Дуо ва сабрга шошилайлик! Принтер учун
14.12.2013 й.
Кўп йил қозилик лавозимида ишлаган Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилади:
Шомда қози лавозимида ишлардим. Бир куни дўстларимдан бирининг уйида таниш-билишлар йиғилишиб, гаплашиб ўтирган эдик. Негадир мени юрагим сиқилиб, борган сари нафас олишим қийинлашарди. Дўстларим билан кўпроқ ўтиришга роса ҳаракат қилдим, аммо ўзимга келолмагач, кетиш учун улардан изн сўрадим. Улар эса кўпроқ ўтиришимни, кетмаслигимни илтимос қилишди. Бироқ мен улар билан кўпроқ ўтиришга тоқатим етмаслигини, кетишим зарурлигини, ташқарига чиқиб, уйимгача пиёда кетишимни, тоза ҳавода сайр қилмоқчилигимни айтдим.
У ердан чиқиб, қоронғуда пиёда юриб кета бошладим. Тўсатдан орқа томонимдан йиғи аралаш дуо овозини эшитдим. Ўгирилиб қарасам, бир аёл кўзлари қизарган ҳолда турибди, юзида хорғинлик ва ноумидлик асари бор эди. Йиғлаганча Аллоҳга дуо қилар эди. Унга яқинлашдим ва дедим: “Нега йиғлаяпсиз синглим?” У жавоб берди: “Эрим қўпол ва золим одам. Мени уйдан ҳайдаб чиқарди. Болаларимни эса ўзи билан олиб қолди. “Ҳеч қачон болаларни кўрмайсан!” деб қасам ичди. Менинг эса ҳеч кимим ва борадиган жойим йўқ”. Мен ундан: “Нега буни қозига бориб айтмайсиз?” деб сўрадим. У баттар йиғлади ва: “Мендек ёлғиз ва ночор аёл қозига бора олармиди?!” деди.
Шайх Тантовий йиғлаган куйи воқеанинг давомини мана бундай давом эттиради: “Аёл ўзини ночор ҳисоблаб, қозига бора олмаслигини айтмоқда. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло қозининг (ўзларини назарда тутяптилар) бўйнидан тутиб, аёлнинг олдига судраб олиб келганини ҳали у билмайди. Қоронғуда пиёда сайр қилишга ва шунинг учун дўстларим ёнидан чиқишга, ёриб бориб, қозига арз-додини етказа олмайдиган ночор аёлнинг олдида тўхташга, ундан нима муаммоси борлигини сўрашга амр қилган Аллоҳ пок зотдир. У аёл қандай дуо қилдики, Аллоҳ унинг дуосини бу қадар тез ижобат қилди.
Эй ноумидликка берилган инсон, сен бу дунё зулматга ботиб, муаммоларим кўпайиб кетди деб ўйлаяпсан. Ёмон ўйларни хаёлингдан чиқариб ташла. Бу муаммоларим қандай ҳал бўлади демасдан, фақатгина қўлларингни дуога кўтар. Чумолининг ўрмалашини ҳам кўриб, эшитиб турган Зотга тазарруъ билан дуо қил!
Шундан кейин ҳам яна сиқиламизми?!
Астойдил сабр қилсаларингиз, сизларни улкан неъматлар кутиб турганига сидқидилдан ишонинглар, азизлар!
Аллоҳ сени бир мусибат билан синаса, билки, сенга неъматларини янада кўпайтиришни хоҳлаяпти. Сен бир муаммога учрасанг, дарров ноумидликка, ночорликка бериласан, Аллоҳ эса сабрингни синамоқчи. Агар бало ва мусибат бўлмаганда эди, Юсуф алайҳиссалом отасининг қучоғида оддий инсон бўлиб юрган бўларди. Лекин у балога йўлиқққанида сабр қилгани учун Миср Азизи бўлди.
Шундан кейин ҳам яна сиқиламизми?!
Астойдил сабр қилсаларингиз, сизларни улкан неъматлар кутиб турганига, Аллоҳ сабрингиз туфайли изтиробларингиз оғриқларини унуттириб, Ўзининг чексиз мукофотларига кўмишига сидқидилдан ишонинглар, азизлар!

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz