Махлуқ холиқнинг мавжудлигини сезади Принтер учун
26.03.2014 й.
 Барча махлуқотни ва мавжудотни яратган Холиқнинг борлигини сезиш ақлли инсонга, унинг табиати ва инсоний сезгисигагина эмас, балки ақлсиз катта (фил) ёки кичик (қурт) ҳайвонларга ҳам хослигини таъкидламоқчимиз. Бу ҳолат руҳи бор ҳайвонот оламигагина эмас, балки руҳсиз дарахтлару набототларни, тошлару жамодотларни ҳам ўз ичига олади. Ақлли-ақлсиз, руҳли-руҳсиз, хуллас, бу борлиқдаги ҳар бир нарса ўзининг махлуқ эканини, уни яратган Холиқ бор эканини сезади, Унга ҳамд айтади, сажда қилади.
Аллоҳ таоло буларни ушбу оятларда ифодалаган:
«Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалийм ва мағфиратли Зотдир"  (Ал-Исро, 44).
«Ахир улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари ўнгу сўлларига, Аллоҳга сажда қилаётган ҳолда эгилаётганини – улар (барчаси) Аллоҳга бўйсунувчи эканларини кўрмадиларми?! Осмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар. Улар устларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар» (Наҳл, 48-50).
«Момақалдироқ ҳам У зотга (Аллоҳга) ҳамду сано билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам У зотдан қўрққанлари сабабли (тасбеҳ айтурлар). У зот чақмоқлар юбориб, улар билан Ўзи хоҳлаган кимсаларни улар Аллоҳ хусусида талашиб-тортишиб турган ҳолларида урар. У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи Зотдир." (Раъд, 13).
«Осмонлару Ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эртаю кеч фақат Аллоҳга сажда қиладилар - бўйсунадилар" (Раъд, 15).
«(Эй Муҳаммад), Аллоҳга осмонлар ва Ердаги барча жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб-поклашини кўрмадингизми? Аниқки, (Аллоҳ) барчанинг дуою тасбеҳини қилиб турур. Аллоҳ уларнинг қилаётган (барча) ишларини билувчидир" (Нур, 41).
«(Эй Муҳаммад), сиз осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? (Ҳаж, 18).
Шу жойда эътироф қилишимиз лозимки, албатта, инсоннинг сезгиси ва илми билан ҳайвоннинг чегараланган сезгиси ўртасида, шунингдек, наботот ва жамодотларнинг сезгиси ўртасида катта фарқ бордир. (Инсоний сезги ва илм борлиқни ўрганиш билан ва мушоҳада қилиш билан кундан-кунга ўсиб боради. инсонда Аллоҳни тушуниш, унинг сифатларни тасаввур қилиш бошқа жонзотларга қараганда зиёда бўлади. Албатта, ҳамма инсонларда илм даражаси ҳам ҳар хил бўлади). Барча махлуқотлар ўзларини яратган, йўқдан бор қилган Зот борлигини сезадилар, Унга бўйин эгадилар, Унга талпинадилар. Биз шуни таъкидламоқчи эдик, холос. «Бунга фақат олимларнинг ақли етади».   
«Мажолисус-Синония" китобида ибратли бир ҳикоя келтирилган. Мусо алайҳиссалом Парвардигорга Тур тоғида муножот қилиб турганларида, аҳли аёлларига ун ва бошқа керакли нарсалар олиб беришни унутганлари хаёлларидан ўтибди. Шунда барча ғайбларни билувчи Аллоҳ ўз пайғамбарининг хаёлидан ўтган нарса учун унга танбеҳ беришни, ғафлати ва хатосини эслатишни истади. Ҳабиблар ўз ҳабиблари хато қилганида шундай йўл тутади.
Аллоҳ таоло «Эй Мусо, асоинг билан мана шу тошни ур», дея амр қилди. Мусо шундай қилган эди, тош ичидан ундан кўра кичикроқ тош чиқди. Кейин яна «ур», деган амр бўлди. У киши урдилар. Тош ёрилиб, ичидан яшил рангдаги емиш тишлаб олган қурт чиқди. Қурт дона-дона қилиб: «Мени кўрадиган, таомлантирадиган ва унутмайдиган Зот покдир», дея гапира бошлади.
Талабалик йилларимда отам раҳматуллоҳи алайҳнинг муридлари истиқомат қиладиган қишлоқларга дам олиш учун чиқишга одатланган эдим. Дам олиш билан бирга, Аллоҳнинг махлуқотлари билан яқиндан танишиб, улардан ибрат олишга ҳаракат қилар эдим. Мушоҳадаларим натижасида менга ажойиб ибрат берган, энг кўп руҳий лаззат бағишлаган нарса тупроқ рангидаги, бошида тожи бор «сўфитўрғай" деган қуш эди. Бу қуш хас-чўплардан ясалган уяси олдида туриб «ё» қофияли сўзларни такрорлар эди. Кейин эса секин-секин осмонга кўндалангига қараб юксаларди. Шу ҳолда кўтарилиб бориб, ҳавода муаллақ туриб олар, “ё”ли сўзларни ҳамма эшитадиган қилиб такрорлар эди. Унинг бу ҳолини атрофдаги барча одам кўрар ва овозини эшитар эди. Сўнгра қуш қандай кўтарилган бўлса, шундайича – аста-секин пастга қайтиб тушар эди. Пастлар экан, қулоқларда жаранги, қалбларда оҳанги қоладиган сўзларини яна такрорлар эди. Шу тарзда ўз уясига келиб қўнар эди. Аллоҳга қасамки, мана эллик йилдан ошди, ёшим етмишга етди, аммо ўша қушнинг осмонга парвоз қилиб, сўнг уясига қўниб қилган «хиргойилари» худди бугунгидек эсимда турибди.
Мен ҳам, бошқалар ҳам ўша қуш Парвардигорини зикр этиб, тасбеҳ айтаётганига ҳеч шубҳа қилмас эдик.
Шунинг учун ҳам бу қушни қадим замонлардан бери “сўфитўрғай” деб аташади. Мен у қушнинг тепага кўтарилиб пастга тушишига қанча вақт кетишини аниқлашга уриниб кўрдим, йигирма дақиқача экан. Бу қуш саҳро уфқида ҳар куни икки марта – эрталаб тонг отганидан қуёш ботганига қадар, кечқурун қуёш ботишидан қоронғу тушгунига қадар пайдо бўлар эди. Бу ҳолат Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад), Аллоҳга осмонлару Ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган қушлар ҳам тасбеҳ айтиб-поклашини кўрмадингизми?" (Нур, 41) ҳамда «Осмону фалакда (учиш учун) бўйинсундирилган қушларга боқмайдиларми? Уларни Аллоҳ ушлаб турибди-ку! Албатта бу ишда иймон келтирган қавм учун оят-ибратлар бордир" (Наҳл, 79) оятларини эслатар эди.
Фарзандларимдан бири 1966 йил 14 июл куни бир тўтиқуш сотиб олди. Бу қушни Занжибардан келтиришган экан. Олти ойлик умри бор эди. Сўзларни билмас, аммо сайрар ва сўз ўрганишга тайёр экани билиниб турар эди. Мен унга «Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ" сўзларини ўргата бошладим. Бир неча кундан сўнг у «Аллоҳ" сўзини бемалол айтадиган бўлди. Кейин «Эй бола, Аллоҳ мавжуд» дейишни ўргатдим. Бу билан худосизларга танбеҳни ирода қилган эдим. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун тўти бу гапни такрорлар эди. Бора-бора у аниқ талаффуз билан: “Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ" дейдиган, кейин худосизга қараб “Эй бола, Аллоҳ мавжуд” дейдиган бўлди.
Тўти ҳозир ҳам болалар ҳузурида сўз ўрганмоқда. “Аллоҳ" сўзини ҳар куни маълум вақтларда, хусусан бомдод намозидан сўнг мароқ билан такрорлайди. Бу эса унинг яратган Холиқнинг борлигини сезишидандир.
Ўргатса айтаверади-да, дейишлари мумкин. У ҳолда уни ким яратди, ким сўз ўрганиш ва нутқ қилиш қобилиятини берди? Ҳамма нарсани яратган ва ҳаммага нутқ ўргатган Аллоҳ таоло уни ҳам яратди ва унга ҳам нутқ берди. Азиз ўқувчи! Шоядки мазкур мисоллар билан Исломнинг асослари ва таълимотлари, Аллоҳни таниш ва Уни билиш инсоннинг табиий ва соғлом ақлига мос, деган назариямизни асослаган бўлсак.
Яратган Ҳолиқнинг ягоналиги, яъни ёлғиз илоҳ экани (шериги йўқлиги) ҳақиқати ҳам башарият табиатига мос келади. Айни пайтда, бу соғлом ақл қабул қиладиган бир ҳақиқатдир. Менимча, бу даъвони исботлаш учун тортишувга ҳожат йўқ. Қалбни озгина тафаккур орқали қаноатлантириш мумкин. Инсон яхши билади-ки, ҳар юртнинг битта подшоҳи, битта каттаси бор. У шу юртга тааллуқли ишларни идора қилади, ҳукм юритади. Дунёнинг ҳеч бир жойида, бир юртда бир хил мансаб, ҳукм, фикр, ирода ва тадбирга эга иккита подшоҳ бўлганини ҳеч ким эшитмаган ҳам, кўрмаган ҳам.
Шунингдек, эски ва янги тарихда бу маънодаги бирорта ривоятни ҳам тополмайсиз. Агар бирор мамлакатда шундай нарса содир бўлибди, деб фараз қилсак, у ҳолда икки ҳоким томонидан бошқарилган бу юртда улар орасидаги фикрий келишмовчиликлар туфайли битмас-туганмас ихтилофлар ва жанжаллар келиб чиқади. Демак, инсон ўз табиати ва соғлом ақли билан ҳам (осмондан тушган ваҳий ва пайғамбарлар таълимотисиз ҳам) бу дунёда бир неча илоҳ бўлиши мумкин эмаслигини тушуниб етади. Дунёда бузғунчиликлар, келишмовчиликлар бўлмаслиги учун осмонлару Ернинг шериксиз, ягона Илоҳи бўлиши зарур.
Ёшлигимда форсча ахлоқий китоблардан бирида «Мушрик ва деҳқон» деган ҳикояни ўқиган эдим. Унинг маъноси қуйидагича: «Бир мушрик мусулмон уламолари кўп бўлган исломий мамлакатга «Ла илаҳа иллаллоҳ» ақидасига қарши туриш учун тортишувга борибди. У ўзининг ботил мазҳабидан ташқари, мунозара илми олими сифатида ном чиқарган экан. Тавҳид ақидасига қарши ширк ақидасини қўйиб, мунозара қилмоқчи экан. Мушрик ўзи кўзлаган мамлакатнинг чегарасига яқинлашганида қўлида кетмони билан экинзорда ишлаб юрган деҳқонни учратибди. У деҳқоннинг Аллоҳ ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлиб, ўша томонга бурилибди. Деҳқон уни яхши кутиб олиб, ўтиргани жой кўрсатибди. Ишини тўхтатиб, ўзи ҳам унинг ёнига ўтирибди. Деҳқон меҳмоннинг мушриклигини ва нияти ёмонлигини билмас экан. Мушрик мақсадини амалга оширмоқчи бўлиб сўз бошлабди: «Сен Худони ягона, деб эътиқод қиласанми?" дея сўрабди у деҳқондан. Деҳқон: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду анна Муҳамаддан ъабдуҳу ва расулуҳ", деб жавоб берибди. Мушрик: «Бундай эътиқодингга далилинг борми?" дея сўрабди. Деҳқон содда қилиб: «Далилга ҳожат йўқ, юртнинг подшоҳи битта", дебди. Мушрик: «Ҳузурингга бир мушрик келиб, тавҳид ақиданг ҳақида сен билан мунозара қилсаю, бу гапларингга қаноат ҳосил қилмай, далил келтиришингни талаб этса, нима қилардинг?" деб сўрабди. Шунда деҳқон шижоат билан: “Мана шу кетмон билан бир уриб, бошини иккига бўлиб қўяман", дебди. Кофир лол бўлиб, жим қолибди ва ичида «Буларнинг деҳқони шунчалик бўлса, уламолари қандай экан», дея шоша-пиша орқага қайтишга қарор қилибди.
Менимча, саводсиз оддий деҳқондаги бу ишонч, унинг инсоний соф табиати ва соғлом ақли тўғри тафаккуридан келиб чиққандир. Бу эса, ўз навбатида Қуръон оятларига мос келади: «Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир"  (Анбиё, 22).

“Исломга марҳабо!” китобидан

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort