Фузайл Ибн Иёз насиҳатлари Принтер учун
15.08.2013 й.
Фузайл ибн Иёз ибн Масъуд ибн Бишр Хуросоний. 105 ҳ. санада Самарқандда туғилиб 187 ҳ. санада Маккада вафот этган. Абийвардда ўсиб улғайган ва илм талабида сафар қилган.
Куфада Мансур, Аъмаш, Баён ибн Бишр, Ҳусойн ибн Абдурраҳмон, Лайс, Ато ибн Соиб, Софван ибн Сулайм, Абдулазиз ибн Рофеъ, Абу Исҳоқ шайбоний, Яҳё ибн Саид ансорий, Ҳишом ибн Ҳассан, Ибн Абий Лайло, Мужалид, Ашъас ибн Саввар, Жаъфар ас Содиқ, Ҳамид ат Товил ва булардан бошқа Куфа ва Ҳижозлик олимлардан таҳсил олган.
Фазл ибн Мусодан Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳуройс ривоят қилади: Фузайл ибн Иёз Абийвард ва Сарахс ўртасида йўлтўсар бўлган. Унинг тавбага келиш сабаби у бир жория ошиқ бўлиб, уни кўриш учун деворга чиқаётган пайтда бир кишининг “Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш вақти келмадими?!”  (Ҳадид:16) оятини тиловат қилаётганини эшитди ва “Ҳа, Роббим, дарҳақиқат вақти келди”, деди. Шу кеча бир мусофирхонада тунади. У ерда йўловчилар бор эди. Уларнинг баъзилари: Кетдик, йўлга чиқамиз, деса, бошқалари: Йўқ. Тонг отсин, чунки йўлда Фузайл бор, у бизнинг йўлимизни тўсади, дейишарди. Фузайл йўловчиларни тинчлантириш учун уларнинг олдига бориб, йиғлаган ҳолда “Аллоҳ Фузайлдан йўлни тозалади. Мана у қаршингизда тавба қилган ҳолда турибди,” деди. Шундан кейин Фузайл ўз-ўзига: Мен кечалари гуноҳ ва маъсият билан юрсам-у, мусулмонлар эса бу ерда мендан қўрқиб туришса, Аллоҳ таоло бундай гуноҳ ишларимдан қайтишим ва уларнинг ҳолини билишим учун мени уларнинг олдига олиб келган бўлса керак, деб: “Аллоҳим, мен сенга тавба қилдим ва тавбамни Байтуллоҳга қўшни бўлишга қилдим”, деди.
Абу Ваҳб ибн Муҳаммад ибн Мазаҳим айтади: Мен Абдуллоҳ ибн Муборакдан эшитдим, у киши шундай дер эди: Абдулазиз ибн Абу Роввадни инсонларнинг энг ибодатлиси деб билдим, Фузайл ибн Иёзни инсонларнинг энг пархезкори деб билдим, Суфён Саврийни эса инсонларнинг энг билимдони деб бидим, Абу Ҳанифани эса инсонларнинг энг фақиҳи деб билдим, мен фиқҳда унинг мислини кўрмадим.
Абдуллоҳ ибн Муборакдан Иброҳим ибн Шаммос ривоят қилиб айтади: Менинг наздимда Ер юзида Фузайл ибн Иёздан кўра афзал инсон қолмади, деди.
Наср ибн Муғира ал Бухорий айтади: мен Иброҳим ибн Шаммосни шундай деётганини эшитдим: Вакиъ, Фузайл ва Ибн Муборакларни инсонларнинг энг фақиҳи, энг тақволиси, энг эҳтиёткори деб билдим.
 Абдуссомад Мурдавайҳ айтади: менга ибн Муборак шундай деди: Албатта Фузайл Аллоҳни тасдиқ қилди, натижада Аллоҳ унинг тилидан ҳикмат часмасини оқизиб қўйди. Фузайл – илми унга манфаъат берган олимлардандир.
Абу Бакр Абдурраҳмон ибн Аффон айтади: Мен Ибн Муборакни Абу Марям ал Қозийга: “Ҳижозда абдоллардан Фузайл ибн Иёздан бошқа ҳеч ким қолмади”, деётганини эшитдим. (Абдол дегани улар сабабли ёмғир ёғадиган, улар сабабли душмандан ғолиб бўладиган, улар сабабли бало-ю офат дафъ бўладиган ўта ҳусни хулқли, тақволи, пархерзкор, Аллоҳ учун насиҳат қилувчи, басиратли, тавозуъли, ҳалим ва доно кишилар бўлиб, улар пайғамбарларнинг халифаларидир.)
Абу Бакр ал Мақоризий айтади: Мен Бишр ибн Ҳориснинг “Ўн киши борки, улар ҳалол ейдилар, агарчи тупроқ ёки кулни есалар ҳам қорнига ҳалолдан бошқани киритмаслар.”, деди. Мен айтдим: Эй Абу Наср, улар кимлар? У айтди: Улар Суфён, Иброҳим ибн Адҳам, Фузайл ибн Иёз, унинг ўғли, Сулаймон ибн Ховвас, Юсуф ибн Асбот, Абу Муовия Нажиҳул-ходим, Ҳузайфа ал Маръаший, Довуд ат Тоий ва Вуҳайб ибнул Вардлардир.
Иброҳим ибн Ашъас айтади: Фузайлдек Аллоҳ унинг қалбида энг улуғ бўлган бирор кимсани билмайман. Қачон Аллоҳни зикр қилса, ё унинг ҳузурида Аллоҳ зикр қилинса ёки Қуръон тиловатини тингласа, унда хавф ва қайғу билинарди ва кўзларидан ёш оқар эди. У шу даражада йиғлар эдики, ҳатто атрофидагиларнинг унга раҳми келар эди. У доим қайғуда ва ўта ўйчан эди. Мен бирор кимсани илми, амали, бирор нарса олиши, ё бериши, ман қилиши, сарфлаши, ғазаби, муҳаббати ва бошқа барча хислатларида Фузайлдек Аллоҳни талаб қилган кишини билмайман. Агар биз у билан бирор жанозага борсак у то қабристонга етиб боргунча худди дўстлари билан охиратга видолшаётгандек ваъз-насиҳат қилиб йиғлар эди. Қабристон орасида ўтириб йиғлар сўнгра туриб худди охиратдан қайтиб келгандек ундан хабар берар эди.
Абдуссомад ибн Язид Мурдавайҳ айтади: Мен Фузайлнинг шундай деётганини эшитдим: “Инсонлар ростгўйлик ва ҳалол талабида бўлишчалик бирор нарса билан зийнатланмаган. Унга ўғли Алий: Отажон, албатта ҳалол  нодир ва машаққат-ку, деди. Шунда Фузайл: Эй ўғлим, унинг ози Аллоҳнинг ҳузурида кўп ҳисобланади.”
Саррий ибн Муғаллас айтади: Мен Фузайлнинг: “Ким Аллоҳдан қўрқса, унга бирор кимса зарар бера олмас, кимки Аллоҳдан ўзгадан қўрқса, унга кимса ёрдам бера олмас”, деганини эшитдим.
Файз ибн Исҳоқ айтади: Абдуллоҳ ибн Молик Фузайлдан: “Эй Абу Алий, биз унда бўлиб турган нарса (яъни, дунёдаги ташвиш, хавф-хатар)дан қутилиш йўли не?”, деб сўраганида, мен Фузайлнинг бу жавобини эшитдим: Ким Аллоҳга итоат қилса унга бировнинг гуноҳи зарар бера оладими?, деди. У йўқ, деди. Ким Аллоҳга маъсият қилса, унга бировнинг тоати манфаъат бера оладими, деди. У йўқ, деди. Шунда Фузайл: Агар қутилишни истаётган бўлсанг ана шу қутилишдир, деди.  
Иброҳим ибн Ашъас айтади: Мен Фузайлнинг шундай деётганини эшитдим: Банданинг Аллоҳдан қўрқиш миқдори унинг Аллоҳни таниш миқдорича бўлади. Дунёдаги зоҳидлиги эса охиратга бўлган рағбати миқдорича бўлади. Ким билганига амал қилса, билмаганидан беҳожат бўлади. Ким билганига амал қилса, Аллоҳ таоло уни билмаганини билишга муваффақ қилади. Кимники хулқи ёмон бўлса, унинг дини, насли-насаби ва шон шавкати булғанади.
Яна шундай деётганини эшитдим: Инсонларнинг энг ёлғончиси тавбадан кейин яна гуноҳга қайтувчиси, энг нодони эса, яхши амалига ишониб, таяниб қолгани, Аллоҳнинг энг таниганроғи эса ундан энг кўп қўрқувчироғидир. Банда динини шаҳватидан устун қўймас экан, ҳаргиз мукаммал бўлмайди. Банда шаҳватини динидан устун қўймаса, ҳеч қачон ҳалок бўлмайди.
Фузайл ибн Иёз айтади: Одамларни деб бир ишни тарк қилиш риёдир, одамларни деб бир ишни қилиш ширкдир. Ихлос Аллоҳ таоло сени бу иккисидан сақламоғидир.
Салм ибн Хуросоний Фузайлдан қуйидагиларни эшитдим дейди: Кечаги кун ҳикоятдир. Бугунги кун эса амалнинг кунидир. Эртанги кун эса орзудир.
Файз ибн Исҳоқ айтади: Фузайл ибн Иёз: “Аллоҳга қасамки, сен учун бирор ит ёки хинзир (яъни, чўчқа)га озор бериш ҳалол эмас-ку, қандай қилиб мусулмонга озор берасан”, деди.
Фузайл ибн Иёз айтади: Банда токи душмани ҳам ундан омонда бўлмагунича ҳаргиз тақводорлардан бўла олмайди.
Фузайл ибн Иёз айтади: Гуноҳ сенинг наздингда кичрайиб борган миқдорча Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта бўлиб, кўпайиб бораверади. Гуноҳ сенинг наздингда каттайиб борган миқдорча Аллоҳ таоланинг ҳузурида кичрайиб бораверади.
Муфаззал ал Жундий айтади: Бизга Исҳоқ ибн Иброҳим ат Тобарий шундай гапириб берди: Мен Фузайлдан кўра ўзи учун қўрқувчироқ, одамлардан умид қилмайдиганроқ бирор кишини кўрмадим. Унинг қироати қайғули, ёқимли, секин ва оҳиста, худди бирор кимсага хитоб қилётгандек эди. Агар жаннатнинг зикри бор оятдан ўтиб қолса, уни такрор-такрор ўқир ва жаннатни сўрарди. Тунги намозлари кўп эди. Саждагоҳига бўйра ташлаб қўйиларди. Кечанинг аввалида намоз ўқирди. Агар уйқу ғолиб келса, бўйрада озгина ухлаб олар эди. Сўнгра яна турарди. Яна уйқу ғолиб келса, яна ухларди. Сўнгра яна турарди. Худди шунингдек тонг оттирар эди. Унинг одати, агар унга мудроқ келса, ухлаб олиш эди. Ибодатнинг энг қаттиғи мана шундай бўлгани дейилар эди. Тўғри сўз, ростгўй, агар ҳадис айтса ўта ҳайбат билан айтадиган киши эди. Ҳадис айтиш унга ўта оғир бўларди. Гоҳида менга: мендан ҳадис сўрагандан кўра динор сўрашинг енгилроқдир, дер эди. Мен эса: менга унинг миқдорича динор берганингиздан кўра мен билмаган фойдали ҳадисларни айтиб беришингиз яхшироқдир, дедим. Шунда у: сен ақлдан озибсан, Аллоҳга қасамки, эшитганинга амал қилиб турсанг эшитмаганинга чалғишдан машғул бўласан. Сулаймон ибн Меҳрон: Агар олдингда ейдиган тоаминг бўлиб, ундан бир луқма қўлинга олиб ортинга отаверсанг қачон тўясан?, деганини эшитганман, деди. (Яъни, билган ҳадисларинга амал қилиб бошлайвар, кейин илмингни яна ошираверасан.)
Фузайл ибн Иёз айтади: Агар менга ит бўлиб яшаб ит бўлиб ўлиб кетиш ва қиёмат кунини кўрмаслик ихтиёри берилганида, мен шуни танлаган бўлар эдим.
Файз ибн Исҳоқ айтади: Мен Фузайл ибн Иёзнинг: Аллоҳга қасамки, мен учун Ер юзидаги инсонларнинг энг гўзал қиёфасида бўлишдан кўра тупроқ бўлиб кетганим яхшироқдир, деганини эшитдим.
Абдуссомад ибн Язид айтади: мен Фузайлнинг: Агар Аллоҳ таоло бирор бандани яхши кўрса, унинг ташвишини кўп қилиб қўяди. Агар бирор бандани ёмон кўрса, унга дунёни кенг қилиб қўяди, деганини эшитдим.
Иброҳим ибн Ашъас айтади: Фузайлнинг: Ким зикр қилинишни яхши кўрса, у зикр қилинмайди, ким зикр қилинишни яхши кўрмаса, у зикр қилинади, деганини эшитдим. Яна эшитдимки: Аллоҳнинг иззатига қасамки, агар мени дўзахга киритса ҳам, умидсиз бўлмайман, дерди. Яна: Агар киши саломат бўлса, умиддан кўра хавф афзалдир, агар унга ўлим тушса, умид афзалдир, деб айтарди. Бу пайғамбар с.а.в.нинг: “Бирортангиз Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлмаган ҳолда ҳаргиз вафот қилмасин” ҳадисига биноандир.
Алий ибн Ҳасан айтади: Фузайлчалик мусулмонларга насиҳат қилувчироқ ва Аллоҳдан қўрқувчироқ кишини кўрмадим.
Муҳаммад ибн Занбур айтади: Фузайл: Қалбинг дунёни ким еётганига эътиборсиз бўлмагунча сенга бўйсунмайди.
Ундан сўралди: Зоҳидлик нима? У: қаноат, деди. Сўралди: Тақво нима? У: Ҳаромдан сақланиш, деди. Сўралди: Ибодат нима? У: Фарзларни адо қилиш, деди. Яна сўралди: Тавозеълик нима? У: Ҳаққа итоат қилмоқ, деди. Ва тақвонинг кучлиси эса тилда бўлади, деди.
 Абдуссомад ибн Язид айтади: Мен Фузайлнинг: Агар менинг биргина ижобат бўладиган дуоим бўлса ҳам, у билан фақат подшоҳни дуо қилган бўлар эдим. Чунки подшоҳнинг солиҳ бўлиши юртнинг ва одамларнинг солиҳ бўлишидир, деётганини эшитдим.
У яна шундай дер эди: Икки олим бор. Бири дунёнинг олими бўлиб, унинг илми тарқалгандир. (Яъни, илмини билдириш учун гапираверадиган олим) Иккинчиси охиратнинг олими бўлиб, унинг илми махфийдир. (Ўринсиз гапирмайдиган олим). Дунё олимидан эҳтиёт бўлинг, у ўзининг маст қилиши билан сизга зарар бериб қўймасин. Олимлар кўп, лекин ҳакимлар оздир.
Яна шундай дер эди: Банда мусибатларни неъмат деб санамагунча, роҳат-фароғатни эса мусибат деб билмагунча ва Аллоҳга ибодат қилишга мақтов эшитишни ёмон кўрмагунча иймоннинг ҳақиқатига ета олмайди.
Фузайл ибн Иёздан: Дунёда зоҳидлик қилмасдан туриб иймон ҳаловатини тортиш қалбларингизга ҳаромдир.
Яна айтадики: Агар тунни қоим қилишга ва кундузи рўза тутишга қодир бўлмасангиз, билингки сиз маҳрумсиз. Сизни хатоларингиз талаб ташлабди.
Ибн Уяйна айтади: Мен Фузайлнинг: Олимнинг бир гуноҳи кечирилмаганда, жоҳилнинг етмиш гуноҳи кечиради, деётганини эшитдим. (олимлар билиб туриб туриб гуноҳ қилгани учун)
Аҳмад ибн Ҳанбал р.а.: Бизга Абу Жаъфар Фузайлдан эшитганини гапириб берди. Фузайл айтарди: Мен Суфён ибн Уяйнанинг қўлидан тутиб: агар ер юзида мен ва сендан-да ёмонроқ киши ҳам бор деб гумон қилсанг, бу гумонинг қандая ёмон гумондир, дедим.
Абдуссомад Мурдавайҳ айтади: Мен Фузайлнинг: Ким бидъатчини яхши кўрса, Аллоҳ унинг амалини ҳабата қилади, унинг қалбидан ислом нурини чиқариб юборади. Бидъатчининг амали Аллоҳга кўратилиб бормайди. Мўминнинг мўминга назари қалбга жило бериб, нурлантиради. Кишининг бидъатчига назари эса кўрликни келтириб чиқаради. Ким бидъатчи билан ўтирса, унга ҳикмат берилмайди, деганини эшитдим.
Иброҳим ибн Ашъас айтади: мен Фузайлнинг касаллик чоғида: Сенга муҳаббат қўйганим сабабли менга раҳм қил, мен учун Сендан кўра маҳбуброғи йўқ, деётганини эшитдим.
Ва яна касал бўлиб айтардики: “Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!” Анбиё-83
Яна шундай дер эди: ким ёлғиз Аллоҳ билан хилватда бўлишдан ўзини ётсираса, доим одамлар билан унсу-улфатда бўлса, у риёдан саломат бўлмайди. Ҳаж ҳам, жиҳод ҳам тилни асрашдан кўра қийинроқ эмас. Тилини асраган кишидан кўра ғамга ботган киши бўлмайди. (Чунки гапирмай юриш, кам гапириш жуда машаққатли ишдир. Шу билан бирга тилини асраган киши кўпроқ ўйчан бўлади.)
Фузайл айтади: Мўмин киши ҳавас қилади, ҳасад қилмайди. Ҳавас иймондандир. Ҳасад эса нифоқликдир. Бу пайғамбар с.а.внинг: “Икки нарсадан бошқада ҳасад қилинмайди. Бир кишики Аллоҳ унга мол-дунё берган бўлиб, уни ҳақда сарфлаётган бўлса. Ва яна бир кишики, Аллоҳ унга Қуръонни берган бўлиб, кеча ва кундузни у билан қоим қиладиган бўлса.”, деган сўзига кўрадир. Бу ердаги ҳасаднинг маъноси ҳавасдир.
Фузайл айтади: Ҳалимлик, сабрбардошлик ва тунни қоим қилиш пайғамбарларнинг ахлоқидандир.
Иброҳим ибн Ашъас айтади: мен Фузайл ибн Иёзнинг қўлини Суфён ибн Уяйна ўпаётганини икки марта кўрдим.
Абдуллоҳ ибн Муборак р.а. “Агар мен Фузайлга назар солсам қайғуйим ва нафсимни койишим янгиланади”, деди ва сўнгра йиғлади.
Яҳё ибн Айюб айтади: Мен Зофир ибн Сулаймон билан бирга Фузайлнинг олдига кирдик. У билан бирга бир қария бор эди. Зофир иякарига кирди, мени эса эшикнинг олдига ўтқазди. Зофир айтади.: Фузайл менга қаради сўнгра “ана у муҳаддисларнинг санадининг яқинлиги сени ҳайрон қолдираётган бўлса керак. Мен эса сенга умуман шак бўлган санад билан хабар бераман. Расулуллоҳ с.а.в.дан, Жибрилдан, Аллоҳ таолодан: “Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бор”, (Таҳрим:7) Эй Сулаймон, мен ҳам, сен ҳам одамларданмиз”, деди. Сўнг Фузайл в ҳалиги қария хушдан кетди. Зофир эса уларга қараб турарди. Сўнгра Фузайл чиқди. Биз ўрнимиздан турдик. Қария эса бехуш эди.
Саҳл ибн Роҳивайҳ айтади: мен ибн Уяйнага: Фузайлга қаранг, йиғлайвериб унинг ёши қуриб қолади-ку, дедим. Шунда у: Агар қалб жароҳатланса, кўзлар ёш тўплайди, деди.
Асмаъий айтади: Фузайл бир кишининг бошқа бир кишига шикоят қилаётганини кўриб: “Сенга раҳм қиладиган Зотнинг устидан сенга раҳм қилмайдиган зотга шикоят қиляпсанми?”, деди.
Фузайл Ибн Иёз Ва Ҳорун ар-Рошид воқеаси

Фазл ибн Робиъ айтади: Мўминларнинг амири Ҳорун ар Рошид ҳаж қилди ва менинг олдимга келди. Мен эса унга: Эй мўминларнинг амири, агар бирор кимсани жўнатганингизда ўзим олдингизга борган бўлар эдим, дедим. У менга: мени бир нарса қизиқтирди, бирор кимсага далолат қил, сўраб олай, деди. Мен: анави ерда Суфён ибн Уяйна бор, дедим. У: бизни унинг олдига олиб бор, деди.  Биз бордик ва мен эшикни тақиллатдим. У: ким бу, деди. Мен: мўминларнинг амирини қабул қилинг, дедим. у шошилиб чиқиб: Эй мўминларнинг амири, бирор кимсани юборганингизда, ўзим ҳузурингизга борардим, деди.  Шунда Мўминларнинг амири Ҳорун ар Рошид: мақсадга ўтаверайлик, деб у билан бироз муддат суҳбатлашди ва қарзингиз борми?, деди. У: ҳа, деди. Ҳорун ар Рошид менга: унинг қарзини адо қил, деди.  Биз унинг олдидан чиққанимиздан сўнг амирул мўминин менга: Соҳибинг менга кифоя қилмади, мен қониқмадим, деди. Мен: ана у ерда Абдурраззоқ ибн Ҳимом бор, дедим. У: бизни унинг олдига олиб бор, деди.  Биз бордик ва мен эшикни тақиллатдим. У чиқди. У билан ҳам бироз муддат суҳбатлашди ва унга ҳам қарзингиз борми, деди. У: ҳа, деди. Мўминларнинг амири менга: Эй Абу Аббос унинг қарзини адо қил, деди.  Биз унинг олдидан чиққанимиздан сўнг амирул мўминин менга: Соҳибинг менга кифоя қилмади, мен қониқмадим, деди. Бошқа кимсага далолат қил, ундан сўрайман, деди. Мен айтдим: Анави ерда Фузайл ибн Иёз бор, дедим. У: бизни унинг олдига олиб бор, деди.  Биз борсак, Фузайл ибн Иёз намоз ўқиётганди, қиёмда туриб бир оятни такрор-такрор ўқирди. Мўминларнинг амири Ҳорун ар Рошид менга: эшикни тақиллат, деди. Мен эшикни тақиллатдим.  Ичкаридан: ким бу, деди. Мен: Мўминларнинг амири келди, қабул қилинг, дедим. У: Мўминларнинг амири билан нима ишим бор, деди. Мен: Субҳаналлоҳ, зиммангизда итоат қилмоқ бор, Набий с.а.в.дан “Мўмин киши учун ўз нафсини хорлаши дуруст эмас”, деб ривоят қилинмаганми?, дедим. (Яъни, бизга сизнинг олдингизда ўзимизни хор тутишимиз дуруст эмас-ку, дейилмоқда) Шунда у тушиб эшикни очди ва яна болхонага чиқиб чироқни ўчириб хонанинг бир чеккасига бориб олди. Биз кирдик. Уни қўлимиз билан пайпаслаб қидира бошладик. Шунда Ҳоруннинг қўли мендан олдин уни топди. Шунда Фузайл: Қандаям мулойим қўл, агар эрта Аллоҳнинг азобидан нажот топса-да, деди. Мен ўзимча ичимда: Бу кеча тақводор қалбдан пок сўзлар билан суҳбатлашар экан, дедим. Мўминларнинг амири: Аллоҳ сизни раҳматига олсин, сизнинг олдингизга келган мақсадга ўтайлик, деди. Фузайл ибн Иёз: Умар ибн Абдулазиз халифаликка ўтирган вақтда Солим ибн Абдуллоҳ, Муҳаммад ибн Каъб ва Ражо ибн Ҳайваларни чақириб “Мен бу балога мубтало бўлдим, менга йўл кўрсатинглар”, деганди. Умар ибн Абдулазиз халифаликни бало деб ҳисоблаганди. Сиз ва дўстларингиз эса уни неъмат деб ҳисоблайсизлар. Шунда Умар ибн Абдулазизга Солим: Агар нажот истасанг, дунёга рўза тут, ундан ифторинг ўлим билан бўлсин, деганди. Ибн Каъб эса: Агар Аллоҳнинг азобидан нажотни истасанг, ҳузурингда мусулмонларнинг ёши улуғи ота, ўрта ёшлари биродар, кичиклари эса фарзанд бўлсин. Отангни ҳурматини жойига қўй, биродаринга эҳтиром кўрсат ва фарзандинга раҳм-шафқатли бўл, деди. Ражо эса: Агар Аллоҳнинг азобидан нажотни истасанг, ўзинга яхши кўрган нарсангни мусулмонларга ҳам яхши кўр, ўзинга ёмон кўрган нарсангни мусулмонларга ҳам ёмон кўр, сўнгра истасанг вафот қилавер, деганди. Мен эса сиз учун у кунда қадамлар тойиб кетадиган кундан қаттиқ қўрқаман. Аллоҳ сизни раҳм қилсин, сизнинг ҳам мана шундай тўғри йўлга бошлайдиган биродарларингиз борми?, деди. Шунда Ҳорун ар Рошид қаттиқ йиғлади ва ҳатто хушидан кетиб қолди. Мен Фузайлга: Мўминларнинг амирига раҳм қилинг, дедим. У эса: Эй Ибн Робиъ мўминларнинг амирини сиз ва дўсларингиз ўлдиряпсизлар-у, мен унга раҳим қилайми?, деди. Ҳорун ар Рошид хушига келди ва: Аллоҳ сизни раҳматига олсин, яна зиёда қилинг, деди.  Фузайл ибн Иёз шундай деди: Умар ибн Абдулазизнинг бир ҳокими бўлиб, унинг устидан Умар ибн Абдулазизга шикоят тушганди. Шунда Умар ибн Абдулазиз унга мактуб ёзиб шундай дейди: “Эй биродар!, сенга дўзах аҳли дўзахда абадул-абад бўлиши билан бирга, уларнинг узоқ бедор бўлишини ҳам эслатаман. Аллоҳнинг ҳузуридан қувилишдан сақлан, ўшанда охир замон бўлади, умидлар узилган бўлади”. Ҳоким бу мактубни ўқиганидан сўнг юртни кезиб Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келади. Умар ибн Абдулазиз унга: сени нима олиб келди?, дейди. У: мактубингиздан қалбим ларзага келди, то Аллоҳга йўлиқгунимча ҳокимликка қайтмайман, деди. Бу гапларни эшитиб Ҳорун ар Рошид яна қаттиқ йиғлади. Фузайл ибн Иёз: Эй мўминларнинг амири, Набий с.а.в.нинг амакилари Аббос Набий с.а.в.га келиб “мени амир қилиб қўйинг”, деганида, у зот с.а.в.: “Амирлик қиёмат куни ҳасрат ва надоматдир, агар амир бўлмасликка имкон қила олсангиз, амир бўлманг”, дегандилар, деди. Ҳорун ар Рошид яна йиғлади ва яна зиёда қилинг, деди. Фузайл ибн Иёз: Эй гўзал юзли, Аллоҳ таоло қиёмат куни бу халқ ҳақида сизни сўроққа тутади. Агар бу юзни дўзахдан сақлашнинг имконини қила олсангиз, сақланг, қўл остингиздагиларга нисбатан қалбингизда ҳасад ва гина бўлган ҳолатда тонг оттириш ва тунашдан сақланинг. Чунки Набий с.а.в.: “Кимки уларга (яъни, қўл остидагиларига) нисбатан ҳасад-гина қилган ҳолда тонг оттирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди”, деганлар, деди. Ҳорун ар Рошид яна йиғлади ва Фузайл ибн Иёзга: Зиммангизда қарзингиз борми?, деди. У: ҳа, Роббимдан қарзим бор, ҳали ҳисоб-китоб қилмади. Агар сўроққа тутса, ҳолимга вой бўлади. Агар муҳокама қилса, ҳолимга вой бўлади. Агар ҳужжатимга (яъни, ҳужжатим сўралганда жавоб беришга) илҳом берилмасам, ҳолимга вой бўлади, деди. Ҳорун ар Рошид: Мен сиздан бандаларнинг бирортасидан қарзингиз борми, деб сўрагандим, деди. У: Роббим мени бунга буюрмаган, балки Унинг ваъдасини тасдиқ қилишга ва Унинг амрига бўйсунишга буюрган, Роббим: “Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим. Мeн улaрдaн бирoр ризқ истaмaсмaн вa улaр мeни тaoмлaнтиришини ҳaм истaмaсмaн. Зeрo, Aллoҳнинг ўзи (бaрчa xaлoйиққa) ризқ бeрувчи, қуввaт сoҳиби вa қудрaтлидир.”, деган, деди. Ҳорун ар Рошид: мана бу минг динор, буни олинг, оилангизга сарфлайсиз, бу билан Роббингизга ибодат қилишга куч-қувват йиғасиз, деди. Фузайл ибн Иёз: Субҳаналлоҳ, мен сизни нажот йўлига йўлласам-у, сиз мени мана шундай нарса билан мукофотлайсизми?, Аллоҳ сизга нажот берсин ва сизни муваффақ қилсин!, деди. Сўнгра гапирмай жим турди, бизга ҳеч нарса демади. Биз чиқиб кетдик. Ҳорун менга айтди: Эй Абу Аббос, агар мени далолат қилсанг мана шундай кишига далолат қилгин. Бу мусулмонларнинг саййидидир, деди. Шу чоғ Фузайл ибн Иёзнинг олдига хотини кириб: Ҳолимизнинг тангилгини кўриб турибсизку, бу молни қабул қилсангиз бўларди, деди. Фузайл ибн Иёз: Мен билан сизларнинг мисолимиз худди бир туяси бор қавм бўлиб, улар туясининг меҳнатидан кун кўрадиган, туя қариганда эса уни сўйиб гўштини еганларнинг мисоли кабидир, деди. Бу гапни Ҳорун ар Рошид эшитиб, қайтиб кириб кўрайлик, шоят молимизни қабул қилса, деди. Фузайл буни сезиб, хонадан чиқди ва болхона эшигининг сатҳига ўтирди. Ҳорун ар Рошид бориб унинг ёнига ўтириб унга гапирар эди, у эса жавоб қайтармасди. Ана шундай бўлиб турган пайтда бир жория чиқиб: Эй булар, бир кечадан бери шайхга озор беряпсизлар, Аллоҳ рам қилсин, кетинглар, деди. Биз кетдик.
Фузайл ибн Иёз айтади: Менинг ҳузуримга мўминларнинг амири Ҳорун келганида, мен унга: Эй гўзал юзли, ўзингизга катта машаққатли ишни юклаб олибсиз, сиздан кўра юзи гўзал кимсани билмайман, агар бу юзни дўзах куйдириб қорайтиришидан сақлашни имконини қила олсангиз, қилинг. Шунда Ҳорун: Насиҳат қилинг, деди. Мен: Нима деб насиҳат қилай?, бу икки муқова орасидаги Аллоҳнинг китобидир, унга назар солинг; итоат қилганларга нима бўлди-ю, осийларга нима бўлди?. Мен одамларнинг дўзахга қаттиқ шўнғиб кетаётганини ва шошилиб, жадаллик билан дўзахни талаб қилаётганини кўрдим.  Аллоҳга қасамки агар шунинг мислича ёки бундан озроқ бўлса ҳам жаннатни талаб қилганларида эди, албатта эришар эдилар, дедим.
Иброҳим ибн Саъид Жавҳарий айтади: Менга Маъмун айтди, у эса: Менга Ҳорун шундай деди: Кўзларим Фузайлдек (буюк) инсонни кўрмаган. Мен унинг ҳузурига кирганимда у менга: қалбингни, ғам ва хавф учун бўшат, бу икки нарса сени маъсиятдан тияди, дўзахдан узоқлаштиради, деди.

Қудратуллоҳ Сидиқметов
Аҳмаджон қори жомеъ масжиди
 имом хатиби
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri