Аҳли байтнинг фазилатлари Принтер учун
13.09.2013 й.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан:
«Аллоҳ таолонинг: «Сен: «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айт», ояти ҳақида сўралди.
Бас, Саъид ибн Жубайр:
«Қаробат Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир», деди.
Шунда Ибн Аббос:
«Шошилдинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш қоринларидан ҳар бир қоринда қаробатлари бордир. Бас, у зот, мен билан орангиздаги қаробатни боғлашингиз учунгина, дедилар», деди».
Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Шуро сурасидаги бу ояти каримани яхшироқ ўрганиб олишимиз лозим. Ана ўшанда ушбу ҳадиси шарифни ҳам тўғри тушунишимизга ёрдам беради.
Бу ояти карима ансорий саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, сиз ила Аллоҳ бизни ҳидоят қилди. Энди сизга турли ҳолатлар ориз бўлиб туради. Сизда бўлса, ҳеч қандай молу мулк йўқ. Биз сизга керакли молу мулкни тўплаб берсак, деганларида нозил бўлган.
Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, ансорийларга бу масалада айтишлари лозим бўлган гап ўргатилмоқда: «Мен сизларни Исломга чақирганим учун ажр беришингизнинг кераги йўқ. Фақат ақраболаримга дўстлик қилиб турсаларингиз бўлди.
Кишилар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу оятнинг маъносини сўраганларида у кишидан олдин тобеъинлардан бўлган Саъид ибн Жубайр:
«Қаробат Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир», деб жавоб берибди.
Шунда Ибн Аббос:
«Шошилдинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш қоринларидан ҳар бир қорин¬-да қаробатлари бордир. Бас, у зот, мен билан орангиз¬даги қаробатни боғлашингиз учунгина, дедилар», деган эканлар.
Дарҳақиқат, насаб суриштириладиган бўлса, Қурайшнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндош бўлиб қолиши турган гап. Аммо бу ерда гап тор доира ҳақида кетмоқда. Ўша доирага кирадиганлар ким эканини қуйида келадиган ривоятлардан ўрганамиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб чиқдилар. Устиларида қора жундан муртлари бор эди. Бас, Ҳасан ибн Али келди. У зот уни (мурт ичига) киритдилар. Сўнгра Ҳусайн келиб у ҳам кирди. Кейин Фотима келувди, уни ҳам киритдилар. Сўнгра Али келувди, уни ҳам киритдилар ва:
«Албатта, Аллоҳ сизлардан кирни кетказишни ва сизларни яхшилаб поклашни ирода қиладир, эй аҳли байт», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: «Мурт» одатда тикилмаган мато бўлиб, кийим ўрнида ишлатилади. Уни эркак кишилар тананинг белдан пастки қисмига тутиб олар эканлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундоқ мурт кийимлари билан эрталаб ташқарига чиққан эканлар, набиралари Ҳасан ибн Али келиб, муртларининг ичига кириб олибди. Кейин ривоятда айтилганидек, Ҳусайн, Фотима ва Али розияллоҳу анҳум ҳам ўша муртнинг ичига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёпишиб турибдилар. Ўша ҳолда туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизлардан кирни кетказишни ва сизларни яхшилаб поклашни ирода қиладир, эй аҳли байт», оятини тиловат қилибдилар.
Бундан мазкур тўрт зотлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари экани келиб чиқади.

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Албатта, Аллоҳ сизлардан кирни кетказишни ва сизларни яхшилаб поклашни ирода қиладир, эй аҳли байт», ояти Умму Саламанинг уйида нозил бўлган. Шунда у зот Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларни чақириб, бир кийимга ўрадилар. Али ортларидан турган эди, уни ҳам бир кийим билан ўрадилар ва:
«Эй Аллоҳим! Мана булар менинг аҳли байтим. Улардан кирни кетказгин. Уларни яхшилаб поклагин», дедилар.
Умму Салама:
«Мен ҳам улар биланми, эй Аллоҳнинг Набийи?» деди.
«Сен ўз маконингдасан. Сен хайрдасан», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ўзидан олдингисини таъкидлаб келмоқда. Шу билан бирга, Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳоралари хос маънодаги аҳли байтлардан эмаслигини кўрсатмоқда. У зотларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари ва мўминларнинг оналари сифатларида ўз мақом ва маконлари бор, аммо улар аҳли байтга кирмайдилар.

Язид ибн Ҳайён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз – мен, Ҳусойн ибн Сабра ва Умар ибн Муслим Зайд ибн Арқамнинг ҳузурига бордик. Унинг олдига ўтирганимизда Ҳусойн:
«Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликни кўргансан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргансан, ҳадисларини эшитгансан, у зот билан жанг қилгансан ва ортларида намоз ўқигансан. Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликни кўргансан. Эй Зайд, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсангни гапириб бер», деди.
«Эй биродарим, ёшим катта бўлди. Замоним эскирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сингдириб олган баъзи нарсаларни унутдим. Мен сизларга нимани гапириб берсам, ўшани қабул қилинглар. Бошқасини таклиф қилманг¬лар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги Хумм деган сувхонада ичимизда туриб хутба қилдилар. Бас, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Ваъз қилдилар. Эслатдилар. Сўнгра:
«Аммо баъду; Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам башарман. Тезда Роббимнинг элчиси келиб қолса, ижобат қиламан. Мен ичингизда икки салмоқли нарсани тарк қилувчиман. Улардан бири Аллоҳнинг Китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг Китобини олинг ва уни маҳкам тутинг. Бас, у зот Аллоҳнинг Китобига қизиқтирдилар ва тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эси¬нгизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман», дедилар», деди у.
«Аҳли байтлари ким, эй Зайд? Аёллари аҳли байтларидан эмасми?» деди Ҳусойн.
«Аёллари аҳли байтларидир. Лекин аҳли байт¬лари у зотдан кейин садақа ҳаром бўлган шахслардир», деди у.
«Улар кимлар, эй Зайд?» деди.
«Улар Оли Али, Оли Ақийл, Оли Жаъфар ва Оли Аббослардир», деди у.
«Ўшаларнинг ҳаммасига садақа ҳаром қилинганми?» деди Ҳусойн.
«Ҳа», деди у.
Бошқа бир ривоятда қуйидагича келган:
«Аҳли байтлари кимлар? Аёлларими?» деди.
«Аллоҳга қасамки, аёл киши эр билан замондан бир муддат яшаб, кейин уни талоқ қилса, отасига ёки қавмига кетади. Аҳли байт эса, асли, ота тараф яқинлари, у зотдан кейин садақа ҳаром қилинган шахслардир», деди у.
Муслим ривоят қилган.

Термизийнинг ривоятида қуйидагилар айтилади:
«Мен сизларга модомики, уни маҳкам тутсангиз мендан кейин абадий ҳеч адашмайдиган нарсани тарк қилиб кетувчиман. Улардан бири бошқасидан улуғроқдир. Аллоҳнинг Китобини. У осмондан ерга тортилган арқондир. Ва аҳли байтимни. Иккилари ҳавзга боргунларича бир-бирларидан ажрамаслар. Уларда менга қандоқ ўринбосар бўлишингизга назар солинглар», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Ислом уммати учун динимиз таълимотларини, уларга амал қилишни жорий қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари доимий равишда ўрнак бўлиб келишлари башорати берилмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, сизга ғизо қилиб берган неъматлари учун муҳаббат қилинг. Менга, Аллоҳнинг муҳаббати ила муҳаббат қилинглар. Менинг муҳаббатим учун аҳли байтимга муҳаббат қилинг», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига бўладиган муҳаббат ўзи бўлмаслиги, у муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига бўлган муҳаббатга, у эса ўз навбатида Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатга уланиб кетиши ҳақида сўз кетмоқда.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнларнинг қўлларидан тутдилар-да:
«Ким манави икковини, уларнинг отасини ва уларнинг онасини яхши кўрса, қиёмат куни мен билан менинг даражамда бўлур», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан мазкур тўрт зотга муҳаббат қилиш катта бахт-саодат боиси эканлигини билиб оламиз.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига, Фотимага, Ҳасанга ва Ҳусайнга:
«Сиз кимга уруш қилсангиз, мен ўшанга урушман. Сиз ким ила тинчлик бўлсангиз, мен ўшанга тинчликман», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан мазкур тўрт зотнинг қанчалар улуғ мақомга эга эканини билиб оламиз.
Ушбу мавзу бўйича барча далилларни синчиклаб ўрганиб чиққан жумҳур уламолари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари, Аббос ва унинг насли, Абу Толибнинг ўғиллари Али, Жаъфар, Ақийл ва уларнинг наслидир, деган хулосага келганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz