ҲАЖНИНГ ТУРЛАРИ Принтер учун
11.10.2013 й.
Ҳаж уч турли бўлади. Улар: 1. Ифрод; 2. Қирон; 3. Таматтуъ.

 

ИФРОД ҲАЖ

 

Ифрод ҳаж деб мийқотдан фақат ҳаж қилиш учун эҳромга киришдир. Ифрод ҳаж қилувчи Маккаи мукаррамага келиб, тавофи қудум қилиб, ҳаж амалларини адо қилишга киришади ва қурбонлик куни ақаба тошларини отгандан кейин эҳромдан чиқади. Ифрод ҳаж қилувчи зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Фақат бир тавоф ва бир саъй қилиш вожибдир. Бугунги кунда ифрод ҳаж қилувчи зиммасига кўпроқ машаққат юкланади. Чунки, ҳожилар Маккаи мукаррамага ўн беш ёки йигирма кун олдин етиб келадилар ва узоқ вақт эҳром ҳолатида бўлишлари лозим бўлади. Манашу вақт мабойнида эҳромда қайтарилган амаллардан ўзини сақлаб туриш ҳам мушкулдир. Агар шу вақт оралигида эҳромда қайтарилган ишларни унитиб қилиб қўйса, зиммасига каффорат лозим бўлади. Масалан, мўйлави ўсиб кетса ва қисқартириш, олиш мумкин эмаслигини унитиб, олиб қўйса ёки хушбўйланиб қўйса, жарима лозим бўлиб қолади. Шунингдек, бошқа эҳромда қилиш мумкин бўлмаган арзимаган ишлардан ҳам сақланиш жуда мушкулдир. Ҳа, агар Мадинаи мунавварага келиб, у ерда бир қанча муддат туриб, сўнг Маккаи мукаррамага келинса, бироз вақт қисқаради ва ҳаж кунлари яқинлашиб қолади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам таматтуъ ҳажи жуда осон ва енгилдир. Ҳозирги кунда тўқсоқ тўққиз фоиз одамлар таматтуъ ҳажини адо қиладилар.

 

ҚИРОН ҲАЖИ

 

Қирон ҳажида мийқотдан ҳаж ва умра иккисига бирданига эҳромга кирилади ва Маккаи мукаррамага етиб келгандан кейин умра арконларини адо қилгандан кейин эҳромдан чиқмай шу эҳром билан ҳажни адо қиладилар ёки Мийқотдан фақат умрага эҳром боғлаб, Маккаи мукаррамага етиб боришдан олдин йўлда ёки Маккаи мукаррамага етиб боргандан кейин умра тавофидан олдин ҳаж эҳромга кириб, умра арконларини адо қилгандан кейин эҳромдан чиқмайди ва сочини ҳам олдирмай ўша эҳромда Маккаи мукаррамада туради. Умра арконларидан фориғ бўлгандан кейин битта зиёда тавоф қилиши суннатдир. Ушбу тавофга тавофи қудум дейилади. Ундан кейин арафот, муздалифа амалларидан фориғ бўлгандан кейин қурбонлик куни ақаба тошларини отгандан кейин қурбонлик қилиши вожиб бўлади. Ушбу қонга шукр қони ҳам дейилади. Қурбонликдан фориғ бўлгандан кейин соч олдириб ёки қисқартириб эҳромдан чиқади.

 

ҚИРОН ҚИЛУВЧИГА ИККИ ТАВОФ ВА ИККИ САЪЙ ЛОЗИМ

 

Қирон ҳаж қилувчига икки тавоф ва икки саъй қилиш лозим бўлади. Бир тавоф билан бир саъй умра учун, иккинчи тавофни арафот ва муздалифада вуқф қилгандан кейин бажариш лозим бўлади. Ўша тавоф ҳажнинг энг улуғ рукни бўлиб, уни тавофи зиёрат ёки тавофи фарз ҳам дейилади. Ушбу тавоф ҳажнинг тавофидир. Ҳаж учун ҳам алоҳида саъй лозимдир. Ҳажнинг саъйи тавофи қудумдан кейин арафотда туришдан олдин бажариши ҳам, тавофи зиёратдан кейин қилиши ҳам жоиздир. Қирон қилувчи бирор жиноят қилса, зиммасига иккита каффорат лозим бўлади. Каффоратнинг бири ҳаж учун, иккинчиси умра учун.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، وَعَبْدِ اللَّهِ، قَالَا الْقَارِنُ يَطُوفُ طَوَافَيْنِ، وَيَسْعَى سَعْيَيْنِ.

Али ва Абдулло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Қирон қилувчи икки тавоф ва икки саъй қилади” (Таҳовий ривояти).

 

ҚИРОННИНГ МАСНУН ЙЎЛИ

 

Қироннинг маснун йўли мийқотдан ҳаж ва умрага бирданига эҳромга кириш ёки умранинг эҳромини ҳажнинг эҳромига тақдим қилиб, яъни мийқотдан умранинг эҳромига кириб, йўлда ёки ҳали умра тавофини қилишдан олдин ҳажга ҳам эҳромга киришдир. Агар юқоридаги кўринишга хилоф қилса, яъни мийқотдан ҳажга эҳромга кирса ва тавофи қудумдан олдин умрага эҳромга кирса ва умра арконалрини арафотдан олдин адо қилса, қилинган ҳаж қирон ҳажи бўлади. Лекин, бу сурат суннатга хилоф ва макруҳдир. Ушбу қилинган қирон саҳиҳ бўлгани учун шукрона қони лозим бўлади.

فالقران افضل  في حد ذاته وهو ان يجمع بين احرامي العمرة والحج ويؤديهما في اشهر الحج وصف الصحة بان يهل بهما معا او على التعاقب بان لا يفضل بينهما بركن احدهما كأن يدخل احرام الحج على العمرة قبل ان يطوف لها اربعة اشواط او يدخل احرام العمرة على الحج قبل الوقوف بعرفة وان اساء لتركه السنة لان السنة في القران يحرم بهما معا او يقدم احرام العمرة على الحج مع انه قارن بلا خلاف فان كان اهل بها قبل ان يشرع في طواف القدوم فهو قارن مسي ومضى في عمرته وعليه دم شكر اتفاقا.

Аслини олганда қирон қилиш афзалдир. Қирон умра ва ҳаж эҳромини ўртасини жамлаб, ҳаж ойларида уларни адо қилишдир. Қироннинг дуруст бўлишини сифати ҳаж ёки умранинг иккисига бирдан ёки кетма-кет, яъни бирига эҳромга киргандан кейин бирор фарзни адо қилишдан олдин кетидан иккинчисига эҳромга киришдир. Жумладан, умранинг эҳромига кирган киши унинг тўртта тавофини қилишдан илгари ҳажнинг эҳромига кириш каби ёки ҳажга эҳромга кирган киши арафотда вуқф қилишдан аввал умрага эҳромга киргани каби. Лекин, кейинги суратда суннатни тарк қилгани учун гуноҳкор бўлади. Чунки, қирон қилишдаги суннат ҳаж ва умрага бирданига эҳромга киришлик ёки ҳаждан аввал умрага эҳромга киришликдир. Лекин акси бўлса ҳам ҳеч қандай хилофсиз қирон қилувчига айланади. Ҳажга эҳромга кирган киши тавофи қудум қилишдан аввал умрага эҳромга кирса, қирон қилувчи бўлади. Лекин, гуноҳкор бўлади ва умрасини давом эттираверади ҳамда бил иттифоқ зиммасига шукрона қони вожиб бўлади” (Ғуния жадийд).

 

ҚИРОННИНГ ДУРУСТ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ

 

Қирон ҳажи дуруст бўлиши учун бешта шартга аҳамият бериш лозим бўлиб, улар қуйидагилар:

1. Ҳаж ойлари, яъни шаввол ойидан бошлаб зул ҳижжанинг тўққизинчи кунига қадар умра тавофини қилиш. Агар ушбу вақт оралигида умра тавофини қилмаса, қирон дуруст бўлмайди;

2. Умра тавофини арафотда вуқф қилишдан олдин қилиш. Агар умра тавофини арафотда тургандан кейин қилса, қирон дуруст бўлмайди;

3. Умра тавофидан олдин ҳажга эҳромга кирган бўлиши. Шунинг учун умра тавофини қилгандан кейин ҳажга эҳромга кирса, қирон дуруст бўлмайди ва таматтуъга айланади;

4. Фосид умрадан олдин ҳажга эҳромга кириш. Шунинг учун умра фосид бўлишидан кейин ҳажга эҳромга кирса, қирон дуруст бўлмайди. Агар шундай қилса, ифрод ҳаж қилувчи бўлади;

5. Қирон умрасини фосид бўлишидан сақлаш. Умра арконларини адо қилишдан олдин аёли билан қўшилиб қўймаслик лозим бўлади. Шунингдек, арафотдан олдин ҳажни фосид бўлишидан сақлаши лозим. Ушбу шартларнинг барчаси “Ғуния жадийд”да мавжуддир.

 

МАККАЛИКНИНГ ҚИРОНИ

 

Маккаликнинг таматтуъи ҳаргиз дуруст бўлмайди. Чунки, ҳаж ва умра орасида илмоми саҳиҳ (уйига бориб келиш) лозим бўлиб қолади. Таматтуъ дуруст бўлиши учун илмоми саҳиҳ (уйга бориб келган) бўлмаслиги шартдир. Қироннинг дуруст бўлиши учун эса, илмомни бўлиш ва бўлмаслиги шарт эмас. Балки, илмоми саҳиҳ бўлса ҳам қирон дуруст бўлаверади. Шунинг учун маккаликнинг қирони усул ва луғат эътиборидан ҳам саҳиҳ бўлади. Лекин, шаръий жиҳатдан маккаликнинг қирони суннат эмас.

Шу боис маккалик қирон қилувчига шукр қурбонлиги лозим бўлмайди. Чунки, шукр қурбонлиги маснун қиронга лозим бўлади. Маккаликнинг қирони эса, суннат эмас.

ولا يشترط لصحته عدم الالمام الصحيح فصح قران المكي من الافاق مع وجوده فيه ولم يصح تمتعه من الافاق...فلو قرن مكي صح واساء وعليه دم جبر ولا تقديم احرامها على الحج فلو ادخلها عليه قبل الوقوف يصير قارنا مسيئا.

Маккалик кишини қирони дуруст бўлиши учун уйига бормаган бўлиши шарт эмас. Шунинг учун маккалик кишининг қирони гарчи Маккада истиқомат қилса ҳам дуруст бўлади. Лекин,таматтуъси дуруст эмас. Маккалик қирон қилса, дуруст бўлади ва гуноҳкор бўлади ҳамда зиммасига жиноят қони лозим бўлади. Ҳаж қилишдан аввал умрага эҳромга киришлиги жоиз эмас. Агар арафотда вуқуф қилишдан аввал умрага эҳромга кирса, қирон қилувчига айланади ва гуноҳкор бўлади” (Ғуния жадийд).

 

ҚИРОН УМРАСИНИНГ САЪЙИ АРАФОТ ВУҚУФИ ВА ТАВОФИ ЗИЁРАТДАН КЕЙИН ҲАМ ЖОИЗ

 

Умра тавофи арафотда туришдан олдин бўлиши қироннинг дуруст бўлиши учун лозимдир. Лекин, умранинг саъйи арафотда вуқуф қилишдан олдин бўлиши лозим эмас. Балки, арафот вуқуфи ва тавофи зиёратдан кейин умра билан ҳажнинг саъйини бир вақтда бирданига қилиш ёки саъйнинг тўрт шавтини арафотда вуқуф қилишдан олдин қилиб, қолганини тавофи зиёратдан кейин қилиш ҳам жоиздир.

فلو طاف لهما طوافين ثم سعى سعيين جاز واساء بتأخير سعي العمرة وتقديم طواف الحج ولا دم عليه اجماعا والمراد بثاني الطوافين طواف القدوم وقيل انه طواف الزيارة بان اتى بطواف العمرة ثم اشتغل بالوقوف ثم طاف للزيارة يوم النحر ثم سعى سعيين.

Қирон қилувчи ҳаж ва умрага бирданига икки тавофни қилса, сўнг икки саъйни қилса жоиздир. Лекин, умранинг саъйини ҳажнинг тавофидан кечиктиргани учун гуноҳкор бўлади. Кечиктирганлиги сабабли бил ижмо қон вожиб бўлмайди. Икки тавофнинг иккинчисидан мурод тавофил қудумдир. Бир қавлда эса, зиёрат тавофидир. Унинг сурати умранинг тавофини қилгач арафотда вуқуф қилади. Сўнг наҳр кунида зиёрат тавофини қилади. Сўнг иккисига иккита саъй қилади” (Ғуния жадийд).

 

ТАВОФИ ҚУДУМНИ УМРА ТАВОФИ ДЕБ ҲИСОБЛАШ

 

Қирон қилувчи умра қилмай тавофи қудум қилса, сўнгра арафотда вуқуф қилгунича ҳеч қандай тавоф қилмаса, қилган тавофи қудуми тавофи умра тавофи деб эътиборга олинади ва унинг ҳажи қирон бўлади. Умранинг саъйини кейин қилиш ҳам жоиздир.

Шунингдек арафотда туришдан олдин тавофнинг тўрт айланасини адо қилса, қолган учтасини эса, тавофи зиёрат билан қўшиб адо қилса, ўшанда ҳам қирон дуруст бўлаверади.

فلو اتى باربعة اشواط ولو بقصد القدوم او التطوع ثم وقف لم تبطل عمرته ويتمها يوم النحر قبل طواف الزيارة.

Тавофи қудум мақсадида ёки нафл тавоф мақсадида тўрт бор айланса, сўнг арафотда вуқуф қилса, умраси ботил бўлмайди ва зиёрат тавофидан олдин наҳр куни тавофни тугатиб қўяди” (Ғуния жадийд).

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz