Аҳзоб сураси, 21-24 оятлар Принтер учун
16.08.2013 й.
21. Батаҳқиқ, сизлар учун; Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.

Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг фикрларини қабул этиб, ҳандақ қазишни бошладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар. Ким тушкунликка тушса, қўрқса, иккиланса, умидсизланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан бу туйғуларидан фориғ бўлар эди.
Хандақ қазиш ишларида У зот ҳаммага ўрнак бўлиб, тер тўкдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгилласин учун жўр бўлиб, шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар.
Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини «Амр» деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошладилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар.
Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Иш давомида чарчаб, Зайд ибн Собит ҳандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра:
«Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. Аммора:
«Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар.
Хандақ қазиётганида, Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг олдидан катта харсангтош чиқиб қолди. У харсангни синдира олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, чўқморни унинг қўлидан олдилар. Куч билан харсангни урган эдилар, ўт чақнаб кетди. Яна бир урган эдилар, яна ўт чақнади. Учинчи марта урган эдилар, учинчи марта ҳам ўт чақнади. Шунда Салмони Форсий розияллоҳу анҳу:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, мен кўрган нарса нима ўзи? Зарба берганингизда ўт чиқди?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен ўшани ростдан кўрдингми, эй Салмон?» деб сўрадилар. Салмон розияллоҳу анҳу:
«Ҳа», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Биринчиси билан Аллоҳ таоло менга Яманни фатҳ қилди. Иккинчиси билан Аллоҳ менга Шомни фатҳ қилди. Учинчиси билан Аллоҳ менга Мағрибни фатҳ қилди», дедилар.
Бу хабар яшин тезлигида мусулмонлар ичида тарқалди. Уларнинг руҳлари юксалди, ғалабага бўлган ишончлари мислсиз даражада ортди.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинмай Аллоҳ таолога ёлборар, намоз ўқиб, муножот қилар, Роббул оламийннинг Ўзидан нусрат сўрар эдилар. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мусулмонлар учун гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзобларни кўрган мўминлар заррача қўрқмадилар.

22. Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар. Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади.
Ўша урушда–аҳзоб урушида мусулмонларнинг сони уч мингта эди. Уларга қўшимча мадад келиши мумкин ҳам эмас. Чунки ер юзида улардан бошқа мусулмон йўқ эди. Мушрик ва кофирлар аҳзобининг эса, сон-саноғига етиб бўлмас эди. Биргина қурайшликлар лашкари ўн минг кишидан иборат эди. Бунинг устига, турли қабилаларни жамлаган Ғатафонликлар, Бани Қурайза яҳудийлари ва бошқалар. Уларга яна қўшимча мадад кучлари келиши мумкин эди. Чунки ўша пайтда дунё кофир ва мушрикка тўлиб кетган эди. Биров аҳзобларга ёрдамга келса, йўлини тўсадиган одам ҳам йўқ эди.
Ана шундай пайтда кичик бир манзил атрофига ҳандақ қазиб олиб қамалда қолган кишилар ким бўлишидан қатъи назар, устларига бостириб келган сонсиз-саноқсиз фирқаларни кўрганларида, даҳшатга тушиши турган гап эди. Хусусан, камон, қилич, найза ва тош билан уруш олиб бориладиган ўша пайтда ҳар бир жангчи катта куч ҳисобланарди. Инсоний ўлчовга кўра, кимнинг сони кўп бўлса, ўша ғолиб келиши керак эди. Аммо Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирган мўмин-мусулмонлар бу ўлчовдан устун бўлдилар.
«Мўминлар аҳзобларни кўрганларида: «Бу бизга Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган нарсадир. Аллоҳ ва Унинг Расули рост сўзларлар», дедилар».
Мўмининг иши ўз-ўзидан жўнлашиб кетавермаслигини, балки турли синов ва имтиҳонлар бўлишини, кофир ва мушриклар бизга қарши чиқишини, бизга душманлик қилишини ва улар билан курашда биз ютиб чиқишимизни бизга Аллоҳ таоло ҳам, Унинг Расули ҳам айтган эдилар. Улар рост айтадилар, мана, ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз, кофирларнинг аҳзоблари устимизга бостириб келдилар, дедилар.
«Бу уларга иймон ва таслимдан бошқа нарсани зиёда этмади».
Яъни, кофирларнинг аҳзоб бўлиб, сонсиз-саноқсиз ададда устларига бостириб келишлари мўминларга иймондан ва Аллоҳ таолога бутунлай ўзларини топширишдан бошқани зиёда қилмади. Уларнинг иймон-эътиқодлари ва мусулмончиликлари яна ҳам кучайди. Ҳа, иймон келтирган, мусулмон бўлган одамлар ана шундай одамлардир.

23. Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар.
Юқорида зикри келган мунофиқлар ва иймони заифлардан фарқли ўлароқ:
«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир».
Яъни, мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган кишилар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда бундай дейилган: «Ушбу оятда назарда тутилган кишилардан бири Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашмай қолган эди. Бу иш унга жуда оғир ботди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган биринчи урушда ғойиб бўлдимми?!» деб афсусланиб юрарди. Шу билан бирга: «Агар Аллоҳ таоло кейинчалик менга бир урушни кўрсатса, менинг нима қилишимни Аллоҳнинг ўзи кўради», дер эди. Уҳуд уруши куни Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушга чиқди. У йўлда кетаётиб Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни учратди ва унга: «Эй Абу Амр! Оҳ, оҳ! Жаннатнинг ҳиди қаёқдан келмоқда! Мен уни Уҳуд томондан келаётганини сезяпман!» деди. Урушга кириб, шаҳид бўлгунича жанг қилди. Унинг жасадидан саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқи изларини топдилар. Унинг синглиси Рубаййиъ бинти Назр: «Акамни фақат бармоғидан таниб олдим, холос», дерлар.
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонлар ичида бу кишига ўхшаб жонини фидо этганлар жуда кўп чиқди. Уларнинг фидойиликлари Исломга, мусулмонларга шону шуҳрат келтирди ва келтирмоқда.
«Бас, улардан баъзилари ажалини топди».
Анас ибн Назр розияллоҳу анҳуга ўхшаб шаҳиди аъло бўлди. Орзуига эришди. Ўзи кўзлаган олий мақомга етишди.
«Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир».
Ажаллари етмаганлари шаҳид бўлишга, Аллоҳга берган аҳдни амалга оширишга зору интизор турибди.
«Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».
Бу мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларини ҳеч нарсага алмаштирмадилар.
Мунофиқларнинг Аллоҳга берган аҳдларига хиёнат этишларида ҳам, мўминларнинг Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилишларида ҳам ҳикмат бордир. Яъни:    

24. Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаш учун ва мунофиқларни Аллоҳ хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир.
Ҳа, Аллоҳ таоло Аҳзоб урушига ўхшаш қийин ҳолатларни мусулмонларнинг бошига ҳар бир замонда солиб туриши бежиз эмас.
«Аллоҳ содиқларни садоқатлари сабабидан мукофотлаш учун ва мунофиқларни Аллоҳ хоҳласа, азоблаши ёки тавбасини қабул қилиши учундир».
Ана шундай оғир вазиятларда иймонига содиқлар садоқатларини кўрсатадилар ва Аллоҳ таоло уларни садоқатларига яраша мукофотлайди. Шунингдек, оғир ҳолларда мунофиқларнинг мунофиқлиги ҳам ошкор бўлади ва Аллоҳ таоло хоҳласа, тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиради, хоҳласа, жазоларини беради. Зотан,
«Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир».

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz