Ақоид илми ҳақида тасаввур Принтер учун
23.10.2013 й.
 Ақоид илми борасида сўз кетар экан аввало муқаддас динимизнинг асоси унинг ақоиди экани таъкидланади. Ислом ақоидининг ўзаги эса Аллоҳ таолонинг борлигига ва Унинг бирлигига иймон келтириш ҳисобланади. Агар эътиқодий асослар қалбда ўрнашмаган бўлса, ислом шариати ҳукмларидан бирортасини ҳаётга татбиқ қилиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Эътиқодий асослар эса Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтиргандан кейингина қалбга ўрнашиши мумкин.

 Динимиздаги асосий тушунчалар учга тақсимланади:

1. Ақоид.          
2. Ташриъ.         
3. Ахлоқ.

Ақоид деганда мусулмон кишининг ишониши, қалбини уларга мустаҳкам боғлаши лозим бўлган эътиқодий ҳукмлар тушунилади. Бу ҳукмларнинг аввалида Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, нолойиқ сифатлардан пок эканига иймон келтириш туради. Мусулмон киши номусулмон кишидан "Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ" (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб гувоҳлик бериши билан ажралиб туради. Мусулмон киши учун ушбу гувоҳлиги мусулмонлигининг асоси ҳисобланиб, унинг ҳамма тушунчалари ушбу асос устига қурилади.     
Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига иймон келтириш ислом ақоидининг асослари ҳисобланади.
Ташриъ деганда мусулмон кишининг ўзига нима фойдали ва нима зарарли эканини билиб амал қилиши лозим бўлган амалий ҳукмлар тушунилади. Ақоид ва ташриъ, пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Ақоид иймон келтириш бўлса, ташриъ амал қилиш ҳисобланади. Ақоидда инсоннинг Аллоҳ таолога боғланиши тартибга солинса, ташриъда инсоннинг инсонлар билан, жамият билан ва бутун борлиқ билан бўладиган алоқаси ақоид асосида тартибга солинади. Шунинг учун ҳам ташриъ ақоидсиз бўлмайди.
Ташриъ "Ибодатлар" ва "Муомалалар" номли умумий икки қисмга бўлинади. "Ибодатлар" қисмида мусулмон кишининг Аллоҳга муқарраб бўлишга уриниб бажарадиган амаллари баён қилинади. Бу амаллар унинг Аллоҳга бўлган иймонида содиқ эканига белги ҳисобланади. "Муомалалар" қисмида эса мусулмонларнинг умумий манфаатларини сақлашга, бир-бирларига ёки бошқаларга зарар бериб қўйишларининг олдини олишга тааллуқли бўлган амаллар баён қилинади.        
Ахлоқ деганда мусулмон кишининг динида тарғиб қилинган яхши хислатларни жамлаши ва уларга риоя қилиши тушунилади. Мусулмон кишининг эътиқоди ва амалларида содиқ экани унинг ахлоқидан билинади.
Мазкур тушунчаларнинг энг асосийси ақоид ҳисобланади.

Ақоид илмининг луғавий ва истилоҳий маънолари

Ақоид луғавий жиҳатдан "ишониб боғланган нарсалар" маъносини англатади. Бундан ҳар бир мукаллаф банданинг қалбини унга мустаҳкам боғлаши лозим бўлган шаръий эътиқодий ҳукмлар кўзда тутилган бўлади.
 Ақоид илмининг истилоҳий маъноси тўғрисида кўплаб таърифлар берилган бўлиб, уларнинг энг мўътабари Мулла Али Қорийнинг қуйидаги таърифи ҳисобланади:
علم يبحث فيه عما يجب الاعتقاد به
Ақоид илми – (Ислом шариатидаги) эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ўрганиладиган илмдир.
Ақоид масалаларининг мазмун-моҳияти Одам алайҳиссаломдан то  Муҳаммад алайҳиссаломгача барча пайғамбарларда тафовутсиз бир хил бўлган. Яъни пайғамбарларнинг шариатларида фарқ бўлган лекин, ақоид масалалари барчасида бир хил бўлган.

Ақоид илмининг мақсадлари

Ақоид илмини ўрганишдан қуйидаги мақсадлар кўзланади:
1.    Қатъий далиллар билан диний эътиқодларни мустаҳкамлаш  ва улардан шубҳаларни рад этиш.
2.    Бошқаларга тақлид қилиб юришдан аниқ ишонч даражасига кўтарилиш.
3.    Дунё ва охират саодатини ҳосил қилиш.
Ақоид илмининг асосчилари
Ақоид илмининг асосчилари яъни уни алоҳида илм сифатида ёзиб тавсиф қилганлар Аҳли сунна вал жамоа уламоларидир. Мазкур уламолар турли адашган фирқаларнинг эътиқодий масалалардаги нотўғри даъволари жиддий тус олгач уларга бирма-бир раддиялар ёзганлар. Сўнгра уларнинг даъволарини келтириб раддия қилмасдан тўғри эътиқоднинг ўзини баён қилишга ўтганлар. Натижада ақоид илми алоҳида илм сифатида шаклланиб борган. Кейинчалик Мотуридийя ва Ашъария мазҳаби уламолари ақоид масалаларини тартиблаб китобат қилганлар.

Ақоид илмининг тарихи

Ақоид илмининг тарихини беш босқичга ажратиш мумкин:
1.    Вужудга келиш босқичи. Ҳижрий биринчи асрда ва иккинчи аср бошларида баъзи эътиқодий масалалар тўғрисида баҳс-мунозаралар бошланган. Бу баҳслар дастлаб саноқли масалалар атрофида бўлган.  
2.    Ёзилиш ва фирқалар пайдо бўлиш босқичи. Ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Ақийдавий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Ажралиб чиқаётган бу фирқаларни аҳли суннадагилар  ё етакчиларининг исми билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлашган.
3.    Ривожланиш ва фалсафа билан аралашиш босқичи. Ҳижрий тўртинчи асрдан тўққизинчи аср охирларигача бўлган даврлар. Бу даврларда ақийдавий баёнотларнинг оралари ажратилиб тартибли равишда ёзишга ўтилган. Шунингдек ислом ақийдасига хилоф бўлган фалсафий қарашларга раддиялар ҳам қилинган. Натижада ақида китоблари ичига фалсафий қарашлар ҳам аралашиб борган.
4.    Турғунлик босқичи. Ҳижрий ўнинчи асрдан ўн иккинчи асргача. Яъни бу даврлар олдинги ва кейинги босқичларга нисбатан ақоид илми барқарор бўлган пайтлар бўлган. Бу даврларда асосан олдинги асрларда ёзилган матнларга шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган.
5.    Янги фикрлар пайдо бўлган босқич.  Ҳижрий ўн иккинчи ва ўн учинчи асрлар. Бу даврларда Қуръон ва суннатга ҳақиқий эргашиш даъвоси билан олдинги босқичлардагидан фарқли янги фикрлар пайдо бўлган.
Ҳозирги вақтда олдинги уламоларнинг тутган йўлларнини маҳкам ушлайдиганлар ҳам, янги пайдо бўлган мазкур фикрларга эргашадиганлар ҳам бор.

Ақоид илмининг номлари

 Ақоид илми турли асрларда хилма-хил номлар билан аталган бўлиб уларнинг машҳурлари қуйидагилардир:
1.    Фиқҳул акбар (Энг катта фиқҳ). Ақоид илми ҳижрий 2 асрнинг бошларида ушбу ном билан аталган. Мусулмон кишининг эътиқоди амалларининг асоси бўлгани сабабли эътиқодга тааллуқли илм "энг катта фиқҳ" деб номланган.    
2.    Илму калом (Калом илми).  Ақоид илмининг бу номи ҳижрий иккинчи асрнинг  2 ярмида пайдо бўлган. Бундай номланиш сабаби ҳақида умумий саккиз хил қараш айтилган. Энг машҳурлари қуйидагилардир:
1.    Ўша пайтларда ақоид илми баҳсларига "фалон фалон нарсалар ҳақидаги калом" деган сўз сарлавҳа бўлган, шу сабабли бу илм "Илму калом" номи билан аталиб қолган.
2.    Аллоҳ таолонинг каломи ҳақидаги масала ўша пайтларда ақоид илмининг энг машҳур баҳсларидан бўлгани сабабли бу илмни "Илму калом" деб аташган.
3.    Илму усулид-дин (Ислом дини пойдеворлари илми). Бу ном ҳам ҳижрий 2 асрларда пайдо бўлган. Ақоид илми барча шаръий илмларнинг пойдевори бўлгани сабабли ушбу ном билан аталган.  
4.    Илму ақоид (Ишониб боғланган нарсалар илми).   Бу ном ҳижрий 4 асрларда пайдо бўлган. Бу даврларда ақоид илми фалсафа билан аралашиб кетгани сабабли олдингиларнинг мусаффо ақийдаси билан кейингиларнинг чигал ақийдалари орасини ажратиб олиш учун ушбу номни қўллашга эҳтиёж туғилган.  
5.    Илмун назор вал истидлол (Фикр юритиш ва далил излаш илми). Бу ном ҳижрий 6 асрлардан сўнг пайдо бўлган. Бу вақтларда ақоид илмидаги кўпгина баҳслар ақлий бўлиб қолгани сабабли бу илмдаги баҳсларни идрок этиш учун кўпроқ фикр юртиш ва далил излашга муҳтож бўлиб қолинган. Шунинг учун бу илм мазкур ном билан ҳам аталиб қолган.      
6.    Илмут тавҳид вас сифат (Тавҳид ва сифатлар илми). Бу ном ҳижрий 9 аср атрофларида пайдо бўлган. Тавҳид ва сифатлар тўғрисидаги баҳслар ақоид илмининг энг машҳур баҳсларидан ва энг улуғ мақсадларидан бўлгани сабабли мазкур асрларда бу илм шу ном билан ҳам аталган.   
7.    Илмут тавҳид (Аллоҳ таолони зотида, сифатларида, исмларида, феълларида ва ҳукмларида ягона деб билиш илми). Бу ном ҳижрий 10 асрдан сўнг пайдо бўлган. Тавҳид ислом динининг шиори ва бошқа динлардан ажралиб турадиган белгиси бўлгани сабабли тавҳидни тушунтирадиган ақоид илми шу ном билан ҳам аталган.  
Ақоид илмининг мартабаси
Ақоид илмининг мартабаси ҳақида сўз кетганда унинг энг мўътабар илм экани таъкидланади. Чунки бу илм бошқа илмларга нисабатан пойдевор каби бўлса, бошқа илмлар унинг устига қуриладиган бино кабидир. Ақоид илмининг энг юқори мартабадаги илм экани унинг "Усулуд дин" (Диннинг асллари) деган номидан ҳам билиниб туради. Ушбу илмнинг бу ном билан аталишидан, бошқа илмларнинг "Фуруъуд дин" (Диннинг асллари устига қуриладиган бўлимлари) экани тушунилади.

 Ақоид масалаларининг баён этилиши жиҳатидан тақсими

Ақоид масалалари баён этилиши жиҳатидан қуйидаги тўрт қисмга бўлинади:
1. Илоҳиёт. Бу қисмда Аллоҳ таолонинг борлиги, бу ҳақдаги ақлий ва нақлий далиллар, Аллоҳ таолонинг сифатлари, нуқсонлардан мутлақ пок экани, қазо ва қадар, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш каби ҳақиқатлар атрофида баҳс юритилади.
2. Нубувват. Бу қисмда нубувват ва рисолат маънолари, ваҳий тушунчаси, пайғамбарлар, пайғамбарларда бўлиши лозим бўлган сифатлар, пайғамбарларнинг мўъжизалари ва ҳакозо пайғамбарларга тегишли бўлган ҳақиқатлар тўғрисида баҳс қилинади.
3. Кавниёт. Бу қисмда инсонлар, фаришталар, жинлар , борлиқдаги сабабият қонунлари ва ҳакозо мавжудликларига эътиқод қилинадиган борлиқдаги барча нарсаларнинг ҳақиқатлари баҳс қилинади.
4. Ғайбиёт. Бу қисмда жуда кўплаб ҳақиқатлар тўғрисида баҳс қилинади. Уларни умумий қилиб учга ажратиш мумкин:
1. Ўлимга тааллуқли бўлган ҳақиқатлар тўғрисидаги баҳслар.
2. Қиёмат аломатлари тўғрисидаги баҳслар.
3. Қиёмат куни ва у кунда рўй берадиган воқеъалар тўғрисидаги баҳслар.

Ақоид масалаларинининг ўрганиш зарурлиги жиҳатидан тақсимоти

Ақоид масалаларини ўрганиш зарурлиги жиҳатидан уч қисмга ажратиш мумкин:
1. Зарурий ақоид. Ислом ақоидининг асослари бўлган Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига иймон келтиришни динда кўрсатилганидек ўрганиш ҳар бир мукаллафга фарзу айн бўлади.
1.    Тўлдирувчи ақоид. Фарзу айн бўлган зарурий ақоидларнинг нақлий ва ақлий тафсилотларини ўрганиш фарзу кифоя бўлади.
2.    Қўшимча ақоид. Бўлинмас жуз ҳақидаги баҳсларни ўрганишга ўхшаш масалалар қўшимча ақоид бўлиб, уларни ўрганиш фойдадан холий бўлмаслиги мумкин, лекин ўрганмаслик айб ҳам бўлмайди. Яъни қўшимча ақоидни ўрганиш ҳукми мубоҳ бўлади.  
Сўфи Аллоҳёр бобомиз ақоид илмини ўрганиш зарурлигини баён қилиб шундай ёзганлар:

Ақийда билмаган шайтона элдир
агар минг йил амал деб қилса елдир.

Ушбу сўзларидан ҳар бир мукаллаф ўрганиши фарз бўлган зарурий ақоидлар кўзда тутилган.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога энг афзал салавот ва саломлар бўлсин!  

Абдулқодир

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort