Ҳақиқий бахт Принтер учун
21.08.2013 й.
Бу бўлган воқеани менга устозим ҳикоя қилиб бергандилар. 2013 йилнинг ёзида устозимизнинг Исҳоқжон исмли шогирдлари ўз оналарини даволатиш мақсадида Наманган шаҳридаги шифохоналардан бирига ётқизадилар. Оналари шифохонанинг икки кишилик даволаш хонасига жойлашадилар. У кишининг шериклари вилоятнинг чекка туманларидан келган кекса бир аёл бўлади. Исҳоқжоннинг оналари тақволи, художўй аёл эдилар. Шериклари эса кун бўйи “Даракчи”, “Бекажон”, “7х7” каби газеталарни ўқиб, вақтини ўтказарди. Бир хонада ётиш асносида бир-бирлари билан қалинлашиб, дугона бўлиб қолишади. Икковлон даволаниб ётган кунларнинг бирида Исҳоқжоннинг оналари шериклари – тумандан келган кекса аёлдан “Калимангизни биласизми дугонажон?” деб сўрайдилар. У аёл “Йўқ” деб жавоб беради. Бу гапни эшитган Исҳоқжоннинг оналари эса “Вой бечора, сизга қандай ёрдам берсам экан-а?!” деб куйинадилар. Бир оз ўйланиб ётганларидан кейин ҳалиги туманлик аёлга “Келинг, иккаламиз биргаликда калима айтамиз. Баҳонада сиз ҳам ўрганиб оласиз” дейдилар. У аёлга бу таклиф маъқул келиб, икки дугона биргаликда калима айтишга тушиб кетишади: “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу...” Калимасини илк бор айтган туманлик аёлнинг қўлидан газетаси тушиб кетади. Исҳоқжоннинг оналари қарасалар у аёл жим бўлиб қолибди. Дарҳол ҳамшираларни чақирадилар. Бироқ меҳрибон Аллоҳ таоло ўша аёлнинг охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлишига Исҳоқжоннинг оналарини сабабчи қилиб бўлган эди. У аёл ўша калимани айтиши биланоқ бу дунё билан осонгина хайрлашиб, охиратга йўл олган эди. Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло ўша бандасининг охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлишини ирода қилгани учун ҳам ўзининг туманидаги шифохоналарда даволанмай шаҳарга келишни, келганда ҳам Исҳоқжоннинг онларидек тақволи, солиҳа аёл билан бирга ётишни насиб қилди. Иккала аёл ҳам том маънода ҳақиқий бахтга эришган эдилар. Бирлари шаҳодат калимасини айтиб жон берган бўлса, иккинчилари ўша шаҳодат калимасининг айтилишига бевосита сабабчи бўлган эдилар. У аёл вафот этганидан сўнг орадан бир неча ой ўтиб, Исҳоқжоннинг оналари ҳам беморликлари сабабли бу дунёни тарк этдилар. Аллоҳ таоло икковларини ҳам раҳматига ғарқ этиб, охиратда улкан мукофотлар билан сийласин. У зот барчамизга чиройли хотима насиб этсин. Сўнгги нафасимизда тилимизга шаҳодат калимаси келишини осон қилсин, омин!  

Устознинг ҳикояларини оққа кўчирувчи Нозимжон Ҳошимжон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz