Мусулмонларнинг аҳли илмлари, уламолар, фақиҳлар, мутакаллим ва муҳаддислари ижмоъ қилиб келган фиқҳий масалалар рўйхатидан кейин ислом умматининг энг асосий қисмини ташкил қилган аҳли суннат ва жамоага мансуб мусулмонларнинг пешволари – аҳли илмлари ижмоъ қилган масалалар рўйхатини билиш ҳам лозим бўлади. Бу ерда аҳли сунна ва-л-жамоа мазҳабининг икки йирик мутакаллим олими—имом Ашъарий ва имом Мотуридий иттифоқ билан қабул қилган қарашлар зикр қилинди, уларнинг ўзларига хос масалалар баёни берилмади. Шунингдек, мутакаллимларнинг мутақаддимлари – аввалгилари ҳам, мутаахирлари – кейингилари ҳам биргаликда қабул қилган ақидавий қарашлар баён қилинди. Зотан, ижмоъ қилинган мазкур ақидавий масалаларга хилоф бўлиш инсонни ё аниқ кофирга айлантиради, ёки бидъатчи қилиб қўяди. Бинобарин, ҳар бир мусулмоннинг мазкур масалаларни билиб қўйиши ўта муҳим ишлардан биридир.
1. Мўъмин-мусулмон бўлиш учун инсон етти нарсага – Аллоҳнинг бирлиги ва борлигига; пайғамбарларнинг ҳақлигига; фаришталар борлигига; Қуръон ва бошқа илоҳий китобларга; тақдирнинг яхши-ёмонлиги Аллоҳдан эканлигига; охират куни – қиёмат бўлишига ва инсон ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирмоғи лозим, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 2. Ислом биноси бешта устун – имон келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш тепасига қурилганига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 3. Ҳазрати Одамдан то Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган ҳамма Росул ва пайғамбарлар ўз умматларини Аллоҳни бир, деб эътиқод қилишга чақирганлар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 4. Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан пок, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 5. Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 6. Аллоҳ таоло туғмаган ва туғилмаган, яъни унинг ота-онаси ҳам йўқ, фарзандлари ҳам йўқ, шунингдек, унинг шериги ҳам йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 7. Аллоҳ таъоло ҳаракат, ўзгариб туришлик ва макондан пок зотдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 8. Аллоҳ таоло ўз ҳукм ва кўрсатмаларини бандаларга етказиш учун пайғамбарларни чиқарган – одамлар орасидан сайлаб олган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 9. Пайғамбарларнинг биринчиси ва илк инсон Одам алайҳиссалом эканига, пайғамбарларнинг энг охиргиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 10. Пайғамбарлар катта ва кичик гуноҳларни қасддан қилишдан маъсум—сақлангандир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 11. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбаридир, унинг ўғли эмасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 12. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан гаплашган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 13. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча пайғамбарлар ичида энг афзалидирлар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 14. Фаришталар бор ва улар нурдан яратилгандир, улар Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилувчи махлуқотларидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 15. Жинлар бор ва улар аланга дудидан яратилгандир, уларни Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилиши учун яратган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 16. Аллоҳ таоло илк инсонни тупроқдан яратганига, одамзот ва жинларни ўзига ибодат қилиш учун яратганига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 17. Олам замонан ва зотан ҳодисдир, деб ижмоъ қилинган. Баъзи сўфийларнинг китобларида келган, "олам зотан ҳодис замонан қадимдир", деган гап мажозий—деб таъвийл қилинади, ҳақиқати олинмайди. 18. Уммат ижмоъси билан, руҳ ҳудди оламнинг бошқа жузлари каби, ҳодис нарсадир. Қадим эмас. 19. Иблис – шайтон Одам алайҳиссаломга сажда қилмагани боис даргоҳи илоҳийдан қувилган, Аллоҳдан қиёматгача тирик бўлишга ваъда олган, сўнг бандаларни йўлдан уришга киришган махлуқ эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 20. Иблис – шайтон инсониятни васваса қилар экан, уларнинг имонини тортиб ололмайди, балки бандаларнинг ўзлари ўз ихтиёрлари ила имондан кечадилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 21. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига нозил қилган илоҳий китоблари ва саҳифалари бор, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Тўртта илоҳий китоб – Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон Аллоҳнинг китоби эканига имон келтириш фарздир. 22. Росулуллоҳни менсимаган, кўзга илмаган, паст санаган кимса иймонидан ажрагандир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 23. Аллоҳнинг тақдири ҳақ ва собитдир. Ҳар бир иш Унинг тақдири билан бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар 24. Уммат ижмоъсига биноан, иймон ширкнинг зиддидир. 25. Мўмин киши гуноҳи кабира билан иймондан ажрамайди, деб аҳли суннат олимлари ижмоъ қилганлар. 26. Қалбида ишониб, тилида иқрор қилсаю аммо, амалларни тарк қилса у кофир эмас фосиқ мўминдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Хавориж ва Мўтазилийларнинг сўзига парво қилинмайди. 27. Беш вақт намоз Исро кечасида фарз бўлгандир, деб ижмоъ қилдилар. 28. Намознинг фарзлигини тан олиб, унутиб тарк қилганлар кофир эмасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 29. Намознинг фарзлигини тан олмаган мункирларнинг ҳукми куфрдир. Аммо, исломга янги кириб, ҳали намоз ҳақида эшитмаган мусулмонлар бундан мустасно, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 30. Аллоҳ қатъий ҳаром қилган нарсани ҳалол, деб билишлик куфрдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 31. Имон ва куфр банданинг феълидир, Аллоҳ имонга рози, куфрга рози эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 32. Дунё ва коинот Аллоҳ таоло томонидан яратилган, унинг яратувчиси Аллоҳнинг ўзидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 33. Инсон туғилишида мўъмин ҳам, кофир ҳам бўлмаган ҳолда имон ва исломга мойил – фитратда туғилади, у туғилганидан кейин атрофдаги таъсирларга мувофиқ катта бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 34. Яхшиликларимиз албатта мақбул, гуноҳларимиз албатта кечирилади, деб айтмаймиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 35. Қиёмат бўлиши ҳақиқатдир, у кунда Аллоҳнинг яратган инсу жин ва ҳайвонотлари қайта тирилувчисидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 36. Қабр ҳаёти – барзах ҳақдир, унда фаришталарнинг савол беришлари бордир, қабрда азобланиш ва неъматланиш бордир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 37. Қиёмат кунида ҳамма маҳшаргоҳга тўплангувчидир, унда Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларидан ҳисоб-китоб қилиши бордир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 38. Бандалар маҳшаргоҳда турганида уларга номаи аъмоллари тақдим қилиниши ҳақдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 39. Маҳшаргоҳда бандаларнинг амаллари ўзига хос тарозида тортилиши ҳақдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 40. Бандалар сирот кўпригидан ўтишлари ҳақдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 41. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузлари – ҳавзи кавсарлари ҳақдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 42. Жаннат ва дўзах ҳозирда яратилган ва уларга кирадиганлар учун тайёрлаб қўйилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 43. Жаннатга кирганлар унда абадий қоладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 44. Мўминлар жаннатда Аллоҳ таолонинг жамолини кўрадилар. Уларнинг кўриши моддий нарсаларни кўргани каби эмас, балки кайфиятсиз, тасаввурсиз кўрадилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 45. Кофир ва мушриклар дўзахда абадий қоладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 46. Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига имон келтирган мўъминлар агар гуноҳ қилиб, тавбасиз кетсалар, гуноҳлари эвазига бир муддат дўзахга тушишлари мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 47. Амирлар—Раҳбарлар агарча фосиқ ва золим бўлсалар ҳам уларга қарши чиқмоқ, уруш эълон қилмоқ уммат ижмоъси билан ҳаромдир. Уларда камчилик бўлса буни ҳақ ва тинч йўл билан уларга айтилади. Ҳалқни уларга қарши қўзғаш, уруш-фитна чиқариш билижмоъ ҳаромдир. (Саҳиҳи Муслим. Дору эҳёъиттурос ал-арабий. Байрут. Таҳқиқи Муҳаммад Фуъад Абдулбоқи. 5-ж. 8-боб. Шунингдек, Муборакфурий Термизийнинг шарҳи "имомга итоъат қилиш" бобида. Шавконий "Найл.."да.) 48. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳаққоний имом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу дир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар 49. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан кейин ҳаққоний имом Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳудир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 50. Умар ибн Ҳаттоб рззияллоҳу анҳудан кейин ҳаққоний имом Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳудир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 51. Аҳли суннат ижмоъсига кўра, Алий разияллоҳу анҳу ҳазрати Усмондан кейин энг афзал инсондир. 52. Алий разияллоҳу анҳуни шайҳайн (Абу бакр ва Умар р.а.)дан афзал билиш аҳли суннат жамоъасига хилофдир, деб салафи солиҳлар ижмоъ қилдилар. 53. Саҳобаларнинг барчасини яхшилик билан ёд этамиз, уларнинг хато ва камчиликларини асло гапирмаймиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 54. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Унинг нозил қилган китобидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 55. Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани боис у махлуқ эмас, яъни яратилган, кейин пайдо бўлган нарса эмасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 56. Қуръони карим оятларининг тартиби тавқифийдир. Яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам илоҳий кўрсатмага мувофиқ белгилаб берганлар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 57. Намозда, Фотиҳа сурасининг охирги оятидан сўнг айтиладиган "Омин" калимаси қуръондан эмас, деб ижмоъ қилинган. 58. Аллоҳнинг каломидан бирор оятни табдили—ўзгартиришлик ҳаромдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар 59. Мусҳафи шарифнинг назмини ўзгартиришлик жоиз эмасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 60. Оят ва ҳадисларда келган кўрсатмаларга мувофиқ дам солиш ва тумор қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 61. Рамазон ойида йигирма ракъат қилиб жамоат билан таровеҳ намозини ўқиш суннат ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 62. Маҳсига масҳ тортиш жоиз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 63. Яхши ва ёмон одамнинг орқасида намоз ўқиш, уни имом қилиб, унга иқтидо қилиш жоиз, шунингдек, ҳар бир яхши ёмон одам вафот этганида унга жаноза намози ўқиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ёмон одам имом бўлса, унга иқтидо қилиш макруҳ бўлади, ёмон одамга улуғ ва таниқли зотлар жаноза ўқимагани мақбул, дейилади. 64. Ажал биттадир, ҳар ким ўзининг ажали билан ўлади, ҳеч ким ажалидан аввал ўлмайди, балки ўз ажали – вақти келганда ўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 65. Ризқ Аллоҳдандир; ҳаром ҳам, ҳалол ҳам ризқдир; ҳар ким ўз ризқини ейди, биров бировнинг ризқини ея олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 66. Пайғамбарларнинг мўъжизалари, авлиёларнинг кароматлари бўлади, имонсизларда эса истидрож бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 67. Шафоат қилиш ҳақдир, қиёмат кунида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоат қилишлари ҳақдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, авлиёлар, уламолар, қорилар ҳам шафоат қилишлари мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 68. Қиёмат яқин қолганида унинг аломатлари пайдо бўлиши ҳақдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Қиёматнинг катта ва кичик аломатлари бор бўлиб, улар ояти карималар ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. 69. Қиёматнинг Дажжолнинг хуружи; Яъжуж ва Маъжуж ҳамда доббат ал-арз чиқиши; қуёшнинг машриқдан эмас, мағрибдан чиқиб келиши; Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари каби катта аломатлари ҳақиқатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 70. Осий-гуноҳкор бандага тавба қилишлик вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 71. Фосиқ киши тавба қилиб, яхши амаллар билан машғул бўлса ундан "фосиқ"лик тамғаси олиб ташланади, деб ижмоъ қилдилар. 72. Дуо қилишда марҳумлар ва тириклар билан тавассул қилмоқ, жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳу Росулуллоҳнинг амакилари билан тавассул қилганларида ул зотга саҳобалардан ҳеч ким эътироз қилмади. шу билан ижмоъ собит бўлди. (бу ижмоъни Муборакфурий сунани Термизийнинг шарҳи "Тўҳфату-л-ахвазий", дуолар боби, "Аъмо ҳадиси"нинг шарҳида Шавконийдан нақл қилган.) 73. Улуғ инсонларнинг жасадини табаррукан ўпишлик жоиздир, деб ижмоъ қилинган. Росулуллоҳнинг муборак жасадларини ҳазрати Абу Бакр сиддиқ ўпган эдилар. Бу воқеъага гувоҳ бўлган саҳобалардан ҳеч ким у кишига эътироз қилмаган. Шу билан бу ишнинг жавозига ижмоъ собит бўлган. 74. Тириклар томонидан ўлганлар ҳаққига қилинган дуои хайрлар, ибодатларнинг савоби, Қуръон тиловати, ҳаж ва умра савоблари ўлганларга етади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 75. Амалларда агар риё ва ужб бўлса, улар амалларнинг савобини йўққа чиқаради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 76. Кофирлар солиҳ амаллари билан савобга ҳақли бўла олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 77. Ҳар бир ақлли инсон балоғатга етиши билан мукаллаф бўлади ва унинг зиммасига фарз ва бошқа ҳукмларни адоси вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 78. Эркаклар эҳтилом бўлиши билан, аёллар эса, ҳайз қони кўриши билан балоғатга етган ҳисобланадилар. Шундай бўлсада ибодатларни ҳайз қонидан пок бўлгач адо қилишга киришади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 79. Ҳайзли аёлга яқинлик қилиш ҳаромдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилдилар. 80. Эр ҳайз ҳолидаги аёлининг киндигидан юқори ва тиззасидан пастки қисм аъзоларидан фойдаланмоғи жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 81. Салафи солиҳлар ижмоъсига кўра, мутъа—муддатли никоҳ ҳаромдир. 82. Маҳри бағй—зинокор аёлнинг танасини сотиб топган пули ҳаромдир, деб ижмоъ қилдилар. 83. Эркак киши бегона аёлнинг, аёл эса бегона эркакнинг авратига беузр назар қилиши ҳаромдир, деб ижмоъ аҳли илмлар ижмоъ қилдилар. 84. Уйланиш ниятида, жорияларни сотиб олиш учун юз ва кафтларига қарашлик жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 85. Уламолар, фазилат бобида заиф ҳадисларга амал қилмоқ жоиздир, деб ижмоъ қилганлар. 86. Шариъатда, қиёс билан иш кўрмоқ жоиздир, деб саҳобалар ижмоъ қилганлар. 87. Мужтаҳидлик даражасига ета олмаган ҳар бир мусулмонга, ибодат қилишда тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафийлик, Шофийлик, Моликийлик, Ҳанбалийлик мазҳабларидан бирига тобе бўлиши вожибдир, деб аҳли суннат уламолари ижмоъ қилганлар. 88. Аҳли бидъатлар билан дўст бўлмаслик лозим, деб аҳли суннат уламолари ижмоъ қилган. 89. Мусулмон кишини ноҳақ сўкиш, ҳақорат қилиш ҳаром ва фисқдир, деб ижмоъ қилинган. 90. Ҳасадчилик—бировнинг эришган ютуқларини завол топишини орзу қилмоқ ҳаромдир, деб ижмоъ қилганлар. 91. Сеҳргарлик билан шуғулланмоқ ҳаромдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. 92. Онага оқ бўлишлик уламолар ижмоъси билан гуноҳи кабирадир. 93. Маййтнинг ортидан дод-вой солиб йиғлашлик маййитнинг азобланишига сабаб бўлади, овоз чиқармаган ҳолда кўз ёш тўкиш ундай эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Муаллиф: Ҳикматуллоҳ Иброҳим Муҳаррир: Ҳамидуллоҳ Беруний
|