Зикр ва зокирлар Принтер учун
03.11.2013 й.
Зикр ва зокирлар деганда кўпчиликнинг онгига маълум бир шахслар, бошқача кийиниб олган ва ўзларига хос устозлардан ўрганган зикрларни қилаётганлар хаёлга келмасин.
Аввало, зикр дегани нима? “Зикр” арабча сўз бўлиб, бизнинг она тилимизга таржима қиладиган бўлсак, “эслаш”, “ёдлаш”, “ёдга олиш” маъносини билдиради. “Зокир” эса “эсловчи”, “ёдловчи”, “ёдга олувчи шахс” деган маънони билдиради. Бизнинг динимизда зикр деганда Аллоҳни зикр қилиш тушунилади. Яъни Аллоҳнинг ожиз бандаси ўзини яратган Холиқини – Аллоҳни ёдга олса, эсласа, мана шуни “зикр қилди” дейилади. Аллоҳни ёдга олган, Аллоҳни эслаган бандани “зокир” дейилади.
Аллоҳ бизга фарз қилган ибодатларнинг барчаси Аллоҳнинг зикри учун шариатга киритилгандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўзида وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي “Намозни менинг зикрим учун қоим қил” дейди (Тоҳа сураси, 14-оят). Намозни қоим қилиш дегани намозни тўла-тўкис, пухта, чиройли қилиб ўқишдир. Ким ният билан, Аллоҳнинг шариатида кўрсатилгандек қилиб, намозни тўла-тўкис ўқиса, Аллоҳнинг энг буюк зикрини қилган бўлади.
 Таҳоратдан бошланади. Таҳоратни қилаётган одам “Бисмиллаҳ”ни айтади. Зикрларни қилади, жойнамоз солганда яна, қиблага юзланганда яна, ниятни қилганда яна, такбири таҳримани айтганда “Аллоҳу акбар” дейди. Бу Аллоҳнинг энг буюк зикрларидан бири, ундан кейин сано ўқийди, у тасбеҳ, “Алҳамду”ни ўқиса яна зикр, зам сура қилса яна зикр, рукуга борганда яна тасбеҳ айтади, такбир айтиб ўрнидан туради, саждага борганда яна тасбеҳ айтади, намознинг ўзи энг буюк зикрдир.
Рамазон ойида фарз рўзани тутамиз. Аллоҳнинг буюк зикрини қиламиз. Қоронғида тонг отмасдан саҳарлик учун, яъни Аллоҳнинг зикри учун турамиз. Турган одамнинг эсида эслайдиган нарсаси нима? Аллоҳ менга рўзани фарз қилган, шуни тутиш учун, Аллоҳнинг розилигини топиш учун туряпман, дейди. Саҳарлик қилиш Аллоҳнинг зикридир. Саҳарликнинг дуосини қилиш Аллоҳнинг зикридир. Кун бўйи оч қолиб, чанқаб, ўзини шаҳватдан тийиб юриш Аллоҳнинг буюк зикридир. Агар банда Аллоҳни эсламаса, рўзасини очиб юборади. Қийналган одам, чанқаган одам, оч қолган одам оғзини очмаяпти. Нимага? Аллоҳни эслагани учун. Аллоҳ кўриб турибди, билиб турибди, шу чанқаганимга ҳам савоб беради, оч қолганимга ҳам савоб беради деган зикри борлиги учун ҳалиги рўзасини очмаяпти. Мана шундай қилиб, ибодатлар Аллоҳнинг зикри учун шариатга киритилган.
 Бориб ифторга, дастурхонга ўтирасиз. Нозу неъматлар турибди. Ўзингиз очсиз, чанқагансиз, лекин қўл урмайсиз. Нима учун? Чунки, Аллоҳнинг зикрини қилиб турибсиз. Оғиз очиш дуосини ўқисангиз, у ҳам Аллоҳнинг зикри. “Бисмиллаҳ” деб хурмо билан ёки сув билан оғзингизни очсангиз, у ҳам Аллоҳнинг зикри. Мана шу тарзда барча ибодатлар бандани Роббига боғлаб туради. Чунки, бу ибодатлар Аллоҳнинг энг буюк зикрларидир. Мана шу зикрлар бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи омиллардир.
Аллоҳнинг зикри ҳар бир банда учун буюк бахт, юксак мақомдир. Бандани энг улуғвор чўққиларга олиб чиқадиган сабабдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ “Сизлар мени эсланглар, мен сизларни эслайман” дейди (Бақара сураси, 152-оят).
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг! Барчамиз ожиз бандалармиз. Аллоҳ яратган махлуқлари ичида энг ожизи инсон бўлади. Ҳар қандай ҳайвон туғилиши билан ўрнидан туриб юриб кетаверади. Лекин инсоннинг боласи ётади. Икки йилгача уни онаси кўтариб юради. Бир йил, бир ярим йил ўтгунича ўрнидан туролмайди. Шу заиф, ожиз инсонни Аллоҳ “Мен эсимга оламан” деяпти. Аллоҳнинг зикрига кириш учун ожиз банда нима қилиш керак экан? Аллоҳни зикр қилиши керак экан. Осон экан. Ана шу ожиз, заиф инсоннинг Аллоҳнинг зикрига сазовор бўлишидан кўра катта бахт борми? Дунёда бундан катта бахт йўқ! Бошқа ҳеч бир мавжудотга Аллоҳ бу гапни айтмаган.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки, “Агар жаннат боғчаларининг олдидан ўтиб қолсангиз, улардан ҳузурланинг, тамадди қилинг”. Шунда саҳобалар ҳайрон қолиб, сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат боғчалари нима?”. У зот: “Зикр ҳалқалари” деб жавоб бердилар.
Аллоҳни зикр қилиб турган бандалар, Қуръон ўқиб зикр қиляптими, намоз ўқиб зикр қиляптими, махсус лафзларни айтиб зикр қиляптими, ёнидан ўтиб кетаётган инсон бепарво бўлиб ўтиб кетмасин экан, балки у ҳам шу боғчадан манфаат олсин экан, қўшилсин экан. Дарҳақиқат, зикр қанчалик улкан ибодат. Шу билан бирга зикр ниҳоятда осон ибодат.
Бир аъробий келди. Аъробий дегани чўлда ўсган, тарбия кўрмаган, содда, қўпол, одаб-ахлоқдан бироз йироқ одам. Шу одамлар исломга кириб, исломни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, чўлдаги гапларини бемалол айтаверар эдилар. Саҳобалар Расулуллоҳнинг ҳайбатларидан, ҳурматларидан сўраганлари келган нарсани ҳам сўролмай туришар эди. Кўнгилларига келиб қоладими, ёқмай қоладими, сўрасам тўғри бўлармикин деб мулоҳаза қилиб туришар эди. Аъробийлар кириб келиб тиккасига сўрайверар эдилар. Шунинг учун саҳобаи киромлар “Бирорта аъробий келиб сўраса эди, биз ҳам билиб олар эдик” деб туришарди. Бир куни ана шундайлардан биттаси келдида, “Эй Расулуллоҳ, менга шариатнинг ишлари кўпайиб кетди. Сал соддароқ, осонроқ нарсани ўргатиб қўйинг” деди. Яъни чўлнинг одами, майда-чуйда гапларни сиғдиролмаяпти ўзига. Лўндароқ қилиб Аллоҳга ибодат қилмоқчи. У зотга қурбат ҳосил қилмоқчи. Шариатнинг гаплари кўпайиб кетди. Менга осонлик билан кўп фойда оладиган нарсани ўргатиб қўйинг деганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри билан хўл бўлсин” дедилар. Доимо “Аллоҳ, Аллоҳ” деб юр, “Субҳаналлоҳ” деб юр, тилингдан Аллоҳнинг зикри тушмаса бўлди дедилар. Энг осони шу.
Сиз билан биз ожиз бандалар умримизнинг ҳар лаҳзасида Аллоҳнинг зикрини айтиб юрсак, “Аллоҳ, Аллоҳ” деб юрсак, “Субҳаналлоҳ” деб юрсак, “Аллоҳу акбар” деб юрсак, “Алҳамдулиллаҳ” деб юрсак ҳеч нарсамиз кетмайди. Тилимиз Аллоҳнинг зикри билан хўл бўлсин. Ана шунда Аллоҳга қурбат ҳосил қиламиз. Аллоҳга яқинлашамиз. Бу дунё ва охиратнинг бахтига, саодатига эга бўламиз. Зикр энг осон ибодат. Энг буюк ибодат. Бандани Роббисига яқинлаштирадиган ибодат.
Зикр билан инсоннинг қалбидаги моғори кетади, покланади. Шунинг учун руҳий тарбия машойихлари бирорта одам олдиларига келиб, ўзларига шогирд тушиб, “Мени шогирдликка олинг. Ибодатни ўргатинг. Қалбимни поклай. Руҳим енгил бўлсин. Аллоҳга яқин бўлай” деса, тавба қил дейдилар. Тавбадан кейин “Астағфируллоҳ”ни тинмай айтасан деган вазифа берадилар. “Астағфируллоҳ” Аллоҳнинг зикрларидан бир зикр. Аллоҳдан мағфират сўрайман, гуноҳимнинг кечирилишини сўрайман дегани. Ана ўшани вазифа қилиб олиб, мурид тинмай “Астағфируллоҳ, Астағфируллоҳ” деб айтаверади. Шу “Астағфируллоҳ”ни ният ва ихлос билан айтавериш қалбни покловчи омилдир. Инсон ният қилиб, баданини таҳорат билан, сув билан поклайди. Қалбни ювай деса, ичкарини сув билан ювиб бўлмайди. Уни ювадиган нарса “Астағфируллоҳ”дир. Ҳар “Астағфируллоҳ”ни айтганда қалбда жойлашиб олган моғор нуқталаридан бир нуқта кўчади. Секин-секин, кўчиб-кўчиб, тушиб-тушиб, покланиб-покланиб, ярқ этади-да, пок қалбнинг эгаси нима зикр қилса, ўзига ботадиган бўлади. Шунинг учун қалбни поклаш зикр билан бўлади.
Машойихлар айтадики, “Зикр қилаётганингда ғофил бўлиб қолсанг, аҳамият берма”. Бу нарса ҳаммамизнинг бошимизда бор. Намоз ўқий десак, хаёлимиз бозорга кетиб қолади. Зикр қиламан дегандим, бозорда юрибману деб қоламиз. Бу тўғри эмас, зикрни эътибор билан, чалғимасдан қилиш керак деймиз. “Ғофил” Аллоҳнинг зикрини унутган деганидир. Машойихлар айтадики, “Зикр билан ғофил бўлганинг зикрсиз ғофил бўлганингдан яхшидир”. Бир йўли ғофил бўлиб қолди. Аллоҳни эсламай юрибди. Бошқаси эса “Аллоҳ, Аллоҳ” деб юриб ғофил бўлиб қолди. Аслида шу иккинчиси яхши. “Аллоҳ, Аллоҳ” деяверса, бироз чалғийди, кейин яна ўзига келади, озгина яна орқага кетади-да, яна зикрга қайтади, бориб-бориб, охири ғофилликдан чиқади. Унинг зикри уйғоқликка ўтади, сергакликка ўтади. Энди ҳушёр бўлиб зикр қилади. Унда давом этаверса, уйғоқлик зикрига ўтади. Ундан кейин яна юқори натижаларга кўтарилади. Ана шу маънода бизнинг динимизда Аллоҳнинг зикрига жуда катта эътибор берилган. Аллоҳнинг зикри билан тили хўл бўлган банда, дили банд бўлган банда зинҳор ва зинҳор ёмонликка қўл урмайди. Чунки, доим Роббисига боғланиб турибди. Ёмонликка қўл ураётганда қалбида Аллоҳ турибди. Зикр қиляпти. “Тўхта, Аллоҳнинг зикрини қилиб, шу ёмонликни қиламанми?!” дейди. Зикр бандага барча соҳада гўзал инсон бўлиш қобилиятини беради. Яхши банда, гўзал уммат, яхши биродар, яхши эр, яхши ака, яхши ука, яхши дўст ва ҳоказо.
Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: “Иккита калима бор. Тилга осон, дарров айтилади, лекин қиёмат куни тарозида жуда оғир вазн босади. “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”.
Одам боласи талаффуз қилиши мумкин бўлган энг яхши сўз “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Банда шуни доим айтиб юриши керак. Зикр намозда, озиқ-овқат тановвул қилишда, кўчага чиққанда ва бошқа ҳолатларда айтилади. Ҳар бир вазиятнинг ўз зикри бор. Таомни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб ейиш, бу ҳам зикр, овқатни еб бўлгач “Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн” дейиш, бу ҳам зикр. Сув ичганда ҳам шу. Ҳар бир нарсада Аллоҳнинг зикри бор. Ушбу ҳолатлар бандани Аллоҳга боғлаб туради. Шунинг учун мусулмон банда эрталаб уйқудан турганда “Бизни ўлдиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Тўпланиб бориш Унгадир” дейди. Инсоният тарихида, бутун дунёда, барча замонлар ва маконларда уйғонган одам айтиши мумкин бўлган энг яхши сўз шудир. Бошқа миллатларда бундай сўз йўқ, улар уйғонганда бу каби гўзал гапни, дуони айтмайди. Лекин мусулмон одам айтади. Ҳақиқатда уйқу ярим ўлим. Аллоҳнинг иродаси билан ухлаган банда уйқудан турмаслиги ҳам мумкин. Банда уйқудан соғ тургани учун Роббисига ҳамд айтяпти. Туриб, бориб ҳожатхонага кирса, унинг ҳам зикри бор. У ердан чиқишнинг ҳам зикри бор. Кунини кеч қилиб, уйқуга ётаётганда яна зикрини айтади.
Кўчада юришнинг ҳам зикри бор. Агар кўчада иккита машина тўқнашиб кетса, бирининг машинасига талофот етса, бошқасининг танасига жароҳат етса, ҳозиргилар нима қилади? Телефонини ёқиб, видеога олади. Кейин бошқаларга смс қилиб жўнатади. Битта диндоши мусибат чекиб турибди, у бўлса телефонига видеога олиб, кўпчилик бўлиб томоша қиляпти. Бугунги куннинг воқелиги шу. Мусулмончилик бўйича нима қилиш керак эди? Тўхташ керак эди, ўша мусибатга учраган одамга ачиниш керак эди ва қуйидаги дуони ўқиш керак эди: “Аллоҳга ҳамд бўлсин. Бошқани синовга учратган нарсадан бизни сақлади”. Бу ҳам энг гўзал нарса. Биров мусибатга учраганда уни кўрганлар томоша қилмайди, телефонига видеога олиб, смс қилиб жўнатмайди. Балки, Аллоҳни зикр қилиб, уни ўша мусибатдан сақлагани учун Аллоҳга ҳамд айтиб, мусибатга учраган диндошига сабр ва шифо тилайди. Шунинг учун тилимиз доимий равишда Аллоҳнинг зикри билан хўл бўлиши керак, доимий равишда Аллоҳни эслаб туришимиз керак ва ҳар бир муносабатларда Аллоҳга шукр, ҳамд ва бошқа зикрларни айтиб боришимиз керак. Аллоҳни унутдими, банданинг иши орқага кетаверади. Чунки, Аллоҳни эсламаган одам нима қилса қилади. Ҳайдовчилар гаи ходимини кўрганда Аллоҳни эслашади. Ҳақиқатда шунақа. Гаи ходимини кўргунча хоҳлаган ишини қилиб кетади. Уни узоқдан кўрган заҳотиёқ, ўзини тўғрилашни бошлайди. Шу тўғрилаш доим бўлиши керак. Фақат гаи ходимини кўрганда эмас. Гаи ходимларига ҳам яхши бўлади. Чунки, ҳайдовчилар доим яхши юришади, қоидабузарлик қилишмайди.
Аллоҳни фақат намоз ўқиган вақтда, рўза тутган вақтда эмас, доимий равишда зикр қилишимиз керак. Аллоҳ кўриб турибди, Аллоҳ билиб турибди, Аллоҳ ҳисоб-китобини қилиб турибди, шунинг учун тўғри юрай, тўғри турай, бировга заррача ҳам зиён етказмай деган тушунча билан юришимиз лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Ўзининг зикрини қилиб юрадиган зокир бандаларидан қилсин. Доим тилларимиз Аллоҳнинг зикри билан хўл бўлишини, доим Аллоҳ кўрсатган йўлдан Аллоҳ ўргатган таълимотлар асосида яшаб боришимизни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатиб кетган зикрларни қилишимизни, улардан манфаат олиб, элга, юртга, оилаларимизга, бутун мавжудотларга манфаат етказадиган, ёмонликлардан доимо йироқ юрадиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин.    
 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг
“Зикр ва зокирлар” номли маърифий суҳбатлари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri