Бидъат ҳақида Принтер учун
08.01.2007 й.

Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларининг бири бидъатдир.
«Бидъат» сўзи луғатда бир нарсани янгитдан пайдо қилиш маъносини англатади.
«Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб таҳлил қилган мутахссислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.
Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шомалар, моликийлардан Қурофий ва Зарқонийлар, ҳанафийлардан Ибн Обидийн, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлардир.
Бу йўналишдаги уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин Қуръон ва Суннатда йўқ ва динда янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдилар.
Бу йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб унда:
«Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:

1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чукни, бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам қўйилди.
2. Ҳаром бидъат. Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.
3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.
4. Макруҳ бидъат. Масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.
5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ ва киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.

Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатни мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар:

1. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ривоят қилган.
2. Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида; Кимдир ўзи намоз ўқимоқда. Кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча анавуларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади»-деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъабнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб номоз ўқишар эди. Умар: «Бу қандоқ ҳам яҳши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал» деди. Кечани охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди. Молик ривоят қилган.
3. Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Урава ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб Зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, яхши бидъат, деди». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
Кўпчилик мазкур таърифга оид бидъатни майдалаб ўтирмай иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва бидъат икки хил бўлади: бидъати ҳасана – яхши бидъат ва бидъати саййиъа – ёмон бидъат, дейдилар.
Иккинчи йўналишдаги уламоларга имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийладар Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамийлар, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймиялар бўлиб, уларнинг фикрича бидъатнинг барчаси, ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.
Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифидир. У киши бидъатни икки хил таъриф қилган:
1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.
Бу таърифда дин жавҳарига янги ўзгартиш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.
2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.
Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат эканлиги таъкидланган.
Имом Шотибий бидъат масаласини энг кўп баҳс қилган олимлардан бири ҳисобланади ва бидъатга қарши туришда энг ашаддийлардан биридир.
Ҳақли равишда, нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз, имом Шотибий бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган, деб жавоб берганлар.
Имом Шотибийнинг биринчи – тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади деганларнинг фикри, иккинчи – кенг таърифида эса бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.
Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат яъни, ақийда ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.
Иккинчи йўланишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.
Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига – жавҳарига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақомини берилиши керак экан. Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилгандир.
1. Оиша розияллоҳу ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз, деганларидир.
2. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир», дедилар». Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзахда бўлса, ҳолимиз не кечар эди. Пайғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган ва ҳоказолар эди. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.
Биз бу мақомда бидъати саййиъа – ёмон бидъат ҳақида сўз юритамиз. Айнан шу турдаги бидъат банда нафсининг кирланишига ва ахлоқининг бузилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло бидъатни қоралаб «Хадид» сурасида: «Сўнгра уларнинг ортидан Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик ва Ийсо ибн Марямни ҳам ортларидан юбордик ҳамда унга Инжилни бердик. Унга эргашганларнинг қалбларига меҳрибонлик ва раҳмдилликни солдик. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқлардир», деган (27 – оят).
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга эргашганларнинг, у зотнинг даъватларини қабул қилганларнинг қалбиларига меҳрибонлик ва раҳимдилликни солиб уларни қўполлик ва раҳмсизликдан сақлади. Ийсо алайҳиссаломнинг бузулмаган, тўғриликча турган даъватларига ихлос билан эргашган кишиларда ушбу сифатлар мужассам бўлган.
Аммо Ийсо алайҳиссаломдан кўп ўтмасдан у зотнинг таълимотлари бутунлай бузилиб кетди. Бинобарин, мазкур икки сифат ҳам бузилиб, Ийсо алайҳиссаломга эргашганликни даъво қиладиганлар ичидан сонсиз-саноқсиз энг меҳрсиз ва энг раҳмсиз кишилар ва бидъатчилар чиқди.
«Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар, Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар».
Роҳиблик таркидунёчиликдан иборат бўлиб, ўрисларда монахлик дейилади. Монахликни ихтиёр қилган эркак эркаклар монастирида, аёл эса аёллар монастирида, оила қурмай, дунёни тарк этиб ҳаёт кечирадилар.
Қуръони Карим бундай роҳибликни Аллоҳ Ийсо алайҳиссаломга эргашувчиларга буюрмаганини, балки улар ўзлари бидъат сифатида кейинчалик ўйлаб топиб одат қилишганини эслатмоқда.
Уларнинг бидъат равишда ихтиро қилган таркидунёчиликлари одатдан ташқари кўпроқ қўшимча ибодат қилиш, дунёга қизиқмаслик, жамоатдан четда бўлиш, эътиборсиз кийимлар кийиш, фақат ўсимликлар билан овқатланиш, оила қурмасликдан иборат эди. Улар ушбу ишларнинг барчасида хатоликка йўл қўйдилар.

Бидъатнинг зарарларидан:

1. Амалларнинг ҳабата бўлиши.
2. Шайтоннинг инсонга яқни бўлиш.
3. Ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетиши.
4. Исломни яхши билмаганларнинг нафратини қўзиши.

Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога гирифтор бўлишини ҳам билади.
Аммо бидъатчи ўзини ҳақ йўлда деб билади. Ўзгаларни унга эргашмаганликда айблайди. Бидъати учун савоб олишига қаттиқ ишонади.
Бидъатлар асли жиҳатидан икки хил бўлади. Эътиқодий ва амалий. Эътиқодий бидъатлар ақийдага оид бўлиб, амалий бидъатлар шариатга оиддир.
Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодийсидир. Улар кўп бўлиб, асосан Аҳли сунна вал жамоадан ажраб чиққан турли тоифалар ўша бидъатлар туфайли йўлдан озганлар. Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳарадан хабардор ҳамда Аҳли сунна вал жамоа муҳитида яшаб юрган киши учун бидъатларни билиб олиш қийин эмас.
Дастлаб пайдо бўлган эътиқодий бидъатчи фирқалар тўрттадир.
1. Хаворижлар.
Бу фирқа жоҳил парҳезгорлик, динда ҳаддан ошиш, эсипатлик, ҳақ аҳлига қарши ботил ила чиқиш, умумий ва бир бирига ўхшаш матнлар маҳкам тутишга асосланган бўлиб мусулмонларнинг бошига кўплаб бало офатлар ёғилишига сабаб бўлган.
2. Муржиалар.
Бу фирқа хаворижларга қарши ҳаракат сифатида пайдо бўлган. Улар «иймон ила маъсият зарар қилмайди» деган фикрни ўзларига шиор қилиб олгандилар.
3. Шийъалар.
Бу фирқа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари тўғрисида ғулувга кетишга асосланган эди.
4. Мўътазилийлар.
Бу фирқа шаръий матнларни таъвийл қилишда ҳаддан ташқари кенг йўл тутган ва гумонли қоидаларни ишга солиш ила танилган эди.
Ҳозирги кунимизда ҳам ушбу тўрт тоифанинг фикрларидан баъзилари тез – тез тарқалиб одамларни ташвишга солиб тургани сир эмас. Буларнинг тасиридан чуқур илм ва илмда пешқадам уламолар йўлини маҳкам тутиш билангина соғ қолиш мумкин.
Амалий бидъатларга келадиган бўлсак, хулоса тарзида қуйидагиларни айтишимиз мумкин. Мужтаҳид уламолар бидъатлигига иттифоқ қилган нарсалардан жуда эҳтиёт бўлиш ва яқинига йўламаслик керак. Мужтаҳид уламоларнинг ўзлари бидъат ёки бидъатмаслигида ихтилоф қилган нарсаларда кенгчилик бор.
Ҳар бир банда бошқа салбий нарсалар каби бидъатдан ҳам узоқда бўлиши лозим.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz