Беш набавий насиҳат Принтер учун
14.11.2013 й.

Насиҳат деганда насиҳат қилинган кишининг манфаатини кўзлаб айтилган холис сўзлар тушунилади. Қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган кишилар учун дунёда тинч-хотиржам бахтиёр яшашларига, охиратда саодатманд бўлишларига сабаб бўладиган бешта насиҳатларини айтганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: مَنْ يَأْخُذُ عَنِّى هَؤُلاَءِ الْكَلِمَاتِ فَيَعْمَلُ بِهِنَّ أَوْ يُعَلِّمُ مَنْ يَعْمَلُ بِهِنَّ. فَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقُلْتُ أَنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ فَأَخَذَ بِيَدِى فَعَدَّ خَمْسًا وَقَالَ: اتَّقِ الْمَحَارِمَ تَكُنْ أَعْبَدَ النَّاسِ وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللَّهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ وَ أَحْسِنْ إِلَى جَارِكَ تَكُنْ مُؤْمِنًا وَأَحِبَّ لِلنَّاسِ مَا تُحِبُّ لِنَفْسِكَ تَكُنْ مُسْلِمًا وَلاَ تُكْثِرِ الضَّحِكَ فَإِنَّ كَثْرَةَ الضَّحِكِ تُمِيتُ الْقَلْبَ رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: ким мендан ушбу калималарни қабул қилиб олиб уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиган кишига ўргатиб қўяди. Абу Ҳурайра айтдики, мен эй Аллоҳнинг Расули дедим. У зот қўлимдан тутдиларда бешта нарсани санадилар. Айтдиларки: Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан, Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан, қўшнингга яхшилик қилгин мўмин бўласан, ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан, кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради. Термизий ривояти.

Биринчи насиҳатларида ибодат қилишга тарғиб қилиб шундай деганлар:   

1. "Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан". Ушбу сўзлари билан ибодатнинг ҳақиқий маъносини баён қилганлар.

Ибодат луғатда "чин кўнгилдан бўйин эгиш" маъносини англатади. Истилоҳда эса "Робб рози бўладиган ишни қилиш, ибодат дейилади".

Шу маънода чин кўнгилдан Аллоҳ таолога бўйин эгиб, У рози бўладиган амалларни қиладиган киши аввало У зот ман қилган нарсалардан тийилиши лозим бўлади. 

 Бу ҳақда Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: " Обидлар Аллоҳ қайтарган нарсани тарк қилишдан кўра афзалроқ бирор нарса билан ибодат қила олмайдилар".

Маймун ибн Миҳрон: "Аллоҳни тил билан зикр қилиш гўзалдир, маъсият чоғида Аллоҳни зикр қилиб ундан тийилиш эса ундан афзалдир", деганлар.

 Ибн Муборак: " Шубҳали бир дирҳамни тарк қилишим менга юз минг, юз мингларни садақа қилишимдан афзалдир, деганлар. Олти юз мингача санаб борганлар".

Умар ибн Абдулазиз шундай деганлар: тақво, кечани бедор, кундузни рўзадор ўтказиш ҳам, булар орасида ўралашиш ҳам эмас, тақво бу, Аллоҳ фарз қилган нарсани адо қилиш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк қилишдир. Агар шулар билан биргаликда яна амал ҳам бўладиган бўлса яхшилик устига яхшиликдир".

 Ушбу сўзларнинг хулосалари шуки, мусулмон киши аввало ҳаромлардан сақланиши, агар бирор ҳалол нарсага ҳаром аралашиб қолса, унинг ҳаромлигини устун қўйиб ундан тийилиши лозим бўлади.

Иккинчи насиҳатларида бойликнинг ҳақиқатини баён қилиб шундай деганлар:

2. "Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан". Ушбу сўзлари билан ҳақиқий бойлик мол мулкнинг кўплиги эмас, балки нафснинг тўқлиги эканини тушунтирганлар. Яъни дунёда бахтли яшаш учун мол-мулкнинг кўп бўлиши эмас, балки ўзига тақсимланган ризққа қаноат қилиш сабаб бўлади. Чунки тақсимланган ризққа рози бўлиш қалбга роҳат бағишлайди. Шу сабабли қаноатли киши тинч осойишта ҳаёт кечиради. Қаноат ҳақида кўплаб ҳикматли сўзлар айтилган:

Бишр Ҳофий роҳматуллоҳи алайҳ: "Қаноат фақат мўминнинг қалбида бўладиган мулкдир," деганлар.

Зуннун Мисрий роҳматуллоҳи алайҳ: "Ким қаноат қилса, замондошларидан хотиржам бўлади, яқинлари орасида обрўси баланд бўлади," деганлар.

Ориф зотлардан бири шундай деган: Аллоҳ таоло бешта нарсани бешта ўринга қўйган:

1.      Азизликни тоатга қўйган.

2.      Хорликни маъсиятга қўйган.

3.      Ҳайбатни кечани ибодат билан бедор ўтказишга қўйган.

4.      Ҳикматни қоринни тўқ қилмасликка қўйган.

5.      Бойликни қаноатга қўйган.

Араб шоирларидан бири қаноатни мадҳ қилиб шундай ёзган:   

اذا ما كنت ذا قلب قنوع             فأنت و مالك الدنيا سواء  

Қаноатли қалб эгаси бўлсанг гар

Сен ва дунё шоҳи баробар.

Абу Ҳозим семиз қўйнинг гўштини сотиб турган қассобнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Қассоб унга: Эй Абу Ҳозим гўштдан олинг жуда яхши гўшт, деди. Абу Ҳозим унга ёнимда дирҳамим йўқ, деб жавоб бердилар. Қассоб: пулини кейин берсангиз ҳам майли, деди. Шунда у зот: Мен учун сизга кейин бергандан кўра нафсимга кейин берганим яхшироқдир, деб жавоб бердилар.

Учинчи насиҳатларида комил мўминнинг сифатини баён қилиб шундай деганлар:

3. "Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан". Яъни, қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг  яхши-ю ёмон кунларида доим ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода қўшнига яхшилик қилиш, яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.   

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшничилик ҳақларига риоя қилиш лозимлигини жуда кўплаб ҳадисларида қаттиқ таъкидлаганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, дедилар. Ким, эй Аллоҳнинг Расули дейилди. У зот: "Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаган киши" дедилар.[1]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: Эй Аллоҳнинг Расули фалончи аёл кўп намоз ўқийди, кўп рўза тутади фақатгина у қўшниларига тили билан азият беради деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: у дўзахдадир, дедилар.[2]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса қўшнисига азият бермасин.[3]

Уламолар қўшниларни ҳақдорликларига кўра учга бўлганлар:

1. Қариндош мусулмон қўшни. Ушбу қўшнининг қўшнисида учта ҳаққи бўлади:

1. Қўшнилик ҳаққи. 2. Қариндошлик ҳаққи. 3. Ислом ҳаққи.

2. Қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Бу қўшнининг қўшнисида иккита ҳаққи бўлади: 1. Қўшнилик ҳаққи. 2. Ислом ҳаққи.

3. Мусулмон бўлмаган қўшни. Бу қўшнининг мусулмон қўшнисида фақат қўшнилик ҳаққи бўлади. Агар қариндош бўлса қариндошлик ҳаққи ҳам қўшилади.

Мазкур ҳадислардан қуйидаги фойдалар олинади:

Қўшнига азият бермаслик Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган мўмин банданинг сифатидир.

Қўшнига ёмонлик қиладиган мусулмон комил иймон эгаси бўлолмайди.

Қўшнига азият беришдан сақланиш мусулмон киши учун иймони тақозосидир.

Қўшнига азият бериш дўзахга киришга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида комил мусулмоннинг сифатини баён қилиб шундай деганлар:

4. "Ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан". Яъни комил мусулмон бўласан. Бу сўзлари билан ислом динининг бағрикенглигини, унинг бутун оламларга раҳмат эканини баён қилганлар. Зеро ирқи, миллати, насл-насабидан қаттъий назар барча инсонларга яхши гаплар айтишни мусулмонларга  Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган:

وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا

Одамларга яхши гаплар айтинглар.[4]

Ушбу оятга эътибор бериладиган бўлса "Биродарларингизга яхши гаплар айтинглар" деб хослаб қўйилмаган, балки  "Одамларга яхши гаплар айтинглар" дея умумий қилиб келтирилган.

Бошқа бир ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишининг сифатини шундай баён қилганлар:  

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Сизлардан бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўлолмайди.[5]

Яъни киши комил мўмин бўлиши учун ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши лозим.

Бу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

1. Мўмин кишининг ўзи учун яхши кўрган нарсаларни бошқа мўминларга ҳам яхши кўриши унинг комил мусулмон эканига белгидир.

2.  Мўмин кишининг ўзи учун ёмон кўрган нарсаларни бошқа мўминларга ҳам ёмон кўриши унинг комил мусулмон экани аломатидир.

3. Мўмин кишининг бошқа бир мўмин кишига яхшилик етишини истамаслиги унинг комил мусулмон эмаслигига далилдир.

4. Мусулмонларларни ёмон кўриш, улар ҳақида ёмон гумондда бўлиш бало ва мусибатдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида мўмин кишининг хулқи қандай бўлишини баён қилиб шундай деганлар: 

5. "Кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради". Бу сўзлари билан мўмин киши учун ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсат эканини баён қилганлар. Эътибор берадиган бўлсак "кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради" дейилди.  Бундан кулгуни мутлақо тарк қилиш эмас балки меъёрдан ортиқ кўп кулиш  яхши эмаслиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам табассум билан кулганлар, саҳобалари ҳам кулганлар. Бунга қуйидаги ҳадислар мисол бўла олади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларининг ичи кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот табассум қилар эдилар.[6]

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Ибн Умардан: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кулишар эдими, деб сўрашди. У: Ҳа, ваҳоланки иймон уларнинг қалбларида тоғлардан ҳам улканроқ эди, деди.[7]

Кулгуни жоиз ва ножоизлигига кўра иккига турга ажратиш мумкин:

1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш.

2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш.

 Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат ман қилган. Бирор нарсадан хурсанд бўлган пайтдаги кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни меъёрдан ортиб кетса қалбни ўлдирадиган кулгу бўлиб қолади.

Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий бу ҳақида шундай деганлар: " Кўп кулгу ва мол дунёга хурсанд бўлиш  инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир".  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур насиҳатларини ҳаётимизга татбиқ этиб уларнинг фойдасидан баҳраманд бўлиш барчамизга насиб этсин.

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин! 

Абдулқодир Абдур Раҳим

 



[1] Бухорий ривояти.

[2] Аҳмад ривояти.

[3] Муттафақун алайҳ.

[4] Бақара сураси 83-оят.

[5] Муслим ривояти.

[6] Бухорий ривояти.

[7] Абдурразоқ ривояти.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz