Иймоннинг таърифи Принтер учун
24.03.2007 й.

Бу масалада «Шарҳи ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади: «Иймон - тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир».
Шарҳ: Бу иймонни изҳор қилиш эътиборидан, тасдиқлашдир. Чунки тасдиқлаш ички иш бўлиб, у беркилган бўлади. У фақат иқрор ёки тасдиққа далолат қилувчи ишлар билангина билинади.
Аммо мавжудлик ва ҳақиқатга айланиш жиҳатидан эса иймон-дил билан тасдиқ қилишдир. Тил билан иқрор бўлиш, унинг аломати ва изҳоридир.

Иймоннинг тасдиғи ҳақида турлича фикрлар бор:

1. Молик, Шофеъий, Аҳмад, Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, бошқа аҳли ҳадислар, Мадина аҳли, аҳли зоҳир ва мутакаллимлардан бир жамоаси:
«Иймон қалб ила тасдиқ қилиш, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдир», деганлар.
2. Бизнинг асҳобларимиздан кўплари Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қилган нарсага:
«Иймон – тил билан иқрор қилиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир», деган фикрга иттифоқ қилганлар.
3. Абу Мансур ал-Мотуридий ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳлар:
«Тил билан иқрор қилиш ортиқча рукндир, аслий эмас. Аслий рукн – қалб билан тасдиқ қилишдир. Иқрор эса унга аломат ёки узрли бўлганлар учун шартдир», дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан бошқа аҳли сунна имомлари орасидаги ихтилоф сувратда, холос. Уларнинг гуноҳи кабира иймондан чиқармаслигига, балки, уни қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинишига, хоҳласа азоблайди, хоҳласа афв қилади, деган фикрда иттифоқ қилиб туриб, қалбдаги иймон учун аъзоларининг амали лозимми ёки иймондан бир жузми деган гапни айтишлари лафзий низодан бошқа нарса эмас. Бу ерда, ақийдага тегадиган нарса йўқ.
Агар бу масалада Аҳли суннат орасидаги низо фақат лафзий низо бўлса, уларнинг бир тоифаси иккинчисига душманлик қилишларига ва шу боисдан тафриқага тушишларига ҳеч ҳожат йўқ.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ далиллар келтириб, иймон ҳақиқатига луғавий жиҳатдан назар қилганлар. Бошқа имом раҳматуллоҳи алайҳимлар эса иймон ҳақиқатига шаръий таъриф жиҳатидан назар қилганлар. Чунки шариатда тасдиққа намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш нарсалардаги каби васф ва шартлар қўшилган.
Иймон билан Ислом орасидаги фарқ
Уламоларимиз Ислом билан Иймон орасидаги алоқа, «қайси бири умумий», деганга ўхшаш саволлар ҳақида узундан-узоқ баҳс қилганлар. Бу мавзу бўйича алоҳида китоб ёзганлари ҳам бор. Лекин гапнинг хулосаси шулки, Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.

1. Ислом асослари – шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборатлиги.
2. Иймоннинг асослари – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.

Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида:
«Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади», деган.
Мана шу маъно мотуридийлар жумҳури ва муҳаққиқ ашъарийларнинг гапидир.
Баъзи бир гуруҳлар, иймон билан исломнинг орасида фарқ бор, дейдилар.
Аммо диққат билан қарайдиган бўлсак, ҳар икки гапнинг ҳам ўз ўрни бор.
Иймон билан ислом иккиси бир нарса деганлар луғавий эмас шаръий маънони эътиборга олганлар. Чунки шаръан мўмин бўлмаган мусулмон ёки мусулмон бўлмаган мўмин йўқ. Яъни, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нажот топиш учун инсон мўмин-мусулмон бўлиши керак. Бири билан сифатланиб, иккинчиси билан сифатланмаса бўлмайди.
Иймон билан исломнинг орасида фарқ бор деганлар фақат луғавий маънони эътиборга олганлар.
Иймоннинг зиёда ёки ноқис бўлиши
Иймоннинг зиёда ва кам бўлиши кўпгина тортишувларга сабаб бўлган масаладир. Лекин аҳли сунна ва жамоа уламоларининг тортишувлари моҳиятда эмас, сувратдадир. Баъзилари тўғридан-тўғри иймон зиёда ва кам бўлади, десалар, бошқалари иймоннинг асли бир, аммо унга тааллуқли ишлар, амаллар зиёда ёки кам бўлади, дейдилар.
Бу тортишувларга уларнинг иймонни турлича тариф қилганлари сабаб бўлган. Иймон тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат деганлар иймон зиёда ва ноқис бўлади, деган.
Иймон тасдиқ ва иқрордир деганлар, иймон зиёда ёки ноқис бўлмайди, лекин амал зиёда ва ноқис бўлади, деган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи бу маънони қуйидагича ифода этган:
«Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Аммо амаллар ўзлари зиёда бўлади. Иймон зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмайди».
Икки тараф қуйидаги оятларни ўз тарифларига биноан тафсир қилиб, бирлари зоҳирий маънони олса, иккинчилари амалга таъвил қилади.

1. «Вақтики, уларга У зотнинг оятлари тиловат қилинса, иймонларини зиёда қилур» (Анфол: 2).

2. «Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қилур» (Марям: 76).

3. «Иймон келтирганлар иймони зиёда бўлур» (Муддассир: 31).

4. «Иймонларига иймон зиёда бўлиши учун» (Фатҳ: 4).

5. «Бас иймонларини зиёда қилди. Улар, Аллоҳ бизга кифоя қилур. У қандоқ ҳам яхши вакил, дедилар» (Оли Имрон 173).

6. «Вақтики, бир сура нозил қилинса, улардан баъзилари: «Бу сизлардан қай бирингизнинг иймонини зиёда қилди?» дерлар. Бас у иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди» (Тавба: 124).

Дунёвий ишларда зоҳирга биноан ҳукм чиқарилади

Уламоларимиз ислом мусулмонлар жамоаси ҳаққидир, иймон Аллоҳ таолонинг ҳаққидир, дейдилар. Иймон қалбга боғлиқ ҳақиқат бўлиб унинг ҳақиқатидан ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа бирорта зот хабардор бўла олмайди. Бу нарса Аллоҳ таолонинг Ўзининг хос ҳаққидир. Иймон бўйича баҳони ҳам, мукофот ёки жазони ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
Мўмин-мусулмонлар эса зоҳирий аломатларга қараб муомала қиладилар. Уларнинг одамлар ичидаги ҳақиқатни билишга имконлари йўқ ва бу нарса улардан талаб қилинган ҳам эмас.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўзларининг «Муснад»ларида Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Жуҳайнанинг ерларидан Ҳурқага юбордилар. Биз уларни тонг чоғида босдик. Уларнинг ичида бир одам бор эди. Улар биз томон бостириб келсалар, ўша одам ичларида бизга қарши энг ашаддийси бўлар эди. Агар қочсалар, у орқаларидан ҳимоя қилиб борар эди. Мен ансорийлардан бири билан унинг устига бостириб бориб қолдим. Биз унга етай деб қолганимизда у:
«Лаа илаҳа иллаллоҳ!» деди.
Ансорий тўхтади. Мен уни қатл қилдим.
Бас, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Бас, у зот:
«Эй, Усома! Лаа илаҳа иллаллоҳу, деганидан кейин ҳам уни қатл қилдингми?!» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.
У зот ўз гапларини қайта-қайта такрорлайвердилар, такрорлайвердилар ҳаттоки, ўша кунгача мусулмон бўл-май турсам бўлар экан деб орзу қилдим».
Ушбу ривоятни имом Бухорий ва Муслимлар ҳам келтирганлар.
Ибн Исҳоқнинг ривоятида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда хабар бердик. Шунда у зот:
«Эй, Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради!?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.
«Эй, Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради!?» дедилар.
У зотни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, менга ўша гапларни қайта-қайта такрорлайверганларидан Исломимдан олдин ўтгани бўлмаса эди, бугун Исломга кирган бўлсаму уни қатл қилмасам эди, деб орзу қилдим ва:
«Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, энди ҳеч ҳам «лаа илаҳа иллаллоҳ»ни айтган одамни қатл қилмайман!» дедим.
«Мендан кейин ҳам-а?» дедилар у зот.
«Сиздан кейин ҳам», дедим».
Мусулмонни кофир дейиш ҳукми
Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса, ҳозир ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам, бўлган-бўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайган бир пайтда. Албатта, ҳар бир ижтимоий муаммонинг ўз сабаблари ва омиллари бўлгани каби, одамларни осонликча кофирга ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайишининг ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллари бор. Уларни батафсил ўрганишни мутахассисларга ҳавола қилиб, биз ўзимизга тегишли жойини баён қилишга ўтамиз. Ислом борасидаги кўпгина хатолар қатори бу масаладаги хато ҳам асосан кишиларнинг диний билим савиясининг йўқлиги ёки хатолигидан келиб чиқади. Энг ёмони ўша камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилмасликдир.
Ушбу маънода кишиларга айтиб юрган маълумотларимизни ёзиб ҳам қўйишга қарор қилдик.
Бу масалада «Шарҳи ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади:
«Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса».
Бу каби масалаларда «аҳли қибла»дан мурод, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлар кўзда тутилади.
Демак, аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дегани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Аммо гуноҳ ишларни қилган одамни кофир бўлди дейдиганлар ўзларининг оят ва ҳадисларга амал қилиб иш тутаётганларини даъво қиладилар ва далиллар келтирадилар.
Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида куфр деб номланган гуноҳларга мисоллар қуйидагилар:

1. «Кимки, Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар кофирдирлар» (Моида: 44).
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир. У билан уруш қилмоқ куфрдир», деганлар. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан сўнг баъзингиз баъзингизнинг бўйнингизни чопиб, кофир бўлманг», деганлар. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон билан куфрнинг ўртасида, намозни тарк қилиш бордир», деганлар. Муслим ривоят қилган.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди», деганлар. Имом ал-Ҳоким ривоят қилган.
Бу масалада аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса осий бўлади.
Аҳли сунна ва жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига бўлинади. Эътиқодий куфр ва амалий куфрга. Бошқача қилиб айтганда исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфрга.
Баъзи бир гуноҳларни оят ва ҳадисларда куфр деб аталиши айнан амалий – мажозий куфрдир.
Агар гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, гуноҳкор муртад бўлиб уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди. Қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳадд (шаръий жазо)лар жорий қилинмас эди.
Шариат ҳукмида эса мазкур гуноҳларни қилган одамлар муртад деб эмас, жазога лойиқ жиноятчи деб топилган. Бизнинг мисолимиздаги ароқхўрга дарра уриш тайин қилинган. Агар ароқ ичган одам диндан чиқиб кофир бўладиган бўлса, уни муртад сифатида қатл қилиш лозим бўлар эди.
Баъзи гуноҳларни қилганлар диндан чиқадиган даражада кофир бўлмасликларига ояти карималардан далил бор:
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Эй, иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин», (178 - оят).
Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур:
«Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин».
Модомики, ўликнинг эгалари мардлик қилиб, жиноятчи қотилни афв этиб, уни ўлдиришни талаб қилмадиларми, охиригача мард бўлиб, хун пулини ҳам уруш-жанжалсиз, яхшиликча, розилик ва мулойимлик билан сўрасинлар. Жиноятчи ёки унинг одамлари ҳам нариги тарафга етган мусибат, жудолик ва қалб жароҳатини унутмай, уларнинг кўнгилларига таскин бериб, ғирромлик қилмай, кечга сурмай, хунни яхшилик билан адо этсин.
Аллоҳ ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки, уни қасос эгасига биродар, деб атади.
Агар мўмин-мусулмонни ўлдирган одам кофир бўлади деган ҳадисдаги куфр мажозий бўлмай, исломдан чиқарадиган куфр бўлганида одам ўлдирган кишини муртад сифатида албатта, ўлдириш керак бўлар эди.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетса, бас уларнинг орасини ислоҳ қилинг», (9-оят) деб туриб, охирида: «Албатта, мўминлар биродардир. Бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган (10-оят).
Машҳур саҳиҳ ҳадиснинг маъносига қараганда бир бирига қарши қурол кўтарган мусулмоннинг иккиси ҳам кофир бўлиши лозим эди. Аммо ўша ҳадисдаги куфр сўзи мажозий бўлганидан бу оятда урушиб турганлар мўмин дейилмоқда ва биродарларингиз орасини ислоҳ қилинг дейилмоқда, уларни диндан чиққан кофир сифатида қатл қилинг дейилгани йўқ.
Шунингдек, Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда келган матнлар зинокор, ўғри ва бошқа катта гуноҳларни қилганларни ўлдирмасликка, балки уларга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилишга далолатлар келган. Бу эса уларнинг муртад эмасликларини тақозо қилади.
Аммо бундан гуноҳларни қилаверса бўлар экан, деган фикрга бориш керак эмас. Бу маънода жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Гуноҳни қилавераса бўлар экан дейишнинг ўзи куфрга олиб боради.
Гап бир одамни кофирга чиқариб юбориш осон эмаслиги ҳақида бормоқда. Шунинг учун ҳам жуда эҳтиёт бўлиш зарур. Афсусуки, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кишиларни кофирга чиқаришга ишқибозлар етарли бўлган ва бўлмоқда.
Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари юқоридагига ўхшаш ишларга қарши бўлганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1. «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик».
Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!
2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».
Яъни, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.
3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».
Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!
Шундоқ бўлганидан кейин бировни кофирга чиқаришга зинҳор шошилмаслик керак. Модомики Аллоҳ таолога ширк келтирмаган экан бировни кофир дейиш осон иш эмас, зеро Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкинлигини Ўзи айтган.
Мужтаҳид имомларимиз фарзлиги ва ҳаромлиги ҳақида ихтилоф қилган ва Қуръони Карим ҳамда суннатда қатъий далили йўқ нарсаларни инкор қилишлик куфрга олиб бормайди.
Бировни кофир дейишлик осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир.
Аввало имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қачон киши ўз биродарига «Эй, кофир» деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар.
Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Иккинчидан бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.

1. У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.
2. Болалари унинг қарамоғидан чиқади.
3. Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
4. Уни маҳкамага бериб муртад деган ҳукм чиқарилади.
5. У ўлса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.
6. Ўша ҳолида ўлса жаҳаннамий бўлади.

Шунинг учун ҳам тақводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қиладилар.
Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш 970 ҳижрий санада вафот этган, «ал-Баҳрур Роиқ» номли китобнинг муаллифи Ибн Нажим раҳматуллоҳи алайҳи худди шундоқ қилганлар ва «агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далили бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак» деган.
Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш орқали хатога йўл қўйилади. Мисол учун «фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади» деган фатво чиққан. Бу ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб бўйнига қўйиш лозим бўлади.
Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар: «Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтган: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10 - оят).
Ушбу ояти каримадаги ва шунга ўхшаш бошқа қўрқитишлар ҳақдир. Аммо аниқ бир шахсга келганда, бу одам, мана шу оятга биноан, албатта, дўзахга тушади деган қатъий гапни айтиб бўлмайди. Аҳли қибладан бўлган муайян шахснинг дўзахга киришига гувоҳлик бериб бўлмайди. Чунки у мазкур оят маъносини ва ҳукмини билмаслиги, тавба қилишлиги, ўша гуноҳни ювадиган яхшилик қилиши, шафоатчининг шафоатидан манфаат олиши ёки бошқа сабаблардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли бор.
Бир одам куфр гапни айтди ва уни қозининг олдига келтирилди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаётган масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор, мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилиб, иккинчи бор ҳушёр бўлиш таъкидланиб, уни қўйиб юборилади.
Агар ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича қамаб қўйилади.
Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади. Шунинг учун бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri