Аёл инсоният тарихида Принтер учун
28.01.2014 й.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: “Дунё вақтинча фойдаланиладиган матодир, унинг хайрли матоларидан бири солиҳа аёлдир”. Таомилдаги фикрларга хилоф равишда, Ислом оила ва жамиятда аёл кишининг ўрнини юқори қилиб қўйган.
Бу даъво дунёдаги деярли барча ахборот воситаларининг тахминларга асосланган хабар ва репортажлари соясида ҳақиқатга хилоф бўлиб туюлиши мумкин. Шунинг учун муслима аёлнинг мавқеи тўғрисида сўз юритишдан аввал, келинг, тарихга кичик бир саёҳат қилайлик.

Аёл киши қадимги дунёда

“Аёл кишидан кўра ҳам зарарлироқ нарса йўқ” (Гомер).
Машҳур қадимги юнон шоирининг ушбу қисқагина ибораси қадимги дунёда эркакларнинг аёлларга бўлган муносабатларини аниқ таърифлайди. Қадимда аёл киши эрининг уйида унинг рухсатисиз ҳатто ўз шахсий мулкига ҳам эгалик қилолмайдиган, ҳақ-ҳуқуқсиз бир чўри бўлган. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, аёл киши “эри билан тўшакни баҳам кўриши мумкин бўлган, аммо овқатни эмас”. Эркакнинг назарида аёл киши буюм, мебел, сувенир ёки бир маҳсулот каби бўлса бўлгандир, аммо ҳурматга сазовор инсон бўлмаган.
Қадимги Юнонистонда хушрўй аёлнинг нархи бир неча бош қорамол қийматига тенг бўлган. Гомер айтганидек, “бир хотин учун тўртта ишлайдиган ҳўкиз”. Қадимги юнонлар аёл кишига бўлган ишқий эҳтиросни касаллик деб ҳисоблаганлар. “Аёл кишига бўлган муҳаббат – оғу”, - деган эди Суқрот. Арасту эса: “...аёл киши - табиат томонидан расвоси чиқарилган эркакдир”, - деган. Эзоп эса “олов, аёл ва денгизнинг уч офат” эканига амин бўлган.
Қадимги Римда бир умрга бокира бўлиб қолиш ҳақидаги назрни бузган коҳиналарни қатл қилишган. Рим қонунларига мувофиқ, эркаклар ўзлари сотган, сотиб олган, кўпинча эса ўлдириб юборган хотинларини тирик қолдириш ёки ўлдириш учун тўлиқ ҳақ-ҳуқуққа эга эдилар.
Қадимги Ҳиндистонда қизларни ёшлигидан бошлаб ибодатхонадаги фоҳишалик касбига тайёрлашган. Келажакда улар Вишну маъбудаси ибодатхонасининг доимий хизматчиларига айланган ва исталган табақадаги эркакларга хизмат кўрастишган. Ҳаттоки энг аслзода оилалар ҳам, ўйлаб ўтирмай ўз қизларини ана шундай ўзига хос ибодатга бағишлаганлар. Ҳиндистонда эр ўлган тақдирда хотинини ўлган турмуш ўртоғи билан бирга тириклайин ўтда ёқишган. Бу ваҳшиёна одат Ҳиндистоннинг баъзи вилоятларида ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
Фижи оролларида ҳар қандай аёл югуриш мусобақалари вақтида уни тутган эркакнинг мулкига айланган. Бу пайтда аёл кишига бўлган хусусий мулкчилик бекор қилинган.
Ниссауда бева аёллар барча ҳамқишлоқларининг мулки ҳисобланган. Кўпинча бевани семиртириб, сўнг жамоат мулки сифатида ейишган.
Баъзи халқларда куёвнинг дўстлари, яқинлари ёки тўйга таклиф қилинган кишилар келинга тўлиқ ҳақли бўлишган, бу ўринда куёвнинг ўзи навбатнинг охирига тушиб қолган. Бу ҳолат Балеар оролларида ва Африка авгилларида мавжуд эди, Абиссиниядаги бареа қабиласида эса ҳозирги вақтда ҳам амалда.
Қадимги халқларнинг аксариятида қабила ёки оила сардори, шомон, хон, коҳин, княз ёки қандай ном билан аталган бўлса ҳам ҳар қандай мансабдор шахс келинга нисбатан биринчи тунни бирга ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланган. Алясканинг кўпчилик халқларида ва бошқа миллатларда биринчи тун ҳуқуқи одати ҳозирда ҳам бор. Бундай одат Ислом келгунига қадар Доғистон халқларида ҳам тарқалган эди.
Шимолий Америкада тўнғич қиз билан турмуш қураётган эркак маълум ёшга тўлишлари билан унинг бошқа барча сингилларини ҳам хотин қилиб олган. Жанубий Америкада, расм-русумларга мувофиқ, аёлларнинг бош шаклини ўзгартиришган. Мундугуморларда эркаклар ўз қизлари ва опа-сингилларини янги хотинларга алмашишган.
Эскимосларда қизлар жуда кўп деган назарияга асосланган ҳолда, чақалоқ қизларни ўлдириш тарқалган эди.
Қадимги Хитойда хонадонга келин келиши муносабати билан уйда уч кун қатъий мотамга риоя қилинган ва ғамгинлик ҳукм сурганки, бу нарса у келиннинг руҳини руҳий жиҳатдан синдириши лозим эди. Хотин эридан муҳтамал жудо бўлиши борасида бутун умр мотамсаро ва хафа бўлиб юрмоққа маҳкум эди. Хотин эрига мурожаат қилиши учун эса ҳар куни қаттиқ маросим қоидаларига риоя қилиши: эрталаб хўрознинг биринчи қичқириғи билан оғзини алоҳида эътибор билан тозалаши, қўлларини ювиши, тараниши, сочларини сочтўғноғичлар қадаб тўғрилаши ҳамда турли юксак васф ва ибораларни ишлатган ҳолда худди шоҳга мурожаат қилаётгандек эрига мурожаат қилиши лозим эди.
Мисрда эр хиёнати учун хотинини зудлик билан ўтда ёққан, эрнинг хиёнати эса қораланмаган. Оссурияда агар аёл уйидан қандайдир нарсани олиб чиқадиган бўлса, ўғри саналган ва эри хотиржамлик билан унинг қулоқларини кесиб ташлаган. Эрининг ўлимидан сўнг хотин тўла унинг оиласи ихтиёрида қолган ва унинг қариндошларидан бирига эрга тегишга мажбур бўлган.
Қадимги Перуда чиройли қизларни оқсуякларга ўйнаш қилишган, қолганлари эса аёлларнинг катта ибодатхоналарида тўқувчи бўлганлар. Қадимги Русда никоҳ деган нарса умуман бўлмаган. Қизларни чекланмаган ададда олиб қочиш ва ўғирлаш йўли билан қўлга киритганлар.
Арабларда Ислом келгунига қадар янги туғилган қизларни кўпинча тириклайин кўмишган. Яҳудийларда Мусо алайҳиссалом келгунларига қадар ҳар бир ота ўз қизини келишувда белгиланган маълум муддатга ўйнаш қилиб сотиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу ўринда қиз ҳеч нарсага эга бўлмаган, бу сотувдан олинган пуллар тўлалигича ота ихтиёрига келиб тушган.
Конгода ҳомиладор аёлдан ёқимсиз ва жирканч нарсадан қочгандай ўзларини четга олишган. Африка, Америка ва Полинезиянинг кўпгина халқларида ўз хотинларини меҳмонларга ёки умуман қишлоқ яқинида тўхтаб ўтиб кетаётган сайёҳларга вақтинчалик фойдаланишга бериб туриш меҳмондўстлик расмларидан деб қабул қилинган.
Финикияда оталар ўз қизларини ажнабийларга фойдаланишга беришган, Экваториал Африкада ҳам шунга ўхшаб, эрлар ўз хотинларини бой чет элликларга жон деб таклиф қилишган, чунки бунинг орқасидан яхшигина даромад топишган. Бу каби мисоллар жуда кўп. Бироқ қадимда эркакларнинг аёл кишига бўлган муносабатини тушуниш учун юқорида келтирилган мисоллар кифоя қилади.

Аёл киши яҳудийлик динида

“Хотинига деди: кўпайтиришда ҳомиладорлигингдаги қайғуингни ошираман; фарзандларни оғриқ билан туғасан; сенинг муҳаббатинг эринг учундир ва у сенга тўла хўжайин бўлади”. (Инжил; 3:15).
Яҳудийлик динида аёл киши ниҳоятда ачинарли мавқега эга. Яҳудларнинг диний-ҳуқуқий кодекси Талмудга асосан, эр агар хотини унинг уйида биргина ликопчани синдириб юборса ёки эр ўз хотинидан кўра чиройлироқ бошқа аёлни топса, ажрашиш ҳуқуқига эга бўлади.
Умуман олганда, яҳудийлар қонунида Гиллет мактаби фикри юқори ўрин тутади. Унга кўра, эр ҳеч қандай сабабсиз ажрашиш ҳуқуқига эга.
Талмуд, шунингдек, яҳудийдан, агар хотини кўчада бирон нарса еган ёки ташналик билан ичган бўлса, кўчада кўкраги билан эмизса, ўн йил давомида ҳомиладор бўлмаса, хотинига талоқ беришни талаб қилади. Хотиннинг ўзи эса ажрашиш ҳуқуқига эга эмас.
Яҳудийлик аёл кишига оила ва жамиятда қаттиқ бўйсунувчи мавқеини берган. Аёл киши маҳкамада гувоҳ бўла олмайди, кўчага ёпинчиқсиз чиқиш ҳуқуқига эга эмас. Талмудга кўра, хотин - ўз эрининг итоаткор чўрисидир. Ҳар бир диндор яҳудий ҳар куни дуо қилиб, уни аёл қилиб яратмаганлиги учун Худога шукр айтади, аёл киши эса дуосида уни эрига итоат қилиши ва бўйсуниши учун яратганлиги туфайли Худога шукр айтиши шарт.

Аёл киши насронийлик динида

“Эй, хотинлар, эрларингизга Худога итоат қилгандек бўйсунингиз, чунки эр Масиҳ Черков раҳбари бўлгани каби оила бошлиғидир...” (Инжил, Ефесликларга мактуб, 5).
Насронийликда аёл киши Одам алайҳиссаломнинг осий бўлишларида ва шундай экан, қолган бутун инсониятнинг осийлигида айбланган. Инжилда айтилганидек: “...Одам мафтун бўлмади; аммо аёли мафтун бўлиб, жиноятга тушиб қолди”.
Айбловлар ва умуман насроний руҳонийларининг аёл зотига нисбатан муносабати бутун Европада ва қолган насроний дунёсида аёл кишига нисбатан ўта салбий муносабатни келтириб чиқарди.
Авлиё Августин ҳеч қачон ўз уйига ва ўз овқатига аёлларни яқинлаштирмаган. У ҳаттоки ўзининг роҳиба бўлган туғишган синглисини ҳам бундан истисно қилмаган. Авлиё Тертуллиан: “...аёллар иблисга бошловчи дарвоза” эканликларини ва айнан аёл киши аввал-бошдан “Худонинг Ўғли ўлимида айбдорлигини” айтган. У яна: “Ҳақиқий насроний аёл ўз жозибадорлигини ёқтирмаслиги лозим, чунки у эркакларни йўлдан оздиради”, деб айтган.
Аксарият Ўрта аср руҳонийлари “...аёл илондан ҳам хавфлироқ”, дея таъкидлашган. Авлиё Томас эса: “Киши ҳеч қандай аёлга қўл теккизмасагина ҳақиқий насроний бўлиши мумкин. Турмуш қурмаслик аҳдини берган кишиларгина муқаддас Руҳни таший оладилар”, - деган.
Ўрта асрларда насроний руҳонийлари ва роҳиблари қалбларини булғаб қўймаслик учун ҳатто аёл кишининг соясидан ҳам ўзларини четга олишган.
Насроний руҳонийлари узоқ вақт давомида “Аёл кишининг қалби борми?!” деган ўзлари учун қийин бўлган масалани еча олишмаган. VI аср ўрталарида Макон черкови бошқа жиддий масалалар қаторида бу қийин муаммони ҳам кўриб чиққан. Ҳозир бўлган руҳонийларнинг деярли ярми аёл киши қалбга эга бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминнинг ўзиниёқ қатъиян рад қилган ва фақат ягона овоз билан ғолиб келиб, насроний черкови аёл кишида, гарчи у паст табақадаги жонзот бўлса-да, ҳар қалай қалбга ўхшаш нарса борлигини тан олган.
Ўрта асрларнинг насроний дини фалсафаси аёл кишининг норасолиги ғоясини қатъиян ва кескин тарзда илгари суради ҳамда аёлга шаҳвоний ва ҳамма жиҳатдан ғализ маҳлуқ мавқеини белгилайди. Бундан ташқари, айнан Ўрта аср насронийлиги аёлга нафрат билан қараш ва уни жодугар деб ҳисоблаш тушунчасини келтириб чиқарган.
1484 йилда Рим папаси Иннокентий VIII жодугарларга ов уюштиришда деярли чексиз ваколатларни берувчи булла (фармон) чиқарган. Гумон остидаги аёлларнинг тан олишига қийноқлар воситасида эришишган.
“Айбдор аёллар” гулханда ёқилишга маҳкум бўлган. Бунда бутун Европа аёллар ёқилган инквизиция гулханлари билан ёришган. Кўпинча “жодугарнинг” айби унинг “иблисона” мафтункорлиги бўлган.
1487 йилда Кёльнда Рим Черкови қидирув иши бўлмиш доминиканларнинг ваҳшиёна китоби - “Жодугар тўқмоғи” нашр этилган, у инквизиторлар (ўрта асрлар католик черкови суд-полиция ташкилоти ходимлари)нинг доимий иш китоби ва маълумотномасига айланган. Аёллар устидан қилинадиган қийноқлар хазинаси янги усуллар билан етарли даражада тўлдирилган.

Рицарлар ҳақида икки оғиз сўз

Ўрта асрлардаги аёлларга рицарларча муносабатга келсак, бу тўзитиб юборилиши зарур бўлган афсонадир. Биринчидан, рицарлар муҳаббати эр-хотинликка хиёнат қилишнигина куйлаган. Ишқий провансал шеъриятнинг “албалар” (“тонг”) деб номланиши ҳам бежиз эмас. Айнан тонгда рицар сездирмай чиқиб кетиши лозим бўлган. Шу сабабли ҳам у салб юришига жўнаш олдидан ўз хотинининг белидаги темир иффат белбоғига қулф осиб, отга минганча, дунёнинг нариги четига йўл олган.
Сафарда у бир йил, беш йил бўлиши мумкин эди ва ҳатто қайтиб келмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Хотинлар эрларини соғиниб юрган бир вақтда, Шарқда рицарлар асирга олинган аёлларни зўрлаганлар ва ёввойиларча айш-ишрат қурганлар.
Айнан ўша рицарлар ўз мулклари бўлган ерларда яшовчи барча янги турмуш қурганларга нисбатан биринчи никоҳ кечаси деб аталмиш феодалча ҳуқуқдан кенг фойдаланганлар. Эҳтимол, буларнинг бари Ницшенинг: “Насронийлик Эротга заҳарли қадаҳ узатди: - аммо у ўлмади, балки ўзгариб иллатга айланди”, - дейишига туртки бўлгандир.

Аёл киши Исломда

Аввало айтиш лозимки, Ислом насронийлик ва яҳудийликдан фарқли ўлароқ аёл кишини Одам алайҳиссаломнинг осий бўлишларида айбламайди. Қуръонда бу ҳақда бирор-бир сўз айтилмайди. Унинг устига Қуръон бутун айб ва жавобгарликни Одам алайҳиссаломга юклайди: “Дарҳақиқат, Биз илгари Одамга (Жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмаслиги ҳақида) буюрган эдик, у (буйруқни) унутди ва Биз унинг учун қасд-собитқадамликни кўрмадик...”, “...Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди...” (Тоҳа сураси, 115-121 оятлар).
Қуръонга асосан эркак ва аёл Аллоҳ олдида баробардир. Айни вақтда муслима аёл, шариатга мувофиқ, сиёсатда иштирок этиш, муҳим давлат лавозим ва мансабларини эгаллаш учун тўлиқ ҳуқуққа эга.
Муслима аёл нафақат илм олиш ҳуқуқига эга, балки у билим олишга мажбурдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм излаш ҳар бир мусулмон эркак ва мусулмон аёл учун фарздир”, - дея таъкидлаганлар.
Энди эса ўша Ницшенинг сўзларини эсга оламиз: “Агар аёл кишида фанга қизиқиш уйғонса, демак, одатда унинг жинсий соҳасида нимадир маромида эмас”. Ёки Демокритнинг сўзларини эслаймиз: “Аёл киши фикр қилмасин: бу даҳшатлидир!”
Шариатга кўра, муслима аёл ўзининг мустақил даромад манбаига эга бўлиш ва маблағини ўз ихтиёрича сарфлаш ҳуқуқига эга. 13 аср ўтгачгина Европа аёли ўзи учун бундай ҳуқуққа эриша олди! Англияда XIX аср охиригача ҳам эр ўз хотинининг шахсий мулкини ҳамда унинг ер-мулки ва мол-дунёсидан келадиган барча даромадларини истаганича тасарруф қилган.
Муслима аёл барча ижтимоий, сиёсий соҳаларда ва давлат сиёсатининг барча даражаларида тўлиқ овоз бериш ҳуқуқига эга. АҚШда аёллар ўзларининг сайлов ҳуқуқларига фақатгина 1920 йилда эришганликларини эслаш кифоя! Улар бу ҳуқуқни олишмаган, балки бунга манифестациялар, иш ташлашлар йўли билан эришганлар.
Исломда аёл киши ажрашиш ҳуқуқига эга ва эрининг зулмларига бардош беришга мажбур эмас. Ҳар қандай моддий ёки маънавий зарар аёл кишига маҳкама орқали бериладиган ажрашиш учун етарли асос ҳисобланади.
Шуни қайд этамизки, ажрашиш мусулмон киши учун катта моддий харажатларни келтириб чиқаради. Эр фарзандларини тўлиқ таъминлаши, собиқ хотинига уларнинг тарбияси учун ва маълум муддатгача боқиши учун пул тўлаши, уй ижараси ҳаққини тўлаши шарт. Эр никоҳнинг сақланиб қолишидан моддий ва маънавий жиҳатдан манфаатдор. Ислом дунёсининг мустаҳкам оила занжирлари билан донг таратгани бежиз эмас.
Ислом дини ғоявий душманларининг севимли мавзулари кўпхотинлилик масаласидир. Уларни тингласанг, худди кўпхотинлилик Ислом келиши билан пайдо бўлгандек тасаввур уйғонади.
Бироқ яҳудий ва насронийларнинг муқаддас китоби Инжил ҳам кўпхотинлиликни ман қилмайди. Инжилда яҳудийлар подшоси ва пайғамбар Соломон (Сулаймон алайҳиссалом)нинг 700 хотин ва 300 жорияга эга бўлгани ҳикоя қилинади. Подшоҳ Давид (Довуд алайҳиссалом) тўғрисида ҳам худди шундай ҳолат айтилади. Иисус (пайғамбар Исо алайҳиссалом)нинг ўзи ҳам ўз замонида яҳудийлар ўртасида кенг тарқалган кўпхотинлиликка қарши чиқмаган.
Кўпхотинлиликка тақиқни Рим Черкови жорий қилган. Бунда у битта қонуний хотинга эга бўлиш билан бир вақтда аввал Қадимги Юнонистон ва Римда гуркираган фоҳишаликка ва чекланмаган ададда ўйнашларга эга бўлишга йўл қўювчи юнон-рим маданияти нормалари ҳамда черков қонунларини уйғунлаштиришга интилган.
Араблар ва славянлар дохил бошқа кўплаб халқлар чекланмаган ададли хотинларга эга бўлишлари мумкин эди.
Шундай экан, Ислом аллақачондан бери мавжуд бўлиб келган кўпхотинлиликни фақат тасдиқлаган ва айни пайтда бунинг қатъий чегараларни ҳам ўрнатган.
Кўпхотинлилик Исломда мажбурий амал эмас. Қуръон агар эркак аёллари ўртасида моддий таъминот, уй-жой билан таъминлаш, эътибор ва ғамхўрлик жиҳатларидан тўлиқ адолатга риоя қилишга қодир бўлса, унга тўрт нафаргача хотинга эга бўлишга рухсат беради. Боз устига Ислом агар эркак аёлни уй-жой билан ва моддий жиҳатдан таъминлашга қодир бўлмаса, унга ҳатто бир хотинга эга бўлишни ҳам ман қилади.
Шундай қилиб, Ислом кўпхотинлиликни алоҳида вазиятларда йирик устунликка эга бўлган объектив воқелик сифатида тасдиқлаган.
Шуни ҳам айтиш лозимки, Ғарб жамияти тамоман иккиюзламачидир. У ҳуқуқий жиҳатдан кўпхотинлиликдан бош тортган эса-да, ҳақиқатда аллақачон бунга кўникиб бўлган. Фақат бир неча америкалик жуфтларгина, жамоатчилик сўровлари натижасида, бир никоҳли оила бўлиши мумкин, деган фикрни билдиришди. Ўз даврида Бертран Рассел “...ривожланган жамиятда бир никоҳлиликка асосланган инстинктларнинг суст кўринишларини кузатиш мумкинлигини” айтган эди.
Ҳозирги вақтда ғарб мамлакатларида норасмий кўпхотинлилик тарқалган: эркак бир аёл билан қайддан ўтказилган никоҳга эга бўлгани ҳолда, амалда бир неча ўйнаш билан бирга ҳаёт кечиради. Ўйнашлар ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмаслар ва исталган вақтда кераксиз буюм сифатида улоқтириб юборилишлари мумкин. Аёлнинг ўзи учун нима афзал - қонуний хотин бўлишми ёхуд хотини бор эркакнинг атрофдагилар нафратига қолувчи махфий тарзда бирга яшовчиси, ҳуқуқсиз чўриси, ўйнаши бўлишми?!
Ислом қизни ўзининг розилигисиз эрга беришни ман қилади. Қизнинг розилигисиз тузилган никоҳ, шариатга кўра, ноқонуний, бекор саналади. Қиёслаш учун айтишимиз мумкинки, Россияда 1861 йилгача крепостной деҳқонларнинг қизларини помешчиклар буйруғи билан эрга беришган ва уларга инсон билан эмас, мол билан қилинадиган муомалада бўлишган.
Муслима аёл меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Таъкидлайман: ҳуқуқига эга. Бироқ ишлашга мажбур эмас. Чунки, Исломга мувофиқ, фақат эр хотинини ва фарзандларини барча зарур нарсалар: уй-жой, озиқ-овқат, кийим-бош билан таъминлаши шарт.
Энг қизиқарли жиҳати шундаки, мусулмон олимлар фикрига кўра, аёл киши ҳатто кир ювишми, тозалаш ишларими, овқат пишириш бўладими – умуман уй ишларини қилишга ҳам мажбур эмас. Бу агар ўзи рози бўлса, хотиннинг ихтиёрий хизмати бўлади. Рози бўлмаса, эр хизматчи аёл ёллаши лозим бўлади. Айтганча, бу Доғистон аҳолиси тутган мазҳаб бўлмиш Шофиъий мазҳабининг ҳам фикридир.
Ушбу қисқа таҳлил натижасида Исломнинг аёл киши ҳуқуқларини ҳимоя қилиши далили равшан бўлади. Бу ҳуқуқларни билиш лозим. Ўзини мусулмон деб ҳисобловчи, лекин аёл кишига ёмон муносабатда бўлувчи киши Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини ёдга олсин: “Аёл кишини фақат яхши хулқ эгасигина хурмат қилади ва фақат пасткаш одамгина таҳқирлайди!”

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz