Илм ўрганиш бешикдан қабргачадир Принтер учун
14.09.2013 й.
Динимизда илм ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримнинг дастлабки нозил қилинган оятлари ўқишга амр қилиш билан бошланган. Ҳадиси шарифларда ҳам илм талаб қилишга доир қатор кўрсатмалар келган.

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган азизларимизнинг ўтаётган соатларни, лаҳзаларни қадрлаганларига, ҳатто ўлимни қарши олаётган чоғларида ҳам илм талаб қилишдан ажралмаганларига, бир сўз билан айтганда бешикдан то қабргача илм йўлида ҳаракат қилганларига гувоҳ бўламиз.
Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ жон таслим қилаётган сўнги нафасларида ҳам ўзларини кўргали келган зиёратчилардан бири билан фиқҳий масала тўғрисида баҳс юритганлар. Ҳаётларининг энг сўнги лаҳзаларини ҳам илм музокарасисиз ўтказиб юбормаганлар.
Бу ҳақида Иброҳим ибн Жарроҳ Куфий қуйидагича гапириб берган: Абу Юсуф касал бўлганди. Уни кўргали келдим. Келганимда у беҳуш ётганди. Ўзига келгач менга: эй Иброҳим бир масала тўғрисида нима дейсан? деди. Мен: шундай ҳолатда-я? дедим. У: бунинг зарари йўқ дарс қилаверамиз эҳтимолки бирор киши бу дарсимиздан нажот топар? деди. Сўнгра: эй Иброҳим, тош отишда (яъни ҳаж ибодатларида), пиёда юриб отган афзалми ё уловда отган афзалми? деди. Мен: уловда отган афзал дедим. У: хато қилдинг деди. Мен: пиёда юриб отган афзал дедим. У яна: хато қилдинг деди. Шунда мен: Аллоҳ сиздан рози бўсин ўзингиз айтинг дедим. У: агар ўша ерда дуо қилиш учун тўхтайдиган бўлса пиёда юриб отгани афзал, агар тўхтамайдиган бўлса уловда отгани афзал, деди. Сўнгра мен унинг ҳузуридан чиқдим. Ҳали ҳовлисининг дарвозасига ҳам етиб улгурмасдан унга йиғлашганини эшитдим. У вафот этган эди. Аллоҳ уни ўз раҳматига олган бўлсин.
Аллома Тошкўпирзода “Мифтаҳус саъада ва мисбаҳус сияда” номли китобларида қуйидагиларни айтганлар: “Имом, фақиҳ, мужтаҳид, муҳаддис, имом Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний роҳматуллоҳи алайҳ тунда ухламасдилар. Олдиларига дафтарларни яъни китобларни қўйиб қўярдилар. Агар бирортасидан зериксалар бошқасига ўтардилар. Уйқуларини сув билан кетказардилар ва “уйқу ҳароратдан келади,”дердилар.
Абу Ҳилол Аскарий "Ал-ҳассу ала толабил илм вал ижтиҳади фи жамъиҳи" номли китобидан қуйидагиларни айтган: Аҳмад ибн Яҳё Шайбоний, Куфий, Бағдодий наҳв, луғат, адаб, ҳадиси шариф, ва қироат имомларидан бўлган. 200- ҳижрий санада туғилиб, 291-ҳижрий санада вафот этган. Унинг дарс қилиб ўқийдиган китоби доимо у билан бирга бўлган. Агар уни бирор жойга чақирсалар мисвара миқдорида (теридан бўлган суяниб ўтириладиган нарса) кенгроқ жой беришлари шарти билан борарди ва ўша ерга китобини қўйиб ўқиб ўтирарди.
Хотиб айтади: Ибн Жарир роҳматуллоҳи алайҳ қирқ йил бардавом ҳар куни қирқ варақдан асар ёзган. Унинг шогирди Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Жаъфар Фарғоний "Ас-Сила" номи билан танилган китобида қуйидагиларни айтган: "Ибн Жарир роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бир гуруҳи унинг балоғат ёшидан то вафотигача бўлган ҳаётини ўрганиб чиқдилар. Сўнгра ёзган асарларининг варақларини унинг ўтказган умрига бўлиб чиқишди. Ҳар бир кунига ўн тўрт варақдан тўғри келди. Бу банданинг имкони етмайдиганадиган фақатгина  Холиқнинг гўзал инояти билангина эришиладиган кўрсаткич эди".
Ибн Жарир роҳматуллоҳи алайҳ 224-ҳижрий санада таваллуд топиб 310-ҳижрий санада 86 ёшда вафот этган. Агар бу ёшдан балоғат ёшигача бўлган даврни ўн тўрт йил деб ҳисоблаб олиб ташласак, шунда Ибн Жарир етмиш икки йил ҳар куни ўн тўрт варақдан ёзган бўлади. Агар ҳар куни ўн тўрт варақдан ёзилган етмиш икки йилни ҳисоблаб чиқадиган бўлсак имом Ибн Жарир  энг камида 358 минг варақ тасниф этган бўлади.
Муҳаммад Курдали "Кунузул аждад" номли китобида имом Ибн Жарир Тобарийнинг таржимаи ҳоли тўғрисида қуйидагиларни айтган: " Айтилган хабарларга кўра у зот ҳаётининг бирор дақиқасини ҳам фойда бериш ва фойда олишсиз ўтказиб юбормаган. Муъафа ибн Закарё ишончли  кишиларнинг биридан қуйидаги ривоятни келтиради: У Абу Жаъфар Тобарийнинг вафотидан бир соат ё ундан ҳам камроқ вақт олдин унинг ҳузурида бўлган. Ўша вақтда унга Жаъфар ибн Муҳаммаддан бир дуо зикр қилинган. У эшитиши биланоқ сиёҳдон ва саҳифа келтиришларини сўраган ва уни ёзиб қўйган. Унга: шундай ҳолатда-я?! дейишганида, у: инсон учун то ўлгунича илмдан иқтибос олишни қўйиш дуруст эмас," деган.
Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжамул удабо” асарида буюк астроном математик олим, тарих, луғат, адабиёт соҳаларининг етук билимдони Абу Райҳон Берунийнинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагилар айтилган: Абу Райҳон Беруний умумий ишларда юксак мавқеда бўлишига қарамасдан илм таҳсилига қаттиқ киришган, китоблар тасниф этишга астойдил берилган эди.  Унинг қўлидан қалам тушмас, кўзлари доимо китобга қараган бўлар, қалби фикр билан машғул бўларди. Йил давомида икки кунгина эҳтиёжига ярайдиган озиқ овқат ва ёзиш учун керакли ашёларни тўплашга вақт ажратарди. Сўнгра йилнинг бошқа кунларидафақат илм билан машғул бўлганларидан бошқа ташвишларга вақт ажрата олмасдилар.
Фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Ийсо Валвалижий шундай гапириб берган: Абу Райҳоннинг ёнига вафот этиши арафасида кирганман. У зўрға нафас олиб юраги сиқилиб ётганди. У етмиш саккиз ёшда эди. У шу ҳолатида менга қараб: бугун менга она томондан бўладиган момоларнинг меросдаги улуши ҳақида нима дейсан ? деди. Мен унга раҳмим келганидан: шундай ҳолатда ҳама? дедим. У: эй менга қара! Менинг дунёдан ушбу масалани билиб кетганим уни билмасдан кетганимдан яхшироқ эмасми? деди. Мен унга ўша масалани айтиб бердим. У  бу масалани ёдлаб олди ва ёдлаганларини менга айтиб берди. Мен унинг ҳузуридан чиқиб кўчага етган ҳам эдимки, унинг вафот этгани учун йиғлаганларини эшитдим.
"Алфия" ва бошқа кўплаб китоблар соҳиби Ибн Молик роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 600-санада туғилиб, 672-санада вафот этганлар. Мақоррийнинг "Нафаҳут тийб" номли китобида бу зотнинг таржимаи ҳоллари ҳақида шундай дейилган: " Ибн Молик роҳматуллоҳи алайҳ кўп ўқийдиган, тез-тез текшириб турадиган зот эдилар. Бирор нарсани ҳам манбасига қарамасдан ёддан ёзмас эдилар. Бу ишончли шайхларнинг ва собитқадам уламоларнинг ҳолати ҳисобланади. У зотни фақат ё намоз ўқиётганларини, ё тиловат қилаётганларини, ё китоб тасниф қилаётганларини, ё ўқиётганларини кўришарди. Бу зот ҳатто вафот этаётган пайтларида ҳам бир қанча байтларни ёдлаганлар. Баъзилар уларнинг саксон байт эканини ҳисоблашган. Бу байтларни у зотга ўғиллари айтиб турган.
Ҳофиз Заҳабий "Тазкиротул ҳуффоз"да имом Нававийнинг таржимаи ҳолини келтирган. Муҳйиддин Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ибн Муррий, роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 631-санада Ҳавроннинг Наво шаҳрида дунёга келган. 649-санада Димашқга борган ва "Роваҳия" истиқомат қилган. Бу ҳақда у зотнинг ўзлари шундай деганлар: мадрасада икки йилча турдим шу муддат давомида ёнбошимни ерга қўймадим, тўрт ярим ойда "Танбеҳ"ни ёд одим. Қолган муддатда шайхлари Камол Исҳоқ ибн Аҳмадга "Муҳаззаб"нинг тўртдан бирини ёддан ўқиб топширганлар.
Имом Нававий ҳижрий 676-санада 45 ёшларида вафот этганлар. Кўплаб улуғ асарлар қолдирганлар. Ёзган асарларини ҳаётларига тақсимлашганда ҳар бир кунга ўша пайтдаги тўрт дафтардан тўғри келган.  
Имом муфассир Абу Сано Шиҳобуддин Маҳмуд ибн Абдуллоҳ Олусий Бағдодий роҳматуллоҳи алайҳ Бағдод муфтийси ва муфассирлар сўнгисидирлар. Ҳижрий 1217-санада туғилиб 1270 санада вафот этганлар. Бу зот ҳар лаҳзада илмлари зиёда бўлишига интилар эдилар. Фойдали ва нодир илмларни қўлга киритишдан ҳеч тўхтамас эдилар. Кундузлари фатво ва дарс бериш билан ўтарди. Кечанинг аввалини масала сўровчиларга ё суҳбатдошларга ажратган эдилар. Кечанинг охирида варақларга тафсир ёзар эди. Эртаси куни эрталаб ёзган варақларини оққа кўчирувчи қилиб тайинлаган ёзувчиларга берар эдилар. Ёзувчилар уларни оққа кўчириш учун бу зотнинг уйларида ўн соатлаб қолиб кетишар эди.
Олусий бир кунда йигирма тўртта дарсни бажарар эди. Тафсир ёзиш ва фатво бериш билан машғул бўлган вақтларда узун китоблардан ўн учта дарсни бажарар эдилар. Доимий равишда таълиф этиш билан банд эдилар, ҳатто охирги касал бўлганларида ҳам таълиф этишни тўхтатмаганлар.
Имом Абдулҳай Лакнавий ҳижрий 1304-санада 39 ёшларида вафот этган. Кўп мужалладли катта китоблар ва бир неча саҳифалардан иборат рисолалар билан биргаликда 110 дан ортиқ асарлар ёзиб қолдирганлар. Барча асарлари фойдали баҳслар ва қийин мушкул масалар ҳақида бўлган.
Ашраф Али Таҳонавий ҳижрий 1362-санада 81 ёшларида вафот этган. Таълиф этган асарлари эса мингдан ортиқ бўлган.
Ушбу улуғ ишларнинг барчаси вақтни авайлаш ва доимий равишда илм йўлида ҳаракат қилиш билан  яъни, бешикдан қабргача илм ўрганиш орқали юзага келган.  

Абдулқодир Пардаев
 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri