Қарз беришда қайтариш муддатини белгилашнинг шаръий ҳукми Принтер учун
24.12.2013 й.
Кириш

Инсон ҳаётида қарз олди-бердиси энг аҳамиятли масалалардан бири ҳисобланади. Ҳар қандай инсон ҳаётда яшар экан, қарз олди-бердисини бошидан кечирмай иложи йўқ. Ана шу ижтимоий муомала ислом динида ҳам ўзининг шаръий ҳукмлари, фатволари билан муҳим аҳамият касб қилган. Чунки, айнан мана шу қарз-олди бердиси тўғри шакллантирилмас экан, шариатда мутлақ ҳаром деб эълон қилинган рибо – судхўрлик балосига мубтало бўлиб қолиш ёки энг савобли амаллардан бири ҳисобланган садақадан кўра неча баробар ортиқроқ ажрга эга бўлиш ҳеч гап эмас. Бинобарин, ушбу муомаланинг шаръий ҳукмини тўлиқ ва мукаммал, муфассал равишда билиб олиш – қарз олди-бердиси илмини билиш ҳар бир мусулмон инсонга фарз бўлади, десак хато бўлмас.
Арзимаган миқдорда қарз олди-бердиси амалга оширилганда, икки  томоннинг  ҳам  муддатни ҳисобга олмаслиги мумкин. Аммо, катта миқдордаги қарзлар битимида қарзни қайтариш муддатини ҳам алоҳида қайд қилиб қўйишга эҳтиёж  борлиги  ҳеч  кимга сир эмас. Бугунги кунда қарз олди-бердисида муддат белгилаш шу даражада оммалашиб кетганки, қарз  битимида қайтариш  муддати  аниқ  кўрсатилмаса,  ҳеч  ким  бировга қарз  бермайдиган ҳолат юзага келган. Зотан, кимдан қарз сўралса, унинг биринчи бўлиб  берадиган саволи: "Қачон қайтарасиз?!", деган савол бўлиши табиий.
Лекин, ҳалқ орасида "Қарз беришда қайтариш муддатини белгилаш – молни ўз мислига, яъни, ўз жинсидан бўлган худди шундай молга насия йўли билан сотишдир. Бу эса, судхўрликка киради. Хуллас, қарз беришда қайтариш вақтини тайинлаш, муҳлатини белгилаш рибо – судхўрликдир!",  деган гаплар ҳам пайдо бўлиб қоляпти.
Юқоридагига ўхшаш гапларни ҳисобга оладиган бўлсак, "қарз олди-бердиси" амалиёти ижтимоий муомаладан  буткул  чиқиб  кетишига сабаб бўлади. Ахир, савоб умидида бировга қарз бериб, фоизли савдога тушиб қолиш, алалоқибат гуноҳкор бўлиб қолишнинг кимга  кераги  бор?!  
Демак, ҳар бир қарз берувчи ва қарз олувчи кимса қарз олди-бердиси муомаласида олинган қарзни қайтариб бериш муҳлатини белгилаш, берилган қарзга қайтариб олиш муддатини таъйинлашнинг шаръий ҳукмини билиши ҳам керак бўлади. Ушбу мақолада мазкур масалани атрофлича ўрганиш мақсадида ҳанафийлик фиқҳининг энг эътиборли манбаларига мурожаат қилиб кўрамиз.

"Қарз" ва "Дайн" атамалари фарқи

Аввало, "қарз" билан "дайн"ни бир-биридан ажратиб олиш лозим. Фиқҳий истилоҳда уларнинг фарқи бор.
Одамлар одатда қарз билан дайнни ажратмайдилар, балки, ҳаммасини "қарз" деб аташга одатланганлар. Муомала жараёнида бу иккисининг фарқи бўлмаса-да, аммо,  аслида уларнинг орасида фарқ мавжуд. Инсон зиммасидаги  ҳамма  қарзни  "дайн"  дейиш  мумкин. Аммо, ҳамма дайнни "қарз" деб аталмайди. Демак, "дайн" атамаси маъно  англатиш  жиҳатидан  "қарз" атамасига  нисбатан умумийроқдир. Бўйнида "дайн"и бор одамни шариат китобларида "мадйун" деб аталади. Ҳанафийлар фиқҳи истилоҳига бағишланган машҳур "ал-Муғриб" асарида "дайн" сўзи ўзагидан олинган "истаданту" (استدنت) феълини "истақразту" (استقرضت), "даййантуҳу" (ديّنته)ни эса "ақразтуҳу" (اقرضته) маъносида қўлланишини айтилган (Абу-л-Фатҳ Носириддин ал-Мутарризий. Ал-Муғриб фий тартиб ал-Мўъриб. – Ҳалаб, 1979. 1-жилд. – Б. 301). Демак, "ал-Муғриб"дан "дайн" атамаси луғатда "қарз" маъносида ишлатилиши мумкинлигини билиб оламиз. Аммо, унда "қарз" атамасига изоҳ берилар экан, инсон ўз молидан нақд – муайян нарсани сўраганга бериши "қарз" экани, у инсоннинг бўйнига лозим бўладиган "дайн"дан фарқ қилиши таъкидланган (Абу-л-Фатҳ Носириддин ал-Мутарризий. Ал-Муғриб фий тартиб ал-Мўъриб. – Ҳалаб, 1979. 2-жилд. – Б. 169).  
"Дайн" деб инсон қай йўл билан бўлса-да, бўйнига илиб олган, тўлаши  лозим  бўлган  нарсаларга  айтилади.  Оддий  мисол: насияга мол  сотиб  олдингиз, шу савдода бўйнингизга илинган  пул  "дайн", дейилади. Бировнинг уйини ижарага  олдингиз,  аммо, ижара  пулини вақтида тўламадингиз, бўйнингиздаги бу пулни шариатда "дайн",  дейилади. Бировнинг молини  ҳалок қилдингиз, уни тўлаш  бўйнингизга тушди, демак, бу  ҳам "дайн"дир. Уйланиб, аёлингизга бериш керак бўлган маҳрни насия қилдингиз, буни  ҳам "дайн",  дейдилар. Бировдан қарзга  пул  олдингиз, буни  ҳам "дайн", дейилади.
"Дайн"да маълум муддат таъйин қилишлик лозимдир. Чунки, номаълум  муддат икки томонни жанжалга олиб бориши табиий ҳол. Насия муомалотларда жанжалнинг  олдини олиш учун икки томон келишган ҳолда муайян аниқ  муддатга  келишиб оладилар.
Мол  эгаси, яъни,  ҳақдор "дайн"ни дайндордан  келишилган  муддатга  қадар  талаб қила олмайди. Муддатдан олдин пулни талаб қилиб олиши, битимни бузиш,  ваъдада турмаслик ҳисобланади. Агар у муддатдан олдин  "дайн"ни  талаб қилса,  дайндор  муддатга қадар бермасликка шаръан ҳақли  ҳисобланади.  Ҳақдор  дайндорнинг  молиявий  ҳолини ҳисобга олиб иш қилиши савобли амалдир. Дайндор бўйнидаги "дайн"ини вақтида тўлай олмасдан яна бироз муҳлат  сўраса, муҳлат беришлик керак. Жаноби Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: "Фақир қарздорга қарзини тўлаши учун  қулайлик кўрсатган кишига ҳар куни шу қарз миқдорича садақа савоби ёзилади" (Имом Аҳмад ривояти). Ўз навбатида дайндорнинг ҳам инсофсизлик қилиши, қарзини тўлаш  йўлида ҳаракат қилмай бепарво юриши катта гуноҳдир. Бу ҳақида насиҳатгўй  Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагича марҳамат қилганлар: "Ҳар қандай киши имкони бўлгани ҳолда қарзни тўламай кечиктирса, (қарзини тўлагунгача) ҳар куни амал дафтарига зулм қилганнинг гуноҳи ёзилади" (Табароний ривояти).  
"Қарз" деб, муҳтож киши бошқа бировдан, кейинроқ мисли, яъни ўхшашини қайтараман, деган ваъда билан сўраб олган нарсага айтилади.  Шариати исломия  қарз  олди-бердисини  ҳам  бир  қанча  шартлар  билан  тартибга  солган:
1-    Қарз,  қарз  берувчи  тарафдан яхшилик, табарруъ, фазл  ва эҳсон деб  баҳоланади. Шундай  экан, қарз  берувчи  аҳли  табарруъ бўлиши  шарт. Яъни, қўлида мол-мулки бор одам ўз мулкини бировга беришига ҳақли бўла оладиган ёшда, ақл-ҳуши жойида, озод инсон бўлмоғи керак. Демак, ёш бола, васий, мукотаб каби  қулларнинг  қарз  беришга  ҳақлари  йўқ. Чунки, улар ўзларидаги молни тасарруф қилиши, сотиши,  ижарага  бериши мумкин бўлмаганидек, ўз ихтиёрлари ила табарруъ қилиб, бировга яхшилик қилишга рухсат берилмайди.
2-    Қабз, яъни, қарз сўровчига қарз берилса, уни айни дамда қабул қилиб  олиши  шарт. Агар  ўша  вақтда  олмаса  қарз битими ҳисобга ўтмайди.
3-    Қарз фақат мисли, яъни, ўхшаши бор нарсалардагина дуруст бўлади. Олтин-кумуш тангалар, қоғоз пуллар, тарозу ва идишда  ўлчанадиган  нарсалар  каби.  Аммо, мисли йўқ  нарсаларни  қарзга олиш ва бериш  дуруст эмас. Масалан,  ҳайвонларни  қарзга берилмайди, чунки, унинг худди ўзи каби мислини топиб қайтариш  маҳол. Шунингдек, ҳайвонларнинг аниқ баҳоси ҳам йўқ, чунки, уни  ҳар  ким  ҳар хил  баҳолайди.  Шундай  экан, қийматини ҳам  қайтариш  маҳол.  
4-    Қарз берувчи қарз беришда бирор манфаатни – фойдани шарт қилиши  мумкин эмас. Фақиҳлар: "Ҳар бир қарз қарз берувчига манфаат келтирса, бас, у ҳаромдир", деганлар. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам алоҳида ҳадиси шарифлари мавжуд.
Фиқҳий манбаларда  манфаатларни  қуйидагича  санаб  ўтилган:
а) Қарз  берувчи  бераётган  нарсасини  кўпроқ  қилиб  қайтаришини  шарт  қилиши ҳаром. Масалан: 10 динорни  12  динор  қилиб  қайтариш. Ортиқча  икки  динор  қарз  рибоси  бўлади.
б) Қарз берувчи бараётган нарсасини  яхшироқ-сифатлироқ  қилиб  қайтаришни  шарт қилиши ҳаром. Масалан: паст  навли  маҳсулотни қарз  бериб, олий  нав  қайтаришни  шарт  қилиш  ҳаром. Молнинг олий  навга  ўзгариши  қарз  рибоси бўлади.
в) Қарз беришда бирон-бир ҳизматни шарт қилиш ҳаром. Масалан: фалон  ишимни  бепул  қилиб  берасиз  ёки  фалон  молимни  сотиб  оласиз   ва ҳоказо. Текинга  қилдирилган  меҳнат  манфаати ёки  мажбуран  амалган  оширилган  савдо фойдаси  қарз  рибоси  бўлади.
г) Қарз  берувчи  бераётган  қарзни  маълум  бир  маконда  қайтаришни  шарт  қилиши  ҳаром. Масалан: Россияда қарз  бериб  туриб, Ўзбекистонда  қайтарасиз,  деб  шарт  қўйиши  ҳаром.  Йўлдаги  молга  бўлган хавф-хатардан  қутулиб  қолиш  манфаати   қарз  берувчига  қарз  рибоси  бўлади.
Фиқҳий  китобларда  қарз  рибосига  кирувчи  манфаатлар  баёнида  юқорида  санаб  ўтилган  манфаатларнинг  рибо  экани  таъкидланган.  Шунингдек, уларнинг тўрт  мазҳаблараро би-л-иттифоқ  ҳаром  экани  айтилган.
Шундай бўлсада, қарз олди-бердисида манфаат шарт қилинмасдан, кейинчалик қарз  олувчи ўз  ихтиёри  билан  ортиқча  мол  қўшиб  қайтарса, бунинг  қарз берувчига  зиёни  йўқ,  рибо  ҳам,  гуноҳ  ҳам  эмас,  мубоҳ  дейилган.

Қарзда муҳлат белгилаш-белгиламаслик ҳукми

Ислом фиқҳини ўрганиш шуни кўрсатадики, қарз бераётган вақтда ёки бергандан сўнг олинган қарзни берувчига қайтариб бериш вақтини аниқ белгилаш, муддат ва муҳлат беришнинг ҳукми борасида фақиҳлар асосан иккита мазҳабга ажралганлар (ал-Мавсуат ал-фиқҳиййа. – Кувайт: Визорат ал-Авқоф ва-ш-Шуъун ал-исломия, 1995. 33-жилд. – Б. 128-130):
1)    Жумҳур фақиҳлар жамоаси. Ҳанафийлар, шофиъийлар ва ҳанбалийлар, шунингдек, Имом ал-Авзоъий (р.ҳ.) ва Ибн ал-Мунзир (р.ҳ.) каби олимлар фикрича, қарзда муҳлат тайинланмайди. Агар муддат белгиланса ҳам ўша муддат лозим бўлиб қолмайди. Қарз берувчи белгиланган ўша муддатдан олдин қарзини сўрай олайди, ўша муддат келмасдан олдин қарз олувчи сўралган вақтнинг ўзидаёқ олган қарзини беришга мажбур. Бироқ, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ва Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.) муҳлат белгиланса, қарз олувчи ўша муддатга амал қилиши яхши бўлади, деганлар. Чунки, аҳдга вафо қилиш мўъминлик белгиси эканига шубҳа йўқ. Агар қарзда муҳлат белгилаш жоиз бўлмаса-да, муддат белгиланадиган бўлса, ҳанафийлар ва ҳанбалийлар наздида қарз саҳиҳ, муддат шарти ботил ҳисобланади. Шофиъийлар фикрича, агар муҳлат белгиланганда қарз берувчига бошқа фойда келтирмайдиган бўлса, қарз саҳиҳ бўлади. Айтилган муддатга амал қилганлари мақбул.   
2)    Моликийларнинг ҳаммаси ҳамда Лайс ибн Саъд (р.ҳ.), Ибн  Ҳазм (р.ҳ.), Ибн Таймия (р.ҳ.) ва Ибн Қаййим (р.ҳ.) каби фақиҳлар фикрича, қарзда муҳлат белгилаш саҳиҳдир. Улар фикрича, агар қарзда муддат белгиланса, ўша муддатга амал қилиш лозим бўлади. Муайян муддат келмагунча, қарз берувчи қарзини сўрай олмайди.
Айрим кимсалар Қуръони каримдаги энг узун оят – "Бақара сураси"нинг 282-ояти – "Мудойана ояти"даги қуйидаги хитобга кўра қарз олди-бердисида муҳлат бўлиши керак, деб ўйлайдилар:
   وَلاَ تَسْأَمُوْاْ أَن تَكْتُبُوْهُ صَغِيراً أَو كَبِيراً إِلَى أَجَلِهِ
"Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг!" (Бақара, 282).
Билмоқ лозимки, бу оятда "дайн" ҳақида гап кетган бўлиб, олдинги ва кейинги даврнинг барча фақиҳлари "дайн"да муҳлат белгиланиши кераклигини бир овоздан айтиб келганлар. "Қарз"га муҳлат белгилаш ҳақида эса икки фикрга келганлар. Айтиб ўтилганидек, мазкур оятда зикр қилинган "дайн" таркибига қарз ҳам киришини эътиборга олиб, моликийлар қарзда ҳам муҳлат белгилашни мустаҳаб санаганлар. Мазкур ояти каримадаги амр мустаҳабликка далолат қилишини барча муфассирлар таъкидлаб келганларини ҳам айтиб ўтиш ўринли.

Қарзда  муддат  белгиламаслик масаласи

Қарз олди-бердисида қарзни қайтариб бериш муддатини тайинламаслик керак, муҳлат белгилаш дуруст эмас, ундай қилиш судхўрликка киради, деганга ўхшаш гапни гапирганларнинг ҳам суянган далиллари бор. Жумладан, улар ушбу гапларига далил сифатида фиқҳий матн китобларидаги қуйидаги иборани келтиришлари мумкин:
1)    "Мухтасар ал-Виқоя"да қуйидаги матн мавжуд:
و صحّ تأجيل كلّ دين الا القرض
"Ҳар бир "дайн"га муҳлат белгилаш дуруст, қарз бундан мустаснодир" (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 97).
2)    "Канз ад-дақоиқ"да қуйидаги матн мавжуд:
و صحّ ... تأجيل كل دين غير القرض
"Қарздан бошқа ҳар бир "дайн"га муҳлат белгилаш дуруст!" (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ал-карим, 1305. – Б. 224).
3)    "Мухтасар ал-Қудурий"да юқоридаги фиқҳий матнларда келтирилган ибора анча тушунарлироқ:
و كل دين حال اذا أجله صاحبه صار مؤجلا الا القرض فان تأجيله لا يصح
"Сўралганда берилиши керак бўлган ҳар бир "дайн" агар унга эгаси муҳлат белгиласа, муҳлат берилган "дайн"га айланади. Қарз эса бундан мустасно. Чунки, унга муҳлат белгилаш саҳиҳ бўлмайди" (Абу-л-Ҳасан Аҳмад ал-Қудурий. Мухтасар ал-Қудурий. – Қозон, 1916. – Б. 40).   
Фиқҳий матнлардаги юқоридаги иборалардан биз қарзда муддат белгилаш, қарзни қайтариб бериш муҳлатини аниқ белгилаб қўйиш дуруст эмаслигини билиб оламиз. Лекин, ушбу ибораларда мабодо қарзда муҳлат белгиласа, муддат тайинласа, қарз олди-бердисининг ҳукми нима бўлади, шу хилда қарз берадиганлар айни берган қарзи миқдоридаги пулни қайтариб олсалар, ортиқча нарса олмасалар ҳам рибо еган, судхўрлик қилган бўлиб қоладиларми, деган саволларга жавоб берилмаган.

Қарзда муҳлат белгилаш судхўрликми?

Қарз олди-бердисида қарзни қайтариб бериш муддатини тайинлаш, муҳлат белгилаш судхўрликка киради, деган гап фиқҳий матнларга битилган қуйидаги айрим шарҳлардан олинган бўлиши мумкин:
1) Юртдошимиз, буюк фақиҳ Бурҳонуддин Марғилоний (р.ҳ.) ислом  оламида  машҳуру  маълум  "ал-Ҳидоя" асарида ушбу  масалани  бундай  баён  қилганлар:
(كل دين  إذا  أجله  صاحبه  صار مؤجلا  لما  ذكرنا  إلا  القرض) فإن  تأجيله  لا يصح  لأنه  إعارة  و  صلة  فى  الإبتداء،  حتى  يصح  بلفظة  الإعارة،  و  لا  يملكه  من  لا  يملك  التبرع  كالوصى و الصبى، و  معاوضة  فى  الإنتهاء.
  فعلى  إعتبار  الإبتداء  لا  يلزم  التأجيل  فيه  كما  فى  الإعارة،  إذ  لا  جبر  فى  التبرع. و  على  إعتبار  الإنتهاء  لا  يصح،  لأنه  يصير  بيع  الدراهم  بالدراهم  نسيئة،  و  هو  ربا.
"Ҳар турли "дайн"ки, унинг соҳиби муддат белгиласа, насияга  айланади,  юқорида  айтган  сўзимизга биноан. Қарз эса бундан мустасно". Чунки, қарзга  муддат белгилаш саҳиҳ бўлмайди. Негаки, қарз битими бошланишда орият (вақтинча фойдаланиш), холисона  яхшиликдир, бинобарин, орият лафзлари  билан ҳам амалга ошаверади. Бинобарин, табарруъга ҳақли бўлмаган васий, норасида бола кабилар қарз   ишига ҳам ҳақли  бўла олишмайди. Охирида эса муоваза – бир-бировга эваз қайтаришдир.
Қарзнинг аввалини эътиборга олсак, худди ориятдаги каби қарзда ҳам муддат белгилаш лозим бўлмайди. Зотан, яхшилик қилувчига мажбурият юкланмайди. Охирини  эътиборга  оладиган  бўлсак, қарз  олди-бердиси  саҳиҳ  бўлмайди. Чунки,  у  судхўрлик бўладиган насияга пулни  пулга  сотишга айланиб қолади" (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Деҳли: Форуқий, 1910. – Б. 60).
2) Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий (р.ҳ.) "Шарҳ ал-Виқоя" китобида шу хилдаги гап  ёзилган:
( كل  دين  أجل إلى  أجل  معلوم  يصير مؤجلا إلا  القرض )   فإنه  يصير  بالأجل  بيع  الدراهم  بالدراهم  نسيئة،  فلا  يجوز، لأنه  يصير  ربا لان النقد خير من النسيئة
"(Ҳар бир "дайн"ки, маълум муддатга белгиланса, саҳиҳ бўлади, қарз бундан мустасно). Чунки, муддат билан қарз дирҳамларни дирҳамларга насия қилиб  сотишга айланади. Бу эса жоиз бўлмайди, чунки, у рибога  айланиб  қолади. Зотан, нақд насиядан кўра яхшидир" (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ ал-Виқоя. 3-жилд. – Лакнав: Юсуфий, (йили кўрсатилмаган). – Б. 59).

Юқоридаги ибораларни қандай тушунмоқ керак?

Юқоридаги ибораларга бир қарашда: "Қарз бераётганда фалон куни қайтарасиз",  дейиш билан  судхўрлик қилган бўлар  экан,  деган  хулоса  келиши  табиий  ҳол. Бироқ, ҳанафий  фиқҳида  ёзилган  бошқа  шарҳ ва ҳошияларни кўриб чиқилганда, масала яна  ҳам  ойдинлашади.
Мавлоно Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) "ал-Ҳидоя" учун тўплаган ҳошиясида юқорида келтирилган فإن  تأجيله  لا يصح "Қарзга муддат белгилаш саҳиҳ бўлмайди", деган иборани: "Яъни, лозим бўлмайди. Яъни, муддат белгилаган шахс хоҳлаган вақтида муддатни бекор қилиши мумкин", деб изоҳлаган (Абдулҳай ал-Лакнавий. Ҳошият ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Деҳли: Форуқий, 1910. – Б. 60).
Аслида, бу изоҳ "ал-Ҳидоя"нинг шарҳи "ал-Кифоя"дан олинган (Жалолиддин ал-Гурланий. Ал-Кифоя ҳошияту ал-Ҳидоя. 3-жилд. – Қозон, 1886. – Б. 80).
Бу дегани – муддат шарти қонуний кучга эга  эмас, демакдир. Яъни, муддат белгилангани билан уни қарз берувчи бузиб, ўша муддатдан олдин берган қарзини сўраб олишга шаръий жиҳатдан ҳақли бўлади ва у сўраган вақтида қарз олган қарздор уни дарҳол тўлашга мажбурдир.
Шунингдек, Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) яна "ал-Ҳидоя"да келтирилган:
لأنه  يصير  بيع  الدراهم  بالدراهم  نسيئة،  و هو  ربا.  
"Чунки, у судхўрлик бўладиган насияга пулни  пулга  сотишга айланиб қолади", деган иборани бундай изоҳлаган: "Бу, қарзнинг бузуқлигини тақозо қилади, лекин уммат уни мандуб санаган. Уммат эса унинг жоизлигига ижмоъ қилган".
Бу ерда Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) изоҳида диққат қаратиш лозим бўлган нукта мавжуд: фақиҳлар қарз олди-бердиси жараёнида кўрсатган охирги ҳолатни, яъни, муддат белгилаш қарзнинг рибога айланиб қолиши мумкинлиги ҳолатини шаръий эътиборга олмаслик даркор. Чунки, уни эътиборга олиш шариатда дуруст ва савобли ҳисобланган қарз олди-берди муомаласи амалиётдан чиқиб кетишга олиб келиши мумкин. Бу фикрни Абдулҳай Лакнавийнинг "Шарҳ ал-Виқоя"га ёзган "Умдат ар-риоя"сига такмила ва таълиқа ҳисобланган "Зубдат ан-ниҳоя ли-Умдат ар-риоя"да бу тарзда ўқиш мумкин:
و هذا يقتضى فساد القرض لكن ندب الشرع اليه و اجمع الامة على جوازه لكثرة الحاجة اليه و لا يذهب عليك ان ما ذكر الشارح رحمه الله من الدليل هو ما باعتبار آخر الاعتبارين
"Бу фарзнинг фасод бўлишини тақозо қилади. Бироқ, шариат уни мандуб санаган, уммат эса бунга ҳожат кўп бўлгани боис жоизлигига ижмоъ қилган. Шарҳ қилувчи ("Шарҳ ал-Виқоя" соҳиби) зикр қилган нарса – икки эътибордан охиргисини эътибор қилиш ҳақидаги далили сенинг зарарингга кетиб қолмасин" (Муҳаммад Абдулҳамид ал-Ансорий ал-Лакнавий. Зубдат ан-ниҳоя Шарҳ ал-Виқоя такмилату Умдат ар-риоя. 3-жилд. – Лакнав: Юсуфий, (йили кўрсатилмаган). – Б. 59).
"Зубдат ан-ниҳоя"даги иборадан маълум бўлмоқдаки, қарзга муддат белгилашнинг насия рибосига ўхшатилгани унинг ҳаром қилиниши жиҳатидан эмас, балки, рибога ўхшаш муомала бўлгани жиҳатидандир. Уни рибо каби ҳаром муомалага ўхшатиш тўғри эмаслигига "Жомеъ ар-румуз" соҳиби ҳам эътибор қаратган:
Юқорида келтирилган "Мухтасар ал-Виқоя"даги: و صحّ تأجيل كلّ دين الا القرض – "Ҳар бир "дайн"га муҳлат белгилаш дуруст, қарз бундан мустаснодир" ибораси "Жомеъ ар-румуз"да шарҳ қилинар экан, бундан дейилади:
فان تأجيله لم يصح و حرم لانه مفاوضة انتهاء فيصير ربا النسيئة كما ذكره المصنف فالاحسن ذكره فى الفصل السابق
"Бас, унга муҳлат белгилаш саҳиҳ бўлмайди ва ҳаром бўлади. Чунки, қарз охирида топшириш бўлгани боис мусанниф зикр қилгани каби насия рибосига айланиб қолади. Яхшиси, уни муаллиф олдинги фаслда зикр қилганидир" (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 3-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 68).
Қарз олди-бердисида икки жиҳатдан биринчиси – холис яхшилик бўлишини эътиборга олиш керак бўлади. Унинг иккинчи жиҳати – эваз алмашишни эътиборга олмаслик даркор. Шунинг учун айрим манбаларда унинг икки жиҳатини ҳам холис яхшилик, дейилган. Бинобарин, муҳлат белгилашни саҳиҳ ва ҳаром бўлади, дейиш тўғри эмаслигини "Жомеъ ар-румуз" соҳиби бу тарзда таъкидлайди:
الا ان التعويل على انه عارية ابتداء و انتهاء كما فى النهاية و غيره فالاصحّ ان يبدل صح بلزم و المعنى لزم تأجيل كل دين الا القرض فانه لا يلزم و له ان يأخذه متى شاء
"Бироқ, ишончлиси шуки, қарз ибтидода ҳам, интиҳода ҳам орият ҳисобланади. Чунончи, ан-Ниҳоя" ва бошқа китобларда келган. Бас, тўғриси, "саҳҳа" сўзини "лазима"га ўзгартиришдир. Шунда: "Қарздан ташқари ҳар бир "дайн"га муҳлат белгилаш лозим бўлади. Бас, қарзда лозим бўлмайди, қарз берганга қачон хоҳласа олиши жоиз бўлади", деган маъно ҳосил бўлади" (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 3-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 68-69).
Демак, "Жомеъ ар-румуз" соҳиби фикрича, "Мухтасар ал-Виқоя"даги ибора ва унга шарҳ ҳисобланувчи мусанниф Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий (р.ҳ.) қаламига мансуб "Шарҳ ал-Виқоя"даги қарзнинг охирини рибога ўхшатиш ҳолати бўйича изоҳ тушунарсиз бўлиб қолган. Шунинг учун "саҳиҳ бўлади" сўзини "лозим бўлади"га ўзгартириш яхшироқ, дейди. "Ла йасиҳҳу" ("саҳиҳ бўлмайди")ни "ла йалзаму" ("лозим бўлмайди"), деб тушуниш кераклигини таниқли мутааххирин ҳанафий олими Абу-л-Ихлос Ҳасан аш-Шурунбулолий (р.ҳ.) ўзининг "Дурар ал-ҳукком"га битган ҳошиясида ҳам айтиб ўтган (Абу-л-Ихлос Ҳасан аш-Шурунбулолий. Ғунйату зави-л-аҳком фий буғйати Дурар ал-ҳукком. – Истанбул: Саҳҳофия, 1317. – Б. 185).
Бинобарин, қарзда муддат белгилаш борасида рибо ҳақида гапириш керак эмас, балки, муддат белгилаш билан у лозим бўлиб қоладими ёки лозим бўлмайдими – ана шуни гапириш авлодир. Шунинг учун "Мухтасар ал-Виқоя"нинг бошқа шориҳлари қарзда муҳлат белгилашни рибога ўхшатиб ўтирмасдан, балки агар муддат белгиласа, у лозим бўладими ёки бўлмайдими, деган масалага эътибор қаратганлар.

Қарзда муҳлат белгиланса, ўша муддатга амал қилиш лозим бўладими?

"Мухтасар ал-Виқоя"нинг: و صحّ تأجيل كلّ دين الا القرض – "Ҳар бир "дайн"га муҳлат белгилаш дуруст, қарз бундан мустаснодир" иборасини шарҳлашда айрим шориҳлар рибо ҳақида гапирмасдан, муҳлат белгилашнинг ўзи жоизми, агар муҳлат белгиланса, қарз берувчи ўша белгиланган муддатгача қарзини талаб қила оладими ёки йўқми, ўша муддатдан олдин қарз олувчи қарзини қайтариб берса, нима бўлади, каби саволлар жавобини зикр қилиш йўлидан борганлар.
Мавлоно Мулла Али ал-қори (р.ҳ.) "Мухтасар ал-Виқоя"нинг  шарҳида  бундай  ёзади:
(وَصَحَّ تَأجِيلُ كُلِّ دَيْنٍ إلاّ القَرْضَ) وهو ما ثبت في الذّمة باستقراضٍ، فإنّه لا يصحّ  تأجيله حتى لو أجلّه مدةً معلومةً عِنْد الإقراض أوبعده لا يثبت الأجل وله المطالبة في الحال.
"Ҳар турли дайнни муддатлаш саҳиҳдир, магар, қарз бундан мустасно. У яъни, қарз бировдан сўраб олиб бўйинга илинган  нарсадир. Унинг муддат белгиланиши  саҳиҳ бўлмайди. Зотан, қарз  бериш  вақтида  муддатласа  ҳам,  ёки  кейинроқ  шарт  қилса  ҳам муддат собит бўлмайди. Қарз берувчида ўша дамданоқ талаб қилиш ҳуқуқи бўлади" (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя Мухтасар ал-Виқоя // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. 4-жузъ. – Б. 167).  
Шунингдек, Али ал-қори (р.ҳ.) Имом Молик (р.ҳ.) қавлига  кўра қарзда  муддатлаш  дуруст эканини айтиб, унга жавоб  тарзида худди Алоуддин Косоний ҳазратларининг "Бадойеъ"даги тавжиҳотига ўхшаш сўз айтади. Али ал-қори бундай ёзади:
"Ҳанафий мазҳабида: "Қарз – бирор ишнинг аввалида ниманидир иккинчи шахсга орият (ишлатиб туриш)га ва яхшилик қилиш маъносида бериш", демакдир. Бинобарин, қарз олди-берди муомаласида “орият”да ишлатиладиган лафзларни  ишлатиш  ҳам  мумкин, дейилган. Шунингдек, қарз – ишнинг охирида унинг мислини қайтариб олиш билан амалга ошадиган айирбошлаш  ҳисобланади. Демак ишнинг аввалига эътибор қаратиладиган  бўлса,  қарзни орият каби вақт таъйин қилиб бериш шарт бўлмайди. Чунки бирор нарсани ориятга берувчи киши ўша нарсага вақт белгиласа, унинг ўша нарсани берган заҳоти қайтариб олишга  ҳам  ҳаққи бор  бўлади. Шунингдек, яхшилик қилиш маъносида берилган нарсада мажбурият бўлмайди. Агар ишнинг охирига эътибор  қаратиладиган  бўлса,  қарзда  вақт  белгилаш  нодуруст  ҳисобланади. Чунки, бу ҳолат дирҳамларни ўз мислига насия қилиб айирбошлаш каби ҳаром бўлган иш ҳисобланади" (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя Мухтасар ал-Виқоя // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. 4-жузъ. – Б. 168).
"Мухтасар  виқоя"нинг яна бир шарҳи  "Шарҳи Илёс"да ҳам Али ал-қорининг  сўзи  деярли  такрорланган:
(وَصَحَّ تَأجِيلُ كُلِّ دَيْنٍ إلاّ القَرْضَ) فإنّ تأجيله لا يصحّ  حتى لو أجلّه عِنْد الإقراض مدةً معلومةً أوبعد الإقراض لا يثبت الأجل وله ان  يطالب في الحال
"Ҳар турли дайнни муддатлаш саҳиҳдир, магар, қарз бундан мустасно.  Чунки,  қарзни муддатлаш саҳиҳ  бўлмайди.  Зотан,  қарз  бериш  вақтида  муддатласа  ёки  кейинроқ  шарт  қилса  ҳам  муддат  собит  бўлмайди. Қарз  берувчида  ўша  дамданоқ  талаб қилиш ҳуқуқи  бўлади" (Илёс ар-Румий. Шарҳи Мухтасар. Рубъи солис. – Ҳиндистон: Навол кишвар, 1319. – Б. 60).
Ҳанафий мазҳабининг бошқа фиқҳий манбаларида ҳам қарз мавзуси атрофлича кўриб чиқилган. Уларда ҳам қарз бераётганда қарзни қайтариш муддатини белгилашни рибога ўхшатилган эмас.
Абу Бакр Алоуддин Косоний (р.ҳ.) "Бадойеъ ас-санойеъ"да қарз мавзуси (китоби)нинг муддат  ҳақидаги  бандида қуйидагича  ёзади:
و  الأجل  لا  يلزم  فى  القرض،  سواء  كان  مشروطا  فى  العقد  او  متأخرا  عنه،  بخلاف  سائر  الديون.
"Қарзда бошқа дайнлардан фарқли ўлароқ муддат лозим бўлмайди. Муддат хоҳ  олди-берди вақтида шарт қилинган бўлсин ёки ундан кейинроқ шарт қилинсин, бари бир" (Абу Бакр Алоуддин Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Қоҳира: Жамолия, 1328. – Б. 396).  
Шунингдек, Абу Бакр Косоний (р.ҳ.) бундан кейин қарзнинг дайндан икки жиҳатдан  фарқи бор эканини қуйидагича  изоҳлаган (Абу Бакр Алоуддин Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Қоҳира: Жамолия, 1328. – Б. 396):
1-    Қарз – қарз берувчидан табарруъ, фазл-эҳсон ўлароқ қабул қилинади. Агар,  унда муддат белгилаш лозим, яъни, аҳамияти бор, деб олсак, шарт қилинган нарса  аслидан  ўзгариб, қарзнинг табарруъ экани маъносиз бўлиб қолади. Чунки, холис яхшилик қилинаётган  шахснинг зиммасига мажбурият тушиб қолади. Яъни, муддатга  амал  қилиш  мажбурияти.  Ваҳолонки, табарруъда мажбурият бўлмайди.
2-    Қарз бериш шариатда қуйидаги икки хил ақддан бири ўлароқ қабул  қилинади. Ё "орият ақди" ёки "мубодала ақди". "Мубодала ақди", бу – олди-сотди,  айирбошлаш – демакдир.  "Орият ақди"  эса  бу – бировга   ниманидир  вақтинча ишлатиб  туришга вақтинча беришни айтилади. Масалан, қўшни болта сўраб чиқса, унга  болтангизни ишлатиб туришига бериб турсангиз, шуни "орият ақди" дейилади.
Энди, қарз шу иккисидан бирига мансуб бўлмай иложи йўқ. Агар уни  мубодала  битимидан  деб олсак, бу  ҳолда  қарз бир нарсанинг мислининг эвазига насияга сотиш  бўлади. Шариатда бундай савдодан қайтарилган. Демак, қарз олди-бердисини  мубодаладан ҳисоблашга йўл йўқ. Энди, орият битимидан йўл қидириб  кўрамиз. Қарз олди-бердиси орият  битимига жуда мос келади. Чунки, ориятда бир  нарсани олиб, ундан  фойдаланиб  бўлгач, эгасига айни  ўзини  қайтариб  берилар эди. Қарз  ҳам ана шу ориятга  ўхшаш нарса. Қарз олувчи бировнинг нарсасини сўраб ишлатиб бўлгач, айни ўзини  бўлмаса-да, олган нарсасининг  мислини  қайтариб  беради. Мислини  қайтариш  айнини  қайтариш билан бир хилдир. Орият ақдида тайинланган муддатга амал қилиш  мажбурияти  нарсасини  ориятан  бериб  турувчига юклатилмаганидек,  нарсани  ишлатиб  олиш  учун  олганга  ҳам  тайинланган муддат имтиёзидан фойдаланиш  ҳуқуқи  йўқ. Агар ориятда муддат лозим  бўлганида эди, ориятга  берувчи  берган  нарсасини  тайинланган  муддатгача сўрамасликка мажбур бўлар эди. Бинобарин, ориятга берувчи хоҳлаган  вақтида муддатни бекор қилиб, берган нарсасини қайтариб олиши мумкин. Ориятга олувчининг  зиммасига  ҳам  олган  нарсасини қайтариб бериш олган  вақтиданоқ  вожиб  бўлади. Эгаси сўраса ҳам, муддат келгунича қайтариб бермасдан ишлатиб туриши  мумкин  эмас.  Бас,  қарз  ҳам худди  орият  кабидир. Шунга  биноан  қарз ақди  орият  лафзлари  билан  ҳам  боғланаверади.  
Масалани Ибн  Нужайм Ҳанафий (р.ҳ.) содда ва лўнда услубда  ойдинлаштириб берган. У "Баҳр ур-роиқ"да: "Ҳар турли дайнни муддатлаш саҳиҳдир, магар, қарз бундан мустасно", деган  матнни батафсил изоҳлаб, сўз  охирида: "Қарз  беришда  муддат  белгилаш саҳиҳдир. Бироқ, бу шарт қонуний кучга эга эмас", деб очиқ-ойдин айтган. Унинг хулосаси  қуйидагича  баён  қилинган:
و الحاصل  ان  تأجيل  الدين  على  ثلاثة  اوجه:  باطل، و هو بدلى الصرف والسلم.  و  صحيح  غير  لازم،  و هو القرض و الدين  بعد الموت،  و تأجيل الشفيع، و ثمن المبيع  بعد الإقالة، و لازم  فيما  عدا  ذلك
"Хуллас калом, "дайн"ни муддатлаш уч  турга  бўлинади. 1-"Ботил  муддатлаш"  у сарф ва салам байида бадални муддатлашдир. 2-"Саҳиҳ ғойри лозим муддатлаш".  Буниси қарз, маййитнинг зиммасидаги  дайн,  шафиъ шуфъа ҳаққини  муддатлаши ва  иқоладан кейин сотиб олинган молнинг пулини қайтариб беришни муддатлашдир. 3-  Булардан  бошқаси "саҳиҳ лозим"дир"  (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 6-жилд. – Қоҳира: Илмия, 1311. – Б. 133).  
Ибн  Нужайм (р.ҳ.)нинг укаси бу сўзларни "Наҳр ул-фоиқ"  асарида  ҳам  такрор  зикр  қилиб  ўтган (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Наҳр ул-фоиқ. 3-жузъ. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2002).
Таниқли ҳанафий олимларидан Абу-с-Суъуд афанди (р.ҳ.) Мулла Мискин (р.ҳ.)нинг "Канз ад-дақоиқ"қа ёзган шарҳидаги қуйидаги гапни изоҳлаган:
فان تأجيله لا يصح يعنى لا يلزم حتى لو اجله عند الاقراض مدة معلومة او بعده لا يثبت الاجل و لو ان يطالبه فى الحال
"Бас, уни (қарзни) муддатлаш саҳиҳ бўлмайди, яъни, лозим бўлмайди. Ҳатто, агар қарз берилаётган вақтда ёки ундан кейин муддат белгиланса, муддат собит бўлмайди, гарчи уни дарҳол талаб қилиш мумкин бўлса-да".
   Абу-с-Суъуд афанди (р.ҳ.) изоҳи қуйидагича:
أشار به الى التورك على المصنف لان ظاهر كلامه يعطى عدم صحة التأجيل فى القرض لما ان المستثنى من الصحة مع انه جائز غير لازم و يجاب بما فى النهر من انه أراد بالصحة اللزوم او يكون الاستثناء منقطعا وجه عدم لزوم الاجل فى القرض
"("Ла йасиҳҳу"ни "Ла йалзаму" деб изоҳлагани) мусанниф зарарига ёнбошини қўйганига (яъни, муаллиф гапига қўшилмаганига) ишора қилинган. Чунки, унинг гапининг зоҳири қарзда муддат белгилашнинг саҳиҳ эмаслигини келтириб чиқаради. Чунки, саҳиҳликдан истисно қилинган. Шу билан бирга, у (муддат белгилаш) лозим бўлмайдиган жоиздир. Бунга "ан-Наҳр"да саҳиҳликдан лозим бўлишни ирода қилинган, деб жавоб берилган. Ёки қарзда муддат лозим бўлмайдиган, деб туриб, истиснони мунқатеъ, деса ҳам бўлади" (Абу-с-Суъуд ал-Мисрий ал-Ҳанафий. Ҳошияту Фатҳуллоҳилмуъин ъала шарҳ ал-Канз ли-Мулла Мискин. 2-жилд. – Миср: Жамъия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 598).
Муҳаққиқ  ҳанафий  олими  Ибн  Обидин ҳазратлари "Баҳр ур-роиқ"қа  битган  ҳошиясида,  юқоридаги "Дайнни  муддатлаш  уч  турга  бўлинади. Ботил, саҳиҳ-у ғойри лозим  ва  саҳиҳ лозим", деган хулосасини  шундай  қайдлар  билан  изоҳлаган: "Бу  ердаги  "Ботил" сўзи "қилиниши жоиз эмас" деган маънода, "Саҳиҳ" сўзи эса, "қилиш жоиз  бўлади" деган маънодадир, деганлар. (Муҳаммад Амин ибн Обидин. Минҳат ал-Холиқ ъала ал-Баҳр ар-роиқ. 6-жилд. – Қоҳира: Илмия, 1311. – Б. 132).
Шунингдек, Ибн Обидин (р.ҳ.) "Радд ул-муҳтор"нинг қарз мавзусида муддати белгиланган тақдирда ҳам аҳамиятсизлигича қоладиган олтита дайн бор  эканини айтиб, шулар қаторида қарз муддатини ҳам санаб ўтган. Ҳатто бу маънони назм  шаклида  битганини айтиб, манзумани келтириб  ҳам  қўйган (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала Дурр ал-мухтор. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 385).
Абу Бакр Алоуддин Косоний (р.ҳ.)нинг устози Алоуддин Муҳаммад Самарқандий  (р.ҳ.) машҳур "Туҳфат ул-фуқаҳо"  асарида "Сарф китоби", қарз ҳақидаги  фаслда  қуйидагича  ёзади:
و  الأجل  فى  القرض  باطل،  شرط  فى  الأصل  او  طرأ  عليه،  لأن  أخذ  مثل  القرض  كعين  القرض،  فيكون  فاضلا  فى العين  و  هو  باطل.
Муддат қарзда ботилдир (аҳамиятсиз), аслида шарт қилинган бўлсин ё  битимга  кейинроқ  қўшилсин, барибир. Чунки,  қарзнинг мислини  олишлик  унинг  айни  ўзини  олишлик – демакдир. (Муддат  шартининг қонуний  кучга  эга  бўлиши) нақдда ортиқча  фоизни  келтириб  чиқаради. Шундай  экан, муддат  шарти  аҳамиятсиздир"  (Алоуддин Муҳаммад Самарқандий. Туҳфат ал-фуқаҳо // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдор ас-солис, 2006. 3-жилд. – Б. 35).
Алоуддин  Самарқандий (р.ҳ.)нинг бу  сўзларини  унинг  талабаси  бўлмиш  Аллома  Косоний "Бадойеъ ус-санойеъ"да  кенг  ва  тушунарли  шарҳлаб  қўйган изоҳларини  юқорида  келтириб  ўтдик.
Яна бир фақиҳ юртдошимиз Бурҳонуддин ибн Мозза ал-Бухорий (р.ҳ.) "Муҳит ал-Бурҳоний"  китобида  айни  мавзудаги  фаслда  бундай  деган:
و  الأجل  لا  يثبت  فى  القرض
"Қарзда  муддат  собит  бўлмайди" (Бурҳонуддин ибн Мозза ал-Бухорий. Муҳит ал-Бурҳоний // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдор ас-солис, 2006. 14-жузъ. – Б. 219).
Ҳанафий мазҳабининг машҳур китобларидан "Фатавойи Ҳиндия (Оламгирия)"да  эса  бундай  дейилади:
لو أَقْرَضَ مُؤَجَّلًا أو شَرَطَ التَّأْجِيلَ بَعْدَ الْقَرْضِ فَالْأَجَلُ بَاطِلٌ وَالْمَالُ حَالٌّ
"Агар  муддатлаб  қарз  берса  ёки  қарз  бериб  бўлгач,  кейин  муддатни  шарт  қилса,  муддат  ботилдир, мол ҳоллдир" (ал-Фатово ал-Ҳиндия ал-маъруфа би-л-Фатово ал-Оламгирия. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2000. – Б. 203).
Ҳанафий мазҳабининг яна бир фиқҳий манбаси "ал-Ҳовий ал-қудсий"да ҳам юқоридаги иборалар такрорланган:
و لو اقترض مؤجلا او شرط التأجيل فيه بعد القرض فالاجل باطل و لا يلزم ربّ الدين و ماله حالّ
"Агар белгиланган муддатга қарз берса, ёки унда қарз берганидан кейин муддатни шарт қилса, муҳлат бекордир: қарз эгасига (муддатга аҳамият бериш) лозим бўлмайди, мол эса дарҳол сўраладиган, бериладиган нарсадир" (Жамолиддин Аҳмад ал-Ғазнавий. Ал-Ҳовий ал-қудсий. 2-жилд. – Байрут: Дор ан-наводир, 2011. – Б. 61).
Яъни, қарзда муддатни белгилашнинг аҳамияти  йўқ. Бадални  қайтариш  олган  вақтидан  бошлаб  зиммага  вожиб  бўлади.

Нима қилмоқ керак?

"ал-Ҳидоя"дан иқтибос олинган, юқорида келтирилган иборалардан маълум бўлмоқдаки, қарз олди-бердисининг икки жиҳати бор экан: қарз олди-берди бошланиши ва қарз-олди бердисининг тугалланиши. Унинг аввали бировга қилинган холис яхшилик экан, чунки, инсон бировга яхшилик қилишни хоҳласагина қарз беради, хоҳламаса, ўзининг иши. Бу ҳолатда ҳеч ким бировни қарз беришга мажбур қила олмайди. Охири эса насия савдога ўхшайди. Бироқ, шариат қарз олди-бердисининг охирини эътиборга олган эмас. Жумладан, "ал-Ҳидоя"нинг шарҳи "ал-Иноя"да бундай дейилган:
و هذا يقتضى فساد القرض لكن ندب الشرع اليه و أجمع الامة على جوازه فاعتمدنا على الابتداء و قلنا بجوازه بلا لزوم
"Бу (агар қарз олди-бердисининг охирини эътиборга оладиган бўлсак), қарзнинг фасод бўлишини тақозо қилиб қолади, лекин уни шариат мандуб ҳисоблаган ва уммат унинг жоизлигига ижмоъ қилган. Шунинг учун, қарз бошланишига суянамиз ва (муддат белгиланса ҳам) лозим бўлмасдан қарзни жоиз бўлади, деймиз" (Акмалуддин ал-Бобуртий. Шарҳ ал-Иноя ъала ал-Ҳидоя. 5-жилд. – Миср: Амирия, 1316. – Б. 273).
"ал-Ҳидоя"нинг энг эътиборли ва энг машҳур шарҳи ҳисобланган муҳаққиқ ҳанафий олими Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) қаламига мансуб "Фатҳ ал-қадир"да мабодо қарзда муддат белгиланса, нима бўлиши ҳақида қуйидагича фатво берилган:
و لو شرط الاجل فى ابتداء القرض صح القرض و بطل الاجل و عند مالك يصح ايضا لان القرض صار فى ذمته كسائر الديون
"Агар қарз бошланишида муддат шарт қилинса, қарз дуруст бўлади ва муҳлат бекор бўлади. Имом Молик (р.ҳ.) фикрича, муҳлат ҳам дуруст бўлади. Чунки, (Имом Молик фикрича), қарз бошқа "дайн"лар каби унинг зиммасига лозим бўлиб қолади" (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 5-жилд. – Миср: Амирия, 1316. – Б. 273).
Ибн Обидин (р.ҳ.) "Радд ал-муҳтор"да: "Қарзда муддат белгилаш лозим бўлмайди", деган гапни қуйидагича изоҳлаган:
(فلا يلزم تأجيله) أي أنه يصح بأجله مع كونه غير لازم فللمقرض الرجوع عنه
"Демак, муддат белгилаш лозим бўлмайди", яъни, муддат белгилашлари саҳиҳ бўлади, шу билан бирга лозим бўлмайди. Бас, қарз берувчига берилган муддатидан қайтиши жоиздир" (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала Дурр ал-мухтор. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 384).
Фиқҳий манбаларда қарз олди-бердисида муҳлат белгиламаслик керак, дейилган бўлса-да, ушбу ноқулайликдан чиқиб кетишнинг ҳийла-и шаръийси ҳам ўргатиб кетилган:  
1) "Фатҳ ал-қадир"да қуйидагича келтирилган:
وَالْحِيلَةُ فِي لُزُومِ تَأْجِيلِ الْقَرْضِ أَنْ يُحِيلَ الْمُسْتَقْرِضُ الْمُقْرِضَ عَلَى آخَرَ بِدَيْنِهِ فَيُؤَجِّلَ الْمُقْرِضُ ذَلِكَ الرَّجُلَ الْمُحَالَ عَلَيْهِ فَيَلْزَمُ حِينَئِذٍ
"Қарз муддатини белгилашнинг лозим бўладиган ҳийласи қарз олувчи қарз берувчига ўзининг "дайни" (қарзи)ни бошқасига ҳавола қилганини айтади. Шунда қарз берувчи унга ҳавола қилинган кимсага муддат белгилайди. Бас, шу вақтда муддатда қайтариш лозим бўлади" (Камолиддин ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 5-жилд. – Миср: Амирия, 1316. – Б. 273).
2) "Табйин ал-ҳақоиқ"да қуйидагича келтирилган:
وَالْحِيلَةُ فِي صِحَّةِ تَأْجِيلِ الْقَرْضِ أَنْ يُحِيلَ الْمُسْتَقْرِضُ الْمُقْرِضَ عَلَى آخَرَ بِدَيْنِهِ وَيُؤَجِّلُ الْمُقْرِضُ ذَلِكَ الرَّجُلَ مُدَّةً مَعْلُومَةً فَإِنَّهُ يَصِحُّ
"Қарзга муддат белгилашнинг дуруст бўлиши борасидаги ҳийла шуки, қарз олувчи қарз берувчига қараб, бўйнидаги қарзини бошқасига ҳавола қилганини айтади. Қарз берувчи эса мана шу кимсага маълум муддат тайинлайди. Бас, ушбу муомала саҳиҳ бўлади" (Табйин ал-ҳақоиқ. 11-жилд // ал-Мактабат аш-шомила, 2006. – Б. 130).
3)    "Жомеъ ар-румуз"да қуйидагича келтирилган:
وَ اعْلَمْ اَنّهُ لَوْ أحَالَ الْمُسْتَقْرِضَ الْمُقْرِضَ عَلَى اَحَدٍ بِدَيْنِهِ فَأجَّلَهُ الْمُقْرِضُ مُدَّةً مَعْلُومَةً يَصِحٌّ وَ لَمْ يَطْلُبْ قَبْلَهَا لِاَنَّ الْحَوَالَةَ مُبْرَأةٌ
"Билгинки, албатта агар қарз олувчи қарз берувчига ўз "дайн"ини бирор кимсага ҳавола қилганини айтса, шунда қарз берувчи унга маълум муддатни белгилаб берса, тўғри бўлади ва бундан олдин талаб қилиб ололмайди. Чунки, ҳавола гарданни соқит қиладиган амалиётдир" (Шамсиддин Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 3-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 69).
Юқоридаги ҳийла-и шаръий билан бир қаторда ҳанафий олимларининг фақиҳлари қарзда муддат белгилашнинг бир суратини мутлақо жоиз эканини, қарзни қайтариш муддати белгиланса, у шаръий жиҳатдан лозим бўлишини: қарз олувчи уни ўша муддатда бериши, қарз берувчи ўша муддат етиб келмагунча берган қарзини талаб қилиб ола билмаслигини таъкидлаб келганлар. У вафот этаётган одам ўз мол-мулкидан вафотидан сўнг фалончига бир муайян муддатгача қарз бериб туришини васият қилса, ўша муддат лозим бўлиши масаласидир. Фақиҳлар айтишича, меросхўрлар васиятда тилга олинган кимсага қарз берадилар ва ушбу муддат етиб келгунча меросхўрлар қарзни талаб қила олмайдилар (Қаранг: Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Деҳли: Форуқий, 1910. – Б. 60; Абу Бакр Алоуддин Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Қоҳира: Жамолия, 1328. – Б. 396; Бадриддин ал-Айний. Рамз ал-ҳақоиқ шарҳ Канз ад-дақоиқ. – Бўмбай: Фатҳ ал-карим, 1305. – Б. 224; Мулла Хусрав ал-Ҳанафий. Дурар ал-ҳукком. 2-жилд. – Истанбул: Саҳҳофия, 1317. – Б. 185).
Бундан ташқари, ҳанафийлар яна иккита суратда: қарз олувчи олган қарзини инкор қилганида, унга қайтариб беришга муддат таъйинланиши, шунингдек, қози моликий мазҳабга биноан қарз олувчига олган қарзини беришга муддат таъйинласа, ушбу икки ҳолатда ҳам муддат лозим бўлишини алоҳида кўрсатиб келганлар.  
Энди савол туғилади, "ал-Ҳидоя"да айтилганидек васият ҳам ёки қарзда муддат белгилаш ҳақида ҳийла-и шаръий сифатида кўрсатиб келинган ҳавола ҳам табарруъ – холис яхшилик ҳисоблангани боис, нима учун қарзга васият қилинганда ёки ҳаволани қабул қилинганда, муддат белгилаш жоиз ва лозим бўлиб қолади? Чунки, бунда қарзнинг аввали худди васият ва ҳаволадаги каби табарруълик жиҳати эътиборга олинган, унда қарзнинг охири: муоваза – эваз алмаштириш эътиборга олинган эмас. Худди шунингдек, олган қарзини инкор қилган кимсага, қарзни қайтариб беришга мажбур қилиниб, унга қайтариш муддатини белгилаш кераклиги ҳақидаги масалага нима деб жавоб қилинади? Унда ҳам агар қарзнинг охири эътиборга олинадиган бўлса, муоваза – ишлатилган пул эвазига бошқасини қайтариб бериш муомаласи амалга оширилмоқда-ку! Демак, қарзда ҳамма вақт унинг аввалги жиҳати эътиборга олинади, шунинг учун қарз амалиёти шаръан жоиз, амалан мақбул ҳисобланиб келган. Қарзда муддат тайинланганда ҳам, қарзнинг табарруълиги эътиборга олиниб, қарз жоиз бўлаверади, фақат муддат лозим бўлмайди, холос.    
 
Хулоса

Юқоридаги манбаларни ўрганиб чиқар эканмиз, хулоса қилиб айтамизки,  қарзнинг бадалини тўлаш икки хил  бўлади: ҳоллан  ва муъажжалан.  Яъни,  қарз  бериш  вақтида  муддат  ҳақида  гап  бўлмаса, унинг  бадали  қарздорга  ҳоллан  вожиб  бўлади. Бу дегани, қарз берувчи қачон хоҳласа, ҳақини талаб қилиши мумкин.  Шунингдек,  қарздорга  ҳам  қарз олган дамдаёқ  зиммасига  қарзни  тўлаш  вожиб  бўлади – демакдир.  Агар қарз  бериш  чоғида  муддат  таъйин  қилинган  бўлса,  у  ҳолда  қарзнинг  бадали  муъажжалан  вожиб  бўлади. Яъни,  белгиланган  муддатга қадар  қарз  берувчи ҳақини  талаб  қила  олмайди,  қарздорга  ҳам  бадални  қайтариш  белгиланган  вақтдан вожиб  бўлади. Бу Имом Молик (р.ҳ.) мазҳабининг қароридир. У "қарз"ни "дайн"дан  ажратмаганлар.
Жумҳур уламолар, яъни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Имом  Шофеъий (р.ҳ.) ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳамда уларнинг мазҳабидаги фақиҳлар наздида  қарзнинг  бадали  ҳамиша ҳоллан вожиб бўлади. Хоҳ  муддат  шарт қилинган  бўлсин, хоҳ шарт қилинмаган бўлсин, бунинг асло аҳамияти йўқ.
Қарз олувчининг илтимосига  биноан  берилган  муҳлат эса  қарз берувчи томондан  инсонийлик,  яхшилик,  ваъда ўлароқ қабул  қилинади. Бунда  ҳеч қандай гуноҳ  ҳам, рибо ҳам  йўқ. Буни ҳаром бўлган фоизли савдо билан  аралаштириш  хатодир. Зотан, қарз ақдида охирги ҳолат, яъни, унинг муоваза бўлиши уммат ижмоъси билан эътиборга олинмаган. Қарз берувчи ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, хоҳлаган вақтида  ҳаққини  талаб  қилиши мумкин. Унинг бу иши  гуноҳ  ҳам, рибо ҳам эмас. Шунингдек, қарз олувчи  қарзни олиши биланоқ бўйнига уни тезроқ адо қилиш вожиб бўлади. Муддатга  қараб ўтирилмайди.
Қарз  беришда: "Фалон  куни  қайтарасан" деб  шарт  қўйишлик  фоизли  насия  савдодир, яъни рибодир, дейишдан олдин юқорида келтирилган шарҳларни тизимли равишда кўздан кечирилса, қарзда муддат белгилаш фақат мажбурият юкланмайдиган битим бўлади, бироқ, муддат белгилаш мумкин, деган хулосага келинади. Айниқса, "ал-Ҳидоя"нинг энг эътиборли шарҳини битган Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) асари "Фатҳ ал-қадир"даги тақрироти, Ибн Нужайм ал-Мисрий (р.ҳ.) қаламига мансуб "Баҳр ур-роиқ"даги гапи, Абу-с-Суъуд афанди (р.ҳ.)нинг "Шарҳи Мискин"га битган ҳошиясидаги изоҳлари, Ибн Обидин (р.ҳ.)нинг "Радд ул-муҳтор"даги манзумалари, шунингдек, Мавлоно Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.)нинг "Ҳидоя"нинг ҳошиясида  келтирган  изоҳотлари  масаланинг асл моҳиятини очиб беради.
Қарз олди-бердисида "Фалон куни қайтарасан" деб шарт қўйиш рибо – судхўрлик бўлади, деб ҳукм қилиш алалоқибат қарз беришнинг ижтимоий ҳаётдан бутунлай чиқиб кетишига олиб келади. Одамлар бир-бирларига ишонмай қўядилар, натижада қарз бермай қўядилар. Мусулмонлар садақадан ҳам афзал ҳисобланган қарз бериш савобидан маҳрум бўлиб қоладилар. Агар қарзга муддат белгиламасдан бериладиган бўлса, қарз олувчида масъулият ҳисси камайиб кетади ёки бутунлай бўлмай қолади. Натижада, қарз олган кимса ҳар хил баҳоналар билан қарзини адо қилишни орқага суриб юраверадилар. Бу эса қарз берувчиларга ниҳоятда катта ҳараж –машаққатни юклаб қўяди. Воқеан, бугунги даврда муддат белгиланган бўлса-да, ўша муддатда қарзини тўламаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Қарз олди-бердисида "Фалон куни қайтарасан" деб шарт қўйиш рибо – судхўрлик бўлади, деб ҳукм қилишда ҳанафий мазҳабининг энг эътиборли фиқҳий шарҳлари "ал-Ҳидоя" ҳамда "Шарҳ ал-Виқоя"даги, шунингдек, "Жомеъ ар-румуз"даги ибораларни эътиборга олиб қараладиган бўлса, қарзда белгиланган муддатга амал қилиш вожиб, ўша муддат келмагунча қарз берувчи қарзини сўрай олмайди, қарз олувчи эса ўша муддат келмагунча олган қарзини қайтариб беришга мажбур эмас, қайтариш унга вожиб эмас, деган эътиқодда бўлиш жуда-жуда хатарли экани маълум бўлади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, қарз олди-бердисида муддат белгиламаган маъқул, аммо, муддат ва муҳлат белгиласа бўлади, қарз бериш шаръан дуруст бўлади, бироқ, ўша муддат лозим бўлиб қолмайди, яъни, ўша белгиланган муддат келмаган тақдирда ҳам қарз берувчи берган қарзини талаб қилишга ҳақли, қарз олувчи эса талаб қилинган ондаёқ қарзни беришга мажбур, муддат келмади, деб қарзини бермасдан чўзиб юришга олган кимсанинг ҳаққи йўқ, дейиш фиқҳий жиҳатдан тўғрироқ бўлса керак.
Муддат белгиланган тақдирда қарз олувчилар ана шу муддатда қарзларини адо қилишга инсоф ва диёнат нуқтаи назаридан ҳаракат қилишлари лозим! Зотан, мўъмин-мусулмонлар аҳдига вафоли инсонлар бўлиб, уларнинг бундай бўлишларини имонлари тақозо қилади. Зотан, Аллоҳ таоло уларни бунга буюрган:
وَأَوْفُواْ بِعَهْدِ اللّهِ إِذَا عَاهَدتُّمْ وَلاَ تَنقُضُواْ الأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلاً إِنَّ اللّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ {91}
"Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Аллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Аллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур" (Наҳл, 91).
    يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَوْفُواْ بِالْعُقُودِ
"Эй, имон келтирганлар! Битимларингизга вафо қилинглар!" (Моида, 1).
Имом Термизий (р.ҳ.) ривоят қилишича, حسن العهد من الإيمان – "Аҳдга чиройли вафо қилиш имондандир".
اضمنوا لي ستا من أنفسكم أضمن لكم الجنة : اصدقوا إذا حدثتم و أوفوا إذا وعدتم و أدوا إذا اؤتمنتم و احفظوا فروجكم و غضوا أبصاركم و كفوا أيديكم
"Менга ўзларингиздаги олтита нарсага кафил бўлсангизлар, сизларнинг жаннатга киришингизга кафил бўламан: гапирсангиз тўғри сўзланглар, ваъда қилсангизлар, вафо қилинглар, омонат қўйишса, уни адо қилинглар, жинсий аъзоларингизни ҳаромдан сақланглар, қўлларингизни зулмдан тортинглар!" (Ҳоким ривояти).
Қарзда муддат белгиланмайди! Ҳар бир мусулмон олган қарзини тез ора қайтаришга урунмоғи лозим! Қарз берувчи талаб қилган вақтда олувчи уни қайтаришга мажбур! Агар қарз олишда уни қайтариш муддати белгиланса, аҳдга вафо қилиш ҳақидаги мусулмонлик жиҳатини эътиборга олиб, қарзни ўз вақтида қайтаришга ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир!

Ҳикматуллоҳ  Иброҳим,
Ҳамидуллоҳ Беруний

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz