Одам боласи шуҳрат ва риёсат кетидан қувадиган бўлса, хатолари кўпайиши ва ношаръий ишларни қилиши эҳтимоли кучаяди. Шуҳратпарастлик ва мансабпарастлик ўз эгасини кўпгина яхшиликлардан тўсади. Гоҳида бу икки нарсага берилиб кетиш одамни кўпгина ёмонликларга ва хусуматларга бошлайди. Бу иккиси ҳам қалб хасталикларига киради.
Ёруғ дунё охират экинзоридир. Бу дунёдаги барча нарсадан охират учун зоду роҳила олиш мумкин.
Зарур озиқ-овқат ва кийим-кечак сотиб олиш учун керакли мол лозим бўлгани каби, одамлар билан бирга яшаш учун керакли обрў ҳам лозим бўлади.
Инсон ўзига керакли озиқ-овқатни тарк қилиши мумкин эмас. Шунинг учун ўша таомга ва уни сотиб оладиган молга муҳаббат қўйиши ҳам табиий нарса. Шунингдек, бу дунёда яшаши учун инсонга бошқалар билан алоқа қилишга, мисол учун, ёрдам берадиган дўстга, илм берадиган устозга, хизматини қиладиган устага ва бошқаларга ҳожати тушиб туради. Ана ўшаларнинг олдида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиш учун ҳаракат қилишнинг ҳеч айби йўқ. Чунки орбў-эътибор мақсадга эришиш воситаларидан биридир. Бас, шундай экан, ўзи учун керакли нарсага хизмат қиладиган мол ва обрў-эътибор қораланиши мумкин эмас.
Қуръони каримда Юсуф алайҳиссаломнинг тилидан:
«У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва ўта билувчиман», деди», дейилган (Юсуф сураси, 55-оят).
Аммо бу икки нарсага айни мол ёки обрў бўлгани учун, банданинг зарурати ва ҳожатидан зиёда тарзда ружу қўйиши қораланади.
Аммо мол ва шуҳрат эгаси уларни маъсият учун ишлатмаса, уни фосиқ ёки осий дейишга бировнинг ҳаққи йўқ.
ШУҲРАТПАРАСТЛИКНИНГ ДАВОСИ
Шуҳратпарастлик дардига мубтало бўлган шахс одамларга ёқишдан бошқа нарсани ўйламай қўяди. У нима қилиб бўлса ҳам, кўпчиликка ёқиш учун уларга хушомад қилиш йўлига ўтади. Гап-сўзини, ҳатти-ҳаракатини ва бору будини уларнинг олдида ўзини улуғлашга қаратиш пайидан бўлади. Мана шунинг ўзи мунофиқликнинг уруғи ва фасоднинг бошланиши бўлади. Бу эса ўз навбатида ибодатларга беписандлик билан қарашга ва уларни риё учун бажаришга олиб боради.
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир», дедилар».
Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар.
Молу дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини барча ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун, динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим.
Бас, шуҳратпарастлик дардини даволаш вожибдир. Бу даво илм ва амал билан бўлади.
Илм билан даволаш қуйидагича: шуҳратпараст аввало нима учун шуҳратга муҳаббат қўйганини яхшилаб ўйлаб кўрсин. Албатта, одамларнинг ўзларига ва қалбларига эга бўлиш учун бу нарса қачонгача давом этиши мумкин? Агар ҳеч офат етмай, тўлалигича давом этса ҳам, ўлимигача бўлади, холос. Шундай экан, у нарсага бунчалик ўч бўлмаса?!
Кейин шуҳрат эгаларига бир назар солсин. Уларни турли-туман хавфу хатарлар ўраб турмайдими? Обрў ва мансаб эгаларига барча ҳасадгўйлар ҳасад қилмайдими? Уларга зарар етказиш учун пойлаб турмайдими? Бунинг устига шуҳратпарастларнинг ўзлари шуҳрат супасидан тушиб қолишдан доимо қўрқиб турмайдими?
Қалблар қайнаб турган қозон кабидир. Шуҳратпараст қай бир қалбнинг риоясини қилиб улгуради? Ундан кўра шуҳратпарастликнинг ўзини тарк қилиб қўяқолгани яхши эмасми? Ана шунда у кўпгина балолардан халос бўлади. Аммо ҳеч нарсани йўқотмайди.
Шуҳратпарастликни амал билан даволаш.
Бу одамларнинг қалбидан шуҳратпарастликни туширадиган ишларни амалга ошириш билан бўлади.
Подшоҳлардан бири машҳур зоҳидни зиёрат қилмоқчи бўлибди. Подшоҳнинг манзилига яқинлашиб келаётганини билган зоҳид ўзининг зуҳдини яшириш учун кўп таомларни олдига қўйиб, оғзини тўлдириб, шоша-пиша емоққа тушибди. Буни кўрган подшоҳ ҳафсаласи пир бўлиб, ортига қайтибди.
ОДАМЛАРНИНГ МАҚТОВИ ВА ТАНҚИДИ