Куфр сўз айтганнинг ҳукми Принтер учун
14.12.2013 й.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг бандаси ва элчиси Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ҳамда у зотнинг аҳли байтига салом-саловотлар бўлсин!


Аллоҳ таоло ер юзида яратган махлуқотлари ичида одам фарзандига тил деб аталмиш улуғ неъматни ато қилди. Инсоннинг бошқа ҳайвонлардан фарқи ҳам унинг гапира олиш сифатидир. Ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур “Иҳёу улумид дийн” асарларининг “Тил офатлари китоби”да шундай дейдилар: “Билгин! Тил – Аллоҳнинг улуғ неъмати, ажойиб ва латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлсада, итоати туфайли топадиган савоби ёки итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда катта. Чунки, куфр ҳам, иймон ҳам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир”.  
Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса малъун шайтон уни миниб олади, жар ёқасига ҳайдаб, ҳалокатга судрайди. Одамлар тилларининг маҳсули сабаб жаҳаннам қаърига юзлари билан қулайдилар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадиларки:
Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин, - дедим.
- Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг, - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам - Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон-бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил!
Сўнг дедилар:
- Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайинми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир).
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: ”Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас”. (Сажда, 16-17)
Сўнг дедилар:
- Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?!
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - дедим мен.
- Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир!
Сўнгра дедилар:
- Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?!
- Ҳа, ё Расулуллоҳ! - деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб, дедилар:
- Мана бунингни тийгин!
- Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?!
- Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки “бурунлари билан” дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Термизий ривоятлари. Ҳасан-саҳиҳ ҳадис).
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Тилларининг ҳосиллари”дан мурод ҳаром сўзга берилажак жазо-уқубатдир. Зеро, инсон ўзининг сўзи ва амали билан яхшилик ёки ёмонлик уруғларини сочади. Сўнг Қиёмат кунида эккан нарсасининг ҳосилини ўради. Сўзи ва амали билан эзгулик уруғини сочган инсон хайрли ҳосил кўтаради. Сўз ва амали ёмонликдан иборат бўлган кимса надоматли ҳосил кўтаради”.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Тил тананинг амиридир. Агар у аъзолар устидан жиноят қилса, аъзолар ҳам жиноятга қўл уради. Агар у яхши бўлса, аъзолар ҳам яхши бўлади”.
Тилни тийишнинг фазилатлари, тилдан келадиган ҳасрат ва надоматлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин бу ҳақида сўзни мухтасар қилиб асосий мақсадга ўтишни лозим, деб топдик.
Иймон шундай салтанатки, агар уни ҳимоя қилиш чоралари кўрилмаса, душманлар уни яксон этишлари хавфи бор. Мўмин киши иймонини ширк, куфр каби хатарли душманлардан сақлаши вожибдир. Шунинг учун иймоннинг сиҳҳатига васийла бўладиган илм ва солиҳ амалларни лозим тутиш талаб этилади. Баъзилар гарчи иймон келтириб, ўзларини мусулмон санасаларда, ўзлари билиб ёки билмай куфрга олиб борадиган гап-сўзларни гапириб юборадилар. Воқеликда ана шундай ҳолатларни мулоҳаза қилганимиз учун ҳам шу мавзуда сўз юритишга қарор қилдик. Имкон қадар диндошларимизга бу борадаги ҳукмларни баён қилишни ўзимизнинг чин мўминлик бурчимиз, деб билдик. Машҳур ақийда ва фатво китобларида куфр эканлиги айтилган сўзлардан ҳам намуналар келтиришни лозим деб топдик.
Аввало куфрнинг нима эканлиги ва унинг турлари ҳақида қисқача сўз юритамиз.
Куфрнинг луғавий маъноси “ўраш” ва “яшириш”дир, шаръий истилоҳда эса иймоннинг зиддини англатади.
“Куфр – шубҳа, жаҳолат ва инкор каби сабаблар билан иймон келтирмоғи шарт бўлган нарсаларга иймон келтирмасликдир”.  
Айрим ақийда китобларида айтилишича куфр уч хил бўлади:
1. Жаҳлий куфр:кофирларнинг ва жоҳил(илмсиз)ларнинг куфри каби.
2. Инкорий куфр:Фиръавн ва шунга ўхшаганларнинг куфри.
3. Ҳукмий куфр:шаръан иймон келтириши лозим бўлган нарсаларни камситиш, писанд қилмаслик натижасида юзага чиқадиган куфр.
Қуйида куфрга элтиши мумкин бўлган баъзи сўзлар ва ҳукмлар хусусида тўхталиб ўтамиз.
Куфрга элтиши хусусида иттифоқ қилинган гапларни гапирган кишиларнинг амаллари ҳабата (бекор) бўлишига уламолар ижмоъ қилишган. Масалан, муртад (диндан қайтган) кимса шулардандир. Янгидан иймон келтирган тақдирда, ҳаж қилган бўлса, ҳажни қайтадан қилиши шарт бўлади. Муртадлик ҳолатида бўла туриб, хотини билан қилган муомаласи зино бўлади, фарзанд туғилса, валади зино бўлади. Одат (урф-одат, расм-русум) бажо бўлсин, деб келтирилган шаҳодат (гувоҳлик) токи Исломнинг руҳига айланмагунича, қабул қилинмайди. Бу гувоҳлик куфрни ўртадан кўтармайди.
Куфр эканлиги ҳақида ихтилоф қилинган лафзларни сўзлаган кишиларга никоҳини янгиламоғи, тавба қилмоғи ва ўша сўзларидан қайтмоғи буюрилади.
Хато билан гапирилган куфр сўзлар куфрга олиб бормайди. Гапириб қўйган киши мўминдир. Никоҳни янгилашга буюрилмайди. Фақат тавба ва истиғфор айтмоғи буюрилади.
Агар аёл кишидан шундай сўз содир бўлса, Бухоро уламоларининг фикрига кўра, аёл ҳам никоҳини янгиламоғига мажбур этилади.
Бир киши куфр сўздан бирортасини айтганини баён қилса, қаралади: ўша лафз бир қанча жиҳатлари билан куфрни келтириб чиқаришига қарамай, битта жиҳати билан куфрни келтириб чиқармаса, у кишининг куфрига тўхтам қилинмайди. Бу ҳукм мусулмонларга осонлик бўлиши учундир. Лекин барибир тилга эҳтиёт бўлиш талаб этилади.
“Баҳрул калом” китобида бундай дейилади: “Бир киши куфр сўзни ҳазил учун ўйин бўлсин, деб сўзласа ва шунга ишонса, бутун олимлар ҳукмича кофир бўлади. Яна бир киши куфр сўзни хато қилиб ёки мажбур қилиниб сўзласа, кофир эмас. Бунда ҳам уламолар ўртасида ихтилоф бор”.  
Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳга кўра, бир киши бошқа бир кишига, агар куфр келтирмасанг, аъзоларингдан бирини (кесиб) йўқ қиламан, деса, у киши эса қалби иймон билан тўла бўлгани ҳолда, фақатгина аъзоси кесилмаслиги учун тили билан ўша куфр сўзни айтса, кофир бўлмайди.
Куфрни келтириб чиқарадиган бир лафзни ҳар қандай мажбурлаш бўлмаган ҳолда билиб туриб гапирса, бутун олимлар ҳукмича, у кофирдир. Билмасдан гапирса, аксар уламолар ҳукмича, кофир, баъзиларининг ҳукмига кўра кофир эмас.
Куфр лафзлари баъзан ақллилик, ўзини балоғат ва фасоҳат соҳиби қилиб кўрсатмоқчи бўлган кишиларнинг сўзларида ҳам чиқиб қолиши мумкин. Масалан, яхши кўрган кишисини кўрган бир киши: “У Ягонадир, шериги ва ўхшаши йўқ”, деб айтиши каби. Баъзан куфр сўзлар ажойиб ва ғаройиб нарсалардан гапириб, ёнидагиларни кулдирмоқдан, ҳазил қилмоқ, қизиққонлигини ифода этмоқ, асабийлашмоқ, тил ва аъзоларини сақламоқлик ҳамда дин ишларига аҳамият бермаслик каби нарсалардан майдонга келади.
Мусулмон киши тилини куфрга ва хатога олиб борадиган нарсалардан сақламоғи керак. Бунинг учун эса сукут қилмоқ, тилини, аъзоларини ва фикр-ўйларини муҳофаза қилмоқ, жиддий бўлмоқ, ҳазилдан узоқ турмоқ, ояти карималарни, ҳадиси шарифларни ва олимларнинг сўзларини ўйламоқ, мўминларнинг насиҳатини қабул қилмоғи лозим.
Агар бир киши мажбур бўлмасдан куфр сўзни айтса ва бунинг куфр эканлигини билмаса, нима бўлади? (Ҳозирда баъзан учраб турадиган ҳолат). Бу хусусда ихтилоф бор. Ўлчов шуки, бир мусулмоннинг сўзини, заиф бир ривоят бўлса ҳам, мумкин қадар яхши томонга йўймоқ керак.
Қози Абу Бакр роҳимаҳуллоҳнинг “Шифо” китобида шундай нақл қилинган:
“Аллоҳга куфр келтирмоқ – Уни билмаслик. Иймон эса – Уни билмоқликдир. Бир кимса ўз сўзлари ва фикрлари билан Аллоҳга куфр келтирса, у жоҳилдир”.
 Бир киши ўз хоҳиши билан куфр сўзни айтса-ю, бу сўзнинг куфр эканлигига ишонмаганини ёки билмаганини баён қилса, бутун олимларнинг ҳукмича, кофирдир. Зеро, билмаслик узр эмас. Борди-ю, бир гапни айтаётиб, тил тойилиши натижасида оғзидан куфрни ифода қилган бир сўз чиқиб кетса, кофир бўлмайди.
“Баззозия” китобида нақл этилишича, бир кишининг қалбига куфр хаёллар келса-ю, лекин тили билан сўзламаса, бир ҳадиси шарифнинг далолати билан, бу киши мўминдир. Аммо қалбига келганидан кейин куфрга азму-қарор қилса, кофир бўлади.
Бир киши бошқа кишига, ҳазил қабилида бўлса ҳам, куфр сўздан бирор нарса талқин этса (айттирса), кофир бўлади. Бир киши бошқа кишига кофир бўлишни буюрса, буюрилган киши хоҳ ўша сўзни айтсин, хоҳ айтмасин, буюрган киши кофир бўлади. Куфрга сабаб Исломни писанд қилмаслигидир.
“Мабсут” китобининг муаллифи Ибн Қосимдан:
- Бир киши бошқа бирови чақирганида, чақирилган киши унга “Лаббайка”, деб жавоб берса, бу ҳақидаги ҳукм қандай бўлади? – деб сўралди. Ибн Қосим жавобан:
- Жоҳил ва нодон бир киши бўлса, кофир бўлмайди, азоб берилади. Агар билиб туриб ва чақирган одамни Парвардигор мавқеига қўйиб, шу хилда жавоб берса, кофир бўлади, - деди.
Калимаи тавҳиднинг маъноси бўлган “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” калимасининг “илоҳ йўқ” қисмини айтиб, “Аллоҳдан бошқа” деган қисмини қасд этаса, кофир бўлмайди. Чунки бу иймоннинг натижасидир. Юқоридаги гапнинг аксини мурод этса, кофир бўлади.
Ойнинг атрофида пайдо бўлган нур халқаланишини кўрганда: “Ёмғир ёғади” тарзидаги бир иддаода бўлган, зағизғон (ҳакка) ўтганида: “йўловчи келади”, деган киши, баъзи олимларга кўра, кофир бўлади.
Имом Абу Юсуф бир куни халифанинг ҳузурида эканликларида бир одам: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқни яхши кўрардилар”, деди. Бошқа бир одам эса: “Мен яхши кўрмайман”, деди.
Шунда Имом Абу Юсуф ўлим жазосига ҳукм қилинадиган кимсаларнинг қони атрофга сочилишининг олдини тўсадиган тери ва қилич келтирилишини буюрдилар. Шунда у одам: “Астағфируллоҳ, мен бундай бир нарсани эслай олмайман”, - деб, калимаи шаҳодат келтирди. Шундан кейингина Имом Абу Юсуф уни қатл этишни буюришдан воз кечдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккан, у кишини айблаган, шахсиятларига, динларига ёки бирор хулқларига нуқсонни нисбат берган, камситиш қасди билан бошқа бир нарсага ўхшатган, у кишини сўзлар билан ҳақорат қилган ва шунга ўхшаш гапларни гапирган киши, саҳобаи киромлардан то шу кунгача яшаган бутун олимларнинг иттифоқи билан, кофирдир, қатли вожиб.
Имоми Молик: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чўпонлик, сеҳргарлик, фаромушхотирлик, ярадор бўлиш, лашкарининг мағлубиятга учраган бўлиши, душманининг у кишига озор бериши, хотинларга мойил бўлмоқ сингари қусурлар билан айблаган киши, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон бўлсин, тавба қилдирилмасдан ўлдирилади”, деганлар.     
Бир киши “Суннат нима ишга ярайди”, деса, кофир бўлади.
Бир киши зикр билан истеҳзо қилса, ичкилик ичаётиб, зино қилаётиб ва ҳаромлиги аниқ бўлган ишларни қилаётиб, “Бисмиллаҳ” деса, кофир бўлади.
Бир кишига намоз ўқиши буюрилганида, “Ўқимайман” дейиши куфрдир. Баъзилар: фақатгина намознинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади, деганлар.
Имом Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ фикрларига кўра, “Намоз ўқимайман” деган сўзнинг тўрт эҳтимоли бор:
1. Чунки мен намозимни ўқидим.
2. Сенинг буйруғинг билан ўқимайман. Чунки сендан хайрли Зот менга намоз ўқишни буюрган.
3. Фосиқ бўлганим учун ўқимайман.
Юқоридаги уч ҳол куфр эмас.
4. Ўқимайман. Менинг зиммамда фарз эмас. Менга намоз ўқиш амр қилинмаган. Бу ҳол эса куфрга элтади.
Бир киши: “Аллоҳ менинг молимни кам қилди, мен ҳам Аллоҳнинг ҳаққини кам қиламан, намоз ўқимайман”, деса кофир бўлади. Чунки бу ҳол Аллоҳ билан тортишмоқдир.
“Биз Рамазонда намоз ўқиймиз, чунки Рамазондаги бир вақт намоз етмиш вақт намозга бадал, шунинг учун Рамазондан бошқа вақтда намоз ўқимаймиз”, деган киши кофир бўлади. Чунки ҳам намозни кўп кўраётир, ҳам муайян бир вақтга хос қилаётир. Мазкур ҳукмлар кўпчилик “намозхон”ларни сергак торттириши керак. Айримларнинг ҳоли шундай эканлиги сир эмас.
Бир киши: “Намоз ўқи” деган кишига, “Кутиб тур, Рамазон келсин, кейин ўқиймиз”, деса кофир бўлади.  Бир киши: “Намоз ўқи” деган кишига: “Бу ишни ким охирига етказа оларди?” деса ёки, “Сен намоз ўқиб нима топдинг, нима фойда қилдинг?” деса, кофир бўлади. Ҳозирда айримлардан шу қабилидаги гаплар зоҳир бўлиб туради. Дин масаласида гапираётганда ниҳоятда эҳтиёт бўлиб гапириш талаб этилади.  
  “Кўп намоз ўқидим, кўп Қуръон ўқидим, фалокатлар менинг бошимдан кетмади” деган киши кофир бўлади.
“Баззозия” китобида бундай ворид бўлган: “Шарафли зотлар ва олимларга нописандлик қилиш куфрдир”. Бир олим масаласида гапириб турганида ёки бир ҳадиси шариф ривоят қилинаётганида: “Бу ҳеч вақо эмас” ёки “Бу нима ишга ярайди?”, “Албатта, бу пул учундир”, “Бугун  иззат-ҳурмат пулда, илмда эмас!” деган киши кофир бўлади.
Бир киши баланд жойга чиқиб, ўзини олим ва фозил зотларга ўхшатса, бир жамоат ҳам масхара тарзида ундан саволлар сўраб кулишса, ўша одам ҳам кофир бўлади, шу жамоат ҳам кофир бўлади. Чунки улар шариатни масҳара қилишди.
“Муҳит” китобида бундай ворид бўлган: “Бир киши: ичкилик ҳаром эмас, деса, билмасдан айтса ҳам, кофир бўлади. Чунки насс (аниқ шаръий далил) билан ичкиликнинг ҳаром эканлиги қатъий маълум бўлгани учун узр қабул қилинмайди”.
Бир кишининг бошига турли мусибатлар тушса-ю, у: “Молимни, боламни олдинг, яна унимни-бунимни олдинг, тағин нима қиласан, қилмаган нима ишинг қолди?” деса кофир бўлади. Айримлар ҳам ҳозирда билиб ёки билмаслик оқибатида: “Қандай гуноҳларим учун шунчалик мени қийнайсан?, “Сенга нима гуноҳ қилдимки, бошимга бунчалик фалокатлар келяпти?, “Яна қандай синовларинг бор?” қабилидаги сўзларни айтиб юборишади. Театр томошаларида, кинофильмларда ҳам бу каби сўзлар учраб туради.
“Баззозия” китобида бундай дейилади: “Золимни одил деган киши кофир бўлади”.
Фосиқ бир бола илм марта ичкилик ичар экан, яқинлари ва қариндошлари уни кўриб: “Муборак бўлсин!” – дейишса, ҳаммалари кофир бўлади. “Ичкиликнинг ҳаромлиги Қуръонда собит эмас” дегувчи ҳам кофир бўлади.
Яна шу китобда айтилишича: “Баъзи шўрлик кишилар: “Фатволардаги куфр ҳукмлари қўрқитишдир, ҳақиқат эмас”, дейдилар. Бу сўзлар ботилдир. Ҳалолни, ҳаромни, куфрни, Исломни баён қилган олимлар – Аллоҳнинг амин (ишончли) бандалари бундай аҳволдан узоқдирлар. Улар фақатгина Аллоҳнинг Расули таблиғ этган – етказган ҳақиқатлардан гапирадилар”.
Юқорида куфрга олиб борадиган баъзи сўзларни айтганлар ҳақидаги ҳукмлардан намуналар келтирдик. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, бировни кофир дейиш, унга куфрни нисбат бериш ҳар кимнинг қўлидан келадиган иш эмас. Юқоридаги каби ҳолатлар содир бўлган тақдирда ҳам ҳеч кимнинг ўз раъйи билан бошқани кофир, дейишга ҳаққи йўқ. Бу масалада «Ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади: “Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса”.
Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади”, деганлар.
“Ал-Баҳрур Роиқ” номли китобнинг муаллифи Ибн Нужайм ал-Мисрий роҳимаҳуллоҳ: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далили бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак” деган.
Ақоид уламолар қуйидагиларни айтадилар: “Баъзи бир гаплар куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиққан бўлиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди”.
Демак бу масалада ҳам биз мусулмонлар ниҳоятда эҳтиёт бўлиб иш тутмоғимиз лозим. Айниқса, ҳозирда кўпчиликни кофирга чиқариётган адашган тоифалар орамизда учраб турган пайтда. Биз мусулмонлар динимиз таълимотларига оғишмай амал қилишимиз, аъзоларимизни Аллоҳнинг ибодатига йўналтирмоғимиз керак. Тилимизни Аллоҳнинг зикри, китоб мутолааси билан машғул қилишимиз, ундан бефойда, гуноҳ сўзлар чиқишига йўл қўймаслигимиз даркор.
“Баззозия” китобида зикр қилинганидек, ҳар бир мусулмон куфрдан сақланмоқ учун эрталаб ва кечқурун ушбу дуони ўқиши керак:
“Аллоҳумма инний аъузу бика мин ан ушрика бика шай’ан ва ана аъламу ва астағфирука лимаа лаа аълам”. Маъноси: “Аллоҳим, билиб туриб ширк келтирмоқдан Ўзингдан паноҳ тилайман! Билмасдан қилсам Ўзинг мағфират эт!” Бу дуо Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуоларидир.  
Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ҳидоят сўраб қоламиз.

Умиджон Турсинов
2013 йил 3 октябр
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri