Яхшилик қилиш фазилати Принтер учун
27.02.2014 й.
Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки  Роббисининг  каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: “ Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим.” (Зориёт-56) ва яна “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди” (Ҳуд-62)
Мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади. Қуйида Ҳаж сурасининг 77-ояти тафсири билан танишсак.
 “Эй, иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж-77)

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб намоз ўқиб, Роббисига ибодат қилиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.
Эътибор қиладиган бўлсак ушбу оятдаги аввалги буйруқ намоз ўқишлик масаласида бўлди. Яъни “Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз”.  Аслида пайғамбар с.а.в. Аллоҳ таолодан бошқа буйруқларни ҳам олиб келган. Лекин бу ерда намозни хос зикр қилинишида бир неча ҳикматлар бор. Намоз кунига беш марта такрорланадиган мажбурият, ибодатдир. Қолган ибодатлар мавсумийдир. Масалан: Рўза ҳар йили бир ой, ҳаж қодир бўлган кишига умрида бир марта, закот, ушрлар эса, ёки моли нисобга етиб бир йил тўлса ё ҳосил йиғилганда бериладиган ибодатдир. Демак, намознинг фарзлигида бошқа ибодатлардан фарқи бор экан. Шунинг учун ҳадиси шарифда “Намоз диннинг устунидир”, дейилган.
Ислом тарихини ўқиганлар яхши биладики, қибла вақтинча, маълум муддат Байтуллоҳдан Байтул Мақдисга бурилган. Яъни, ўн олти ёки ўн етти ой Байтуллоҳдан бурилиб, Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилган, сўнгра бироз муддатдан кейин яна Байтуллоҳга қараб бурилган. Бу Аллоҳ таоло тарафидан бир синов эди. Яҳудийлар: “Буларнинг қибласи каъба бўлса, унда Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозлари нима бўлди”, деган фитнали гаплар тарқатишди. Бу гап тарқалавериб, ҳатто баъзилар Расулуллоҳ с.а.в.дан ҳам бу ҳақида сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ иймонингизни зое қилмас” оятини нозил қилди. Эътибор берилса, гап-сўз, савол, фитна намоз ҳақида бўлди, жавоб эса “Аллоҳ иймонингизни зое қилмас” ояти билан намоз ўрнига иймон қўйилиб зикр қилинди. Чунки Аллоҳнинг ҳузурида намоз иймондан, иймон намоздан иборатдир. Сўзимизга ушбу оят очиқ далилдир. Ушбу оятдан намоз ўқимай, кўкрак кериб мусулмонман деб юрганлар ўзларининг қай даражадаги мусулмон эканликларини билиб олишса бўлади.
Бошқа ибодатларни Аллоҳ таоло ваҳий билан Жаброил фаришта орқали фарз қилган бўлса, намоз ваҳий туширувчининг ўзидан тўғридан–тўғри келди. Бунинг муҳимлигини мисол тариқасида тушунтирамиз:
Ишхона раҳбари ишчисига бир вазифани қоғозга ёзиб, хат орқали “фалон, фалон ишларни қилиб қўй”, дейиши ҳам мумкин. Агар иш муҳимроқ бўлса, телефон билан боғланиб, ишнинг муҳимлиги ҳақида хабар беради. Агар иш бунданда муҳимроқ бўлса, ҳузурига чақириб, иш ҳақида тўғридан-тўғри гаплашиб, тушунтиради. Шариат ҳукмларининг ҳам муҳимлигига қараб фарз бўлиш даражасида фарқлар бўлади.
Намоз бошқа ибодатлардан кўра ўзгача фарз бўлган. Намозни  Аллоҳ таоло билан банда Ўзининг ўртасида робита бўлиши учун ўртага восита қўймасдан, меърож воқеасида пайғамбар с.а.в.га тўғридан-тўғри фарз қилди. Бошқа ибодатлар бундай бўлмаган.
 Намознинг фарзлиги шу даражадаки, бирон-бир ҳолда ҳам бандадан соқит бўлмайди. Киши камбағал бўлса, унга закот бериш фарз эмас, ҳажга қодир эмас кишига ҳаж фарз эмас, касал ёки мусофирга рўза тутиш фарз бўлмайди. Аммо намозни буларнинг бирортаси соқит қилмайди. Туришга қодир эмас киши ўтириб, ўтиришга қодир эмас киши ётиб, имо-ишора билан ўқийди дейилган. Баъзилар имо-ишорага қодир эмаслар кўз қараши билан рукуъ, сажда қилади, ҳатто қалбидан намоз амалларини ўтказиб бўлса ҳам ўқийди, деганлар.
Муҳими доим Аллоҳ таолони ёд қилиб, У билан боғланишдир.  Ҳар азон, ҳар иқоматда Аллоҳнинг зикри бўлади. Бу нарса доимийдир. Чунки бирон бир вақт йўқки, унда Аллоҳ зикр қилинмаса. Масалан: биров бомдод ўқиётган пайтда, бошқаси пешинни, ундан бошқаси, асрни, яна бири шомни, яна биров эса хуфтонни ўқиётган бўлади. Биров рукуъ қилаётганда, биров саждада бўлади, биров бисмиллони ўқиётса, бошқаси алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийнни ўқиётган бўлади.
Юқоридаги мазкур оятда рукуъ ва сажда зикр қилиниб, намоздан таъбир берилди. Чунки бу амаллар Аллоҳга қулчиликни ифодалайдиган намознинг энг кўзга кўринган амалларидир.
Лекин бундай рукуъ ва саждани ихлосли мўмин ҳам мунофиқ ҳам бажараверади. Мунофиқлар ҳам ниятлари бошқа бўлиб, биринчи сафларда туриб намоз ўқишга шошилаверади. Аллоҳ таоло уларни ҳақиқий мўминлардан ажратиш учун “ва Роббингизга ибодат қилинглар”, деб хитоб қилди. Мақсад фақат рукуъ ва сажданинг ҳаракатини қилиб қўя қолишда эмас, балки Аллоҳ таолога ихлос билан юзланишдадир. Агар ундай бўлмаса, бу намоз жисмоний машқдан фарқ қилмай қолади. Баъзилар каби  сағлом бўлиш мақсадида намозни жисмоний машқ учунгина ўқиб, рўзани эса соғлик учун фойда ниятидагина тутиб, савобсиз бўлиб қолади. Булар соғлик учун фойда беришида шубҳа йўқ, лекин Аллоҳ буюргани учун бажаряпман дейилса, ибодатга айланади. Демак ҳар бир қилаётган ибодатимиз, ўқиётган намозимиз, масжидга чиқишимиз Аллоҳ учун бўлсин. Бу борада Унга бошқа нарсани шерик қилмайлик.
Оятнинг давомида “ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!”. Яхшилик қилинглар дегани – сиздан зинҳор ёмонлик, фасод зоҳир бўлмасин деганидир.
“шоядки, нажот топсангиз!” дейилди. Бу нажот қучишлик дунёда ҳам охиратда ҳам бўлади. Чунки дунёнинг ҳам охиратнинг ҳам роббиси бирдир, унинг мукофот бериш услуби ҳам бир, яъни дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофат беради. Аммо ҳақиқий мукаммал нажот қучишлик охиратда бўлади. Шунинг учун шариат буюрган ҳукмларни қийин демайлик, Аллоҳ таоло бу амалларни бизни қийнашлик учун юкламаган. Балки дунёда ҳаётимиз фаровон бўлиши, охиратда эса Аллоҳнинг фазли билан нажот қучишимиз учун буюргандир.
      Пайғамбаримиз (с.а.в) яхшилик қилишга буюриб, марҳамат қилиб айтганлар:
 “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг садақадир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг садақадир. Бир кишига яхши сўз айтишинг садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун садақадир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам садақадир”.
Пайғамбаримиз (с.а.в) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, ислом дини инсонга ва унинг дунё ва охиратдаги ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди. Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Абу Ҳурайра (р.з.) Пайғамбаримиз (с.а.в)дан нақл қиладилар. Ул зоти шариф айтдилар: “Табассум билан айтилган чиройли сўз – садақадир”. Яна бир ҳадисда шундай деганлар: “Банда модомики биродари ҳожатини раво қилар экан, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини осон қилишда давом этади”. Бошқа ҳадисда эса: “Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимики ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, - деб айтганлар.
Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиши зарур.
Баъзи ҳолатларда кишиларнинг яхшилик қилишга ҳиммати баланд бўлади, аммо имконсизлиги сабаб қасд қилган хайрли ишларини бажара олмайдилар. Уларга ҳам ниятига яраша савоб берилаверади.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга Табук ғазотига йўлга отланганларида борадиган жой (яъни Табук) узоқ бўлганлигидан баъзи саҳобалар улов топа олмай Расулуллоҳ с.а.в.дан улов сўраб келадилар. Расулуллоҳ с.а.в. “Аллоҳга қасамки, сизларни миндиргани бирор улов топа олмайман”, деганлар. Аллоҳ таоло уларнинг рағбатини, Аллоҳ ва Росулига бўлган муҳаббатини кўриб, Ўз китобида уларнинг узрлари ҳақида оят туширди:
 “Шунингдeк, сизнинг ҳузурингизгa улaрни улoвли қилиб қўйишингиз учун кeлгaнлaридa, "сизлaрни улoвли қилишгa нaрсa тoпa oлмaймaн", - дeдингиз. Улaр эсa  сaрф қилишгa нaрсa тoпa oлмaгaнлaри учун ғaмгин бўлиб, кўзлaридaн ёш oқиб қaйтиб кeтдилaр. Улaргa ҳaм (гуноҳ, тaънa йўқ).” Тавба-92
Бу воқеа ҳақида саҳиҳ ҳадисда келганки, пайғамбар с.а.в. Табук ғазотида шундай деганлар: “Мадинада бир кишилар борки, сизлар бирор (масофа) юрсангиз, бирор водийни кесиб ўтсангиз улар ҳам сизлар билан биргадир. (Саҳобалар) улар Мадинада бўлсалар ҳамми?, дейишди. (Расулуллоҳ с.а.в.) уларни Мадинада узрлари ушлаб қолди, дедилар.
Чунки улар яхши амални қасд қилганлару, ожизлиги сабабидан бажара олмаганлар. Шунинг учун бажарувчининг ўрнида бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. Набавий масжидида эътикофда эди, унинг олдига юзида қайғу аломати бор бир киши келди. Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. ундан қайғу сабабини сўраганди, у: “эй Расулуллоҳнинг амакисининг ўғли, фалончини менинг зиммамда ҳаққи бор, бу (Расулуллоҳ с.а.в.ни назарда тутиб) қабр соҳибининг  ҳурмати, (адо қилишга) қодир бўлмаяпман”, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.: “сен ҳақингда унга айтайми?”, деди. У киши: “истасангиз, майли”, деди. Ибн Аббос ўрнидан туриб калишини кийиб масжиддан чиққанди, ҳалиги одам: “(эътикофни назарда тутиб,) нимада эканлигингизни унутдингизми”, деди. Йўқ, лекин мен бу қабрнинг соҳибидан эшитганман деб (Расулуллоҳ с.а.в.нинг яқинда вафот қилган пайтлари экан, кўзларига ёш олди) ва Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким бир биродарининг ҳожати билан юрса ва унга етса, ўн йил эътикоф қилгандан яхшидир. Ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир кун эътикофда бўлса, Аллоҳ у билан дўзахнинг ўртасини машриқу мағриб орасиданда узоқ бўлган уч хандақ узоқ қилади”, дердилар, дедилар.
Эътибор беринг, буюк саҳобий, Қуръоннинг таржимони деган номни олган Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. бир кунига дўзахдан машриқу мағрибчалик узоқлаштирадиган, бузса қазоси вожиб бўладиган эътикоф ибодатини бузиб, бошқа масжидлардан кўра савоби минг баробар кўпайтириб бериладиган масжиддан, Расулуллоҳ с.а.в.нинг масжидидан биродарининг ишига ёрдам беришни устун қўйиб чиқяпти. Демак мўминга ёрдам бериш бунданда улуғроқ иш экан.
    Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушунишлик бирёқлама тасаввур қилиш бўлиб қолади. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга-мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам – бир яхшиликдир. Жалолиддин Румийнинг қалб тавофини каъба тавофидан машаққатли эканини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.
Тавофи Байтул Халил кори осон аст,    Тавофи байтул Жалил кори мардон аст.
Байтул Халилдан мурод Иброҳим а.с. қурган каъбатуллоҳдир. Байтул Жалилдан мурод Аллоҳ назар солиб тургувчи мўминнинг қалбидир.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в. келиб Каъбатуллоҳга кирдилар ва уч марта: “Эй каъба, ҳидинг қандаям хушбўй ва эй ҳажар, (яъни, қора тош) ҳаққинг қадаям улуғ” деб, яна уч марта “Аллоҳга қасамки, мўминнинг ҳаққи сен иккингдан ҳам улуғроқдир”, дедилар.
Демак, мўмин кишиларга яхшилик қилишга шошилайлик, зеро, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик – жаннатдир. Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ с.а.в.нинг ушбу ҳадисларига амал қилиб бормоғи матлубдир: “Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар ҳақиқий мўмин бўла олмайди”.

Мақоланинг аввалини ўқиб, намоз қай даражада муҳим ибодат эканини билиб олдик. Энди уни тарк қилиб, қазо қилиб ёки кечиктирмасдан ўз вақтида адо қилайлик.

НАМОЗЛАРИН ҚАЗО ҚИЛГАНЛАР

Ўқидилар ишлари қолиб,
Қиёматни жазо билганлар.
Йиғласинлар дод-фарёд солиб,
Намозларин қазо қилганлар.

Овутишар ўз-ўзларини,
Қалбларин кўрсатиб тоза деб,
Такрорлашар бу сўзларини,
Намозларин қазо қилганлар.

Умрларин исроф қилишиб,
Ҳисобини енгил билишиб,
Дунё учун жон фидо қилар
Намозларин қазо қилганлар.

Дўстлари чақирса елиб чопарлар,
Чойхонага деса, имкон топарлар.
Азон айтилганда ухлаб ётарлар
Намозларин қазо қилганлар.

Ажали етса, қандай ўқирлар,
Роббисига не жавоб тўқирлар.
Сўроғин билсалар йиғлаб ўқирлар
Намозларин қазо қилганлар.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz