Шайх Муҳаммад Ғаззолий ҳикояси Принтер учун
29.10.2013 й.
Хамр ичишга одатланиб қолган бир кишига “Аллоҳга тавба қилмайсизми?” дедим. У менга синиқлик билан қаради-да, кўзларидан дув-дув ёш оқиб, шундай деди: “Менга инсоф тилаб Аллоҳга дуо қилинг”.
Унинг аҳволини кўриб, қалбим эриб кетди. Албатта, унинг кўзидан қуйилаётган ёшлар Аллоҳнинг буйруғига итоатсизлик қилганини ҳис этиш, шу ишларига хафа бўлиш ва солиҳ инсон бўлишга интилиш натижаси эканлиги кўриниб турибди. Албатта, у мўмин, аммо, ёмон иллатга мубтало бўлган. У офиятни истаяпти ва ушбу офиятга яқинлашиш учун мендан ёрдам сўраяпти. Мен ўзимга-ўзим шундай дедим: “Гоҳида менинг ҳам аҳволим мана шу одамникидек ёки ундан-да ёмонроқ бўлади. Тўғри, мен ҳеч қачон хамр ичмаганман. Чунки, мен яшаган муҳит хамр деган нарсани танимас эди. Лекин мен кўпинча ғафлат хамридан истеъмол қилиб қўяман. Ўша ғафлат мени Роббимдан бурилишимга, Унинг ҳақларини унутишимга сабаб бўлади. Мана бу хамр ичувчи одам ўз нуқсонига йиғлаяпти, аммо мен ва менга ўхшаган кишилар ўз нуқсонларимизга ҳеч йиғламаймиз. Ўзимизни алдаб юраверамиз”.
Кейин хамр ичишни ташлаши учун мендан дуо сўраган кишига юзландим ва унга: “Келинг, иккаламиз ўзимиз учун биргалашиб дуо қиламиз:
ﺭﺑﻨﺎ ﻇﻠﻤﻨﺎ ﺃﻧﻔﺴﻨﺎ ﻭﺇﻥ ﻟﻢ ﺗﻐﻔﺮ ﻟﻨﺎ ﻭﺗﺮﺣﻤﻨﺎ ﻟﻨﻜﻮﻧﻦ ﻣﻦ ﺍﻟﺨﺎﺳﺮﻳﻦ  
“Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни кечирмасанг ва бизга раҳим қилмасанг, аниқ зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз”.
Азизлар, ушбу дуони доим такрорлаб, Роббимиздан бизни кечиришини, бизга раҳим қилишини сўрайлик. Зеро, барчамиз гуноҳкормиз, ўзимизга кўп зулм қилганмиз. Аллоҳ барчамизни зиён кўришдан асраб, ҳақиқий нажотга эришган бандаларидан қилсин, омин!

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz