Ҳалол савдонинг натижаси Принтер учун
23.10.2013 й.
Ҳикоя қилинишича, бир солиҳ киши кўплаб савдо расталарига раҳбарлик қиларди. Қўл остида ишлайдиган савдогарларга “Агар сотаётган маҳсулотингизда бирорта айб бўлса, харидорга ўша айбни очиқ айтиб сотинглар!” деб тайинлар эди.
Бир куни у раҳбарлик қиладиган дўконларнинг биридан бир яҳудий айбли мато сотиб олди. Ҳалиги солиҳ раҳбар муҳим иш билан узоққа кетган эди. Ўша матони сотаётган киши ўзича “Бу бир яҳудий одам бўлса. Бунга матодаги айбни айтмай сотсам ҳам бўлаверади” деб ўйлади-да, айбини айтмай, индамай сотиб юборди.
Маҳсулотлар орасида мазкур айбли газлама борлигини раҳбар ҳам биларди. Бир оздан сўнг у келиб, ходимидан ҳалиги айбли мато қаердалигини сўради. Ходим: “Уни бир яҳудийга уч минг дирҳамга сотиб юбордим. Аммо айбини айтмадим” деб жавоб берди. Хўжайин ундан: “Ўша яҳудий қаерда?” деб сўради. “Карвон билан бирга жўнаб кетди” деб жавоб берди ходим. Хўжайин дарҳол ходимидан яҳудий берган пулларни олиб, карвонни излаб кетди.
Орадан уч кун ўтиб, карвонга етиб олди ва ҳалиги яҳудийни топиб, унга: “Эй фалончи, сен фалон газламани сотиб олган экансан. Унинг айби бор эди. Ма, берган дирҳамларингни олгин-да, матони қайтариб бер” деди. Яҳудий бояги хўжайиндан: “Сени бундай қилишга нима мажбур этди?” деб сўради. Хўжайин эса: “Ислом дини. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас” деганлар”, деб жавоб берди.
Бу гапларни эшитган яҳудий савдогарлар бошлиғига: “Сизларга берган дирҳамларим сохта эди. Мана бу, ҳақиқий уч минг дирҳам. Ол буни. Бу пулларга яна қуйидагиларни ҳам қўшимча қиламан: “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ. Ва анна Муҳаммадан Росулуллоҳ!!!”

Нозимжон Ҳошимжон  

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz