«Танбеҳул ғофилин» китоби нотўғрими? Принтер учун
01.04.2007 й.

«Танбеҳул ғофилин» китоби нотўғрими?

Бу савол ҳам бироз ўйланмай берилган савол. Китоб нотўғрими дейиш ниҳоятда катта бир масуълиятни бўйинга олиш билан баробар нарса ҳисобланади. Китобларни юз фоиз нотўғри бўлиши қийин, чунки ҳар қандай китобни ҳам ичида бир тўғри нарсалари бўлиши мумкин. Жумладан, «Танбеҳул ғофилийн» китоби эски китоблардан ҳисобланади. Имом Самарқандийнинг ёзган китоблари, бу киши машҳур олимлардан, кўпгина китоб ёзган кишилардан ҳисобланади. Лекин шу билан бирга «Танбеҳул ғофилийн» ўз замонасининг китоби ҳам ҳисобланади. Ўша пайтларда, «Танбеҳул ғофилийн» китоб шаклига келтирилган, ёзилган пайтлардаги муҳитни, тушунчани, шароитни ўзида акс эттирган китоб, ўша даврни талабига жавоб берган китоб ҳисобланади. Жумладан, ўша пайтларда тарғиб қилиш учун одамларни ибодатга, тақвога, яхшиликка қизиқтириш учун баъзи-бир заиф ҳадисларни ҳам ишлатса бўлади деган урф тарқалган бўлган. Мана шу нарсага одамлар кўп эътибор берадиган ҳолатлари бўлиб қолган. Ана шу ҳолат бу китобга ўз аксини урган. Катта уламоларимиз жумладан китоблар ҳақида китоб ёзган уламолардан Мулла Чалабий ва бошқа мўътабар уламолар «Танбеҳул ғофилийн»да ҳадисмас нарсаларни ҳадис дейилганлиги, баъзи-бир заиф ҳадислар ишлатилганлиги, одамларни қизиқтираман деб, асли йўқ ҳикоялар келтирилганлигини афсус билан эслашади, ана шу маъноси бор. Лекин, "ичида тўғри гаплар, саҳиҳ ҳадислар йўқ" дейишга ҳеч кимни ҳаққи йўқ. Шунинг учун "фалончи китоб тўғрими, пистончи китоб саҳиҳми?", деган саволлар бироз қўполроқ чиқади. "Фалончи китоб ҳақида маълумотни қандай оламиз, бу китобга қандай қараймиз" деган саволлар одобли бир савол бўлади деган умиддамиз.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz