатни жамоатсиз ўқир эди, деган.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний “Тахриж ал-аҳодис аш-Шарҳ ал-кабир” асарида Имом ар-Рофиъийнинг ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кеча одамларга таровеҳни йигирма ракъат ўқиб берганлигини ривоят қилганини ёзиб қолдирган.

Таровеҳни жамоат бўлиб йигирма ракъат ўқишликка уммат ижмоъ қилган. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бошлиқ саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқишган. Убай ибн Каъб, Тамим ад-Дорий, Зайд ибн Собит, Ҳазрати Усмон ибн Аффон, Ҳазрати Али каби энг улуғ саҳобалар, қорилар таровеҳни масжидда жамоат бўлиб йигирма ракъат қилиб ўқиганлар. Имом Суютийнинг айтишига қараганда, Ҳазрати Умар аввалига таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқишга буюрган, кейинчалик йигирма ракъат қилиб ўқишга саҳобалар билан тўхталинган. Буни Имом Байҳақий ҳам тан олган.

Имом Абдурраззоқ Муҳаммад ибн Юсуфдан ривоят қилишича, саҳобалар даврида йигирма бир ракъат ўқилган (охирги ракъат витр сифатида айтилган бўлса керак).

Байҳақий ва Жаъфар ал-Фарёбийлар Язид ибн Хасийфа орқали ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилганларки, Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу даврларида рамазон ойида йигирма ракъат намоз ўқилган. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу даврларида икки юз оят қироат қилганларида қиёмнинг шиддатидан улар ҳассаларига суяниб қолар эканлар.

Ибн Абдулбарр ал-Ҳорис ибн Абдурраҳмон ибн Абу Зубоб орқали ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилганки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу даврларида йигирма уч ракъат намоз қоим қилинган.

Имом Молик ва ал-Фарёбий ҳамда Байҳақий, шунингдек, Ибн Абу Шайбалар Язид ибн Румондан ривоят қилишича, рамазонда одамлар Умар ибн Хаттоб даврларида йигирма уч ракъат барпо қилар эдилар. Бу мурсал ёки мунқатиъ ҳадисдир.

Абу Бакр ибн Абу Шайба Яҳё ибн Саиддан ривоят қилишича, Ҳазрати Умар бир кишига улар билан йигирма ракъат таровеҳ ўқишни буюрган.

Абу Саъд ва Абул Ҳаснодан ривоятки, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бир кишига уларга қўшилиб рамазонда йигирма ракъат ўқишни буюрганлар.

Абу Абдураҳмон ас-Суламий ривоят қилганки, Ҳазрати Али рамазонда қориларни чақириб, улардан бировига одамларга йигирма ракъат ўқиб беришни буюрган, Ҳазрати Али эса уларга витрни ўқиб берган. “Канз ал-уммол”да Ибн Шоҳинга суяниб, Ибн ас-Сойибдан ривоят қилинганки, Ҳазрати Алининг рамазонда одамлар билан йигирма ракъат ўқилиши нақл қилинган.

Ибн Абу Шайба “Мусаннаф” асарида Ҳазрати Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганки, у рамазонда Мадина шаҳрида одамларга йигирма ракъат таровеҳ ва уч ракъат витр ўқиб берган.

Зиё ал-Мақдисий “ал-Мухтора” асарида Абу Жаъфар ар-Розийдан, у эса ар-Рабиъ ибн Анасдан, у эса Абул Олиядан, у эса Убай ибн Каъбдан ривоят қилишича, Ҳазрати Умар Убайга одамларга рамазонда намоз ўқиб беришни буюрган. Ҳазрати Умар: “Одамлар кундузи рўза тутадилар, қироат қилишни эса чиройли (ва комил) қила олмайдилар. Уларга кечаси Қуръон ўқиб берсанг” деди. Убай: “Эй, мўъминлар амири! Бу иш (ҳалигача) бўлмаган эди-ку!” деди. Ҳазрати Умар: “Тўғри билибсан, лекин мана шу яхшироқ” деди. Бас, Убай одамларга йигирма ракъат ўқиб берди.

Ибн Наср “Қиём ал-лайл” асарида Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилган: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу рамазон ойида бизга йигирма ракъат намоз ўқиб берар эди. У қайтганида биз ҳам қайтар эдик”. Аъмаш айтади: “У йигирма ракъат (таровеҳ) ва уч ракъат витр ўқир эди”. Аллома Муборакфурий “ат-Туҳфа”да буни ҳам мунқатиъ деган.

Тобиъийнларнинг улуғларидан Сувайд ибн Ғафала ва Али ибн Рабиъа разийаллоҳу анҳумонинг одамларга имом бўлиб йигирма ракъат ўқиб беришлари саҳиҳ ва ҳасан иснод ила ривоят қилинган. Шунингдек, Абул Бухтарий ҳам рамазонда одамларга беш тарвиҳада таровеҳни ва уч ракъат витрни ўқиб берганлар. Ибн Абуд Дунё ҳам “Фазойилу рамазон” асарида тобиъийнларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳдан нақл қилишича, одамлар рамазон ойида йигирма ракъат таровеҳ, уч ракъат витр ўқиганлар. Яна унинг ривоят қилишича, саҳобалар йигирма ракъат таровеҳ ўқишган, Қуръонни икки мартадан хатм қилганлар.

Имом Шофиъийдан ҳамда Имом Термизийдан ҳам таровеҳ йигирма ракъат бўлганлиги, бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг асҳобларидан ривоят этилгани ривоят қилинган.

Аслида, таровеҳни саҳобаи киромлар иттифоқ қилиб йигирма ракъат ўқишлари бизга кифоядир. Бироқ, таровеҳни йигирма ракъат ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам жуда заиф ҳадисда бўлса ҳам ривоят қилинган. Имом Табароний ва Байҳақий ҳамда Ибн Аби Шайбалар ўз ҳадислар тўпламида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда витрдан бошқа йигирма ракъат ўқиган эдилар. “Фатовойи Таторхониййа”да ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан уч кун ўн салом билан йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликларини, сўнг таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни фарз бўлиб қолишдан қўрқиб тарк қилганларини қайд қилинган. Ибн ал-Ҳумом “ал-Ҳидоя”нинг шарҳи бўлмиш “Фатҳ ул-қадийр” асарида Пайғамбаримиздан нақл қилинган ҳақиқий суннат таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиш бўлса ҳам, лекин хулафойи рошидийнларнинг суннати бўлмиш таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиш мандублигини айтади. Шориҳ буни худди хуфтаннинг фарзидан сўнг икки ракъат суннатлиги, бироқ, уни тўрт ракъат қилиб ўқиш мустаҳаб бўлиши билан изоҳлаган.

Имом ас-Субкий “Шарҳ ал-Минҳож”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рамазон кечаларида неча ракъат таровеҳ ўқилгани аниқ ривоят этилмаганини, мазҳабида эса Байҳақийнинг саҳиҳ иснод ила Ҳазрати Умар даврида йигирма ракъат қилиб таровеҳ ўқилгани ҳақидаг ривоятга суянилиб таровеҳ йигирма ракъат эканлигини айтган. Ал-Жаврий эса Имом Шофиъий наздида у таровеҳни нафл деб билгани учун унинг адади чегараламаганини айтган.

Таровеҳ ракъатларини кўпайтириб ўқилган

Қироати оз, енгил бўлганда таровеҳ ракъатларини кўпайтиришни барча мазҳаб уламолари таъкидлайдилар. Буни Ибн Таймиййа ҳам тан олган.

Таровеҳни ўн уч ракъат қилиб ўқилганлик ҳақидаги ривоят. Бу ривоятни Имом Молик зикр қилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечки намозлари ўн уч ракъат бўлганлигига асосланади.

Таровеҳ йигирма олти ракъат бўлган. Бу ривоятларни жамълаб, Имом Моликнинг айтган гапларидан бири. Кечанинг аввалида ҳамма билан масжидда йигирма ракъат ўқийди, кечанинг охирида витрдан бошқа олти ракъат ўқийди.

Таровеҳ витрдан ташқари ўттиз олти ракъат бўлган. Ривоятларни жамълаб, Имом Молик таровеҳ ўттиз олти ракъат, дейдилар. Кечанинг аввалида йигирма ракъат ўқилади, кечанинг охирида эса ўн олти ракъат ўқилади. Кўпчилик саҳобалар шу йўлни танлаган эканлар. Жумладан, тобиъийнлардан Нофиъ разийаллоҳу анҳу: “Мен одамларни рамазонда ўттиз тўққиз ракъат ўқишларини топдим, шундан уч ракъатини витр қилар эдилар”. Қадимда Мадина аҳли ҳам Маккаликларга ўхшаб шу тарзда таровеҳ ўқиган вақтлари бўлган. Маккаликлар ҳар саккиз ракъатда Каъбаи муаззамани бир марта тавоф қилар ва икки ракъат тавоф намози ўқир эканлар. Бешинчи тарвиҳадан сўнг тавоф қилмас эканлар. Мадиналиклар эса тавоф ўрнига тўрт ракъат намоз ўқишни жорий қилишибди. Таровеҳни ўттиз олти ракъат қилиб ўқиш ҳижрий биринчи юз йилликнинг охирларида пайдо бўлиб, шуҳрат қозонган экан. Уни ҳеч ким инкор қилмаган, демак, ижмоъи сукутий бўлган.

Таровеҳ ўттиз саккиз ракъат бўлган. Бу витр билан биргадир. Буни Ибн Наср “Қиём ал-лайл” асарида Ибн Аймандан Имом Моликнинг гапи сифатида ривоят қилган.

Таровеҳ қирқ бир ракъат бўлган. Охирги ракъати витрдир. Буни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал маъқул топганлар. Тобиъинлардан ал-Асвад ибн Язид разийалллоҳу анҳу витрдан ташқари қирқ ракъат ўқир эканлар. Унинг витрни етти ракъат қилиб ўқишини Ибн Абдулбарр “ал-Истизкор”да нақл қилган. Табъа тобиъинлардан Солиҳнинг ривоятида эса қирқ бир ракъат ўқилганда, шундан беши витр бўлган. Демак, бу ўттиз олти ракъат таровеҳдир, деган ривоятга тўғри келади.

Албонийнинг айтишига қараганда, таровеҳ ракъатлар ададида яна 16 ракъат, 24 ракъат, 28 ракъат, 34 ракъат дейилган ривоятлар ҳам бўлган экан. Зурора ибн Авфо рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўттиз тўрт ракъат ўқир, аввалида эса йигирма саккиз ракъат ўқир эди. Саид ибн Жубайр эса йигирма тўрт ракъат ўқир эди.

Агар таровеҳ ракъатларининг ададини кўпайтириш мумкин бўлмаганда эди, ўша пайтлардаёқ парҳезгор уламолар (аниқроғи, саҳоба ва тобиъинлар) унга қарши чиқишган бўлар эди. Имом ал-Ҳалимий ўттиз олти ракъатда қироат қиладиганни йигирма ракъатда қироат қилиб таровеҳ ўқиш афзал, деган[1]. Чунки ракъатларни узайтиргандан кўра қиёмни узоқ қилиш яхшироқдир.

Таровеҳ ракъатлари адади ҳақида хулоса

Юқоридаги ривоятлардан кўриниб турибдики, оз ракъатдан бошланган таровеҳ йигирма ракъатда ўз камолига етди ва бутун мусулмонлар аҳли йигирма ракъатдан ўқий бошладилар. Ибодатга майл қўйганлар эса уйларига келиб, яна ракъатларни қўшиб ўқиганлар.

Ҳанафий, Шофиъий ва Ҳанбалийларнинг барча фақиҳлари, шунингдек, Довуд аз-Зоҳирий, Суфён ас-Саврий ва Абдуллоҳ ибн ал-Муборак каби мужтаҳидлар таровеҳни йигирма ракъат деганлар. Имом Молик эса ўттиз олти ракъат қилиб ўқишни ихтиёр қилган[2]. Лекин унинг мазҳабидаги уламолар ҳам енгил икки ракъат ва витрдан бошқа йигирма ракъат ўқишни маъқул кўрганлар[3].

Абу Ҳанифа Имоми Аъзам мазҳабининг эътимодли асарларида ҳам, бошқа мазҳабнинг фиқҳий манбаларида ҳам таровеҳ намозини йигирма ракъат бўлади, дейилган. Жумладан, Абу Бакр Косонийнинг “Бадойеъ ус-санойеъ” асарида: “Таровеҳнинг миқдори ҳар икки саломнинг ичида бешта истироҳат билан ўн саломда йигирма ракъатдир” дейилган[4]. “ал-Ҳидоя” ва унинг шарҳларида ҳам шундай дейилган[5]. Фатово китоблардан, масалан, “Хулосат ул-фатово” ҳамда “Фатавойи Оламгириййа” (“Фатовойи Ҳиндиййа”)дан ҳам: “Таровеҳ намози бешта тарвиҳа бўлиб, ҳар бир тарвиҳада икки салом билан тўрт ракъатдир” дейилади[6].

Шофиъий мазҳабининг энг асосий манбаси бўлмиш Имом аш-Шофиъийнинг “ал-Умм” асарида бундай дейилган: “Рамазон ойининг қиёмига келсак, бас, ёлғиз ўқигувчининг намози менга яхшироқ. Мадинадаги одамларни ўттиз олти ракъат ўқишаётганларини кўрганман. Менга эса йигирма ракъат ўқиган севимлироқ. Чунки, бу Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Маккада ҳам шундай ўқиганлар ва уч ракъат витр ўқийдилар”[7]. Имом аш-Шофиъийнинг энг катта шогирди Исмоил ал-Музаний ҳам ўзининг “Мухтасар” асарида ўша гапларни қайтарган[8]. Имом ал-Мовардий ўзининг “ал-Иқноъ фи-л-фиқҳ аш-шофиъий” асарида: “Рамазон ойининг қиёми у таровеҳ намози бўлиб, йигирма ракъатдир, ундан сўнг уч ракъат витр ўқилади” деган[9]. Ҳужжат ал-ислом Имом ал-Ғаззолий ўзининг машҳури жаҳон бўлмиш “Эҳё ал-улум ад-дин” асарида: “Таровеҳ йигирма ракъатдир. Уни қандай ўқиш кайфияти машҳур ва у суннати муаккададир...” деб қайд қилган[10].

Ҳанбалий мазҳабининг фиқҳ борасида энг машҳур асарларидан бири Ибн Қудоманинг “аш-Шарҳ ал-кабир” асарида: “Сўнгра таровеҳ йигирма ракъатдир: уни рамазонда жамоат бўлиб ўқилади ва ундан сўнг витрни ҳам жамоат бўлиб ўқилади” деган матнни шарҳ қилиб бундай дейилади: “Таровеҳнинг адади йигирма ракъатдир. Уни Суфён ас-Саврий, Абу Ҳанифа ва аш-Шофиъий ҳам айтган. Имом Молик эса ўттиз олти ракъат деган. У Мадина аҳлининг феълига тааллуқли бўлгани учун қадимги иш шундай бўлган, деб ўйлаган. Чунки, Солиҳ: “Мен одамларни қирқ бир ракъат қўишларини, сўнг ортидан беш ракъат витр қўишларини топганман” деган эди. Бизнинг далилимиз шуки, Умар разийаллоҳу анҳу Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳуга одамларга йигирма ракъат ўқиб беришни буюрганлар”[11]. Ибн Қудома “ал-Муғний” ҳамда “ал-Кофий фий фиқҳи ал-Имом Аҳмад” номли асарларида ҳам шуларни такрорлаган[12]. Ҳанбалийларнинг яна бир фиқҳий матн китоби “Зод ал-мустақнаъ”да: “Таровеҳ йигирма ракъатдир, уни рамазонда хуфтандан сўнг витр билан бирга жамоатда адо қилинади” дейилган[13]. Абул Қосим Умар ал-Харақий ўзининг “Мухтасар”ида: “Рамазон ойининг қиёми йигирма ракъатдир” деган[14].

Моликий мазҳаби уламоларидан ал-Қайравоний деган: “Салафи солиҳ масжидда йигирма ракъат қоим қилишар эдилар сўнг уч ракъат витр ўқирдилар: икки ракъат билан витрнинг орасини бир салом билан ажратардилар. Шундан сўнг икки ракъат ва витрдан бошқа ўттиз олти ракъат ўқийдиган бўлдилар”[15]. Халил ибн Исҳоқ ал-Жандийнинг “Мухтасар”ида: “Таровеҳни ҳам агар масжидлар бўшаб қолмаса, ёлғиз ўқиш мандубдир. Унда хатм қилиш ва жоиз бўладиган сура ўқиш ҳам мандубдир. У йигирма уч ракъат бўлиб, сўнг ўттиз олти ракъат қилинди”, дейилган[16]. Моликий мазҳабининг энг мўътабар китобларидан яна бири “ал-Мудаввана ал-кубро”да мана булар ёзилган: “Таровеҳ ўттиз тўққиз ракъатдир, витр билан ўттиз олти ракъат: витр уч ракъат. Имом Молик айтган: “Бас, мен мана шундан бирор ракъатни камайтиришдан қайтардим!”. Унга дедим: “Одамларни шундай қилиб ўқиганларини топдингизми?”. У деди: “Бу қадимий иш бўлиб, одамлар доимо шундай қилганлар”[17].

Хуллас, “таровеҳ йигирма ракъат бўлишига саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар”[18].

Мадинаи мунаввара қозиси Муҳаммад Солимнинг “Масжиди набавийда минг йилдан кўпроқ вақтда таровеҳ” номли мақоласи Мадинадаги Олий Маъҳад мажалласининг 1-7 сонларида эълон қилинган. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошлаб, то бизнинг давримизгача Пайғамбар алайҳиссалом масжидлари (Масжиди Набавий)да таровеҳ намозини ўқиш тартиботлари, адади ҳақида батафсил, тарихий далиллар асосида тўхталинган. Таровеҳ намозларига имомлик қилган машҳур имомлар ҳақида, хатми Қуръон маросимлари тўғрисида ҳам гапирган. Таровеҳ намозларига имом бўлган тўрт мазҳаб уламолари ҳақида ҳам тўхталган. Ушбу мақоладан англашилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошлаб то бизнинг давримизгача хуфтандан кейин ўқиладиган таровеҳ йигирма ракъатдан ўзгармаган. Фақат кўп даврларда одатда таҳажжуд ўқиладиган вақтда яна қўшимча равишда ўн олти ракъат таровеҳ намози жамоат бўлиб ўқилган. Баъзан тўлиқ юз йилликларда эса таровеҳ шундай қилиб, яъни йигирма ракъат хуфтандан сўнг, таҳажжуд вақтида яна йигирма ракъат қўшимча қилиб қирқ ракъатга етказилган.

“Субул ас-салом”да таровеҳни йигирма ракъат қилиб ўқиш бидъат дейилган[19]. ХХ асрга келиб Албоний ҳам таровеҳни саккиз ракъат ўқиш вожиб, уни йигирма ракъат ўқиш бидъатдир, деб ҳукм қилди[20]. Лекин унинг бу гапини уммати исломиянинг аҳли суннат ва-л-жамоаси қабул қилмади, ҳатто Макка ва Мадинадаги икки буюк масжидда ҳам ҳозиргача таровеҳ йигирма ракъат қилиб, жамоат бўлиб ўқилади. Мазҳабларга тақлид қилмайдиганларнинг имомлари ҳам таровеҳни саккиз ракъат қилиб ўқиш суннатлигини айтишса ҳам, лекин уни зиёда қилиб ўқиш мумкинлиги, бунинг “зарар”и йўқлигига фатво берганлар[21]. Ҳатто Ибн Боз: “Ҳазрати Умар ва саҳобалар разийаллоҳу анҳум рамазоннинг баъзи кечаларида қилганларидек йигирма уч ракъат қилиб витр (таровеҳ билан бирга) ўқиса, бунинг “зарар”и йўқ, бу борада иш кенгдир (яъни, хоҳлаганча қирқ бир ракъатгача таровеҳ ва витрни ўқиш мумкин). Ойша разийаллоҳу анҳу ҳадисида келгандек ўн бир ракъат қилиб витр ўқишлар Умар ва саҳобалардан собит ҳам бўлган”, деган эди[22].

Таровеҳни фақатгина саккиз ракъат қилиб ўқиш керак, дейдиганлар ибодатни ёқтирмайдиган, дангаса одамларнинг гапларидир. Зотан, Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликлари умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, заруратан бўлганлиги боисдир. Шунингдек, ул зоти шариф таровеҳдан бошқа, Рамазон ойидан бошқа ойларда кечки намозларини, таҳажжуд намозини саккиз ракъат ва кейин уч ракъат витр қилиб ўқишлари жуда кўп ривоятларда зикр этилади. Хуллас, Расули акрамнинг таҳажжудлари аксар вақтларда ўн бир ракъат бўлган. Таҳажжуд хуфтандан сўнг бир ухлаб туриб кейин ўқиладиган намоз эканлиги барчага маълум. Рамазон эса қўшимча ибодатлар қиладиган ой, намозларни кўпайтирадиган ой, Рамазонда кечалари ибодат қилиш Аллоҳ ва унинг расули томонидан алоҳида буюрилган ой... “Туҳфат ал-муҳтож”да айтилишича, таровеҳнинг йигирма ракъат бўлганлигини сири рамазондан бошқа ойларда кечки намоз ўн ракъат (бир ёки уч ракъат билан бирга)дир. Рамазон эса жидду жаҳд қиладиган, “енг шимариб” ибодат қиладиган ойдир[23].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рамазонда ибодатга жуда қаттиқ киришишлари саҳиҳ ҳадиси шарифларда алоҳида таъкидланган. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳу деганлар:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يجتهد فى رمضان ما لا يجتهد فى غيره

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодатга) жидду жаҳд қилар эдилар”[24].

كان النبى صلى الله عليه وسلم اذا دخل العشر (الأخير) شدّ مئزره و أحيى ليلته و أيقظ أهله

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон охирги ўн кунлик кирса, белбоғларини боғлар, кечаларини тирилтирар, аҳлини (ибодат учун) уйғотар эдилар”[25].

Кечаларни ўн бир ракъат билан тирилтириш қийин, қиём ўта чўзилиб кетиши мумкин. Зоҳиран, кечаларни ракъатларни кўпайтириш билан тирилтирганлар:

كان اذا دخل شهر رمضان شد مئزره ثمّ لم يأت فراشه حتى ينسلخ

“Рамазон ойи кирса, белбоғини боғлар эдилар. Сўнг то ойнинг охиригача тўшакларига келмас эдилар”[26].

كان اذا دخل رمضان تغير لونه و كثرت صلاته و ابتهل فى الدهاء و أشفق لونه

“Рамазон кирса ранглар ўзгарар, намозлари кўпаяр эди. Дуода илтижолар қилар ва ранглари қизариб кетарди”[27].

Демак, таровеҳ саккиз ракъат эмас, йигирма ракъат ўқилиши энг афзал, энг савобли ва суннатга энг мувофиқ амалдир. Демак, йигирма ракъат ўқиш ижмоъи уммат билан собит бўлган таровеҳ ададидир.

Маълумки, Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага кўчиб борганларининг иккинчи йилида Бақара сурасининг 185-ояти билан фарз қилинди. Ўша вақтлардан бошлаб рамазон кечаларида таровеҳ ўқиш суннат бўла бошлади. Таҳажжуд намозини ўқиш эса Маккада Муззаммил сурасининг оятлари нозил бўлганидан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга вожиб бўлган эди. Таровеҳ билан таҳажжуднинг бошқа-бошқа намоз эканлигини муҳаддислар кечки намозлар билан таровеҳ намози ҳақидаги ҳадисларни алоҳида-алоҳида сарлавҳаларда берганлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам заиф ривоят билан бўлса-да, йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликлари Имом Байҳақий томонидан ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умари одилдек халифа бошчилигида саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқидилар. Агар саккиз ракъат ўқиш афзал бўлганида, албатта, шундай қилган бўлардилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

فعليكم بسنتى وسنة الخلفاء الراشدين المهديين تمسكوا بها وعضوا عليها بالنواجذ

“Бас, сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлдан боргувчи ва тўғри йўлга солгувчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг! Уларни маҳкам ушланг ва уларни озиқ тишларингиз билан тишлаб олинг!”[28].

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу насиҳат қиладилар: “Кимки йўл танламоқчи бўлса, иймону илму амал билан вафот этганлар йўлини танласин. Зеро, тирик юрган одам фитнага йўлиқишдан сақлана олмайди. Ана ўшалар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидирлар. Улар бу умматнинг энг афзаллари, қалби энг яхшилари, илми энг чуқурлари, такаллуфи энг озларидирлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг суҳбати учун, динини қоим қилиши учун уларни ихтиёр қилган. Бас, уларнинг фазлини танинг, илму амалда уларнинг изларидан эргашинг. Қодир бўлгунингизча, уларнинг хулқлари ва сийратларини маҳкам ушланг. Зеро, албатта улар тўғри йўлдадирлар”. (Имом Разин ривояти).

Демак, бир минг тўрт юз йилдан бери таровеҳ йигирма ракъат қилиб ўқиб келинаётган экан, энди ҳам йигирма ракъат ўқийвериш керак!

Жамоатдан бошқа пайтда, шошилинч вақтда юқорида кўрсатилган ривоятларга биноан таровеҳ ракъатларини озайтириш мумкин. Ибодатга бўйин сунган, майл кўргизган ва намоз ўқишни ёқтирадиганлар эса унинг ракъатларини кўпайтиришлари ҳам мумкин.

Имомдан олдин масжиддан кетиб қолиш

Имом таровеҳни чўзган ёки ракъатларини кўпайтирган вақтда саккиз ракъат ўқиб, масжиддан чиқиб кетиш мумкинми?

Рамазон ойининг кечаларида намоздан ҳам муҳимроқ иши бор одам масжиддан чиқиб кетиши мумкин, албатта. Муҳим бўлмаган иш учун, ҳою ҳавасига эргашиб намозни ташлаб кетиш макруҳ бўлади. Шуни ҳам билиш лозимки, уйқу ғалаба қилиб турганда, қавм билан бирга таровеҳнинг охиригача бир амаллаб ўқишга уриниш ҳам макруҳ бўлади. Унинг ўрнига уйига кетиб ухлаши ва саҳарликдан аввал таровеҳнинг қолганини уйида ўзи ўқиб олиши керак. Чунки, мудроқ босиб намоз ўқиш ғафлат, диққатсизлик-бепарволик ва тадаббуру тафаккурни тарк қилишдир[29].

Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана бу ҳадиси шариф бор:

و عن أنس رضى الله عنه: انّ النبى صلى الله عليه وسلم حَضّهم على الصلوة ونهاهم ان ينصرفوا قبل انصرافه من الصلوة. رواه أبو داود

“Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга қизиқтирар, тарғиб қилар эдилар ва уларни ўзлари намоздан бурилмагунларича бурилишдан манъ қилар эдилар”[30].

Ушбу ҳадиси шарифга биноан имом намоздан қайтмагунча заруратсиз қайтишнинг мумкин эмаслиги маълум бўлади.

Шунингдек, ушбу ҳадиси шарифни билиб қўйиш ҳам керак:

من (اذا رجل) قام مع الامام حتى ينصرف حسب (كتب) له قيام ليلة

“Кимки имом билан то у қайтгунча бирга намозда турса, унга кечаси қоим бўлганнинг савоби ёзилади”[31].

Юқоридаги ҳадисга суяниб ҳатто Ибн Солиҳ ал-Усаймин битта ўзи таровеҳ ўқийдиган бўлса, ўн бир ракъат қилиб ўқиш суннатлиги, бироқ, имомга иқтидо қилганда эса имом йигирма уч ракъат ўқийдими, ўттиз учми, ўттиз тўққизми, унга тўлиқ охиригача иқтидо қилиш афзаллигини таъкидлаган[32]. Ибн Боз бўлса имом йигирма уч ракъат (витр билан) ўқиса, у билан бирга намозни тугатишни суннат деб фатво берган[33].

Зотан имомни кутиб ўтириб, у билан жамоат бўлиб намоз ўқиш ўзи намоз ўқиб ухлагандан кўра савоби улуғроқдир:

و الذى ينتظر الصلاة حتى يصليها مع الامام فى جماعة أعظم أجرا ممّن يصليها ثمّ ينام

“Намозни интизорлик билан кутиб ўтирган кимса ҳатто имом билан бирга жамоатда намоз ўқиса, намозини ўқиб ухлаган кимсадан кўра савоби улуғроқдир!”[34].

Бинобарин, имом намозу дуоларни тугатиб, масжиддан чиқиб кетмагунча масжиддан узрсиз кетиб қолиш макруҳ бўлади. Бу нарсадан эҳтиёт бўлмоқ даркор!

Таровеҳ намозининг вақти

Таровеҳ ўқувчи мусулмонлар орасида “Таровеҳ намозининг вақти қачон? Уни хуфтандан аввал ўқиса, бўладими? Масалан, хуфтанга кечикиб келган одам қарасаки, одамлар таровеҳни аллақачон бошлаб юборишибди. У дарҳол уларга қўшилиши керкми? Шунингдек, таровеҳни кечанинг охирида саҳарликка турган вақтда ўқиса бўладими?” каби саволларнинг ҳам бўлиши табиий. Бинобарин, таровеҳ намозининг вақтини билиб олишимиз керак.

Жами мазҳаб уламолари таровеҳни хуфтандан кейин ўқилишига келишиб олишган. Гарчи айрим олимлар таровеҳни хуфтандан аввал ўқиса бўлади, деган бўлсалар ҳам. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам витрнинг вақтини аниқ қилиб айтганлар:

انّ الله زادكم صلاة و هى الوتر فصلوها بين صلاة العشاء الى صلاة الفجر

“Албатта Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди, у витрдир. Бас, уни хуфтан намозидар бомдодгача бўлган оралиқда ўқинглар!”[35].

Кечки намозлар одатда тоқ қилиб тугатилгани учун барчаси витр дейилган. Шунинг учун мазҳабимизнинг фиқҳий матн китобларида таровеҳ хуфтандан сўнг, витрдан аввал ёки кейин ўқилади, дейилади.

Саҳобаи киромлар таровеҳни витрдан аввал ўқишган. Зотан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятида кечки намозларнинг охиргиси витр бўлишини Пайғамбаримиз тавсия қилганлар. Лекин бу тавсия афзалиятни ифода қилишини, яъни амри истиҳбобиййа эканлигини уламоларимиз таъкидлашган. Бинобарин, таровеҳни витрдан сўнг ўқишнинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ. Мазҳабимиз фақиҳларидан Абу Али ан-Насафий шундай деганлар.

Масжидга келганда, одамлар хуфтанни ўқишиб, таровеҳга туришган бўлса, кечикиб келган одам бир чеккага ўтиб аввал ўзи (ёки кечикиб келганлар билан бирга) хуфтаннинг фарзи ва суннатини ўқиб олади, (суннатни ўқимаса ҳам бўлади) сўнг одамларга қўшилади. Одамлар билан витрни ҳам ўқиб бўлгандан кейин таровеҳдан қолгани бўлса, ўқиб олади.

Хуфтандан олдин ўқилган таровеҳ таровеҳ бўлмайди. Зеро, унинг вақти хуфтандан кейиндир. Шунинг учун бир одам хуфтанни таҳоратсиз ўқиганини, таровеҳни эса таҳорат билан ўқиганини эсласа, таҳорат олиб таровеҳни янгидан хуфтан билан бирга ўқийди[36].

Таровеҳни бомдод вақтигача ўқийверса бўлади. Аммо одамлар билан бирга кечанинг аввалида ўқиб олгани маъқулроқ.

Таровеҳни масжидда адо этиш

Таровеҳ намозини ўқиш суннати муаккада бўлиб, уни ҳар бир одам Рамазон кечаларида ўқиши керак. Аммо, масжидда жамоат бўлиб ўқишни уламоларимиз суннати кифоя дейишган. Яъни, бир қанча одамлар масжидда жамоат бўлиб ўқисалар, қолганларга ҳам шу кифоя қилади. Аммо, масжид ёпилиб, ҳар ким ўз уйида ёки масжиддан бошқа бирор жойда тўпланишиб таровеҳни адо этсалар, суннатни тўлиқ бажармаган бўладилар ва барча гуноҳкор бўлиб қолади. Мазҳабимиз имомларидан ал-Аттобий ўзининг “Жавомеъ ал-фиқҳ” асарида таровеҳ намозини суннат, унинг жамоати вожибдир, деган экан[37]. Имом Таҳовий эса: “Рамазон қиёми вожиби кифоядир, чунки улар жамоат бўлмоқлари керак. Одамларга рамазон қиёмидан масжидлардан қолиб кетиш асло жоиз эмас” деган экан. Бу гапни Аллома Айний “Саҳиҳи Бухорий”нинг шарҳида ҳам айтган[38]. Тобиъинлардан бўлмиш Лайс ибн Саъд деган: “Агар одамлар рамазонда ўзлари ва оилалари ила барчаси масжидни тарк қилиб таровеҳ ўқисалар, масжидда ҳеч ким намоз ўқимаса, уларни масжидга чиқишга ва масжидда таровеҳ ўқишга мажбур қилинади. Зеро, рамазон ойида одамларнинг таровеҳда қоим бўлишлари тарки жоиз бўлмаган ишлардандир[39].

Масжидга чиқмасдан уйида таровеҳ ўқиш мумкин. Чунки, Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, саҳобийлардан Ибн Умар ҳамда Урва разийаллоҳу анҳумо Рамазонда имом билан таровеҳ ўқимас эканлар. Тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъий, Нофиъ ва Солимлардан ҳам шундай иш нақл қилинган[40]. Шунинг учун Имом Таҳовий Имом Абу Юсуфдан нақл қилишича, қироатлари дуруст бўлса, намозни чиройли адо қила оладиган бўлса, таровеҳни ҳар ким ўз уйида ўқиши яхшироқ[41].

Демак, бирор сабаб ва узр билан таровеҳни уйида ўқиш мумкин.

Аммо, бунда билиб олишимиз лозим бўлган бошқа бир нарса бор. Хуфтан намозининг жамоати масжидда ҳар кимга суннати айндир. Бу жуда ҳам улуғ фазилатдир. Яъни, эркаклар бирор узр бўлмаган вақтда хуфтанни масжидда жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Зеро, хуфтаннинг жамоатига чиқишга оид алоҳида тарғиблар айтилган:

والذى نفسى بيده لو يعلم احدهم انه يجد عرقا سمينا او مرماتين حسنتين لشهد العشاء

“Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, агар бирларингиз (масжиддан) семиз (гўштли) суякни ёки чиройли туёқни топадиган бўлганларингизда хуфтанга келган, хуфтан намозига ҳеч иккиланмасдан ҳозир бўлган бўлардингизлар[42].

Хуфтан ва бомдодга масжидга чиқиш мунофиқлар учун энг машаққатли ва ёқимсиз иш эканлигини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар[43].

Юқорида ўтган Абу Зар разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан таровеҳга бағишлаб: “Кимки имом билан намоз ўқиб, уйига қайтса, бутун кечаси намоз ўқиб чиққани каби савобга ноил бўлади”, деганлар.

Ҳатто, шунинг учун ҳам, ватандошларимиздан улуғ фақиҳ Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний ўзининг “Бадойиъ ус-санойиъ” асарларида бундай деб фатво берган: “Кимки уни (таровеҳни) уйида ёлғиз ёки жамоат билан ўқиса, таровеҳ суннатининг савобини топмайди, чунки бу жамоат ва масжидга бориш суннатини тарк қилгани учундир”[44].

Демак, таровеҳни имом билан ўқимаган тақдирда ҳам хуфтан намозини масжидда имом билан ўқишни қолдирмаслик керак экан.

Ҳаммамизга суннатларга оғишмай амал қилишни муяссар айласин!

Хатми Қуръон

Қуръони карим илк бора Рамазонда нозил қилина бошлаган.

Аллоҳ таоло ўз Қуръонини тиловат қилувчиларни бир қанча оятларида васф қилган ва Қуръон ўқишга тарғиб қилган. Шулардан бирини келтирамиз:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرّاً وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ {29} لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُم وَيَزِيدَهُم مِّن فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ {30}

Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчи (савобли ишга кўпгина мукофот ато этгувчи)дир”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).

Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқийдиган, тиловат қилиб турадиган мўъминни ширин лимонга ўхшатганлар, унинг ҳиди ҳам, таъми ҳам ширин бўлади. Қуръон ўқимайдиган мўъминни эса хурмога қиёслаганлар. Унинг ҳиди йўқ, таъми мазали[45].

Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилган эканлар:

أفلا يغدو أحدكم الى المسجد فيتعلم او فيقرأ من كتاب الله عزّ وجلّ خير من ناقتين، وثلاث خير له من ثلاث، وأربع خير له من أربع ومن أعدادهنّ من الابل

“Аё, сизлардан бирларингиз эрталаб масжидга бормайдимики, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўқиса ёки таълим олса, унга иккита туядан яхшироқ-ку?! Уч оят унинг учун учта туядан яхшироқ, тўрт оят унинг учун тўрттасидан яхшироқ. Оятлардан нечта адад бўлса, шунча адад туялардан яхшироқ...”[46].

Рамазонда бир марта хатми Қуръон қилиш энг саҳиҳ фатвога кўра суннатдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар йили Рамазонда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга бир марта ўқиб берар эканлар. Вафот қилган йиллари эса икки марта ўқиб берган эканлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган таровеҳларида қироатнинг узунлигидан ибодат саҳарликкача давом этганлиги саҳиҳ ривоятларда зикр этилган.

Хатми Қуръоннинг таровеҳда ўқилишининг суннатлигига ишора қиладиган иккита ҳадиси шариф келтирамиз:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдилар, қарасалар, одамлар масжиднинг бир бурчагида намоз ўқияптилар экан. “Булар нима қилаяптилар?” дедилар. Биров: “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Бу одамларнинг ичида Қуръонни тўла ёд олгани йўқ, Убай ибн Каъб тўла қироат қила олади. Одамлар у билан намоз ўқимоқдалар”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши қилибдилар!” ёки “Тўғри қилибдилар!” дедилар. Уларнинг қилаётган ишларини кариҳ кўрмадилар[47].

Ҳазрати Умар Убайга одамларга рамазонда намоз ўқиб беришни буюрган. Ҳазрати Умар: “Одамлар кундузи рўза тутадилар, қироат қилишни эса чиройли (ва комил) қила олмайдилар. Уларга кечаси Қуръон ўқиб берсанг” деди. Убай: “Эй, мўъминлар амири! Бу иш (ҳалигача) бўлмаган эди-ку!” деди. Ҳазрати Умар: “Тўғри билибсан, лекин мана шу яхшироқ” деди. Бас, Убай одамларга йигирма ракъат ўқиб берди[48].

Мазкур икки ҳадисда айтилганидек, одамлар таровеҳни жамоат бўлиб ўқиши Қуръони каримнинг хатми учун эди. Чунки, Пайғамбаримиз ҳамда саҳобалар даврида, хоссатан, Мадинаи мунавварада ҳамма мусулмонлар намозга, хусусан, таровеҳга кифоя қиладиган сура ва оятларни билар эди. Уларнинг бир имомнинг орқасига жамланишига сабаб Қуръони каримни тўла эшитиш мақсади эди. Бундан ташқари саҳобалар даврида таровеҳда имом икки юз оят ўқиганида, одамлар қиёмнинг узунлигидан ҳассаларига суяниб қолишлари маълум. Бундай ҳолатда хатми Қуръон фазилатини ибодатга ружуъ қўйган мазкур зотлар асло тарк этмаган, албатта. Бинобарин, хатми Қуръоннинг таровеҳда суннатлиги собит бўлди.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи, таровеҳнинг ҳар ракъатида ўн оят атрофида ўқиб борилса, Қуръонни бир марта хатм қилишга улгурса бўлади, деган эканлар. Ул зотдан аввалроқ биринчи юз йилликнинг мужаддиди бўлмиш машҳур халифа Умар ибн Абдулазиз қориларга таровеҳда ҳар ракъатда ўн оятдан ўқишни буюрган эди[49].

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу тавсияларига биноан ҳар ракъатда ўттиз оятдан ўқилса, Қуръон уч марта хатм қилинади.

Хатмни лайлат ул-қадр кечаси тугатиш мустаҳаб деган эканлар Бухоро фақиҳлари. Аксар уламоларнинг наздида бу муборак кеча Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидир. (“Муҳит”). Шунинг учун Бухоро фақиҳлари Қуръонни беш юз қирқ рукуъга бўлган эканлар, мусҳафларига ҳам белги қўйишган экан. Шунда хатм қадр кечаси тугайди[50].

Одамларнинг дангасалиги туфайли хатми Қуръон қилиш тарк этилмайди[51].

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Ҳазрати Умарнинг қориларга таровеҳни жамоат бўлиб ўқишлари ҳамда уч мартадан хатм қилишларини йўлга қўйдирганларини эслаб: “Аллоҳ таоло Умарнинг қабрини нурга тўлдирсин, чунки у масжидларимизни нурга тўлдирди”, деган эканлар.

Хатми Қуръон ўқишда аввалги ракъатларда узун-узун қироат қилиб, кейинги ракъатларда оз-оздан енгиллатиб бориш мустаҳабдир. Чунки, Пайғамбаримизнинг кечки намозлари тартиби мана шундай бўлганлигини саҳиҳ ҳадиси шарифлар зикр қилади.

Таровеҳларда қорилар қироатда бир-икки оят қолдириб кетсалар, кейинги ракъатларда эсига тушганда аввал ўша қолиб кетган оятларни ўқийдилар, сўнг қироатни келган жойидан давом эттирадилар[52].

Таровеҳнинг бир-икки ракъати мабодо фосид бўлса, кейин ўша ракъатларни қазо сифатида ўқишда қироатини ҳам айнан қайтариш керак. Чунки хатм саҳиҳ таровеҳда бўлмоғи даркор.

Таровеҳни ўтириб ўқиш

Суннат ва нафлларни ўтириб ўқиш мумкин. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари охиридаги нафл намозлари ўтириб адо қилинар эди. Ўтириб адо қилинганда, ташаҳҳудда ўтиргандек ўтирилади. Имом Муҳаммад чордона қуриб ўтирса ҳам бўлади, деган эканлар.

Шуни билмоқ керакки, ўтириб ўқилган намознинг савоби туриб ўқилган намоздан оз бўлади. Имрон разийаллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтириб намоз ўқийдиган киши ҳақида сўрадим. Ул зоти шариф марҳамат қилдилар:

من صلى قائما فهوأفضل ومن صلى قاعدا فله نصف أجر القائم ومن صلى نائما او مضطجعا فله نصف أجر القاعد

Кимки туриб намоз ўқиса, у афзалдир. Кимки ўтириб намоз ўқиса, бас, унга туриб ўқиганнинг ярим савобидир. Кимки ухлаб ёки ётиб намоз ўқиса, бас, унга ўтириб намоз ўқиганнинг ярим савобидир”[53].

Имом Муслим эса Ибн Умардан мана буни ривоят қилган:

صلوة الرجل قاعدا على صلوة القائم

“Кимсанинг ўтириб ўқиган намози туриб ўқиган намознинг ярмидир”[54].

Юқорида айтганимиздек, бу ўтириб ўқиш нафлларда дурустдир. Фарз намозларда қиём-тикка туриш фарз бўлгани учун узрсиз ўтириб ўқиш асло мумкин эмас. Фарзларни ўтириб ўқилганда эса савоблар асло камаймайди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда касал бўлса ёки мусофир бўлса, муқим ва саҳиҳ ҳолида амал қилгандек ажру савоб ёзилади”, деганлар[55].

Аммо, таровеҳни дангасалик юзасидан ўтириб ўқишни Ҳанафий мазҳаби аҳллари макруҳи танзиҳий бўлади, дебдилар. Шунингдек, тикка туриб намозни бошласа-ю, кейин ўтириб давом қилдирса ҳам макруҳ бўлади. Шунга ўхшаш қироатнинг оғирлигидан ўтириб намозни бошласа-ю, имом рукуъ қилиши олдидан тикка туриб олиши ҳам макруҳдир. Ибн Обидийн мана шуни макруҳи таҳримий, деганлар. Чунки, бу аниқ дангасаликка далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда деган:

وَإِذَا قَامُواْ إِلَى الصَّلاَةِ قَامُواْ كُسَالَى يُرَآؤُونَ النَّاسَ وَلاَ يَذْكُرُونَ اللّهَ إِلاَّ قَلِيلاً {142}

“(Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан ... турадилар”. (Нисо сураси, 142-оят).

Бироқ, оёғи оғриётгани ёки ёши улуғлиги сабабли қандай қилиб ўқиса ҳам макруҳ бўлмайди, албатта. Зотан, бу дангасаликка кирмайди. Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида “Нафл намозини ўтиб ўқиётган кимса рукуъ қилишдан олдин туриши ва бир неча оят ўқиб, сўнг рукуъ қилиши афзалдир” дейилган. Бу иш суннатга ҳам мувофиқ келади. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтадилар: Жаноби Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васлламни кечаси ўтириб намоз ўқиганларини кўрганман. Ўтириб такбир айтиб, ўтириб қироат қилар эдилар, ўқиётган сурадан ўттиз ёки қирқ оят қолганида туриб қироатни давом қилдирар эдилар. Ана ундан кейин рукуъ қилар эдилар”[56].

Имоми бирор узр билан (ёки узрсиз ҳам) ўтириб ўқиса, қавм тикка туриб иқтидо қилаверадилар[57].

Таровеҳни ўқимаган одам

Аслида, таровеҳ суннат бўлгани учун унинг қазоси ўқилмайди. Чунки, бомдоднинг суннатигина вақти ўтса ҳам заволгача (бир ривоятда асргача) қазо қилиб ўқиб олиш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилганлар. Пешин намозининг аввалги суннати (фарзга улгуриш мақсадида) қолса, фарзидан кейин ўқиб олинади. Бу аслида пешин вақтида бўлаяпти. Мана шу икки суннатдан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Қазоси лозим эмас.

Бироқ, баъзи фақиҳлар таровеҳ бир ой давомида кечалари одат бўлган, бўладиган суннат экани учун, Пайғамбаримиз томонидан роса тарғиб қилинган суннат бўлгани учун, ҳатто, баъзи фақиҳларимиз таровеҳни тарк қилган одам кейинги таровеҳгача унинг қазосини ўқиб олсин, деганлар. Агар Рамазонда ўқий олмаса, кейинги Рамазонгача ўқиб олади, деган гап ҳам бор. Бу фикр “Жомиъ ур-румуз”да ҳам келтирилган. Имом Нававий ҳам шуни маъқул кўрган. Уларнинг бундай фикрга келишига мана булар сабаб бўлган:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одат бўлган амални энг афзал, дея мадҳ қилганлар:

احبّ الأعمال الى الله أدومها وان قلّ

“Аллоҳ таолога гарчи оз бўлса ҳам амалларнинг энг севимлиси уларнинг давоматлироғидир”[58].

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай кечки одати қолиб кетса, уни кундузи ўрнини тўлдиришни таклиф қилганлар:

من نام عن حزبه او عن شيئ منه فقرأه فيما بين صلوة الفجر وصلوة الظهر كتب له كانما قرأه من الليل

“Кимки ўзининг вазифасидан ёки унга ўхшаш бир нарсадан ухлаб қолса, бас, уни бомдод намози билан пешин намозининг орасида ўқиб олса, худди унга уни кечаси ўқигандек ёзилади”[59].

Абул Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари: “Кимки суннатни узр билан тарк қилса, маъзурдир, кимки узрсиз тарк қилса, манмандир”, деган эканлар.

Демак, таровеҳдан қолиб кетганларини иложи бўлса, ўқиб олган яхшироқ экан. Бироқ, ўқимаса гуноҳкор бўлиб қолмайди.

Масжидларда таровеҳ намозларида хатм қилиш суннати кифоядир. Масжидларда жамоат бўлиб, таровеҳ ўқишнинг ўзи ҳам суннати кифоядир.

“Таровеҳ ўқиш хатми Қуръонга тобеъ суннатми ёки таровеҳ алоҳида суннат, унда хатм қилиш алоҳида суннатми?” деган масъала жавобида уламолар ихтилоф қилишган. Бу икковини бир суннат дейдиган уламолар таровеҳларда ўқилган хатми Қуръонларга тўлиқ қатнашганлар кейинчалик таровеҳларни ўқимаса ҳам бўлади, дейдилар.

Шунга кўра, бир марта хатми Қуръонга тўла қатнашган одам кейинги таровеҳларга қатнамаса ҳам бўлади. (“Жомиъ ур-румуз”).

Таровеҳ билан хатмни алоҳида иккита суннат дейдиган уламолар Рамазон ойининг ҳар бир кечасида таровеҳ ўқишни суннат, дейдилар. Мана шу қавлни “Фатовойи Оламгириййа”да энг саҳиҳ қавлдир, дейилган. (“Мажмуат ул-фатово”).

Аммо, таровеҳни ўқимаса ҳам бўлади дегани, умуман, хуфтаннинг жамоатига бормаса бўлади, дегани эмас! Чунки, унинг жамоатига масжидга бориш таъкидланган суннат ва улуғ фазилатли амаллардандир. Буни ҳар ким қилиши лозим ва лобуддир, дегани. Уйда ўқилган намозлардан кўра йигирма беш ёки йигирма етти даража ортиқ, деганидир. Хуфтаннинг жамоатига бориб, кейин таровеҳга қолмасдан уйига кетса бўлади, деганидир.

Яна бу дегани, умуман, таровеҳни ўқимаса ҳам бўлади, дегани эмас! Чунки, Рамазон ойининг ҳар бир кунида таровеҳни ўқиш, бутун ой давомида таровеҳни ўқиш суннатдир. Саҳобаи киромлар уни асло тарк қилмаганлар. Демак, бу масжидга бориб, хуфтаннинг жамоатидан сўнг масжидда қолмасдан уйига келиб, албатта, таровеҳни ўқиб олади, деганидир.

Шунинг учун фуқаҳоларимиз бундай фатволар беришган: “Агар хатми Қуръон ўн тўққизинчи кеча ёки йигирма биринчи кеча тугаса ҳам ойнинг қолган кунлари таровеҳ тарк қилинмайди. Чунки, у суннатдир”. (“Жавҳарат ун-наййира”). “Энг саҳиҳ қавл шуки, уни бир кун ҳам тарк қилиш макруҳ бўлади”. (“Сирож ал-ваҳҳож”). Ушбу икки мўътабар фиқҳий китобдан келтирилган фатво, юқорида айтганимиздек, “Фатовойи Оламгириййа”да ҳам зикр этилган.

Хатми Қуръон қилган қорининг яна хатм учун

таровеҳга имом бўлиши масъаласи

Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафлдир. Энди, аксар ҳолатларда бир қори таровеҳда одамларга хатм қилиб бергандан сўнг бошқа масжидга бориб, ҳали хатм қилинмаган, хатмда қатнашмаган қавмга имом бўлиб, хатм қилиб беради. Бу ҳолатда хатм қорига нафл-мустаҳаб, бу ердаги масжид аҳлига эса ҳали суннатлиги адо бўлмай турибди. Шу ҳолатда хатм суннат бўлган қавмга хатм қилиши мустаҳаб бўлган қори имом бўлмоқда. Аслида, кучли заифга иқтидо қилиши дуруст эмас эди. Худди бу нафл ўқиётганга фарз ўқиётган иқтидо қилиб бўлмаганидек. Бу ҳақда нималар дейиш мумкин?

Мазкур масъала мутааххирийн уламолар тарафидан ихилофлидир. Лекин, энг саҳиҳ ва фатво берилган қавл шуки, бу ҳолатларда қори неча марта хатм қилса ҳам, бирор марта хатм қилмаган қавмга имом бўлиши мумкин ва қавм суннат хатмнинг савобини олади.

Таровеҳ ва хатми Қуръоннинг иккови бир суннат ёки иккови иккита суннат эканлигида ҳам ихтилофлар бор. Таровеҳда хатм қилган ёки унда тўлиқ қатнашган одам кейинчалик таровеҳ ўқимаса ҳам бўлади, дейишади баъзи уламолар. Бошқа фақиҳлар эса хатм алоҳида суннат таровеҳ эса Рамазон ойи давомида ҳар куни ўқиладиган алоҳида суннат, дейдилар.

Шунга кўра, баъзилар бир марта хатм қилган қори ҳали хатм қилмаган қавмга бориб имом бўла олмайди, дейдилар. Бу гап мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бири “Хизонат ур-ривоёт” асарида алоҳида таъкидланган. Унда зикр қилинишича, Имом ас-Сиғноқийнинг фатвосига биноан, бир имом таровеҳда хатм қилгандан сўнг ҳали хатм қилмаган бошқа қавмга бориб имомлик қилса, қавмдан суннат бўлмиш хатм соқит бўлмайди, улар фақат нафл савобини топадилар, холос. Ҳиндистон уламоларининг аксарияти ҳам шу фикрга қўшилганлар. Бундай ихтилофдан қочиш учун имом иккинчи марта хатм қилаётган бўлса, ҳар куни ўқийдиган қироатини: “Бугунги таровеҳда ўқийдиган оятларимни ўзимга назр қилдим”, деб шубҳалардан сақланиши мумкин. Шунда қавмнинг суннат хатмидан унинг назри устун бўлади. Тошкентлик машҳур қорилардан Абдулазиз қори дада ҳам худди шундай фикрда бўлганлар.

Аммо, юқорида айтганимиздек, бу фикр жуда ихтилофлидир. Аслида суннат намозлари ҳам нафлдир. Шунга кўра нафл нафлга иқтидо қилиши мутлақо жоиз. Рамазон ойининг ҳар кунида таровеҳ ўқишни суннати муаккада, дейдиган уламолар айнан шу фикрга қўшилиб, хатм борасида ҳам бир хил суннат, дейдилар. Яъни, имом ҳам, қавм ҳам суннатни адо қилган бўладилар. Мазҳабимизнинг энг улуғ фиқҳий асарларидан бири “Фатҳ ул-қадийр”да суннат ниятида Қуръонни эшитиш билан суннат адо бўлади, дейилган. Демак, қорига суннати муаккада бўлмагани билан эшитувчи уни суннат сифатида ихлос билан эшитар экан, буюрилган суннатни адо қилган бўлади. Бу фикр “Канз ул-фатово”да сароҳатан тасдиқланган. (“Мажмуат ул-фатово”).

Намозда Қуръонга қараб қироат қилиш

Телевиденияларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилинаётганини Маккаи мукаррамадан тўғридан тўғри олиб кўрсатилади. Шунда баъзи бировларнинг Қуръонни кўтариб турганларини, имомнинг қироатини намозда туриб, Қуръонга қараб кузатиб боришаётганини кўриб қоламиз. Биздаги таровеҳларда бундай нарсалар кузатилмаган. Бу амал Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг наздида намозни бузади: Имомнинг қироатини ёки ўзининг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бораётган одамнинг намози бузилади. Агар имомга шу ҳолатида луқма берса, ундан луқма олган имомнинг ҳам ва унга иқтидо қилаётганларнинг ҳам намози бузилади. Чунки, имом ташқаридан таълим олган бўлади. Бу масъала мазҳабимизнинг энг мўътабар асарларидан бўлмиш “ал-Ҳидоя”нинг шарҳларида батафсил изоҳланган.

Имомайнлар наздида, яъни, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида намозда қироатни мусҳафга қараб ўқиш намозни бузмайди, балки макруҳ бўлади. Чунки, бу амал ғайри дин – китобийларнинг ишига ўхшайди. Улар ўзларидан олдин ўтган тобиъинларнинг гапларига эргашганлар. Имом Нахаъий, Саид ибн Мусаййаб, Шаъбий, Ҳасан Басрий, Сулаймон ибн Ҳанзала, Мужоҳид, Ҳаммод, Қатода каби зотлар макруҳ, дейишган экан. Агар буни қасддан қилса, намозни бузади, деган қарашда бўлган тобиъинлар ҳам бор. Саид ибн Мусаййаб, Ҳасан Басрий, Шаъбий, Абу Абдураҳмон ас-Суламий каби зотлар шу қарашда бўлишган.

Имом Шофиъий наздида эса мусҳафга қараб ўқиш намозни ҳам бузмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Унинг далили шуки, Қуръонга қараб қироат қилишнинг ўзи ибодат. Бу ерда ибодатга ибодат қўшилиб, нур устига нур бўлади. Макруҳ эмаслиги шунданки, аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам муқаддас китобларига қараб ибодат қилавермайди. Баъзилари ёддан, қалбидан ҳам ўқишади. Аҳли китобга ўхшаш макруҳ бўлса, Қуръонни ёддан ўқиш ҳам макруҳ бўлиши керак эди. Бу мумкин эмас. Демак, намозда Қуръонни юзидан ўқиш ҳам макруҳ эмас.

Имоми Аъзам бу зотнинг қарашларига жавоб бериб айтадики, аҳли китобга ҳамма ҳолатларда ўхшаш макруҳ эмаслиги тўғри. Ташаббуҳнинг ўзи, ўхшаш ва ўхшатишнинг ўзи макруҳ эмас. Қайси нарсада биз ҳам ночор қолсак, ўшани қилиш бизга мумкин бўлади. Ейиш-ичишда ёки баъзи зарурий ишларда аҳли китобга ўхшашимиз мумкин. Аммо, намозда Қуръонга қараб қироат қилиш зарурат эмас. Бинобарин, уни биз жоиз эмас, деймиз.

Бундан ташқари Имом Шофиъийнинг далилида намозда Қуръонга қараб ўқиш ҳақида ҳадиси шариф ҳам бор. Буни Имом Бухорий ва Байҳақийлар ривоят қилганлар[60]. Ўша ривоят шуки, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо мавлолари (озод қилган қуллари) Заквонга имом бўлишга буюрадилар ва у Қуръонга қараб намоз ўқиган. Ойша онамиз инкорсиз унга иқтидо қилган.

Анас разийаллоҳу анҳу ҳам намоз ўқиса, орқасида ходими Қуръон кўтариб турган, бирор оятда тўхтаб қоладиган бўлса, ходим Қуръондан ўша жойини очиб кўрсатган[61].

Шунинг учун Ибн Сирин, Ҳасан Басрий, Ҳакам ва Ато каби тобиъийнлар буни жоиз деганлар. Имом Молик фақат таровеҳдагина бунга рухсат берган эканлар[62].

Мазҳабимизнинг таниқли олими Имом аз-Зайлаъийнинг таъбирича, бу ҳадисдаги маъно шуки, Заквон ҳар икки ракъатдан кейин Қуръонни очиб, Қуръон оятларини ва тартибини эсга солиб олган. Бундай қилиш ҳозирги қориларимизда ҳам кузатилади. Ровий эса намозни Заквон мусҳафдан орада кўриб-кўриб ўқиб берди, деб келтирмоқчи бўлган.

Агар қори Қуръон оятларини мукаммал ҳифз қилган бўлсаю, олдида очиқ турган Қуръонга қараб, унинг тартиби, саҳифаларда жойлашишини фаҳмлаб олса, меҳробда ёзилганини фаҳмлаб олса, намоз бузилмаслиги мазҳабимиз китобларида ҳам зикр этилган. Заквоннинг амали ана шу тариқада бўлган бўлиши ҳам мумкин. Шамс ул-аимма ас-Сарахсий, Абу Наср ас-Саффор ва кейинги фақиҳларимиздан Иброҳим Ҳалабий агар қори ҳофизи Каломуллоҳ бўлса, у Қуръонга қараб фаҳмлаб олиб ўқиса, намоз бузилмаслигига фатво беришган[63].

Шунингдек, уламоларимиз Қуръонни намозда кўтариб туриш, уни варақлаш, унга назар солиб туриш амали касир, дейдилар. Амали касир эса намозни бузади. Амали касир бу – уни қилаётган одамни ташқаридан қараган одам намоз ўқимаяпти, деб ўйлашидир. Демак, бу ерда Қуръонни бир қўлда кўтариб турса ҳам намоз бузилади, деганидир. Агар Қуръони кўтармасдан, варақламасдан, балки, олдида очиб қўйиб, унга қараб ўқиса ҳам ундан талқин қилганлиги, таълим олганлиги боис намоз бузилади. (Мавлоно Алий ал-қори “Шарҳ ан-Ниқоя”да бу қарашни ҳам зикр қилган).

Қуръонни кўтариб туриб, унга қараб қироат қилишда, бошқа суннатлар ҳам тарк қилинади. Масалан, иккала қўлни намозда такбири таҳримада кўтариш, қироат пайтида қўлларни қовуштириб туриш, рукуъда тиззаларни ушлаш, қаъдада ўтирганда, ишораи саббоба қилиш кабиларни тарк қилишга тўғри келиб қолади.

Мусҳафдан, Қуръондан қараб қироат қилиш намознинг бузилишига олиб келишига Шамс ул-аимма ас-Сарахсий, Ҳофизиддин ан-Насафий, Имом аз-Зайлаъий каби фақиҳлар жазм қилишган. Ҳатто фиқҳ китобларимизда биров Қуръон оятларидан бирортасини ёддан билмаса, фақат Қуръоннинг ўзига ёки оятлар кўчирилган варақларга қараб ўқишни билса, у намозларини ёд олгунча қироатсиз ўқийверади, деб фатво берилади. (“Заҳириййа”, “Хулосат ул-фатово”). Чунки, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига намозни ўргатганларида унга бундай деганлар: “Ўзинг билан бирга Қуръон бўлса, (яъни, Қуръондан оятлар ёд олган бўлсанг), уни қироат қил. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳга ҳамду сано айт, такбир айт ва таҳлил айт. Сўнг рукуъ қилгин!”[64]. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Мен Қуръондан ҳеч нарса олишга қодир бўла олмаяпман. Менга жоиз бўладиган нарсаларни ўргатинг” дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга калимаи тамжидни ўргатиб қўйибдилар[65]. Агар Қуръондан қараб ўқиш мумкин бўлганида эса, ўша кишига оятларни ёздириб берилган бўлар эди.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг қавлини яна Ибн Абу Довуд Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам очиқ қувватлайди:

نهانا أمير المؤمنين ان نؤمّ الناس فى المصحف

“Амир алмўъминин (Ҳазрати Умар) бизни одамларга мусҳафга қараб имом бўлишимиздан қайтардилар”[66].

Мазҳабимиз фиқҳининг мумтоз даврининг энг сўнгги вакилларидан бири Мавлоно Абдулҳай Лакнавий намозда имомга луқма бериш ва луқма олиш ҳукмлари, шунингдек, Қуръондан қараб қироат қилиш ҳукмлари борасида иккита рисола ёзганлар. Ушбу рисолаларида Абдулҳай Лакнавий Имоми Аъзамнинг гапларини қувватлаган.

Шундай қилиб, бизнинг юртларда азалдан Имоми Аъзам мазҳабига муҳаббатли қориларимиз, намозхонларимиз намозларида Қуръондан қараб қироат қилишмаган, балки, Қуръонни ҳифз қилишга, иложи борича, ўзлари ҳам, одамларга ҳам намозни бешубҳа ўқиб беришга интилиб келганлар.

Таровеҳни тўрт ракъат қилиб ўқиш

Мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бўлган “Ҳидоя”да таровеҳнинг ҳар тўрт ракъатида икки салом билан адо қилинади, дейилган. Чунки, таровеҳни саҳобаи киромлар икки ракъатдан ўқишган.

Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам алоҳида таъкидланган:

صلوة الليل مثنى مثنى

“Кечки намоз икки-икки ракъатдандир”.

Бу Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир. Аммо, асҳоби сунан ва Ибн Ҳиббонлар ривоятида эса бунга кундузги нафллар ҳам қўшилган[67].

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечасидаги ўқилган икки ракъат дунёдан ва ундаги бор нарсалардан яхшироқдир”, деганлар[68].

Шунга кўра Имом Шофиъий, Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда бизнинг мазҳабимиз имомлари Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний наздида кечки намозларнинг ҳаммасини, жумладан, таровеҳни ҳам икки ракъатдан салом бериб ўқиш керак. Ҳатто Ҳанбалий мазҳабида тўрт ракъатдан ўқиш макруҳдир. Абу Юсуф ва Муҳаммадлар таровеҳ икки ракъатдан қилиб ўқилса, такбири таҳрима, саловоту-дуо ва саломлар кўпроқ бажарилади, деган фикрдалар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида эса кундуз куни ҳам, кечаси ҳам нафл ибодатларни тўрт ракъатдан салом бериб ўқиш афзалдир. Чунки, битта такбири таҳрима билан намоз ўқишда машаққат кўпаяди, машаққати кўпайган ибодатда савоб ортади. Бинобарин, бир одам тўрт ракъат намоз ўқишни ўзига назр қилса, тўрт ракъатни бирданига ўқиши керак, агар у икки ракъатдан қилиб ўқиса, назрининг уҳдасидан чиқмаган бўлади[69]. Шунинг учун “Мухтасар ул-Виқоя”нинг баъзи нусхаларида таровеҳнинг ҳар тўрт ракъатини икки салом билан ўқилади, деган жумла ўрнига фақат тўрт ракъатнинг ўзи зикр этилган.

Имоми Аъзамнинг далилини Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо келтирганлар. Ойша онамиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазонда ўқийдиган намозлари қандайлигини сўралганда бундай деб жавоб берган эдилар:

انّ النبى صلى الله عليه وسلم كان يصلى بالليل أربعا لا تسأل عن حسنهن وطولهن ثم يصلى أربعا لا تسأل عن حسنهن وطولهن ثم يصلى ثلاثا

“Албатта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракъат (витр) ўқир эдилар”.

Бундан маълум бўлмоқдаки, Расулуллоҳ алайҳиссалом таровеҳни тўрт ракъат ҳам қилиб ўқиганлар.

Муҳаддислардан Абу Яъло ривоят қилишича, Урва раҳматуллоҳи алайҳи Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз кундузги зуҳо намозини бир салом билан тўрт ракъат қилиб ўқиганликларини эшитган экан.

Юқорилардан маълум бўлмоқдаки, кечки нафл ибодатларни тўрт ракъатдан ўқиш мумкин бўлса-да, аммо таровеҳни аждодларимиз, салафи солиҳинларимиз, саҳобаи киромлар икки ракъатдан ўқиганликлари учун уни икки-икки ракъатдан ўқиган афзал бўлиб қолаверади.

Зотан, Имом Муслим ривоят қилишича, Ойша онамиз яна бундай деганлар:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصلى فيما بين أن يفرغ من صلاة العشاء و هى التى يدعو الناس العتمة، الى الفجر احدى عشرة ركعة يسلم بين كلّ ركعتين و يوتر بواحدة...

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтан намозидан уни одамлар “ал-ъатама” (туннинг учдан бир қисмининг биринчи қисми) ҳам дейдиларбомдодгача бўлган оралиқда ҳар икки ракъат орасида салом бериб ўн бир ракъат намоз ўқир эдилар ва бир ракъат витр ўқирдилар”[70].

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки намозларини икки ракъатдан қилиб ўқишга кўпроқ ҳаракат қилганлар. Буни қувватлайдиган далил яна бир ривоятда бор бўлиб, Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кечки намозларини кузатганида зикр этилади:

لارمقنّ صلاة رسول الله صلى الله عليه وسلم الليلة فصلى ركعتين خفيفتين ثمّ صلى ركعتين طويلتين ثمّ صلى ركعتين و هما دون اللتين قبلهما ثمّ صلى ركعتين و هما دون اللتين قبلهما ثمّ صلى ركعتين و هما دون اللتين قبلهما ثمّ صلى ركعتين و هما دون اللتين قبلهما ثمّ أوتر فذلك ثلاث عشرة ركعة

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечки намозларига тикилиб қараб турдим. Шунда, енгил икки ракъат ўқидилар. Сўнгра узун икки ракъат ўқидилар. Сўнгра икки ракъат ўқидилар, у иккиси аввалги иккисичалик эмасди. Сўнгра икки ракъат ўқидилар, у иккиси аввалги иккисичалик эмасди. Сўнгра икки ракъат ўқидилар, у иккиси аввалги иккисичалик эмасди. Сўнгра икки ракъат ўқидилар, у иккиси аввалги иккисичалик эмасди. Сўнгра витр ўқидилар. Бас, мана шу ўн уч ракъатдир”[71].

Шуни билмоқ керакки, таровеҳни тўрт ракъатдан ўқиган тақдирда ҳам унинг ҳар икки ракъати орасида қаъдада ўтирмоқ, “аттаҳийёт”ни ўқимоқ лозим бўлади, акс ҳолда бил-иттифоқ уламоларимиз фатволарига кўра макруҳ бўлади.

Ҳатто фиқҳ китобларимизда таровеҳнинг йигирма ракъатини охирида икки салом билан, ҳар икки ракъатида қаъдада ўтирган ҳолда адо қилса, жоиздир, дейилган. Баъзи олдинги уламолар жоиз эмас, балки бу икки ракъат ёки тўрт ракъатга ҳисоб қилинади, деган эканлар[72]. Аммо, қаъдаларда ўтирилмаса, Имом Аъзам ва Имом Муҳаммад наздида намози намоз бўлмайди. (“Бадойиъ”).

Таровеҳни тўрт ракъатдан қилиб ўқилганда, тўрт ракъатда ҳам қироатни жаҳрий қилинади.

Таровеҳни тез-шошилиб ўқиш

Баъзи жойларда таровеҳни жуда тез ўқилишини кузатамиз. Қироатлари ҳам жуда тез, сажда ва рукуъларини ҳам тез-тез адо қилиб ўқилади. Имомга иқтидо қилганлар тасбиҳларни баъзан ҳатто уч мартадан ҳам айтиб улгура олишмайди, “аттаҳийёт”ни ўқишса ҳам, саловатларни айтиб улгура олмайдилар.

Таровеҳни бундай қилиб ўқиш макруҳи таҳримий эканлигига шак-шубҳа йўқ. Зеро, таъдили аркон, яъни, рукуъ ва саждаларда ҳамда уларнинг орасида аъзолар бир тин олгунча туриш мазҳабимизда вожибдир. Буни фиқҳ китобларимизда “тумонина” ҳам дейилади. Бошқа мазҳаблар наздида таъдили арконни бажармаслик намознинг фасод бўлишига олиб келади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъдили аркон, тумонина қилмасдан намоз ўқиётган кимсани уч марта намозини қайта ўқишига мажбур қилганлар.

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Бир киши масжидга кириб намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид бурчагида эдилар. Ўша киши келиб Расулуллоҳга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва алайка ассалом” деб алик олдиларда: “Қайтиб бориб намозингни ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ўша киши қайтиб бориб намоз ўқиди, сўнг келиб салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва алайка ассалом” деб алик олдиларда: “Қайтиб борб намозингни ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг” дедилар. Учинчи маротаба ўша кимса “Менга ўргатинг” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

اذا قمت الى الصلاة فأسبغ الوضوء ثمّ استقبل القبلة فكبر و اقرأ ما تيسر معك من القرآن ثمّ اركع حتى تطمئنّ راكعا ثمّ ارفع رأسك حتى تعتدل قائما ثمّ اسجد حتى تطمئنّ ساجدا ثمّ ارفع حتى تستوى و تطمئنّ جالسا ثمّ اسجد حتى تطمئنّ ساجدا ثمّ ارفع حتى تستوى قائما ثمّ افعل ذلك فى صلاتك كلها

“Қачон намозга турсанг, бас, таҳоратни комил қил, сўнг қиблага юзлангин-да, такбир айт ва Қуръонда сенга осон бўлганича ўқигин. Сўнг рукуъ ҳолатда қарор топгунча, хотиржам бўлгунча рукуъ қил. Сўнг тикка ҳолатда адл тургунча бошингни кўтаргин. Сўнг сажда ҳолатда хотиржам бўлгунча сажда қил. Сўнг баробар ва хотиржам ўтириб олгунча кўтарил. Сўнг сажда ҳолатда хотиржам бўлгунча сажда қил. Сўнг тикка ҳолатда баробар тургунча кўтарил. Сўнг намозингни ҳаммасини шундай адо қил”.

Сажда ва рукуъда ақалли уч марта тасбиҳ айтиш суннатдир. Тасбиҳларни уч мартадан айтилиши, рукуъ ва саждада ва улар орасида тумонина қилиш ҳамма намозларга – фарзу вожибу суннату нафлларга тегишлидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўғрилар ичида энг ёмони намоз ўғриси деганлар. “Намозини қандай ўғирлайди?” деган саволга ул зоти шариф: “Рукуъ ва саждасини тўла-тўкис бажармайди”, деб жавоб берганлар[73]. Бошқа ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

لا ينظر الله الى صلاة عبد لا يقم صلبه بين ركوعها و سجودها

“Аллоҳ таоло саждаси ва рукуъси орасида орқаси қарор топмаган банданинг намозига қарамайди”[74].

Фиқҳий китобларда таровеҳда қироатни тез ва секиннинг орасида, ўртача ўқилади, дейилган. Нафлларда тез ўқиш, мумкин. Буни Шамсиддин Қуҳистоний “Фиқҳи Кайдоний”га ёзган шарҳида айтган. Бу ўтган баъзи уламоларнинг, салафи солиҳинларнинг бир кунда, ҳатто бир ракъатда Қуръонни хатм қилиш одатлар бўлгани билан изоҳланади. Аммо, қироатнинг махражларида шошилмасдан, тартил ва тажвидларига амал қилиб ўқиш лозим. Чунки, бир ҳарф махражи нотўғри чиқса, ёки калималарни маъно ўзгарадиган қилиб айтса, намоз бузилиб кетади.

Шунингдек, Қуръон оятларини тафаккур ва тадаббур билан ўқиш лозим. Намозни тез тугатиб олай, деб ўйлаб туриб қироат қилинмайди.

Баъзи имомлар таровеҳда “Алҳамду” сурасини бир нафасда ўқийдилар. Бу суннатга мутлақо хилофдир. Пайғамбаримиз ҳар бир оятда тўхтаб‑тўхтаб қироат қилганлар[75]. Ҳеч бўлмаганда қироат олимлари тавсия қилган одатдагидек “Алҳамду”нинг учта оятида тўхташ керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳозирда биз ўқийдиган саловотни намозлар охирида саломдан олдин ўқишга буюрганлар. Бинобарин, уни мазҳабимиз уламолари суннати муаккада, дейдилар. Бошқа мазҳабдагилар, ҳатто саловот ўқишни фарз ҳам деганлар.

Шунингдек, намозлар охирида саловотлардан сўнг, саломдан аввал ўқийдиган бир қанча дуоларни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар.

Баъзи уламоларимиз, қавм ичида қарилар, ҳожатмандлар кўп бўлса, таровеҳда фақат дуоларни тарк қилишга рухсат берганлар.

Шуларни эътиборга олиб “Фатовойи Сирожиййа”да таровеҳларда қироатни шошилиб ўқиш, рукнларни шошилиб адо этиш макруҳ, деб фатво берилган.

Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм ичида заифлар, ёши улуғлар, ҳожатмандлар ва аёллар бўлишини инобатга олиб, имомларнинг намозларни енгил ўқиб беришларига катта эътибор берганлар. Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Аммо, енгил ўқиб бериш жуда тез қироат қилиш ёки вожибу суннатларни тарк қилиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Балки, кичкина сураларни ўқиб бериш, қироатни жуда чўзмаслик билан бўлиши керак, холос. Шунинг учун “Фатовойи Ҳужжа”да рукуъ ва сажда тасбиҳларини таровеҳларда учтадан кам айтилмайди, дейилган. Чунки, суннат намозида суннатлар тарк этилмайди[76].

Юқорида ўтган баёнотларга кўра, имом ва муллаларимиз таровеҳларни шошилмасдан, қисқа суралар ҳисобига енгил қироат билан ўқиб беришлари афзалдир.

Таровеҳда қироатнинг миқдори

Баъзи одамлар имомнинг таровеҳнинг қироатини чўзиб юборганликда айблаганини эшитиб қоламиз. Ўша даврада ўтирганларнинг баъзиси эса аксинча гапиришади. Аслида, энг афзал амал қиёми узун бўлган намоз эканлиги башорат қилинган:

انّ النيى صلى الله عليه وسلم سئل أىّ الأعمال أفضل؟ قال: طول القيام

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Амалларнинг қайсиниси афзал?” деб сўралди. Ул зоти шариф: “Қиёми узунидир!” деб жавоб бердилар[77].

Таровеҳда қироатнинг миқдори ҳақида гапирадиган бўлсак, Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари ўн бир ракъат намоз (шундан учтаси витр) ўқиганлари кўплаб ривоят қилинади. Ана шу намозларида ул зоти шариф қироатни узун-узун қилар эдилар. Ҳатто ул зоти шариф бир марта бир ракъатда тартил ва тажвид билан Қуръоннинг беш порасини ўқиган эдилар.

Ҳузайфа разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Пайғамбаримиз бир кеча тўрт ракъат намоз ўқиганлар. Унда Қуръондан Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моида ёки Анъом сураларини қироат қилганлар.

Пайғамбаримиз ўша намозларида намоз арконларини ҳам, яъни рукуъ ва саждаларини ҳам узун-узун қилар эдилар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Расули акрам кечки намозларида рукуъ ва саждаларини биз эллик оятлар ўқигунимиз миқдорича қилар эканлар. Буни Имом Муслим ривоят қилган.

Ҳазрати Умар таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни жорий қилганларида бир Рамазонда уч марта хатми Қуръон қилинар эди. Ўша пайтда у зот ҳар ракъатда тезроқ ўқийдиган қорига ўттиз оятдан, ўртача ўқийдиганга эса йигирма беш оятдан, секин ўқийдиганга эса йигирма оятдан ўқишни тавсия қилган[78].

Имом Молик “Муватто” асарида ас-Сойиб ибн Язиддан нақл қилишича, таровеҳда қори икки юз оятни ўқиганда, қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолар эканлар. Уйларига одамлар саҳардан сал олдин қайтар эканлар ва шошилиб саҳарлик еб олар эканлар.

Яна Имом Молик ал-Аъраждан ривоят қилган. Унинг айтишича, қори Сураи Бақарани саккиз ракъатда ўқиган, агар ўн икки ракъатда ўқиса, одамлар қироатни енгил ўқиди, деб ҳисоблашар экан.

Рамазон ибодат ойи. Намозларни, ракъатларни, қироатларни кўпайтирадиган ой. Шошилмайдиган, ибодатлардан зерикмайдиган ой. Ғанимат ойи!

Яна шуни билмоқ керакки, қорига бир савоб берилса, уни ихлос билан эшитганга икки савоб берилади. Имом Доримий ўз муснадида ривоят қилади:

انّ الذى يقرأ القرآن له أجر، وانّ الذى يستمع له أجران

“Шак йўқки, Қуръон қироат қилганга бир савоб, уни эшитган кимсага икки савобдир!”.

Агар мазкур ҳадисни Қуръон тиловатининг ҳар бир ҳарфига ўнтадан савоб берилиши ҳақидаги ҳадисга қиёс қилсак, демак, ихлос билан Қуръон тиловатини эшитувчига ҳар бир ҳарфига йигирматадан савоб берилар экан, инша Аллоҳ!

САВОЛ: Имомимизнинг ўзи рўза тутмаса, у таровеҳларимизга имомлик қила оладими? Ундан бошқа имом топа олмасак-чи?

ЖАВОБ: Таровеҳ Рамазон кечалари учун суннат қилинган бўлса ҳам, унинг рўза билан алоқаси йўқ. Яъни, рўза тутган-тутмаганларнинг ҳаммаси мусулмон бўлса бўлди, таровеҳ ўқийверадилар. Бу суннатдир.

Сизнинг имомингизнинг икки ҳолати бор. Агар у бирор бир шаръий узри сабабли рўза тутмаётган бўлса, демак, сизларга имом бўлаверади. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўз имомларингиз таровеҳни ўқиб бергани, бошқа имом таровеҳни ўқиб берганидан яхшироқдир.

Аммо, имом беузр, ҳеч қандай сабабсиз, фисққа, нафсига эргашиб, рўза тутмаётган бўлса, демак, имом бўлишга ҳаққи йўқ. Унинг орқасида, умуман, ҳар қандай фосиқнинг орқасида намоз ўқиш барча мазҳаблар фатвосига кўра макруҳи таҳримийдир. Чунки, ундай одамни имом қилиш уни улуғлаш бўлиб, бу билан бир нави унинг фисқу фужурига бепарволик ҳам бўлиб қолади.

Фосиқ деб шариатга ошкора амал қилмайдиган, шариат ҳукмларига бепарво, ҳаром ва ҳалолларнинг фарқига бормайдиган одамга айтилади. Балки, Имом Молик ва Имом Аҳмад наздларида, бир ривоятида фосиқнинг намози дуруст бўлмайди. Шунинг учун тақводор, парҳезгор, билганига амал қиладиган имомнинг орқасида намоз ўқишга ҳаракат қилиш керак. Шундай имомни топиб, тайёрлаб, имом қилиб қўйиш керак.

Бошқа муносиб имом топилмаса, ўшандан бошқа “билимли” бўлмаса, у имом бўлаверади. Чунки, намоз макруҳ бўлгани билан қабул бўлиши Аллоҳдан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:

صلوا خلف كلّ بَرّ وفاجر وصلوا كلّ بَرّ وفاجر...

“Ҳар бир яхши ва ёмоннинг орқасида намоз ўқийверинг! Ҳар қандай яхши ва ёмон одамга намози жаноза ўқинг!”. (Имом Дорақутний Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривояти).

Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

والصلوة واجبة عليكم خلف كلّ مسلم بَرّا كان او فاجرا وان عمل الكباير والصلوة واجبة على كلّ مسلم بَرّا كان او فاجرا وان عمل الكباير

“Намоз сизларга ҳар бир яхши бўлган ёки ёмон бўлган мусулмоннинг орқасида ўқиш вожибдир. Гарчи у гуноҳи кабираларни қилган бўлса ҳам. Ҳар бир мусулмон одамга, хоҳ у яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, жаноза ўқиш вожибдир. Гарчи у гуноҳи кабираларни қилган бўлса ҳам”.

САВОЛ. Имом таровеҳда уч ракъат ўқиб қўйгани борасида тортишув бўлди. Шунингдек, тўрт тасбиҳ (ўн олти ракъат) бўлди, деган ихтилоф ҳам юз бериб туради. Бу ҳолатларда нима қилинади?

ЖАВОБ. Қавм имомнинг уч ракъат ўқиганини, баъзилар эса икки ракъат ўқиганини айтаётган ҳолатда имом ўзининг ғолиб раъйини олиши керак, бошқаларнинг гапига эътибор бермайди. Агар ўзи иккиланиб қолса, тўғри сўз одамнинг гапига қараб амал қилади. Мабодо у ёки имомнинг ўзи уч ракъат ўқилди деса, кейинги бир ракъат учун икки ракъат намоз ўқилади ҳамда таровеҳ келган жойидан давом эттирилади.

Агар тасбиҳлар, аниқроғи ракъатлар нечта бўлгани борасида ихтилоф чиқса, имом аввало ўз раъйига қарайди. Агар ўзи ҳам иккиланиб қолса, бир тасбиҳ қўшиб жамоат бўлиб ўқишади. Баъзилар ҳар ким ўзи ёлғиз-ёлғиз икки ракъатдан тўрт ракъат ўқийди, деган[79].

Қуръонни бир-икки кунда хатм қилиш

Баъзи уламолар, хусусан аҳли ҳадислар бир-икки кунда Қуръони каримни хатм қилишни макруҳи таҳримий деб билишади. Уларнинг далиллари будир:

Биринчидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бир-икки кунда Қуръонни ўқиш содир бўлмаган, демак, бу кейин чиққан бидъатдир, бидъат бўлганда ҳам бидъати саййиадир.

Иккинчидан, Расули акрам алайҳиссаломнинг ибодатлари ҳақида гапирганда, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечада тўлиғича қоим бўлган эмаслар, бир кечада ҳаргиз Қуръонни хатм қилган эмаслар. Рамазондан бошқа бирорта ойда тўла рўза тутган эмаслар. Қачон намоз ўқиб қолсалар, уни давомий ўқир эдилар”. Бу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган. Имом Муслимда ҳам шу хилда ривоят бор. Ибн Можжа ривоятида эса: “Қуръоннинг ҳаммасини тонггача ўқиб чиққанларини билмайман”, дейилган. Имом Бухорий ривоятида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки намозларини Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам ўн бир ракъатдан ўтказмаган эканлар.

Учинчидан, ҳадис китобларининг рўза бобида келтирилган Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳунинг воқеаси далил бўлади. Бу ҳадиси шариф маъноси Имом Бухорий ва Имом Муслим бошлиқ қарийб барча муҳаддислар ривоятида мавжуддир. Унда айтилишича, Ҳазрати Абдуллоҳ умр бўйи рўза тутар ва ҳар кеча Қуръонни хатм қилар эканлар. Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келганида, уни чақиртириб: “Ҳар ойда уч кун рўза тут, агар зиёдасига тоқатинг етса, Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидек, яъни бир кун рўза тут ва бир кун очиқ юр. Ҳар ойда бир марта хатми Қуръон қил, агар зиёдасига тоқатинг етса, йигирма кун, ўн кун ёки етти кунда хатм қил. Ортиқча уринма!” деган маънодаги илоҳий иршодларини кўрсатганлар.

Тўртинчидан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоятида Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан келтирилган машҳур ҳадис бор. Унда айтилишича, баъзи саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатларини сўраб билиб олишиб, ул зотнинг ибодатлари ўзига яраша эканлигини, ўзларига эса бу кам бўлишини ўйлаб, баъзилари умр бўйи рўза тутишга, баъзилари умуман гўшт емасликка, баъзилари уйланмасликка, баъзилари умуман тўшакда чўзилиб ётмасликка қасд қилиб турганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бировлар мана шундай гап-сўзлар айтаётган экан, мен эса намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза ҳам тутаман, очиқ ҳам юраман. Хотинларга ҳам уйланганман. Кимки менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, деб марҳамат қилганлар.

Бешинчидан, Имом Абу Довуд ва Термизий ҳамда бошқа муҳаддисларнинг Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбар алайҳиссалом мана бундай иршод қилмишлар:

لا يفقه القرآن من قرأ فى أقلّ من ثلث

Кимки Қуръонни уч кундан озроқда ўқиса, ҳеч нарса тушунмайди”.

Аслида, юқорида келтирилган бешта ва ундан зиёда далиллар ҳам барчаси тўғри. Аммо, улардан чиқарилган ҳукмнинг мутлақ қўйилиши унчалик тўғри эмас.

Чунки, биринчидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган, кейин бўлган ҳар бир нарса бидъат бўлавермайди. Иккинчидан, биз кўраётган бу масъалада, яъни Қуръонни бир-икки кунда ўқиш борасида саҳобаи киромлар, хусусан, хулафои рошидийндан саҳиҳ хабарлар собит бўлган. Учинчидан, тобиъийни изомлар, табъа тобиъийнлар бир-икки кунда хатми Қуръон қилишни инкор қилмасдан, қабул қилганлар. Тўртинчидан, кейинги даврларнинг мўътабар ва ишончли уламо ва муаррихлари ҳамда тазкиранавислари бир-икки кунда хатм қиладиган машойих ва уламоларни мадҳ қилишган. Биз буларни батафсил кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатлари борасидаги хабарлари ғолиб ҳолатга, аксар вақтларга ишорадир. Зотан, севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кечалари қоим бўлар эдилар. Жуда қаттиқ ибодат қилар эдилар. Жумладан, Имом Бухорийнинг Ойша онамиздан қилган ривоятларига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари қоим бўлиб, намоз ўқийверганларидан оёқлари шишиб кетган. Бу ҳақда айтилганда, ул зоти шариф: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?!”, деганлар. Бу маънодаги ҳадиси шарифларни Имом Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва Насоийлар ҳам ривоят қилишган.

Имом Муслим ва Абу Довуд каби муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом баъзида кечалари қоим бўлиб, тонггача ибодат қилиб чиққанлар. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ул зоти шариф кечаларини тирилтирар, ҳатто аҳлларини ҳам уйғотар ва ибодатга белбоғ боғлаб қаттиқ киришар эдилар.

Яна Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ўзларидан Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ҳайратга тушган ибодатлари ҳақида сўралганда айтганлар: Бир куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени тарк қилинглар, мен билан ишларинг бўлмасин. Роббимга ибодат қилмоқчиман”, деб туриб таҳорат олдилар. Сўнг намоз бошладилар. Шундай йиғладиларки, муборак кўз ёшлари кўкракларига тушар эди. Сўнг йиғлай-йиғлай рукуъ ва сажда қилдилар. Бошларини кўтарганларида ҳам йиғлар эди. Шу тарзда намоз ўқирдилар, ҳатто Ҳазрати Билол келиб, бомдодга азон айтгани эшитилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, нимага бунчалик ибодат қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло сизнинг ўтган ва келаси гуноҳларингизни кечирган-ку!”, деб сўраганимда, ул зоти шариф: “Шукр қилгувчи банда бўлмайинми?!”, дедилар. Бу ҳадиси шарифни Ибн Ҳиббон ўз саҳиҳида, ал-Исбаҳоний “ат-Тарғиб ват-тарҳиб” китобида, Ибн Асокир ва Ибн Абиддунё каби зотлар ўз асарларида ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳунинг ҳадисларида эса Жаноби Расули акрам алайҳиссалом Абдуллоҳнинг ҳолини, бундай машаққатли ибодатда доимий тура олмаслигини билганликлари учун унга шундай буюрганлар ва рухсат тарафига иршод қилганлар. Аҳли аёли, ўз нафси ва танида ҳам ҳақ борлигини айтганлар. Шунинг учун Имом Нававий ҳазратлари Имом Муслимнинг саҳиҳи шарҳида мазкур ҳадис таҳтида, саҳобаларнинг ҳолатлари ҳар хил бўлганлигини ёзади. Баъзи саҳобалар ҳар ойда хатми Қуръон қилиб турган бўлсалар, баъзилари йигирма кунда, баъзилари бир ҳафтада, кўпчилиги уч кунда, айримлари бир кеча-кундузда, баъзилари эса ҳатто бир кеча-кундузда уч марта хатми Қуръон қилганлари, айрим саҳобаи киромлар эса бир кеча-кундузда ҳатто саккиз марта хатми Қуръон қилганликларини қайд қилади. Имом Суютий ҳам ўзининг машҳур асари “ал-Иттиқон фий улум ал-Қуръон” асарида буларни батафсил зикр қилган.

Саҳобаи киромлар билан бўлган воқеада қайтариқнинг сабаби эса улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатларини кам кўрганлигида эди. Шу билан бирга, ўзларига Аллоҳ вожиб қилмаган нарсани вожиб қилиб олганларида эди. Шу билан бирга, шариат осон қилиб қўйган йўлдан юз ўгирганларида эди. Шунинг учун ҳам улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан зажрга ва танбиҳга учрадилар.

Бу ҳадиси шарифлардан инсон тоқати етадиган амалларда бидъат бўлишлиги, номашруъ иш бўлишлиги чиқмайди. Зотан, инсоннинг ўзига малол келмайдиган амалга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари буюрганлар. Чунончи, Имом Абу Довуд Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом мана бундай деб марҳамат қилганлар:

أكلفوا من العمل ما تطيقون فانّ الله لا يملّ حتى تملوا فانّ احبّ العمل الى الله ادومها وان قلّ

“Амалдан тоқатингиз етганига киришинглар. Зеро, албатта Аллоҳ сиз малолланмагунча малолланмас. Бас, шак йўқки, Аллоҳга амалларнинг яхшиси, гарчи оз бўлса ҳам, давомийроғидир”.

Шу маънодаги ҳадиси шарифни Имом Бухорий ҳам ривоят қилган:

عليكم ما تطيقون من الأعمال فانّ الله لا يملّ حتى تملّوا

“Сиз ўзингизга амаллардан тоқатингиз етганича лозим тутинг. Зеро, албатта Аллоҳ ўзингиз малолланмагунингизгача малолланмас!”.

Шндай экан, банда ибодатидан малолланмагунча ибодатни давом қилдиравериши мумкин экан. Ибодат қилишдаги ҳолат инсоннинг тоқатига яраша бўлар экан. “Иршод ус-сорий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий”да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари шишиб кетгунча ибодат қилишларида инсон малолланмагунча ибодат қилишнинг машруълиги, жоизлиги қайд қилинган.

Абу Нуайм, Ибн Касир, Имом Заҳабий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Ҳажар Маккий, Имом Жалолиддин ас-Суютий, Зайниддин ал-Ироқий, Имом ал-Ёфиъий, Имом ас-Самъоний, Мавлоно Алий ал-қорий, Шамс ул-аимма ал-Кардарий, Имом ан-Нававий, Абдулваҳҳоб аш-Шаъроний ва Абдулҳайй ал-Лакнавий каби асарлари Ислом оламида тан олинган зотларнинг салафи солиҳинлар ҳаётларидан ёзишларига қараганда, улар умри давомида кечалари қоим, кундузлари соим бўлишган. Бу ривоят ва нақллар саҳиҳ санадлари билан келтирилган бўлиб, мутавотир даражасига етган.

Жумладан, саҳобалардан Ҳазрати Усмоннинг ҳар куни хатми Қуръон қилиши барча муаррихлар тарафидан нақл қилинган. Имом Абу Нуайм ал-Исбаҳонийнинг ривоятига қараганда, Ҳазрати Усмон бир ракъатда Қуръонни хатм қилганлар. Муҳаммад ибн Наср асСойиб ибн Язиддан саҳиҳ иснод ила нақл қилишича, Ҳазрати Усмон кечаси бир ракъатда Қуръонни хатм қилган[80]. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу уй қамоғида турганларида, уни қатл қилиш учун оломон ёпирилиб уйга кирганларида, унинг аёли: “Ахир кечалари қоим, бутун умри давомида рўзадор, ҳар куни битта хатми Қуръон қиладиган зотни ҳам ўлдирасизларми?!”, деб нола чеккан экан. Буни ҳам тарихчилар, жумладан муҳаддис Абу Нуайм нақл қилган.

Таниқли саҳобалардан Тамим ад-Дорий ҳам ҳар куни Қуръонни хатм қилар эдилар. Имом ас-Самъоний “Ансоб”да айтишича, Тамим ад-Дорий кечалари ухламас, бир ракъатда Қуръонни хатм қилиши бир неча бор кузатилган эди. Ибн Ҳажар Маккий ҳам “Арбаъийн” шарҳида шуни айтган.

Саҳиҳи Бухорийнинг баъзи шарҳларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ҳатто бир кунда саккиз марта Қуръонни хатм қилиши зикр этилган!

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу кечалари ухламасдан ибодат қилиб чиқишлиги унинг маноқибларида доим эсланади.

Умайр ибн Ҳониъ, Увайс ал-Қараний, Омир ибн Абдуллоҳ, Масруқ ибн Абдурраҳмон каби тобиъийнлар ҳар кеча минг ракъат намоз ўқишлари нақл қилинган!

Тобиъийнларнинг энг улуғларидан бўлмиш Саид ибн Мусаййаб эллик йилгача хуфтан таҳорати билан бомдодни ўқиган.

Тобиъийнлардан бўлмиш Асвад ан-Нахаъий Рамазон ойида Қуръонни ҳар икки кечада бир хатм қилар эдилар. Шом билан хуфтан орасида ухлаб олар эдилар. Рамазондан бошқа ойларда ҳар олти кунда бир хатм қилар эдилар.

Имом ал-Ёфиъийнинг айтишига қараганда, саҳобалардан Саид ибн Жубайр разийаллоҳу анҳу Байтуллоҳда бир ракъатда Қуръони каримни хатм қилганлар. Ул зотнинг Рамазон ойларида бир ўтиришда Қуръонни хатм қилишлари машҳур бўлиб кетган экан.

Шамс ул-аимма ал-Кардарий айтишига қараганда, Ҳазрати Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ўттиз йилдан кўпроқ хуфтан таҳорати билан бомдодни ўқиганлар. Рамазондан бошқа ойларда ҳар куни икки мартадан хатм қилар эканлар. Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг эслашича, ул зот икки ракъатда бир хатм қилган эканлар. Ўша пайтларда одамлар Ислом тарихида тўртта зот икки ракъатда Қуръонни хатм қилишлари кўп бора эсланар экан. Улар Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Тамим ад-Дорий разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Саид ибн Жубайр разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдирлар. Ислом оламининг энг таниқли алломаларидан Имом Заҳабий ва Имом Суютий, шунингдек, Ибн Халликонлар ўз даврида буни тан олиб, мадҳ ва фахр қилиб ёзиб қолдирган.

Имом аш-Шофиъий ҳазратлари ҳар Рамазонда олтмиш марта Қуръонни хатм қилар эканлар! Буни Имом Абу Нуайм ёзиб қолдирган.

Ҳазрати Аҳмад ибн Ҳанбал ҳар кеча-кундузда уч юз ракъат намоз ўқир эканлар. Саксон ёшларига борганида нафллари ракъати бир кунда бир юз элликтани ташкил қилганини асҳоблари зикр қилиб қолдирган.

Имом Кафавий “Иълом ал-ахёр”да келтиришига қараганда, Вакиъ ибн Жарроҳ ҳазратлари ҳам ҳар кеча бир марта хатм қилар эканлар.

Муҳаддислардан Абу Довуд ат-Таёласий ҳазратлари ҳам ҳар кеча Қуръонни хатм қилишлари унинг маноқибларида баён этилган.

Имом ан-Нававий ўзининг “Китоб ал-Азкор” ва “ат-Табйин” асарларида Қуръон хатм қилишда ўтган салафи солиҳийнларнинг одатлари ҳар хил бўлганини зикр этади. Улар тоқатлари ва иқтидорлари етгунча ибодат қилаверганлар, Қуръонни хатм қилаверганлар. Баъзилари икки ойда бир хатм қилсалар, баъзилари ҳар ойда, йигирма кунда, ўн кунда ёки ҳар ҳафтада хатм қилиб турганлар. Кўпчилиги уч кунда хатми Қуръон қилишни одат қилишган экан. Айримлари бир кунда уч мартагача хатм қилган. Ҳатто баъзиси бир кеча-кундузда саккиз мартагача Қуръонни хатм қилиш иқтидорига эга бўлган. Баъзилари Рамазони шарифда шом билан хуфтаннинг ўртасида хатми Қуръон қилишга улгурган экан. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин!

Биз юқорида келтирган нақллар ва ривоятларнинг барчасини силсилали иснодлар билан ривоят қилингани, шунингдек, Ислом оламининг тан олган мўътамад уламолари зикр қилганликлари мазкурларнинг барчаси бўлиб ўтган ҳодисалар эканлигини аниқ ва равшан билдиради. Мана шуларни ўқиган ҳар бир инсофли мусулмон бир неча важҳлардан кўп ибодат қилиш бидъат эмаслигини англайди.

Аввало, саҳобаи киромлар, тобиъини изомлар, табъа тобиъийнлардан ҳеч ким инкор қилмасдан тоқатлари етгунча кўп ибодат қилишлари кузатилган.

Иккинчидан, кўп ибодат қилишлар Ҳазрати Умар, Усмон ва Алий каби хулафои рошидийнлардан ҳам нақл қилинган. Бинобарин, уларнинг амаллари ҳам биз умматга суннат ёки мустаҳаб амал эканлигини барча якдиллик билан тан олади. Зотан, суннат фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг амаллари билангина собит бўлмайди.

Учинчидан, кўп ибодат қилиш улуғ фақиҳлар, муҳаддислар, мужтаҳид имомлар тарафидан бажарилган. Агар бидъат дейилса, Ислом оламининг шундай зотларини мубтадиъга чиқаришдек бўлмағур иш юзага келади. Бу билан эса мусулмонлар ижмоъси ботил бўлиб қолади.

Тўртинчидан, юқоридаги нақллар ишончли зотлар тарафидан ишончли санадлар, сиқотли ровийлар томонидан келтирилган. Бинобарин, бу нақлларни қабул қилмасдан иложимиз йўқ.

Инсоннинг тоқати ва иқтидори ҳар хилдир. Юқоридаги ҳодисалар, яъни бир кечада бир неча марта Қуръонни хатм қилиш, неча йиллар давомида эрталабгача ухламасдан намоз ўқиб чиқишлар, ҳар куни минглаб ракъатларда намоз ўқиш – буларнинг ҳаммасини биз авомлар ва жоҳиллар бажара олмаслигимиз, ақлга сиғдира олмаслигимиз таъйин. Аммо, Аллоҳнинг севимли қуллари, авлиёуллоҳлар, Пайғамбар ворислари бўлмиш уламои киромлар бажаришлари эҳтимолдан холи эмас. Бу Парвардигори олам ўзининг севимли бандаларига берган каромати, хориқи одати эканлигига шубҳа йўқдир.

Бинобарин, бир кунда хатми Қуръон ўқиш авомлар, Қуръонни юзаки ўқиб ўтадиганлар, Қуръонни кўп ўқиса, зерикиб кетадиган, малолланиб қоладиган мусулмонларга макруҳдир. Фиқҳий манбалардан бири бўлмиш “Фатовойи таторхониййа”да бундай ҳолатда хатмни ҳатто ўн бир кунда ёки ундан олдин тугатишни ҳам макруҳ дейилган[81]. Қуръонни қанча ўқиса, шунча роҳат оладиган қорилар, Қуръон ўқиб, таъсирланиб, тадаббур ва тафаккури зиёда бўлиб борадиган муҳибблар, тез ора Қуръонни ёд олиш, ҳифз қилишни кўзлаётган Қуръонхонларга макруҳ бўлмайди, албатта.

Шунга кўра, Қуръонни бир кечада ўқишда, агар юртда бошқа қорилар йўқ бўлса, кўп масжидларда Қуръон хатмига улгуришни кўзлаётган бўлса, қироатда тажвид қоидалари ва қироат одобларини бузмайдиган бўлса, шу билан бирга ўзи ва қавм малолланиб қолмаса, бир кечада Қуръонни хатм қилишлари қориларга зарари йўқдир.

Юқорида биз муфассал тўхталган масъала энг ўртача йўлдир. Яъни, иқтидори етганга Қуръонни хатм қилиш қанча вақтда бўлса ҳам дуруст, аммо иқтидори йўқ ва тез малолланиб қоладиганга бир-икки кунда хатм қилиши мумкин эмас, яъни макруҳдир.

Шунингдек, одамларга таровеҳларда хатм қилиб беришда ҳам шу йўлни тутган маъқул. Одамлар малолланиб қолмаслиги даркор. Акс ҳолда макруҳ бўлади.

Биз баён қилган масъалани тафсилотлари билан хабардор бўлишни истаган одам Умдат ул-мутааххирийн Абулҳасанот Абдулҳай ал-Лакнавийнинг “Иқомат ул-ҳужжат” асарига мурожаат қилсин.

Таровеҳда оятларни такрор-такрор ўқиш

Таровеҳда имом бўлган баъзи қорилар баъзи оятларни такрор-такрор ўқишади ёки баъзида одамларнинг йиғлаб турганларини кўрамиз. Шунингдек, орқадагилар оятлар орасида дуолар ўқиб турганлигини ҳам сезиб қоламиз. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда ушбу амаллар суннат ва нафл намозларда (фарзларда эмас) мутлақо жоиздир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буларнинг ҳаммаси ворид бўлган.

Имом Насоий ва бошқа муҳаддислар Абу Зарр разийаллоҳуанҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечаси тонггача намозда мана бу ояти каримани такрорлаб oқиб чиққанлар:

إِن تُعَذِّبْهُمْ فَإِنَّهُمْ عِبَادُكَ وَإِن تَغْفِرْ لَهُمْ فَإِنَّكَ أَنتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ {118}

Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларинг. Борди-ю, уларни кечирсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат эгасидирсан”. (Моида сураси, 118-оят).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг тиловатини эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан дув-дув ёш оққан. Саъд ибн Молик разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда эса, ул зоти шариф: “Албатта бу Қуръон ҳазинлик ила нозил бўлган. Бас, қачон уни қироат қилсангизлар, йиғлангизлар. Агар йиғлай олмасангизлар, йиғлагудек бўлингизлар!”.

Қироат асносида имомнинг ёки иқтидо қилувчиларнинг ҳар хил дуоларни ўқишлари бор гап: Имом Муслимнинг Ҳузайфа разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки намозларида қироат асносида тасбиҳ оятларидан ўтсалар, тасбиҳ айтар эдилар, сўровга тарғиб бўлган оятлар ўтса, дуо қилардилар, паноҳ тилаш керак бўладиган оятлар ўтса, паноҳ сўрардилар.

Шунинг учун ҳам тўрт мазҳаб аҳли жаннат васфи қилинган оятларда: “Аллоҳумма асъалука-л-жаннат!” деб жаннатни сўраш, дўзах, ёмонлик ҳақидаги оятларда эса: “Аллоҳумма инний асъалука-л-ъофията!” деб офият сўраш мустаҳаб дейдилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг поклиги ёки буюклиги ҳақидаги оятлар ўтса, “Таборакаллоҳу ва таоло”, “Субҳоналлоҳ!” кабиларни айтиш ҳам мақбулдир.

Аъло сурасининг биринчи оятидан сўнг: “Субҳона раббийа-л-аъло” дейиш, Ваттийн сурасининг охирги оятидан сўнг: “Бала, ва ана ъала золика мин аш-шоҳидийн” дейиш, Аъроф сурасининг 185, Жосия сурасининг 6 ва Мурсалот сурасининг 50 оятларидан сўнг эса: “Оманту биллоҳ!” дейишни уламоларимиз мандуб амаллардан санашган.

Имомга иқтидо қилаётганлар бундай ишни имомнинг қироатига халал бермайдиган бўлсалар ва, асосийси, махфий тарзда айтадилар.

Таровеҳга ёш боланинг имом бўлиши

Ҳанафий мазҳабида (ва бошқа мазҳабларда ҳам) фарз намозларига ёш болалар имом бўла олмайдилар. Чунки, уларга ҳали намоз фарз қилинмаган, ўқигани нафл бўлади. Фарз ўқиётганлар нафл ўқиганга иқтидо қила олмайдилар.

Хуросон уламоларининг кўпчилиги ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини жоиз десалар, Ироқ уламолари жоиз эмас, дейдилар[82].

Насир ибн Яҳё ўн яшар бола таровеҳга имом бўлса бўлади, деган. Муҳаммад ибн Муқотил бу таровеҳгагина хос, деган. Чунки, Ҳазрати Ҳасан ибн Али разийаллоҳу анҳу бола пайтида Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога таровеҳда имом бўлиб берар эканлар[83]. Шунинг учун Абу Али ан-Насафий ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини жоиз деб фатво берган. Абдулҳай Лакнавий бола пайтида қори бўлиб, ўн яшар пайтида отаси уни таровеҳга ўтказаверганлигини ёзиб қолдирган.

Ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини Муҳаммад ибн Салама ҳамда Шамс ул-аимма ас-Сарахсий ҳазратлари жоиз эмас, деганлар. “Фатовойи Қозийхон”, “ал-Мунтақий” ҳамда “Ҳидоя”да шуни саҳиҳ ривоят деган. Зотан, имом зоминдир, гўдак жавобгарликка лаёқатли эмас. Бинобарин, эҳтиёт юзасидан балоғатга етмаган ёш болаларни таровеҳларга имом қилиш яхши эмас.

Нафлларни жамоат бўлиб ўқиш

Мазҳабимиз китобларида таровеҳнинг йигирма ракъатидан бошқа зиёда ракъатлар қўшиб жамоат бўлиб ўқишни макруҳ саналган[84]. Шунинг учун лайлат алқадрда тунда саҳарликкача нафл намозларни жамоа бўлиб ўқиш, рағойиб кечаси, бароат кечаси, ашуро кечаси ёки шуларга ўхшаш фазилатли кечаларда нафл ибодатларни жамоа бўлиб ўқиш макруҳдир. Истаган одам ўзи алоҳида ёки бир-икки одам билан ўқиши мумкин. “Радд улмуҳтор”да бирбирини чорлаб, оммавий равишда (имомдан бошқа тўрттадан ортиқ одамнинг) кўпчилик бўлиб нафл ўқишлари макруҳ, дейилади[85]. Анас разийаллоҳу анҳунинг уйида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ўқиганларида ул зотнинг орқаларида у, бир етим бола ва Умму Салаймнинг турганлиги ҳақидаги ривоятга суянилган[86].

Нафлларнинг жамоат бўлиб ўқилмаслигига далил шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

صلوا أيّها الناس فى بيوتكم. فانّ أفضل الصلاة صلاة المرء فى بيته الا المكتوبة

“Эй, одамлар! Ўйларингизда намоз ўқинглар! Чунки, намоз(лар)нинг афзали бир киши фарздан бошқа намозни уйида ўқиган намоздир”[87].

Бошқа ўринда ул зоти шариф бундай деб марҳамат қилганлар:

صلاة المرء فى بيته أفضل من صلاته فى مسجدى هذا الا المكتوبة

“Кимсанинг ўз уйида ўқиган намози менинг бу масжидимда ўқиганидан афзалроқдир, фақат фарз намози ундоқ эмас”[88].

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтишига қараганда, Расулуллоҳ алайҳиссалом суннат намозларини уйларида ўқир эканлар.

Лекин аҳён-аҳёнда нафлларни тасодифан жамоат бўлиб ўқишнинг зарари йўқлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам баъзида саҳобалари билан жамоат бўлиб ўқиб қолар эканлар. Масалан, Атбон ибн Молик разийаллоҳу анҳунинг уйларида унинг илтимосига кўра Пайғамбаримиз унинг оиласига жамоат бўлиб нафл ўқиб берганлар.

Витр намозининг ҳукми

Рамазон ойида витр намозини жамоат бўлиб ўқилиши барчага маълум. Нима учун бошқа вақтларда жамоат бўлинмайди? Мазкур саволга жавоб олишимиз учун Витрнинг ҳукмлари билиб олишимиз керак бўлади.

Витр намози уч ракъат бўлиб, бир салом билан ўқилади. Буни Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо ривоятидаги Пайғамбаримиз уч ракъат қилиб витр ўқиганликлари билан далилланади. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Витрни ўқиш тартиби: Икки ракъатдан сўнг ўтириб “аттаҳийёт” ўқигандан кейин учинчи ракъатга турилади ва учинчи ракъатда қироат қилиб бўлгандан сўнг такбири таҳримадаги каби қўл кўтариб такбир айтилади ва рукуъдан аввал дуои қунут ўқилади. Ойша онамиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч ракъат витр ўқир эдилар, уларнинг охиридагина салом берар эдилар” деган[89].

Имом Насоий ва Ибн Можжалар Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қунутни рукуъдан олдин ўқир эдилар.

Ҳозирда одатда ўқиб юрган дуои қунутни ўқиш суннатдир. Билмаса, ўргангунча бошқа билган дуоларидан ўқиб туради.

Витр намози Имоми Аъзам наздида вожибдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:

الوتر حق على كلّ مسلم

“Витр ҳар бир мусулмонга ҳақ вожибдир”. (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

انّ الله أمركم بصلوة هى خير لكم من حمر النعم وهى الوتر فجعلها لكم فيما بين العشاء الى طلوع الفجر

“Албатта Аллоҳ таоло сизларга бир намозни ўқишни буюрдики, у қизил туядан ҳам яхшироқдир. У витрдир. Бас, уни хуфтан билан бомдодгача бўлган оралиқда қилинади”. (Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжа ва Ҳокимлар саҳиҳ деб ривоят қилган).

Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ва бошқа мазҳабларда витр намозини ўқиш суннати муаккададир.

Шунинг учун ҳам витрни фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Зеро, фақат Рамазонда баъзи суннатлар ҳам (масалан, таровеҳ намози) жамоат бўлиб ўқилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамлар билан таровеҳ ўқиганларида уларга витрни ҳам ўқиб берган эдилар. Бу Ибн Ҳиббон саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадисда аниқ қилиб айтилган. Хулафои рошидийнлар ҳам шундоқ қилганлар. Хусусан, Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳумонинг ўзлари имом бўлиб, одамларга витрни ўқиб берганлари нақл қилинган[90]. Витрни жамоат бўлиб ўқилганда, унинг дуосини махфий ўқилади, албатта. Зеро, дуоларни махфий қилиш машруъ бўлган.

Витр намози, аслида, фарзларга зиёда қилинган намоз бўлганидан, Пайғамбаримизнинг “Охирги намозингиз витр бўлсин”, деганларини инобатга олиб, туришга кўзи етадиган одам бўлса, витрни уйда кечанинг охирида, саҳарликка турганда, саҳарликдан олдин ўқиб олгани афзалроқдир.

Жобир разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳдиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من خاف ان لا يقوم من آخر الليل فليوتر اوّله، و من طمع ان يقوم آخره فليوتر آخر الليل. فانّ صلاة آخر الليل مشهودة، و ذلك أفضل

“Кимки кечанинг охирида турмасликдан қўрқса, унинг аввалида витр ўқисин ва кимки кечанинг охирида туришидан умид қилса, бас, кечанинг охирида витр ўқисин. Зеро, кечанинг охирида ўқилган намоз гувоҳ қилинган (фаришталар ҳозир бўладиган)дир. Мана шу афзалдир!”[91].

“Фатовойи Ятима”да айтилишича, Абул Фазл Бухорий ҳазратлари витрни кечанинг аввалида жамоат бўлиб ўқиш имконият бўлса, уни кечанинг охирига таъхир қилиш яхши эмас, яхшиси, жамоат билан адо қилиш керак, деган[92]. Чунки, таниқли саҳобий Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу бундай деган:

أوصانى خليلى بثلاث: صيام ثلاثة ايّام من كلّ شهر، و ركعتى الضحى، و ان أوتر قبل ان أنام

“Халилим (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, зуҳо (чоштгоҳ)нинг икки ракъат намозини ўқимоқни ва ухлашдан олдин витр ўқимоғимни”[93].

Витр намозида “Саббиҳ-исма роббика-л-аъла”, “Қул йа аййуҳа-л-кафирун” ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сураларини ўқиш афзалдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу тариқа нақл қилинган[94].

Савол ва жавоблар

САВОЛ. Ўзининг масжидида хатми Қуръон қилинмаётган бўлса, бошқа масжидларга борса бўладими?

ЖАВОБ. Аслида ҳар ким ўз маҳалласидаги ёки энг яқин масжидда намоз ўқиши керак. Бу салафларимиздан қолган энг яхши одатдир. Агар ўз маҳалласидаги масжид қолиб, бошқа масжидларга чиқса макруҳ амални қилган бўлади. Зотан, масжидининг жамоати озайишига сабаб бўлмоқда.

Аммо, Рамазон ойида таровеҳларда хатми Қуръон қилиш ва хатмни эшитиш суннатдир. Бинобарин, ўз масжидида хатм қилинмаётган бўлса, бошқа хатм қилинаётган масжидларга бориши мумкин. Лекин, бормаса гуноҳкор бўлиб қолмайди. (“Мужмуат ул-фатово”). Шунинг учун “Хулоса”да ўзининг масжидининг имоми хатм қилмасдан фақат суннат миқдорида қироат қилаётган бўлса, бошқа масжидга кетиб қолмайди, дейилган[95].

САВОЛ. Қорилар йўқ жойлар бўлса, таровеҳда қироатни қандай қилган маъқул?

ЖАВОБ. Қорилар йўқ жойлар бўлса, ораларида қорилар етиштиришлари, Рамазонда бошқа ердаги қориларни жалб қилишлари даркор. Агар бунга бепарволик қилиб, тарк қилинса, суннат дейилган хатми Қуръонни тарк этганлари учун қавмнинг барчаси гуноҳкор бўлиб қоладилар.

Қорилари йўқ жойларда ёки бир марта хатм қилингандан сўнг Қуръоннинг охирги ўн сурасини йигирма ракъатда икки қатла ўқиш уламоларимиз томонидан тавсия қилинган. (“Жомеъ ар-румуз). Бизнинг юртларда ана шунга амал қилинади.

Аммо, баъзи уламолар шом намозига қироат қилингандек қироат қилаверади, деганлар. Диёримизнинг мутааххирийн уламолари эса бир оят узун ёки уч оят қисқадан ўқийди, деб фатво берганлар. (“Зоҳидиййа”). Сураи Ихлосни, яъни “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ҳар ракъатда замсура қилиб ўқиса ҳам бўлади. (“Сирожиййа”).

Фиқҳий матн китоблар жумласидан бўлган “Мухтор”нинг шарҳи “Ихтиёр”да жамоатда қавмга малол келмайдиган қилиб қироат қилаверади, дейилган.

САВОЛ. Имом таровеҳда адашиб учинчи ракъатга туриб кетса нима қилади?

ЖАВОБ. Имом таровеҳ намозида учинчи ракъатга туриб кетса, эслаган онида (гарчи қироат қилаётган бўлса ҳам) ўтиради ва аттаҳийёт ўқиб, бир тарафга салом бериб, саждаи саҳв қилади. Агар у учинчи ракъатга рукуъ қилганидан сўнг эсига келса, қайтмайди ва намозни тўрт ракъат қилиб тугатади. Саждаи саҳв қилмайди. Чунки, таровеҳни тўрт ракъат қилиб ўқиш мумкин.

Агар имом уч ракъат қилиб таровеҳни ўқиб қўйса, салом берганидан сўнг эсига келса ёки унга шундай қилиб ўқиганлигини эслатсалар, унда у одамлар билан бирга кейинги бир ракъат учун икки ракъат нафл ўқиб қўяди. Чунки, уч ракъатли ихтиёрий намоз йўқ: аввалги икки ракъати таровеҳ ҳисобига ўтади, кейинги бир ракъати учун икки ракъат нафл қазо сифатида ўқиган бўлади. Сўнг таровеҳни келган жойидан давом эттиради.

САВОЛ. Хатми Қуръонлар охирида Ихлос сурасини уч марта ўқилади. Бу савобли амалми?

ЖАВОБ. “Шарҳ ал-Муниййа” ва “Мажмуат ал-фатово”ларда бу ҳақда айтилган. Гарчи Ихлос сурасини уч марта ўқишни баъзи уламолар ёқтиришмаган бўлса-да, аммо Фақиҳ Абул-лайс ас-Самарқандий ҳазратлари аҳли Қуръон ва жами мусулмонлар жамоаси буни маъқул топганларини қайд этадилар. Демак, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни уч марта қайтаришнинг зарари йўқ.

“Мен Қул ҳуваллоҳу аҳадни яхши кўраман”, деган кимсага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг бу муҳаббатинг сени жаннатга олиб киради”, деган бўлсалар, намозларда ушбу фазилатли сурани доим ўқиб юрадиган саҳобийга ул зот: “Сен шу сурани яхши кўрганинг учун Аллоҳ сени яхши кўради”, деганлар. (Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос ва Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳумолар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

وقل هو الله احد تعدل ثلث القرآن

“Қулуваллоҳу аҳад сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”. (Имом Термизий ривояти).

Аммо, уни фарз намозларда бир марта ўқиган афзалдир. Чунки, фиқҳий китобларда фарз намозларда сурани такрор ўқишни макруҳ бўлади, дейилган.

Нафл намозларда оятларни такрор ўқиш Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам содир бўлган. Жумладан, ул зоти шариф Моида сурасининг 118-оятини эрталабгача такрор-такрор ўқиганларининг хабари саҳиҳ ҳадиси шарифдан бизгача етиб келган. Бинобарин, чиройли овозли қориларимиз раҳмат оятларини, баъзи насиҳатомуз оятларни, дилларимизни юмшатадиган ояти карималарни такрор-такрор ўқиб, дилларимизни хушнуд айласалар яхши бўлади.

САВОЛ. Баъзи қишлоқларда таровеҳ ўқиб берадиган имом етишмай қолади. Ҳар йили Рамазонда имом масъаласи муаммо. Шунда бир жамоатга таровеҳ ўқиб бериб келиб, иккинчи жамоатга ҳам имом бўлиб ўқиб берса бўладими?

ЖАВОБ. Имомларнинг етишмай қолиши жуда катта мусибат, ниҳоятда оғир балодир!

Саломат разийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни мана бундай деб огоҳлантирдилар:

انّ من أشراط الساعة ان يتدافع اهل المسجد لا يجدون اماما يصلى بهم

“Масжид аҳлининг уларга намоз ўқиб берадиган имом топалмасдан бир-бирларини итаришлари қиёматнинг аломатларидандир”[96].

Яъни, масжидларда имом топилмай қолади, борлари ҳам илм озлиги учун, илмий савиясини ошириб боришга интилмасдан, ўзидан имоматчиликни соқит қилишга ҳаракат қилади, меҳробга бир-бирларини итариб, суриб иқомат айтилгандан сўнг ҳам анча туриб қоладилар. Бу илмнинг озайганидан далолат қилади.

Бунинг олдини олишга ҳаракат қилиш, ҳар бир қавм, ҳар бир қишлоқ аҳли ўзлари ичидан беш вақт намозларга, таровеҳларга, жанозаларга имом бўлишга лаёқатли имомлар етиштирмоқлари фарздир. Аллоҳ фарзларимизни адо қилишимизга муваффақ айласин!

Бир жамоатга имом бўлиб, бошқа жамоатга яна имом бўлиш фарз намозларда ҳам, вожиб намозларда ҳам, суннат намозларда ҳам мумкин эмас. Чунки, мазҳабимиз ихтиёрига кўра биринчи ўқилган намоз ўз ўрнида бўлиб, кейингиси нафлга айланади. Кейинги ўқиётган қавмга эса ҳали у намоз нафл эмасди. Даражаси паст нафл даражаси юқори фарз, вожиб ёки суннатга муқаддам бўла олмайди.

Демак, ўша баъзи қишлоқлардаги имомлар фақат бир жойдагина имом бўла оладилар. Қолган жойларда иқтидо қилишлари мумкин. Чунки, биринчи таровеҳ унинг учун суннатдир. Кейингиси нафлдир. Кейинги қавмга таровеҳ ҳали суннат эди. Улар нафл таровеҳ ўқиётганга иқтидо қила олмайдилар.

САВОЛ. Биров маҳалла масжидида таровеҳни ўқиб олади. Одатда ундан сўнг хатми Қуръон қилинаётган бошқа масжидларга бориб, яна таровеҳ ўқийди. Бундай қилиши дурустми? Бунда нималарга аҳамият бериши керак?

ЖАВОБ. Унга Аллоҳ ажру савобларни кўпайтириб берсин, ҳимматини янада баланд айласин!

Уйда ёки бошқа ерда хуфтанни, таровеҳ ва витрни жамоат бўлиб ўқигандан сўнг яна бир жамоатга боришда қуйидагиларга аҳамият бериш керак бўлади.

Кейинги жамоатдагилар ўша кунги хуфтан, таровеҳ, витр намозларини биринчи марта ўқиётган бўлсин. Чунки, иккинчи марта ўқилган намоз мутлақ нафл бўлиб, нафлни жамоат бўлиб ўқиш макруҳдир.

У келиб, кейинги жамоатда хуфтан фарзига иқтидо қилиши мумкин, албатта. Аммо бундай қилмагани маъқул. (“Бадойиъ”).

У кейинги жамоатга, ҳар қандай ҳолатда, хуфтанга ҳам, таровеҳга ҳам, витрга ҳам имом бўла олмайди.

У кейинги жамоатда витрга иқтидо қила олмайди. Чунки, у витрни ўқиган. Кейинги ўқиши эса нафл бўлади. Нафл эса уч ракъат бўлиши мумкин эмас. Агар витрни ўқимасдан келган бўлса, витрга иқтидо қилиши мумкин.



[1] Туҳфат ал-муҳтож. (ал-Мактабат аш-шомила) (7/330).

[2] Ас-Саййид Собиқ. Фиқҳ ас-сунна. 1-жуз. Миср: Дор ал-фатҳ, 1999. 146-бет.

[3] Абдурраҳмон ал-Жузайрий. Ал-Фиқҳ ало ал-мазоҳиб ал-арбаъа. 1-жуз. Қоҳира: ал-Мактаб ас-сақофий, 2000. 264-265 бетлар.

[4] Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ал-Ҳанафий. Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа (йили кўрсатилмаган). 288-бет.

[5] “ал-Ҳидоя”да “Қиёми рамазонда одамлар рамазон ойида жам бўлиб, хуфтандан сўнг имомлари уларга ҳар икки саломда битта истироҳат билан бешта истироҳат намозини ўқиб бериши мустаҳаб бўлади” дейилган ва унинг суннатлиги исботланган. Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. Ҳиндистон: Юсуфий, 1314. 134-бет; Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ул-қадийр. 1-жилд. Миср: 1310. 333-334 бетлар; Жалолиддин Гурланий. Ал-Кифоя.1-жилд. –Қозон-1886. 165-бет.

[6] Тоҳир ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. 63-бет; Шайх Низом. Ал-Фатовойи ал-Ҳиндиййа. 1-жилд. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2000. 127-бет.

[7] Ал-Умм. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/167).

[8] Имом ал-Музаний. Мухтасар. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/21).

[9] Имом ал-Мовардий. Ал-Иқноъ фи-л-фиқҳ аш-шофиъий. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/14).

[10] Эҳё ал-улум ад-дин. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/209). Бу фикр унинг фиқҳий асарларида ҳам айтилган.

[11] Ибн Қудома. Аш-Шарҳ ал-кабир. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/745-748).

[12] Ал-Муғний. (ал-Мактабат аш-шомила). (3/388); ал-Кофий фий фиқҳ ал-Имом Аҳмад. (ал-Мактабат аш-шомила). (2/66).

[13] Зод ал-мустақнаъ. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/17).

[14] Мухтасар ал-Харақий. (ал-Мактабат аш-шомила). (1/24).

[15] Рисолат ал-Қайравоний. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/313).

[16] Мухтасару Халил. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/30).

[17] Ал-Мудавванат ал-кубро. (Ал-Мактабат аш-шомила). (1/287).

[18] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. I-жилд. –Тошкент: Шарқ, 2008. 390-бет; Ўша муаллиф. Зикр аҳлидан сўранг. № 24. Тошкент-2007. 27-бет.

[19] Субул ас-салом (2/268).

[20] Албоний. Солат ат-Таровеҳ (1/86).

[21] Мажмуъ фатово ва мақолот Ибн Боз (11/172-176); Кутуб ва расоил ал-Усаймин (10/237; 12/208); Ал-Мунтақий мин фатово ал-Фавзон (24/65); Фатово аш-Шайх Ибн Жабарайн (24/7-8).

[22] Мажмуъ фатово ва мақолот Ибн Боз (11/175).

[23] Туҳфат ал-муҳтож. (ал-Мактабат аш-шомила) (7/330).

[24] Муслим (Эътикоф 3/8), Термизий (796), Ибн Можжа (1767), Аҳмад (ал-Муснад, 6/256), Шарҳ ас-сунна (6/390) ривоятлари. Термизий ҳадисни ҳасани саҳиҳи ғариб деб сифатлаган.

[25] Бухорий (Лайлат ал-қадр, 5), Муслим (Эътикоф, 7), Насоий (Қиём ал-лайл, 17), Ибн Можжа (ас-Сиём, 57), Аҳмад (ал-Муснад, 6/41, 67, 68, 146) ривоятлари.

[26] Байҳақийнинг ҳасан иснод ила ривояти. Канз ал-уммол (18061).

[27] Шоҳ Абдулазиз Деҳлавийнинг “Фатовойи ал-Азизий”да келган ривоят. Канз ал-уммол (18062).

[28] Абу Довуд (ас-Сунна, 5), Термизий (ал-Илм, 16, 2676), Ибн Можжа (ал-Муқаддима 6), Аҳмад (ал-Муснад, 4/126, 127) ривоятлари. Термизий уни ҳасани саҳиҳ, деган.

[29] Фатовойи Оламгириййа. 131-бет.

[30] Абу Довуд (2/624) ривояти.

[31] Ибн Аби Шайба (2/394), Абу Довуд (1377), ат-Термизий ҳасани саҳиҳ деб (806), ан-Насоий (3/202), Ибн Можжа (1327), ат-Таҳовий “Шарҳ Маоний ал-асор” (2/119)да, ал-Байҳақий саҳиҳ санад ила (Сунан, 4793), Ибн Наср (91) ва ал-Фарёбий (ас-Сиём, 139, 140)лар ривоят қилганлар.

[32] Кутуб ва расоилу ал-Усаймин (208/51).

[33] Мажмуъ фатово ва мақолоти Ибн Боз (11/176).

[34] Бухорий (3/651), Муслим (4/1545), Байҳақий (Сунан, 5177, 20600) ривоятлари.

[35] Имом Аҳмад ривояти.

[36] Фатовойи Оламгириййа. 128-бет.

[37] Тақийуддин ас-Субкий. “Ишроқ ал-масобиҳ фий солат ат-Таровеҳ (ِФатовойи ас-Субкий, 1/308).

[38] Умдат ал-қорий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий (11/273).

[39] Тақийуддин ас-Субкий. “Ишроқ ал-масобиҳ фий солат ат-Таровеҳ (ِФатовойи ас-Субкий, 1/309).

[40] Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадийр. 1-жилд. Миср: 1310. 334-бет.

[41] Фатовойи Таторхониййа, 1-жилд. 476-бет.

[42] Бухорий (ал-Жамоат ва-л-имомат, 618), Муслим (1513) ривоятлари

[43] Доримий (Солат, 1270, 1273) ривояти.

[44] Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ал-Ҳанафий. Бадойеъ ус-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 1-жилд. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа (йили кўрсатилмаган). 288-бет.

[45] Бухорий (Фазойил ал-Қуръон, 17/4732), Муслим (37/243/797), Насоий (4/6733, 5/8081, 8082), Аҳмад (20076, 20141, 20192), Ибн Можжа (ал-Муқаддима, 214), Доримий (Фазойил ал-Қуръон, 3362), Ибн Ҳиббон (Китоб ал-илм, 121, ар-Риқоқ, 770), Абу Яъло (Муснад, 13/7237) ривоятлари.

[46] Муслим (251/803), Абу Довуд (асСолат, 1456), Аҳмад (17870), Ибн Ҳиббон (алИлм, 115), Ибн Абу Шайба (Мусаннаф, 26/4) ривоятлари.

[47] Байҳақий 2/495. Шунингдек, мазкур ҳадиси шариф мазмунини Имом Абуд Довуд Абу Ҳурайра р.а.дан ҳам ривоят қилган. Қаранг: Абу Довуд (1/217).

[48] Зиё ал-Мақдисий (ал-Мухтора, 1/384).

[49] Ибн Ваҳб ривояти. “ал-Мудавванат ал-кубро”да уни санадига кўра ҳасан, деган.

[50] Фатовойи Таторхониййа. 1-жилд. 479-бет.

[51] Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. Қозон-1911. 21-бет.

[52] Фатовойи Таторхониййа. 1-жилд. 480-бет.

[53] Бухорий (1064), Термизий (270/369, 370), Насоий (3/1659), Ибн Можжа (141/1229, 1230, 1231), Ибн Ҳиббон (2513), Байҳақий (3495), Табароний (ал-Авсат, 15/7321), Муснаду Аҳмад (20509, 10518), Муснаду Ибн алЖаъд (551) ривоятлари.

[54] Муслим (1749), Молик (Муватто, 307, 308), Табароний (ал-Кабир, 344, 741, 1416, 12943, 17076), Муснаду Абу Яъло (7/4336), Муснаду Аҳмад (6668, 12730, 13865), Муснаду Исҳоқ (3/1190, 1191) ривоятлари.

[55] Бухорий (11/2996) ривояти.

[56] Бухорий (4/1148), Муслим (5/1738) ривоятлари.

[57] Фатовойи Таторхониййа, 481-бет; Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший навол кишвар, 1911. 65-бет.

[58] Бухорий (6464, 6465), Муслим (5/1866), Ибн Ҳиббон (1578), Ибн Хузайма (1277), Байҳақий (4342), Муснаду Исҳоқ (626), Муснаду Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (1/79) ва Аҳмад (25054, 26059, 27061, 27097) ривоятлари.

[59] Муслим (142/747), Абу Довуд (309/1313), Ибн Можжа (177/1343), Доримий (1477), Ибн Ҳиббон (2642, 2643, 2644, 2645, 2646), Термизий (578), Насоий (1789, 1790), Байҳақий (4334), Ибн Хузайма (1169, 1170, 1171), Муснаду Абу Яъло (235), Ибн Абу Шайба (Мусаннаф, 291/1-5) ривоятлари.

[60] Бухорий (10, Китоб ал-Азон 54/205), Байҳақий (Сунани кубро, 2/253) ривоятлари.

[61] Ибн Абу Шайба (170/1­-9) ривояти.

[62] Зуфар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эълоъ ус-сунан. IV-жилд. Байрут: Дор ул-фикр, 2004. 1555-бет.

[63] Зуфар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эълоъ ус-сунан. IV-жилд. Байрут: Дор ул-фикр, 2004. 1554-бет.

[64] Абу Довуд (1/320-322), ат-Термизий ҳасан ҳадис деб: (Абвоб ас-солат 110, 302), Аҳмад (4/340), аш-Шофиъий (ал-Умм, 1/88), Ибн ал-Жоруд (203-204), ал-Байҳақий (2/102, 133-134, 345, 372), Ибн Ҳазм (ал-Муҳалло, 3/256-257).

[65] Аҳмад (ал-Муснад, 4/353), Абу Довуд (Истифтоҳ ас-солат, 24), ан-Насоий (ал-Ифтитоҳ, 31), Дорақутний (1/313), Ибн Ҳиббон (ал-Иҳсон, 473), Ҳоким (ал-Мустадрак, 1/241).

[66] Эъло ус-сунан (4/1417) ривояти.

[67] Бухорий (ал-Витр, 946, 50/460,461), Таҳажжуд, 1086, ), Муслим (20/145, 146, 147, 148), Абу Довуд (302/1295, 1296), Ибн Можжа (116/1174),

[68] Ибн Шоҳин (ат-Тарғиб, 2/144/559), Ибн ал-Муборак (аз-Зуҳд ва-р-рақоиқ, 3/323/1275) ривоятлари.

[69] Жавҳарат аннаййира. I-жилд. –Б. 93.

[70] Муслим (122), Абу Довуд (1336, 1337), Насоий (2/30, 3/65), Байҳақий (2/486, 3, 23), Дорақутний (1/416), Бағавий (4/175), ал-Мишкот (1188).

[71] Муслим, Молик, Абу Довуд. Шунингдек, мазкур ҳадис мазмунини Абу Авона ва Ибн Насрлар ҳам ривоят қилганлар.

[72] Фатовойи Татохониййа, 482-бет.

[73] Ҳоким ва Довуд ат-Таёласий ривоятлари. Ҳоким уни саҳиҳ деган.

[74] Аҳмад, Табароний (Кабир), Зиё Мақдисий (ал-Мухтора), Ҳофиз Ироқийлар ривояти. Санадини саҳиҳ деганлар. Ал-Мунзирий эса иснодини “жаййид” деган.

[75] Бу Умму Салама онамиз р.а.дан ривоят қилинган: Дорақутний (1/313), Термизий (46/23/2923).

[76] Фатовойи Таторхониййа, 486-бет.

[77] Абу Довуд (1325, 1449), Байҳақий (3/9, 4/180, 9/164) ал-Мишкот (3833), ал-Кашшоф (143), Маоний ал-асор (1/476) ривоятлари.

[78] Абдурраззоқ (Мусаннаф, 4/261/7731), Байҳақий (2/232/4808 рақам) ривоятлари.

[79] Фатовойи Таторхониййа. 1-жилд. 484-485 бетлар.

[80] Уни Албоний ҳам саҳиҳ деган (Салот ат-Таровеҳ, 1/98).

[81] Фатовойи Татохониййа, 480-бет.

[82] Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ал-фатово. I-жилд. –Лакнау: Мунший навол кишвар, 1911. –66-бет.

[83] Фатовойи Таторхониййа. 1-жилд. 486-бет.

[84] Тоҳир ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший Навол кишвар, 1911. 63-бет; Шайх Низом. Ал-Фатовойи ал-Ҳиндиййа. 1-жилд. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2000. 127-бет.

[85] Муҳамад Амин ибн Обидийн. Радд ул-муҳтор. 2-жилд. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2003. 500-бет.

[86] Бухорий ривояти.

[87] Насоий (Қиём ал-лайл, 1), ат-Тарғийб (1/280), Аҳмад (ал-Муснад, 5/182), Байҳақий (2/494, 3/109), Шарҳ маоний ал-асор (1/350) ривоятлари.

[88] Абу Довуд (1044), Табароний (5/159), Шарҳ ас-сунна (4/130), ал-Мишкот (1300) ва бошқалар ривояти. Ал-Ироқий иснодини саҳиҳ деган.

[89] Ҳоким (ал-Мустадрак, 1/306), ан-Насоий (3/235), ал-Байҳақий (3/31), Ибн Абу Шайба (2/295), Дорақутний (2/32), Табароний (ас-Сағийр, 2/82), Албоний (ал-Ирво, 2/150, 151, 152).

[90] Ибн Абуд Дунё ҳам «Фазойилу рамазон”да буни нақл қилган (1/47/44).

[91] Имом Муслим (6/21/162) ривояти.

[92] Фатовойи Таторхониййа, 486-487 бетлар.

[93] Бухорий (ат-Таҳажжуд 33, ас-Савм 60), Муслим (ал-Мусофирийн 85, 86), Абу Довуд (ал-Витр 7), ан-Насоий (ас-Сиём 81, Қиём ал-лайл 28), ад-Доримий (ас-Солат 151, ас-Савм 38), Аҳмад (2/229, 233, 254, 258, 260, 265, 271, 277, 329), ал-Байҳақий (3/47), ат-Таёласий (2392, 2396, 2447, 2593), Ибн Абу Шайба (2/95, 2, 96/1) ривоятлари.

[94] Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Термизий ривоятлари.

[95] Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. Хулосат ул-фатово. 1-жилд. Лакнау: Мунший навол кишвар, 1911. 64-бет.

[96] Абу Довуд (581), Аҳмад (ал-Муснад, 6/381), Байҳақий (3/129), ал-Мишкот (1124) ривоятлари.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri