Ё Расулаллоҳ! Принтер учун
03.01.2014 й.

 

Ё Расулаллоҳ! Олдингизда ҳижолатдамиз, айбдормиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг элчисидирсиз. У Зотнинг ҳабиби ва халилидирсиз.
Ё Расулаллоҳ! Ҳеч шубҳасиз, инсониятнинг саййиди Сизсиз, маҳлуқотларнинг афзали ҳам ўзингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз дунёга келганингизда бутун инсоният бўйнигача жаҳолат ботқоғига ботган эди. Одамларнинг ҳаёти ўрмон ҳаётидан қолишмас, кучли кучсизни хоҳлаганча эзар, бой камбағални истаганича ҳақоратлар эди. Инсониятнинг тенг ярми бўлган, онаси бўлган аёл зоти инсон ўрнида кўрилмас эди. У айшу-ишрат воситаси сифатида, ёки мол-мулк қаторида, ёхуд эркакни йўлдан оздирувчи шайтон суратида тасвирланар эди. Сиз туғилган юртда зулму зулмат булутлари янада қуюқлашган эди. Қизалоқлар тириклайин ерга кўмилар эди. Фақат Сиз барчасига барҳам бера олдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ўқиш-ёзишни билмайдиган саводсиз умматга пайғамбар бўлдингиз. Ҳақиқатан ҳам, ўша даврда дунё аҳолисининг кўп қисми саводсиз эди. Сизнинг қавмингиз бу борада энг пешқадамлардан эди. Шунинг учун ҳам Сизнинг пайғамбарлигингиз «Ўқи!» деган хитоб билан бошланди. Осмондан нозил бўлаётган бу нидо дунё дарвозасини, Сизнинг буюк қалбингиз эшигини уч бора чертди. Шу ондан бошлаб Сизга илоҳий ваҳий нозил бўла бошлади, олам узра зиё тарқади. Аслида Сиз ҳам саводсиз эдингиз. Аммо ҳар қандай инсонга нуқсон бўлган бу сифат Сиз учун шараф бўлди, мўъжиза бўлди.
Ё Расулаллоҳ! Саводсизликдан фикрлари ўтроқ бўлиб қолган, жаҳолат зулматида кўзлари кўр бўлаёзган, турли хурофотлар билан, номақбул одатлар билан суяги қотган кишиларни тарбиялаш албатта осон эмас эди. Аммо Сизнинг буюклигингиз шунда эдики, ана шундай халқдан бутун инсониятга абадул-абад намуна бўла оладиган етук бир авлодни етиштирдингиз. Бунинг учун Сизга кўп вақт керак бўлмади. Тақрибан йигирма йил. Жуда оз муддат. Кўз очиб юмгунча дея таъбир қилганимиз – бир инсон умрининг учдан ёки тўртдан бири. Саҳобаларингизнинг одамийлиги, ахлоқ-одоби, илмию солиҳ амали, ғайрату шижоати – барча-барча жиҳатлари инсоният учун зарбулмасал бўлиб қолди. Мана ўн тўрт аср ўтдики, улардек инсонларни топиш башарият учун ушалмас орзу бўлиб келмоқда.
Ё Расулаллоҳ! Сиз бир вақтнинг ўзида пайғамбар, муаллим, имом, воиз, маслаҳатгўй, қози, раҳбар, подшоҳ, қўмондон, меҳрибон эр, мушфиқ ота эдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Пайғамбарлик юкини кўтариш Сизга осон кечмади. Даставвал нима бўлаётганини ўзингиз ҳам тушунмадингиз. Ваҳийни илк бор қабул қилиб олганингизда бутун вужудингиз ларзага келди. Қўрқиб, уй томон чопдингиз. Аёлингизга бу ҳолатингиздан хавфсираётганингизни айтганингизда, у: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонга меҳмоннавозлик кўрсатасиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз», дея сизни тинчлантирди. Пайғамбарлигингиз ҳақида кишиларга айтишга энди киришган эдингиз ҳамки, кутилмаганда ваҳий тўхтаб қолди. Нима қилишни билмай қолдингиз. Одамлар Сизни маломатлаб, масхара қилишга тушди. Эҳтимол, сохта пайғамбар бўлганингизда дарров бир иложини топармидингиз. Аммо сиз ҳақ пайғамбар эдингиз. Аллоҳнинг буйруғини кутишдан бошқа илож йўқ эди.
Ваҳийни қабул қилиш кейин ҳам сизга осон бўлмади. Ҳар гал Қуръон оятлари нозил бўлганда вужудингизни титроқ босар, юзларингиз дам сарғайиб, дам қизариб кетар, совуқ кечаларда ҳам баданингиздан тер қуюлар эди. Ваҳийнинг залворидан остингиздаги туя чўккалаб қолар, танангизга теккан одамнинг  танаси ёрилиб кетаёзарди. Ваҳий нозил бўлган заҳоти уни кишиларга ўқиб эшиттирар, ўргатар эдингиз. Уни ёзув шаклида тўплатиб, сақлаб бориш ҳам Сизнинг зиммангизда эди.
Ё Расулаллоҳ! Пайғамбарлик дунёда Сизга фақат меҳнат ва машаққат келтирди. Аллоҳнинг рисолатини етказиш Сизни энг яқин қариндошларингиздан айирди, уларни энг ёвуз душманларга айлантирди. Бутун умр Сизни иззат ҳурмат қилган қавмингиз бир кунда сиздан юз ўгирди, юртингиздан ҳайдаб чиқарди. Айримлари Сизни даъватдан тўхтатиш учун катта-катта ваъдалар берди, Сизни ҳатто подшоҳ қилиб сайлашга ҳам рози бўлишди. Аммо уларнинг бирортаси сизни ҳақ йўлдан адаштира олмади. «Агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазсангиз ҳам, мен бу ишни тўхтмайман. Ё Аллоҳ Ўз ишини охирига етказади, ёки мен шу йўлда ҳалок бўламан», дедингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз дунё тарихидаги энг буюк муаллимсиз. Сиз одамларга туғилгандан то ўлгунча, эрталаб тургандан бошлаб, кечки пайт тўшакка ётгунча нимани қилиш керак, нимани қилмаслик керак – барча-барчасини бекаму-кўст ўргатдингиз. Уйқудан уйғонганда, ҳожатга борганда ва ундан чиққанда, дастурхонга ўтирганда ва ундан турганда, уйдан чиққанда, уйга қайтиб келганда, кўчада юрганда, уловга минганда, сафар қилганда, тепаликка чиққанда, пастликка тушганда, масжидга ва бозорга борганда, қўйингки, барча ҳолатда нима қилиш керак, қандай дуо ўқиш керак, – ҳамма-ҳаммасини ўргатдингиз. Бадан қандай покланади, кийим қандай тозаланади, нажосат тушган сув, овқат ва бошқа нарсалар нима қилинади – барчасини фақат Сиз ўргатдингиз. Ҳатто бир яҳудий Салмон Форисийга: «Сизларнинг пайғамбарингиз ҳожатга кирганда нима қилишни ҳам ўргатармишми?», деганида, зийрак шогирдингиз мағрурлик билан: «Ҳа, бундан бошқа нарсаларни ҳам ўргатади», деган эди.
Сиз ўзингиз ҳарф танимай туриб, бутун умматни дунёдаги энг саводли, илм-маърифатли, билимсевар авлод қилиб етиштирдингиз. Дунё тарихида дорулфунунлар, дорул-ҳикматларга илк бор Сизнинг шогирдларингиз, издошларингиз асос солдилар. Дунё кутубхоналарини тўлдириб, безаб турган асарларни ҳам айнан улар яратдилар. Ўнлаб билим юртларини тамомлаган олиму алломалар, мутафаккирлар Сиз қилган хизматнинг мингдан бирини ҳам қилиша олмади.
Ё Расулаллоҳ! Сиз дунёдаги энг биринчи масжиднинг биринчи имом-хатиби ҳам эдингиз. Саҳобаларингизга ҳар куни беш маҳал намоз ўқиб берар, жумъа намозларида уларга хутба ўқир, панд-насиҳат қилар эдингиз. Ҳаётингизнинг охирги кунларида икки киишига тияниб бўлса ҳам жамоатга чиқдингиз, одамларга намоз ўқиб бердингиз.
Сиз ваъз қилганингизда бутун жамоат бошқа бир оламга кўчиб ўтарди. Улар гоҳ йиғлашар, гоҳ хушнуд бўлишар эди. Дажжол ҳақида сўзлаб берганингизда уни дарахтлар орасидан қидириб қолганлари ҳам бежиз эмасди.
Ё Расулаллоҳ! Сиздек инсофли, фаҳму фаросатли масалаҳатгўй бўлмаган, бўлиши мумкин эмас. Саҳобаларингиз буни яхши билганлари, қолаверса, сизни чексиз севганлари туфайли оддий ишларда ҳам Сиздан маслаҳат олишга ошиқишарди. Чунки Сиз доимо: «Қайси бир мўминдан биродари маслаҳат сўраса-ю, унга самимий маслаҳат бермаса, унга хиёнат қилибди», дея уқтирар эдингиз ва ўзингиз бунда энг гўзал намуна кўрсатардингиз.
Ё Расулаллоҳ! Инсоният тарихидаги энг фаол, одил ва доно қози, шубҳасиз, ўзингизсиз. Одамлар бор жойда келишмовчилик бўлар экан. Кишилар турли масалаларда тортишиб, олдингизга келаишар эди, Сиз уларни адолат ила ҳал қилиб берар эдингиз. Ҳатто душманларингиз ҳам ўзаро келишолмай қолишса, ўрталарида сизни ҳакам қилишар эди.
Ё Расулаллоҳ! Зиммангизда ўзингиз яшаб турган жамиятнинг раҳбарлиги ҳам бор эди. Раиятни турли ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилиш, бунинг учун эса давлатчиликни мустаҳкамлаш керак эди. Гоҳида бу йўлда жонни тикиб, жангга чиқишга тўғри келарди. Ҳазрат Умар ва Алийдек паҳлавонлар ҳам майдонда ғайрат-шижоатни Сиздан ўрганишар, қувватни Сиздан олишар эди.
Ё Расулаллоҳ! Сиз дунёдаги энг серибодат обид эдингиз. Кундузлари бир неча маҳал намоз ўқишдан ташқари, кечалари ибодат билан бедор бўлар эдингиз. Кўп тик турганингиздан товонларингиз шишиб кетар эди. Рамазонда эътикоф ўтирар, масжидга капа тикиб, ўша ерда Роббингизга ёлғиз ҳолда ибодат қилар эдингиз. Саҳарлардаги кўз ёши аралаш қилган ибодат ва илтижоларингизни кўриб, ажабланиб: «Аллоҳ сизнинг гуноҳларингизни кечирган бўлса, жаннатдаги мақомингиз аниқ бўлса, бунчалар машаққат тортишингиз нечун?», дейишса, Сиз: «Шукр қиладиган банда бўлмайинми?!», дер эдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ўта омонатдор ва ростгўй зот эдингиз. Сизни ҳатто душманларингиз ҳам «Амин» – омонатдор, ишончли одам дейишарди. Улар Сизни ёмон кўриб, Сизга қарши қўлидан келган ёвликни қилишга интилиб турган кезлари ҳам, агар бирор нозикроқ омонатлари бўлса, сизга топширишар эди. Ҳатто ҳижрат қилиб, Маккадан чиқиб кетаётган кечангизда ҳам уйингизда энг катта душманларингизнинг омонат бойликлари бор эди. Сиз уларни эгаларига етказишни Алийга топшириб чиқиб кетдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ўта ҳаёли эдингиз. Аллоҳдан ҳам, бандалардан ҳам ҳаё қилардингиз. Барча ҳолларда юзингизда ҳаё барқ уриб турарди. Сиз: «Ҳар диннинг хулқи бор. Исломнинг хулқи ҳаёдир», дердингиз. Сиз ҳаёсизликдан шунчалар ҳазар қилардингизки, ҳатто: «Аллоҳим, менга ҳалим олдида ҳаё қилинмайдиган замон етмасин», дея илтижо этардингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ўта раҳм-шафқатли, меҳрибон, мулойим зот эдингиз. Роббингиз Ўзи Сизни шундай таърифлаган эди. Сиз нафақат инсонларга, балки бутун мавжудотларга раҳм-шафқатли эдингиз. Шунинг учун ҳам Сиз бутун оламларга раҳмат бўлдингиз. Сиз ҳамиша: «Раҳмлиларга Раҳмон раҳм қилар. Ердагиларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм қилади», дея уқтирардингиз. Жонингизга қасд қилиб, сизни заҳарлаган яҳудий кампирга ҳам шафқат қилдингиз, уни кечириб юбордингиз. Сизга салом бериш ўрнига ўлим тилаганларга ҳам ўлим тиламасдингиз. Сизнинг бу карамингизни тушунишга бироз қийналганларга: «Йўқ! Сизлар доимо мулойим бўлинглар, зеро, мулойимлик ҳар бир нарсани зийнатлайди», дер эдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Дунё Сиздек сахийни кўрмаган. Сахийлигингиз туфайли дунё бойликлари қўлингизда бўла туриб, фақир яшадингиз. Тиланиб келган бир ғариб аёлга жуфти ҳалолларингиз бутун уйни титкилаб қараб, иккита хурмодан бошқа нарса топиша олмади. Эсимда, бир яҳудийдан рўзғор учун буғдой сотиб олганингизда шу озгина егуликка ҳам нақд пулингиз етмай, уни насияга сотиб олдингиз, гаровга қўйишга эса темир совутингиздан бошқа нарса топилмади. Ҳолбуки, сиз ўшанда Мадинанинг подшоҳи эдингиз.
Сиз дунёдаги энг сахий одам эдингиз. Аммо Рамазонда Жаброил алайҳиссалом ҳузурингизга Қуръон такрорлатгани тушган кезлари саховатингиз олдида дунёнинг ҳотамтойлари бахил бўлиб кўринар эди. Қўлингизда бир танга қолмагунича бор нарсани улашиб юборар эдингиз.
Кейин билсак, ўшанда ҳаётингизнинг охирги кунларини яшаётган экансиз. Эгнингизда янги тўқиб, тикилган бир чопон билан масжидга чиқдингиз. Шунда бир бадавий кийимингизни ёқтириб қолди. Сиз уни дарҳол ечиб, ўша аъробийга кийгизиб юбордингиз. Кейин ўзингиз учун шу кийимдан яна битта буюртма бердингиз. Бироқ, ўша кийим ҳали тўқувчининг қўлидалигида ҳаётдан кўз юмдингиз. Янги кийим Сизга насиб бўлмади.
Ё Расулаллоҳ! Сиз дунё ҳузур-ҳаловатларига интилмас эдингиз. Икки кун кетма-кет тўйиб таом емаган эдингиз. Тўйиб буғдой нон емадингиз. Гоҳида очликдан қорнингизга тош боғлаб олардингиз. Бошқалар биттадан боғласа, сиз иккита боғлаб олар эдингиз. Аёлларингиз бироз аёллигига бориб, оз-моз дунё неъматларидан беришингизни сўрашди. Шунда Сиз уларга ё охират ажру савобини, ёки ажрашишни танлаш ихтиёрини бердингиз, бу борада, зарур топсалар, ота-оналари билан маслаҳатлашишлари мумкинлигини айтдингиз. Ўшанда эрка жуфти ҳалолингиз Оиша: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен ота-онам билан шуни маслаҳатлашаманми?! Ахир, мен Сизни танламай, дунёни танлармидим?!», деди. Сизнинг тарбиянгизни олган бу аёллар ҳеч иккиланмай Сизни – охират мукофотини танлашди. Чунки улар Сиз учун жонларини ҳам беришга тайёр эдилар.
Ийло қилиб, қазноққа кириб ўтирганингизда ҳузурингизга кирган Умар уйингизда учта ошланган теридан бошқа яроқли нарса йўқлигини кўриб, сизга ачингандек бўлди ва: «Аллоҳга дуо қилинг, умматингизга кенглик берсин. Зеро, Форс ва Румга кенглик берилган ва уларга мол-дунё ато этилган, ваҳоланки, улар Аллоҳга ибодат қилмайдилар», деди. Шунда сиз хотиржамлик билан: «Сен шакдамисан, эй Ибн Хаттоб? Улар ҳузур-ҳаловатлари тезлаштирилган қавмдирлар», дедингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ҳақиқий оилапарвар эдингиз. Болаларингизнинг онаси Хадижа вафот этганда ёш қизчаларнинг тарбияси учун кекса аёлга – Савдо онамизга уйландингиз. Бироқ, қизларни тарбия қилишда ва оиладаги бошқа ишларда ўзингиз ҳам четда турмадингиз. Охир замон пайғамабари бўлишингизга қарамай, бутун бир уммат ташвишини чекиш билан бир қаторда оила юмушларини ҳам ўрнида бажарар эдингиз. Уй ичида аёлларингизнинг ишларига кўмаклашардингиз, қўй-эчкиларни ўзингиз соғардингиз, кийимларингизга ўзингиз ямоқ солардингиз.
Сиз оилангиз ҳаққини ҳам тўла адо этдингиз. Ҳатто тунда туриб ибодат қилмоқчи бўлсангиз, аёлингиздан ижозат сўрардингиз: «Аслида ҳозир сен билан бўлишим керак, аммо Роббимга ибодат қилгим келяпти. Агар рухсат берсанг, ибодат қилсам», дердингиз.
Сиз барчани оила қуришга тарғиб қилдингиз, никоҳсиз юришдан қатъий қайтардингиз. Ҳатто «Ким оила қуришдан юз ўгирса, мендан эмас», дердингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ўта болажон эдингиз. Ҳатто нубувват мўҳрингизни ўйнаётган қизчани отаси койимоқчи бўлган эди, сиз бунга йўл қўймадингиз. Жигаргўшангиз Зайнабнинг болалари намоз ўқиётганингизда бўйингизга осилиб олишса ҳам, сиз улардан малолланмасдингиз. Масжидда хутба қилиб турганингизда ёнингизга суюкли набираларингиз ўйнаб келиб қолишганда минбарда ўтирган ҳолингизда уларни қучоқларингизга олиб, эркалатар эдингиз. Сизнинг бу хислатингиздан ажабланган кишиларга: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», деб қўярдингиз. Саҳобаларингиз Сизни хушнуд қилмоқчи бўлишса, сизга болаларни рўбарў қилишарди. Жангдан толиқиб келганингизда ҳам Сизни болакайлар билан қарши олишар эди.
Ё Расулаллоҳ! Сиз энг яхши дўст эдингиз. Беморларни бориб кўрар, вафот этган мўмин-мусулмонларининг жаноза ва дафнларида қатнашар эдингиз. Ўлим тўшагида ётган бир яҳудий йигитни кўргани борганингизда у Сизнинг ташрифингиз баракасидан Ислом неъматига мушарраф бўлган эди. Масжидга қатнайдиган бир кампир кўринмай қолганида у ҳақда одамлардан сўрадингиз, улар кампирнинг вафот этганини айтишди. Шунда унинг жаноза ва дафнига қатнаша олмаганингиздан афсусланиб, кишиларни бироз койидингиз ҳам.
Ё Расулаллоҳ! Ҳақиқатан ҳам, хулқингиз буюк эди. Парвардигор Сизни бежиз бундай таърифламаган. Ахлоқу одобингиз дўсту душманни ўзига ром қилиб қўйганди. Сиз барчага табассум билан юзланардингиз ва: «Биродарингга очиқ юз билан қарашинг ҳам садақа», дердингиз. Жуда ширинсўз, хушмуомала эдингиз. Доимо оҳиста сўзлардингиз. Қўпол, беҳуда гап-сўзлар Сизга тамоман ёт эди. Ҳазил-мутойибангиз ҳам фақат кишини хушнуд қиларди. Бирор кишига қаттиқ гапирмадингиз. Ҳатто ўн йил хизматингизда турган хизматкорингиз Анас бирор марта «уфф» деганингизни эшитмади. Сизни ўлдириш учун ҳузурингизга келган душман Сизни яхши кўриб қолиб, олдингиздан мухлис мусулмон бўлиб чиқиб кетар эди. Буни яхши билган душманларингиз сизга элчи жўнатганида унга сиз билан гаплашмай, тезда ортга қайтишини қаттиқ тайинлашарди ҳам.
Ё Расулаллоҳ! Сизни кўргим келиб, таърифингиз билан безанган битикларга тикилдим: бўйингиз ўртабўйдан сал тикроқ, ўта узун ҳам, паст ҳам эмас. Қоматингиз рост, аммо камтарлигингизни намоён қилмоқда. Рангингиз оқ, юзларингизга бироз қизиллик аралашган. Бошингизнинг катталиги кенг елкангизга айни мос. Пешонангиз кенг, тақдирингиздан нишона, ўзингизга жуда ҳам ярашган. Юзларингиз думалоқдан келган, тўлин ойдек порлаб турибди. Ним табассум чеҳрангизни янада кўркамлаштириб юборган. Кўзларингиз йирик, бироз ичкарига ботган. Ҳар қандай одамни сеҳрлаб қўяди. Уларда самимият ва табассум барқ уриб турибди. Жиякларига сурма сурилгандек. Киприкларингиз, ёйдек қошларингиз ҳар қандай манзарадан гўзал. Қирра бурнингиз қоядек салобат бахш этмоқда. Кенг оғзингиз ичра маржондек терилган дур тишларингиздан нур чиқиб тургандек. Соқолингиз қалин, қоп-қора, бир-иккита оқ ҳам аралашган. Сочингиз жингалак ҳам, силлиқ ҳам эмас, бироз тўлқинсимон. Уларнинг доим парвариш қилиб турилиши шундоқ билиниб турибди. Қўл-оёқларингиз, қад-қоматингиз бир-бирига шунчалар мутаносибки, ҳар қандай киши ҳайратда қолмай иложи йўқ. Кафтингиз ипак матодек юмшоқ, оёқларингиз йирик, товонинггиз анча гўштли. Терингиздан уфуриб турган муаттар ҳид дунёдаги ҳар қандай атирдан ёқимли. Юрсангиз, ер оёқларингиз остига ўралиб, кириб кетаётгандек кўринади. Бир кўрган одам ҳайбатингиздан ўзини йўқотиб қўяди. Сиз билан яқинроқ танишгач, бироз бирга юргач, Сизни севиб қолиши аниқ. Сизни бир кўрган киши сиздан олдин ҳам, кейин ҳам ҳеч бир ўхшашингизни кўрмаганини тан олишдан бошқа илож топа олмайди. Сиз ҳам ойнага қараганингизда ўзингиздаги бу баркамолликни эътироф этгандек: «Аллоҳим, хилқатимни гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин», дер эдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Саҳобаларингиз Сизни еру кўкка ишонишмас эди. Сиз учун молу жонларини беришга доим тайёр эдилар. Улар Сизнинг исмингизни айтишга ҳам журъат қилишмас, Сизга «Эй Аллоҳнинг Расули», «Эй Аллоҳнинг Набийи», деб мурожаат қилишар, «Халилим», «Ҳабибим», дея Сизни тилга олишар эди. Таҳорат олганингизда томган сув томчиларини юз-қўлларига сурардилар. Тупигингиз ерга тушмасди. Соч олдирганингизда сочингиз толаларини талашиб, уришиб кетай дейишарди. Қон олдирганингизда муборак қонингизни ерга тўкишга кўнмай, ичиб юборишарди. Булар бежиз эмас эди. Сиз аслида бундан-да ортиқ иззатга лойиқ эдингиз.
Ё Расулаллоҳ! Сизни жуда ҳам соғиндик, жуда ҳам. Афсуски, дунёда Сизни кўриш бизга насиб бўлмади. Аммо, Аллоҳга шукр, Сизга иймон келтирганмиз. Бироқ, муборак чеҳрангизга термилиш шавқи юракларимизни ўртамоқда. Гўзал қироатингиз, ширин сўзларингизни тинглагимиз келади. Нима қилсак экан, Ё Расулаллоҳ! Нима қилсак экан... Тушларимизга кирсангиз-чи?! Ё Расулаллоҳ!
Ё Расулаллоҳ! Сиз ҳақиқатан ҳам башариятнинг гултожисиз. Сизнинг инсониятга қилган хизматингиз, яхшилигингиз чексиз. Мана ўн тўрт асрдирки, Сиз ёққан машъала бир зум ҳам ўчмай порлаб турибди. Унинг зиёсидан миллионлаб, миллардлаб инсонлар икки дунё саодат йўлини, жаннат йўлини топган ва топмоқда. Ундан бебаҳра қолганлар, ундан қочганлар эса ҳаёт сўқмоқларида қоқилиб, дўзах қаърига йиқилмоқдалар.
Ё Расулаллоҳ! Сиз ёққан машъала қалб кўзи кўр кишиларга ёқмади, улар кўрнамак бўлдилар. Бундай кишилар асрлар оша машъалангизни оғизлари билан ўчиришга ҳаракат қилиб келишди ва келишмоқда. Улар ўз ўтмишдошларидан ҳам ибрат олишмаяпти. Аммо улар пуфлаган сари машъалангиз олови аланга олиб, янада кучлироқ порламоқда, унинг нури янада кенгроқ тарқамоқда.
Ё Расулаллоҳ! Сиз бутун инсониятга дўстсиз. Ким Сизга душман бўлса, бу Сизни танимаганидандир. Агар таниган бўлса, ҳиқду ҳасад туфайлигина, ҳавойи нафсининг ўлчови билангина Сизга душман бўлади. Агар Сизни танишса ва инсоф қилишса, душманларингиз ҳам Сизни севиб қолиши аниқ. Бунга тарих гувоҳ.
Ё Расулаллоҳ! Сиз меҳрибон раҳбар бўлиш баробарида адолатсизликка қарши кескин курашардингиз. Табиики, Сизнинг бу хислатингиз ҳавойи нафсига эргашган манқурт кимсаларга ёқмас эди, улар сизга душманлик этишга ҳаракат қилишди. Ахир, қозининг қамчиси жиноятчига ёқмаса, қозида нима айб?!
Ё Расулаллоҳ! Душманларингиз Сизни одамийлигингиз сабаблигина ёмон кўришди. Уларга бу адоват иблисдан ўтган. Иблис Одамга одамлиги учун душман бўлган эди.
Ё Расулаллоҳ! Инсон суратидаги айрим махлуқлар Сизни масхара қилишганидан кўп ҳам ажабланмаймиз. Чунки улар ўзларининг маймундан тарқаганларини даъво қилавериб, маймунтабиат бўлиб қолишган. Маймунларнинг энг ақллиси нари борса масхарабозлик қилади, инсонларни масхаралайди. Бу нобакорларни ўша маймунларга ўхшатиш мумкин, холос. Роббимиз Сизга ваҳий қилгани ва буни ўзингиз бизга таъкидлаганингиздек, Сизнинг шаънингизга нолойиқ сўз айтганларнинг думи кесилган, насли узилгандир. Бу илоҳий башорат бугунги кунда рўй-рост намоён бўлмоқда...
Ё Расулаллоҳ! Очиғини айтганда, уларнинг бу қилмишларига бизнинг хатоларимиз ҳам сабаб бўлмоқда. Биз Сизнинг насиҳат ва кўрсатмаларингизга эргашмадик. Сизни танимадик, танитмадик. Сиз бизни дунёга меҳр қўймасликка, охиратга интилишга ўргатган эдингиз, биз бунинг аксини қилдик. Сиз бизни илм-маърифатга, изланишга, фойдали ишларга интилишга ўргатган эдингиз, биз жаҳолат сари юриб, бефойда нарсалар билан банд бўлиб қолдик. Сиз бизга иттифоқ бўлишни, ака-ука бўлишни буюрган эдингиз, биз ихтилоф қилдик, ўзаро душман бўлиб олдик. Сиз бизга душманни душман, дўстни дўст деб билишга ўргатган эдингиз, биз дўстни душман, душманни дўст тутдик. Сиз бизнинг ғайрат-шижоатли, куч-қувватли бўлишимизни уқтирган эдингиз, биз дангасалик, қўрқоқлик билан дунёда донг таратиб улгурдик. Аждодларимиз Сизнинг насиҳатингизга амал қилган даврларда дунёнинг энг пешқадам инсонлари бўлишган эди. Улар нафақат Сизни, балки мушугингизни ҳам ҳақорат қилинишга йўл қўйишмаган эди. Бунга ҳеч ким ботина олмасди ҳам. Агар биз ҳам Сизга муносиб уммат бўлганимизда, бошқалар бугунгидек ҳақоратларга журъат қила олмасдилар.
Ё Расулаллоҳ! Бизни кечиринг, бизни авф этинг. Олдингизда ҳижолатдамиз, айбдормиз...

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri