Оламларга раҳмат пайғамбар Принтер учун
08.01.2014 й.

Оламлар сарвари, Коинот фахри, пайғамбарларнинг  охиргиси, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган набий Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган муборак кун ва ойларини нишонлаётган ушбу кунларда, у зотни барча яқинларимиздан ҳам, ота-онамизу фарзандларимиздан ҳам, ҳатто ўзимиздан ҳам яхши кўришга буюрилганмиз.  Аллоҳнинг Расулини яхши кўриш имонимизнинг белгисидир, у зотни яхши кўришимиз Аллоҳ  таолони севишимиздир.

Биз Расули акрамни ҳаммадан кўра, ҳатто бизларни туғиб-тарбиялаган ота-оналаримиздан ҳам, жигаргўшаю яқинларимиздан ҳам, аҳли-аёлимизу содиқ дўстларимиздан ҳам яхши кўрамиз. Чунки буни Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир...” .(“Аҳзоб” 6-оят ).

Чунки буни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ҳал бизга таълим берганлар: “Банда наздида  унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал бўлмагунимча, у (комил) мўмин бўла олмайди” (Муслим ривояти). Бизлар нечун охирзамон Пайғамбарни севмайликки, у кишининг дунёга келишлари туфайли Аллоҳ таоло инсониятни ширк ва куфрдан халос этиб, нурли имон ва тавҳид зиёси ила мунаввар этди.

Нечун у зотни севмайликки, Муҳаммад алайҳиссалом инсониятни залолат зулматидан ҳидоят нурларига олиб чиқдилар. Нечун у зотни севмайликки, Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишини “Ҳабибим”  дея шарафлаган бўлса, оламларга раҳмат қилиб юборган бўлса! Аллоҳнинг Ўзи “Сен бўлмаганингда бу коинотни яратмаган бўлар эдим”, деган бўлса! Ҳатто Жаброил алайҳиссаломдай улуғ фаришта Сидратул Мунтаҳога етганда: “Мен сўнгги чегарадаман, сиз давом этаверинг!” деган бўлса!

Бу севгини бизларга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг содиқ саҳобалари, у зотнинг издошлари ўргатиб кетишган. Саҳобалар  Набийнинг (алайҳиссалом) ҳар бир сўзларини ҳеч бир тараддудсиз  ишонч билан қабул қилишди. Улар Ислом шавкати йўлидаги ғазотларда у зотни ва у киши олиб келган динни шерларча ҳимоя қилишди. Улар учун бунга мол-дунёларини, жонлари ва қонларини, энг яқинларини  тикиш ҳеч нарса эмасди. Улар ҳатто Расулуллоҳдан тушган бир дона мўйни, таҳорат қилган сувлари томчиларини, туфлаган тупукларини талашиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дейишарди. Уларнинг авлодлари эса мана ўн беш асрдирки, Аллоҳнинг Расули йўлларини маҳкам тутиб, суннатларига содиқ бўлиб келишяпти.

Бу севгининг кўринишларига тарих кўп гувоҳ бўлган. У зотнинг вафотларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар  (розияллоҳу анҳу) саҳрода кетаётиб бир жойга етганда туясидан тушар ва энгашиб ўтар экан. Бунинг сабабини сўраганларга,   “Шу ерда бир дарахт бор эди, Ҳазрати Расулуллоҳ унинг тагидан худди шундай энгашиб ўтардилар”, деб жавоб берган. Имом Моликдай зот ҳам дунё  ишларида Набийга тақлид қилишда машҳур эди: Мадинаи Мунавварада бирор марта уловга миниб юрмади, равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирди. Улуғ сўфий шоир Аҳмад Яссавий “Пайғамбар ёшидан кейин менинг бу тупроқ устида юришим ҳаромдир”, дея охирзамон Набийига садоқатини изҳор этиб, ер остида умр ўтказди. Увайс Қараний эса Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир тишлари сингани  хабаридан сўнг сингани қай бири эканини билолмай барча тишларини ўзидан бегона қилди ва Аллоҳнинг Расулига садоқат завқидан масрур бўлди.  Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг  шаҳид бўлганини эшитган аёл “Менга Расулуллоҳни кўрсатинглар, у зотни бир кўрай”, деди. У зотни кўрганидан кейин,  “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган мусибатлар ҳечдир”, деди. Бундай мисолларнинг сон-саноғи йўқ!

Севги шундай нарсаки, бировни куч ёки сийлов ёрдамида севдириб бўлмас! Охирзамон пайғамбарини фақат мусулмонларгина эмас, инсофли ғайримуслимлар ҳам эҳтиром  қилишганига   тарих гувоҳ. Биргина мисол: олмонларнинг холис ниятли улуғ шоири Гёте шундай деган экан: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдимки, дунё подшоҳлари тўплаган  жамики салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан”.

Расули акрамга эргашиш Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бизнинг йўлимиз Ҳазрати Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи  васаллам) суннатларига эргашиш йўлидир.  Имон тақозоси – Аллоҳ таолога ва Унинг элчисига итоатдир. Пайғамбаримиз исмларини тилга олганимиз ҳамоно салавот айтиб улуғлаш керак. Чунки Пайғамбарга (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг Ўзи олдин салавот ўқиди, сўнгра фаришталарига буюрди, ундан кейин мўминларга у кишига салавот йўллашни амр этди. Шунинг учун Пайғамбарга (саллоллоҳу алайҳи васаллам) салавот айтиш ибодатдир.  Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуда кўп ҳадиси шарифлари бор:

Жубайр ибн Мутъамдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг бир неча исмларим бор: мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман – ўчирувчиман, Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен Ҳоширман – тўпловчиман, Аллоҳ менинг оёқларим олдига одамларни жамъ этади. Мендан кейин бирорта пайғамбар келмайдиган Оқибман”, дедилар. Батаҳқиқ, Аллоҳ у зотни Рауф ва Роҳийм деб атаган” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп салавот айтадиганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Зуҳра ибн Маъбуднинг (розияллоҳу анҳу) боболаридан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан севимлисиз”, деди. Шунда Расули акрам: “Сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди”, дедилар. Ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз”, деди. Расулуллоҳ: “Ана энди тўғри бўлди, эй Умар ”,  дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Банда наздида унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан  афзал бўлмагунимча у (комил) мўмин бўла олмайди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ    саллоллоҳу алайҳи васаллам  айтдилар: “Қиёмат куни жаннатнинг эшигига келиб очишни сўрайман. “Сен  кимсан?” дейилади. “Муҳаммадман”, дейман. “Сенга амр қилинганман. Сендан олдин ҳеч кимга очмайман”, дейилади” (Имом Муслим ривояти).

Абу Саъид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ   саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Абу Саъид, ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни расул деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Менга нисбатан ёлғон тўқиманглар. Албатта, ким менга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахга киради” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набий сўраганини сўраган ёки ҳар бир Набий ўз дуосини қилди ва ижобат бўлди. Мен ўз дуоимни Қиёмат куни умматимга шафоат қилдим”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Биз Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) умматлари доимо ул зотдан ўрнак олиб яшашга, солиҳ амаллар қилишга, барча инсонлар билан тинч-тотувлик, бағрикенглик асосида яшашга интилишимиз даркор. Аллоҳ таоло  барчамизни ўзини ҳидоят йўлига музаффар айласин.

 

Абдулхамид ТУРСУНОВ,

Диний идора Фатво бўлими мудири

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort