Салафи солиҳларнинг ўз нафсларини тафтиш қилишлари Принтер учун
31.07.2013 й.
Нафсни тергаш, уни солиҳ бўлиши учун доимо интилиш банда қилиши лозим бўлган энг муҳим ишлардандир. Инсон доим хато қилади. Нафсни текшириш орқали мана шундай хатолар тафтиш қилинади ва нафсга бу борада танбеҳ бериб, насиҳат қилиб, жаннат неъматлари эслатилади, охират азобидан қўрқитилади. Бу масалада умматнинг салафлари бизга энг гўзал намунадирлар. Чунки, уларнинг қалблари доим Аллоҳга боғлиқ эди. Ўзлари ер юзида юрсаларда, қалблари самода эди. Улардан бирлари бирорта хатони содир этса ёки бир амалда камчиликка йўл қўйса, дарҳол уни тузатишга киришар, нафсини бу ишдан қайтариб, койир эди. Натижада унинг қалби фақат яхши нарсанигина буюрадиган бўлиб қолган эди. Биз қуйида салафи солиҳларнинг ўз нафсларини қандай назорат қилишларини бир икки мисоллар билан кўриб чиқамиз. Мақсадимиз бизнинг ҳам қалбларимиз уйғонса, биз ҳам нафсларимизни тергашни, унга насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатишни бошласак, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўз нафсининг назоратига жиддий эътибор берса, юртимиз нафсининг ислоҳига аҳамият қаратадиган фозил одамлар мамлакатига айланса.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши дедилар: “Бир куни мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бир девор олдига бордим. Мен ташқарида қолдим. У киши деворнинг орқасига ўтдилар ва ўзларига ўзлари: “Умар! Мўминлар амири! Баракалла! Яша! Эй Хаттобнинг ўғилчаси, Аллоҳга қасамки, У зотга ё тақво қиласан ёки У зот сени азоблайди”, дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Бир куни битта одам Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир муаммо юзасидан шикоят қилиб келди. У зот банд эдилар. Шунинг учун келган одамга: “Халифани бандлигида ўз ҳолига қўйиб, то ўзи мусулмонларнинг ишлари билан шуғулланишга киришганда келсаларингиз бўлмайдими?” дедилар-да, қўлларидаги қамчи билан ҳалиги одамни бир урдилар. Бояги одам хафа бўлиб қайтиб кетди. Умар розияллоҳу анҳу ўзларича унга зулм қилиб қўйдим деб ўйладилар-да, уни ортидан одам юбориб чақиртирдилар. У келгач қўлига қамчини бериб: “Сени қандай урган бўлсам, мени ҳам худди шундай ур” дедилар. У одам “Аллоҳ учун ва сиз учун ўз ҳаққимдан воз кечдим” деб уришдан бош тортди. Шунда Ҳазрати Умар: “Ё ҳаққингдан фақатгина Аллоҳ учун воз кечасан ёки ҳаққингни оласан, яъни мени урасан” дедилар. Шунда бояги киши “Ҳаққимдан Аллоҳ учун воз кечдим” деди. Умар розияллоҳу анҳу уйларига қайтиб келиб, икки ракат намоз ўқидилар. Кейин ўтириб, ўз нафсларига: “Эй Хаттобнинг ўғли, мартабанг паст эди, Аллоҳ мартабангни кўтарди. Адашган эдинг, Аллоҳ ҳидоят қилди. Заиф эдинг, Аллоҳ азиз, қувватли қилди. Аллоҳ сени халифа қилди. Олдингга бир одам ёрдам сўраб келиб, ўзига етган зулмни даф қилишингни сендан илтимос қилди. Сен бўлса унга зулм қилдинг-а?! Эртага Роббингни ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?” деб нафсларини койийвердилар. Ҳатто бу ҳолни кўрган одамларнинг у кишига раҳмлари келди.
Иброҳим Таймий айтади: “Ўзимни жаннатда, унинг меваларидан еб, дарёларидан сув ичиб, ҳурлари билан кўнгилхушлик қилиб юрганимни тасаввур қилдим. Кейин ўзимни дўзахда, унинг заққумидан еб, йирингларидан ичиб, кишан-занжирлари билан қийналаётганимни тасаввур қилдим ва нафсимдан: “Эй нафс, қайси бирини хоҳлайсан?” деб сўрадим. Шунда нафсим: “Дунёга қайтарилишни ва солиҳ амал қилишни хоҳлайман” деб жавоб берди. Мен унга: “Сен ҳозир хавфсизлик ва омонликдасан. Шундай экан, амал қилиб қол” дедим”. Имом Аҳмад ривояти.
Аҳнаф ибн Қайснинг яқин дўсти ҳикоя қилади: “Мен у билан (яъни Аҳнаф билан) суҳбатдош эдим. Кўп намозларини тунда ўқирди. Чироқнинг олдига келиб, бармоғини унинг оловига тутиб турарди. Бармоғи кучли оғриқни ҳис этгач, ўз нафсига: “Эй Аҳнаф, фалон куни фалон гуноҳни қилишга сени нима ундади? Фалон куни фалон гуноҳни қилишга сени нима мажбур қилди?” дер эди”.
Шу ўринда бир мулоҳазани ҳам айтиб ўтиш лозим. Аҳнаф ибн Қайс ўз нафсларини бу тарзда тергашни ўзларининг ижтиҳодларидан келиб чиқиб қилганлар. Аслида бундай қилиш тўғри йўл эмас. Чунки, “Саҳиҳайн”да Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда ҳажга пиёда боришга назр қилган одамнинг қиссаси келтирилган. Пайғамбар алайҳиссалом ўша киши ҳақида: “Албатта, Аллоҳ бу одамнинг ўз нафсига азоб беришидан, ўзини-ўзи азоблашидан мутлақо беҳожатдир” деганлар. Шунинг учун нафсни тергаётганда унга бу тарзда азоб бериш яхши эмас.
Умар ибн Абдулазиз ўз нафсларини кўп тергар ва кам гапирар эдилар. Ўзлари бу ҳақида: “Мени кўп гапиришдан мақтаниш, фахрланиш қўрқуви тўсиб туради” деганлар.
Ибн Симмадан нақл қилинади: “Бир куни у киши ўз нафсларини тафтиш қилиб ўтирган эдилар. Умрларини ҳисобладилар. Қарасалар, 60 йил умр кўрибдилар. Бу йилларни кунларга бўлиб чиқдилар. 21500 (йигирма бир минг беш юз) кун чиқди. Натижани кўриб қичқириб юбордилар ва: “Ҳолимга вой! Фалокат! Аллоҳга 21000 (йигирма бир минг)та гуноҳ билан рўбарў бўламанми?! Агар ҳар куни ўн мингтадан гуноҳ қилган бўлсам, унда ҳолим нима кечади?!” дедилар-да, хушларидан кетиб йиқилдилар. Кейин қарашса, ўлиб қолган эканлар. Шунда бир кишининг: “Эҳ, сиз олий фирдавс жаннатига қанчалар тез югуриб ўтиб кетдингиз-а!” деганини ҳамма эшитди”.
Имом Ғаззолий ушбу ривоятга қўшимча тарзда шундай дейдилар: “Банда ўз нафсини мана шундай муҳосаба қилиши керак. Қилган гуноҳларини ҳар соатда қалби ва аъзолари билан ўйлаб надомат қилиши керак. Агар банда ҳар бир гуноҳ қилган пайтда уйига биттадан тош ташлаб қўйса, тез кунда уйи умрига тенг миқдордаги тошларга тўлиб кетади. Лекин банда қилган гуноҳларини ҳеч эсламайди. Эсидан чиқариб юборади. Икки фаришта эса ҳаммасини ёзиб, ёдлаб боради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган: “У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар” (Мужодала, 6)”.
Абдуллоҳ ибн Қайс айтадилар: “Биз ғазотда эдик. Бирдан душман қўшини ҳужум қилиб қолди. Мусулмонлар қўшини орасида сафга чақириқ бўлди. Барчалари қаттиқ шамол эсиб турганига қарамай уруш учун саф тортдилар. Қарасам, олдимда турган бир киши ўз нафсига: “Эй нафсим! Аввал ҳам сенга худди шундай кунни рўбарў қилган эдим. Аммо сен менга: “Ўзингни ва оилангни ҳалок қиласанми?” дегандинг. Мен сенга итоат қилиб, ортимга қайтиб кетган эдим. Кейин яна шундай кунни сенга рўбарў қилдим. Сен эса яна менга: “Ўзингни ва оилангни ҳалок қиласанми?” дегандинг. Мен бу сафар ҳам сенга итоат қилиб, ортимга қайтиб кетган эдим. Аллоҳга қасамки, бугун сени Аллоҳга рўбарў қиламан. У зот сени ё олади ёки қолдиради”, деб хитоб қилди. Мен ўзимга ўзим: “Бугун мен сенга тикилиб қараб тураман. Қани айтган сўзингда турармикансан ёки йўқми” дедим. Кейин уруш асносида ундан кўзимни узмадим. Мусулмонлар душман қўшинига ҳамла қилишди. Ҳалиги одам қўшиннинг энг аввалида борарди. Кейин душман мусулмонлар қўшинига ҳамла қилди. Мусулмонлар чекинишди. Аммо у ўз ўрнидан жилмай тураверди. Мусулмонлар қўшини бир неча марта чекинди. У бўлса ҳамон ўз ўрнида туриб уришарди. Аллоҳга қасамки, у ўз ўрнидан умуман қимирламади. Ҳатто охирида мен уни йиқилган ҳолда кўрдим. Унинг ва минган отининг танасида олтмишдан ортиқ найза санчилган жойларни санадим”.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Имом Аҳмаднинг “Зуҳд” китоби.
2. Ибн Жавзийнинг “Амирул муъминийн Умар ибн Хаттобнинг маноқиби” китоби.
3. Абул Фараж ал-Жавзийнинг “Заммул ҳаво” китоби.
4. Имом Заҳабийнинг “Сияру аъломун нубало” китоби.
5. Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин” китоби.   

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri