Қалб қўриғи Принтер учун
15.09.2013 й.
Яхши ишлар ёлғиз бўлмаганидек, эгри-гуноҳ ишлар ҳам ёлғиз эмас, улар ёнларида "шерик"лари билан юради. Бири иккинчисини тақозо қилиб келаверади. Яхшиликка интилиб яшаган нафсга Аллоҳ таоло яхшилик қилишни осон этади ва, аксинча, ёмонликни хуш курган нафсга яхшилик қилишни оғирлаштириб қўяди. Ёмонликка ўрганган нафс озиб-ёзиб бир яхшилик қилгиси келиб қолганда ҳам, амалга ошириши қийин кечади. Яхши амаллар қалбга сайқал беради, гуноҳлар эса, қорайтиради.


Бақара сурасининг аввалида Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида: "Куфр йўлини тутган кимсалар эса, хоҳ (Аллоҳнинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга барибир, иймон келтирмайдилар", дея хабар берар экан, уларнинг куфри сабабини шундай изоҳлайди: "Аллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса, парда қоплаб олган" (7-оят).

Дарҳақиқат, Оллоҳ кимнинг пешонасига бадбахтлик ёзган бўлса, унга саодат, кимни адаштириб қўйган бўлса, Уни тўғри йўлга солувчи йўқ. Ва кимни тўғри йўлга йўллаб қўйган бўлса, адаштирувчи йўқ. Инсонларнинг бундай ҳолатларда бўлиши Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ила амалга ошса-да, сабабчи, аслида, бандаларнинг ўзларидир. Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, қалбини муҳрлаб қўйиб, кейин куфри учун жазоламайди. Уларнинг куфрига Аллоҳнинг тақдири рўкач қилинмайди, балки сабабчи кофир бандаларнинг ўзларидир. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Гуноҳлар қалбга қаттиқ ўрнашса, уни ўраб олади, бориб-бориб қалбга ёпишиб кетади. Бу ҳол қалбнинг муҳрланганидир". Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ Мужоҳиднинг яна бундай деганини ривоят қилган: "Мужоҳид қўлини кўрсатиб: "Қалб очиқ турган кафтга ўхшайди. Банда бир гуноҳ қилса, қалб бундай ёпилади", деб битта бармоғини ёпди. "Яна гуноҳ қилса, яна ёпилади", деб иккинчи бармоғини ёпди. Шундай қилиб, барча бармоқларини ёпиб кўрсатди ва: "Бу ҳол унинг муҳрлаб қўйилганидир", деди”.

Шу маънода бир қанча оятлар нозил бўлган: "Бас, қачонки улар (ҳақ йўлдан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди" (Саф сураси, 5-оят); "Балки куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир" (Нисо сураси, 155-оят); "Йўқ! Балки уларнинг қалбларини ўзлари касб қилган гуноҳлари қоплаб олган" (Мутаффифин, 14).
Ҳузайфа ибн Ямон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: "Набий алайҳиссалом айтдилар: "Қалблар фитнага бир-бир рўпара қилинади. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора доғ тушади, қайси қалб инкор этса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади: бири Сафо сингари оппоқ бўлиб, еру осмонлар бор экан, унга фитна зарар қилмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалб эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди" (Бухорий ривояти).

Юқорида келган оят-хабарлар асосан кофирлар хусусида айтилган бўлса-да, унда мўминлар учун ҳам катта огоҳлик бордир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом қўрқитган нарсадан қўрқмасликда, қайтарган нарсадан қайгмасликда куфрнинг белгиси яширин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай огоҳлантирганлар: "Мўмин киши бир гуноҳни қилса, қалбига битта қора нуқта тушади, агар тавба қилса, ўчади, пушаймон бўлса, қалби сайқалланади. Мабодо, гуноҳни кўпайтирса, қора нуқга ҳам кўпаяди, ҳатто бориб-бориб, қалбини бутунлай эгаллаб олади. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг: "Йўқ! Балки уларнинг қалбларини ўзлари касб қилган гуноҳлари қоплаб олган" (Мутаффифин, 14), дегани кабидир!" (Термизий ривояти). Ибн Жарирнинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Гуноҳлар кетма-кет бўлиб кетса, қалбни қулфлаб қўяди. Қалб қулфланган пайтда, Аллоҳ таоло тарафидан муҳр келади ва уни муҳрлайди. Қулфланган, муҳрланган қалбга иймон киролмайди, ичидаги куфр чиқиб кетолмайди", деганлар.

Уламоларимиз муҳрланган қалбга иймон кирмаслигини, фақат Оллоҳнинг ўзи у муҳрни бузсагина, ҳидоят кириши мумкинлигини таъкидлашган.

Ушбу хабарлар аллома Ибн Касирнинг тафсирларида Бақара сурасининг кофирлар ҳақидаги 6—7-оятлари шарҳида келтирилган. Аммо, кўриб турганингиздек, аксари биз мўминларга тегишли. Чунки гуноҳлардан тап тортмаслик ҳидоятга очиқ қалбни ёпади, мулойимини қотиради, сўнг бориб-бориб, иймон киролмайдиган қилиб қўяди, Аллоҳ сақласин.

Абдуғфур Искандар
 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri